Яҳованинг Шоҳидлари Эски аҳдни тан олишадими?
Ҳа. Яҳованинг Шоҳидлари «Муқаддас Ёзувларнинг ҳаммаси Худо томонидан илҳомлантирилган бўлиб,.. фойдали» эканига ишонишади. (2 Тимўтийга 3:16) Муқаддас Ёзувларнинг ҳаммаси одатда Эски ва Янги аҳд деб номланадиган иккита қисмдан иборат. Кўпинча Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобнинг бу иккита қисмини Ибронийча ва Юнонча ёзувлар деб аташади. Шу йўсин, Муқаддас Китобнинг қайсидир қисми эскириб ва бошқа керак эмас деган фикрга етакламайди.
Нега масиҳийлар учун ҳам Эски, ҳам Янги аҳд муҳим?
Ҳаворий Павлус илоҳий илҳом остида шундай деб ёзган: «Қадимда Муқаддас Ёзувларда айтилган барча нарсалар насиҳат олишимиз учун ёзилган». (Римликларга 15:4) Демак, Ибронийча ёзувларда биз учун фойдали маълумотлар бор. Боз устига, қизиқарли тарихий воқеалар ва амалий маслаҳатларни билиб оламиз.
Воқеаларга бой тарих. Ибронийча ёзувларда борлиқ яратилиши ва инсонлар қай йўсин гуноҳкор бўлиб қолгани ҳақида батафсил ёзилган. Бу маълумотсиз: «Биз қаердан пайдо бўлганмиз? Нега одамлар ўлади?» каби саволларга қониқарли жавоблар ололмасдик. (Ибтидо 2:7, 17) Устига-устак, Яҳова Таоло биз каби хурсандчилик ва қийинчилик кунларини бошдан кечирган инсонлар билан қандай муомала қилгани тўғрисида билиб оляпмиз. (Ёқуб 5:17)
Амалий маслаҳат. Муқаддас Ёзувлардаги Ҳикматлар ва Воиз китоблари асқатадиган битмас-туганмас доно маслаҳатлардан иборат. Қай йўсин оилавий ҳаётимизни бахтли қила олишимиз (Ҳикматлар 15:17), ишга нисбатан тўғри нуқтаи назар сақлашимиз (Ҳикматлар 10:4; Воиз 4:6) ва ўсмирлар ёшлик даври қайғу-алам эмас, завқ келтириши мумкинлиги борасида яхши маслаҳатлар бор. (Воиз 11:9–12:1)
Қолаверса, Тавротда (Муқаддас Ёзувларнинг илк бешта китоблари) ёзилган Мусонинг Қонунини ҳам ўрганиш кўп фойда келтириши мумкин. Гарчи бу қонун масиҳийларга тегишли бўлмаса ҳам, у ердаги бебаҳо принциплар бахтли ҳаётга етаклайди. (Левилар 19:18; Қонунлар 6:5–7)