Худо борми?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Ҳа, Муқаддас Китобда Худо борлиги тўғрисида ишончли далиллар келтирилган. Муқаддас Китоб бизни диний қарашларга кўр-кўрона ишониб эмас, балки ақл-заковатимизни ишга солиб, Худога ишонишга ундамоқда. (Римликларга 12:1; 1 Юҳанно 5:20) Муқаддас Китобга асосланган қуйидаги далилларни кўриб чиқайлик:
Коинотдаги тартиб ва ҳаёт мавжудлиги Яратувчи борлигига ишора қилади. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Албатта, ҳар қандай уй кимдир томонидан қурилади, борлиқнинг бунёдкори эса Аллоҳдир». (Ибронийларга 3:4) Бу мантиқ соддагина бўлса-да, кўп ўқимишли одамлар уни кучли факт деб биладиa.
Инсонлар сифатида ҳаётнинг маъноси ва мазмунини тушуниш каби табиий истакка эгамиз. Ҳатто жисмоний эҳтиёжларимизни қондиргандан кейин ҳам, бу очлик ҳисси бизни тарк этмаслиги мумкин. Муқаддас Китобда бу «маънавий нарсаларга чанқоқлик» деб айтилган. Бу чанқоқлик Худо ҳақида билиш ва Унга топиниш истагини ўз ичига олади. (Матто 5:3; Ваҳий 4:11) Маънавий эҳтиёж нафақат Худо борлигини тасдиқламоқда, балки У бизни севадиган Яратувчи эканига ва бу эҳтиёжимизни қондиришимизни исташига ишора қилмоқда. (Матто 4:4)
Муқаддас Китобда батафсил башоратлар амалга ошишидан бир неча аср олдин ёзилган ва улар айнан каромат қилинганидек рўёбга чиққан. Ўша башоратлар аниқ ва батафсил ёзилгани улар илоҳий манбадан келиб чиққанини яққол тасдиқламоқда. (2 Бутрус 1:21)
Муқаддас Китобни ёзган кишилар замондошлари тушунмайдиган илмий билимларга эга эдилар. Масалан, қадимда кўплар ер фил, тўнғиз ёки буқа каби ҳайвонларнинг устида туради, деб ўйлаган. Бундан фарқли равишда Муқаддас Китобда Худо ерни «бўшлиққа осиб қўйди», деб айтилган. (Аюб 26:7) Бундан ташқари, Муқаддас Китобда ер «шар» шаклида экани аниқ қилиб ёзилган. (Ишаё 40:22) Кўп одамлар бу каби илғор тушунчалар келтирилганининг асосий сабабини Муқаддас Китобни ёзган инсонлар маълумотни Худодан олган, деб билишади.
Муқаддас Китобдан кўпгина қийин саволларга жавоб топиш мумкин. Лекин киши бу каби саволларга қониқарли жавоб олмаса, атеист бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Мисол учун, Худо меҳрибон ва қудратли бўлса, нега дунё азоб-уқубат ва ёвузликка тўлиб тошган? Нега кўпинча диннинг таъсири остида одамлар яхшилик эмас, ёмонлик қиляпти? (Титусга 1:16)
a Масалан, Аллан Сэндидж исмли астроном бир сафар коинот ҳақида қуйидагича деган: «Тартибли коинот тартибсизликдан пайдо бўлгани ақлга тўғри келмайди, деб ҳисоблайман. Бу ерда қандайдир ташкилий тамойил бўлиши керак. Худо мен учун яширин сир, лекин нега ҳеч нарсадан ҳамма нарса пайдо бўлган деган саволнинг биргина жавоби Яратувчи мавжудлигига бориб тақалади».