Яҳованинг Шоҳидларида ўзларининг Муқаддас Китоби борми?
Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш мақсадида турли таржималарни қўллашади. Лекин агар она тилида бўлса, айниқса «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»ни афзал деб билишади. Сабаби, у аниқ, тушунарли ва унда Аллоҳнинг исми қўлланилган.
Худонинг исми қўлланилиши. Айрим Муқаддас Китоб нашриётчилари ҳурматга лойиқ бўлган унинг Муаллифига ҳурмат кўрсатишмайди. Масалан, Муқаддас Китобнинг битта таржимасида унинг босиб чиқарилишига ҳисса қўшган 70 дан зиёд инсонларнинг исмлари келтирилган эди. Бироқ бу таржимада Муқаддас Китоб Муаллифи бўлмиш Худонинг исми — Яҳова умуман қўлланилмаган.
Шуни айтиш жоизки, «Янги дунё таржимаси»да Худонинг исми минглаб маротаба ишлатилган. Чунки бу исм Муқаддас Китобнинг асл нусхасида қаерда учраган бўлса, ўша жойларнинг ҳар бирида келтирилган. Таржимонларнинг исмлари эса келтирилмаган.
Аниқлик. Ҳамма ҳам таржималар Муқаддас Китобнинг асл нусхасидаги маънони аниқ етказиб беролмайди. Мисол учун, битта таржимада Матто 16:24 да шундай дейилган: «Агар ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ўз хочини кўтариб, орқамдан юрсин». Исо Масиҳ ер юзига келишидан кўп асрлар олдин бутпараст халқлар Худога сиғинишда хочдан фойдаланишарди. Мил. 3 асрнинг ўрталарида черковлар хочдаги Масиҳнинг тасвирини қўллайдиган бўлишди. Балким таржимонлар Исо хочда ўлганига ишонишгани учун Худонинг Каломида «хоч» сўзини ишлатишгандир. Аммо Муқаддас Китобнинг асл нусхасида «устун» деб таржима қилинадиган сўз қўлланилган. Шунинг учун, «Янги дунё таржимаси»да бу оят қуйидагича ўгирилган: «Кимки менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан кечсин ва ўзининг азоб устунини кўтариб, менга эргашиб юрсин».
Тушунарли. Яхши таржима нафақат аниқ, балки тушунарли бўлиши муҳим. Мана бир мисол, Матто 5:3 да Исо Масиҳ том маънода «руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир», деб таржима қилинадиган иборани қўллаган. Ҳозирги кунда, ўқувчи бу оятни осонликча англай олиши учун «Янги дунё таржимаси»да у тушунарлироқ етказилган. У ерда: «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир»,— дейилган.
«Янги дунё таржимаси» аниқ ва тушунарли бўлиб, у ерда Худонинг исми қўлланилишидан ташқари, унинг яна бир фарқи бор. Ушбу таржима бепул. Бу туфайли миллионлаб инсонлар, жумладан, Муқаддас Китобни сотиб олишга имкони бўлмаган кишилар ҳам уни ўз она тилида ўқиши мумкин.