ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Салбий фикрлаш тарзидан қандай қоча оламан?
Ўзингиз ҳақингизда қандай фикрдасиз?
Оптимист
«Иложи борича хурсанд бўлишга ва хафа бўлмасликка ҳаракат қиламан. Ҳар куни табассум қилиб, қувонишга интиламан»,— деб айтди Валерия.
Пессимист
«Бирон яхши воқеа юз берса, шу заҳоти бундай бўлиши мумкин эмас, деган фикрга бораман»,— деб бўлишди Ребекка.
Реалист
«Оптимист бўлсам, бирон нима мен кутгандай бўлмаса, кўнглим тушади, пессимист бўлганимда эса, доим тушкун юраман. Реалист бўлиш эса, вазиятга мувозанат ила ёндашишимга ёрдам беради»,— деди Анна.
Нега бу муҳим?
Муқаддас Китобда: «Қалби шоднинг... ҳар куни байрам»,— дейилган. (Ҳикматлар 15:15) Шуниси аниқки, фақат салбий фикр юритмайдиган ва ҳаётнинг ижобий тарафларига диққат қаратадиган одамлар одатда бахтиёрроқ бўлади. Қолаверса, улар кўпроқ дўстларга эга бўлиши мумкин. Ахир ким ҳам нуқул ғамгин ва салбий фикр юритадиган одам билан дўстлашишни истайди?
Ҳатто жуда ҳам ижобий фикр юритадиган инсон бўлсангиз-да, ҳаётда жиддий қийинчиликлар юз бериши мумкин. Масалан:
эҳтимол, доим уруш, терроризм ёки жиноят содир этилгани тўғрисида хабарлар эшитасиз.
Оилангизда муаммолар пайдо бўлиши мумкин.
Шубҳасизки, хатоларингизу заифликларингиз билан курашяпсиз.
Дўстингиз қалбингизни оғритиши мумкин.
Бу муаммоларга кўз юмишнинг ёки улар ҳақида ортиқча ташвишланишнинг ўрнига, мувозанатли бўлишга интилинг. Ҳаётга реал ёндашиш салбий фикрларга берилмай, юз бераётган воқеаларни ижобий руҳда қабул қилишга кўмаклашади.
Нима қила оласиз?
Хатоларингизга мувозанат билан қаранг
Муқаддас Китобда: «Ҳеч қачон гуноҳ қилмайдиган инсоннинг ўзи йўқдир»,— деган сўзлар бор. (Воиз 7:20) Хатоларга йўл қўйишингиз, нотўғри йўл тутаётганингизни эмас, инсон эканингизни кўрсатади.
Қай йўсин мувозанатли бўла оласиз? Хатоларингиз устида ишланг ва ўзингиздан мукаммалликни кутманг. 23 ёшли Кэлеб қуйидагича фикр билдирди: «Тушкунликка тушмаслик учун хатоларимга ҳаддан ортиқ диққат қаратмасликка интиламан. Аксинча, яхши тарафга ўзгариш учун улардан сабоқ олишга ҳаракат қиламан».
Ўзингизни солиштиришдан қочинг
Худонинг Каломида: «Манманлик қилмайлик, бир-биримизни рақобатга ундамайлик ва ҳасад қилмайлик»,— деб айтилган. (Галатияликларга 5:26) Сиз таклиф қилинмаган тадбирларда олинган суратларни ижтимоий тармоқларда томоша қилиб, жаҳлингиз чиқиши ҳеч гап эмас. Бунинг дастидан яқин дўстларингиз душманлардай туюлиши мумкин.
Қай йўсин мувозанатли бўла оласиз? Шуни тан олингки, сизни ҳамма тадбирларга ҳам таклиф қилишмайди. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардаги суратлар танганинг бир тарафи, холос. 16 ёшли Алексис шундай деди: «Одатда ижтимоий тармоқларда одамларнинг фақатгина завқли дақиқалари кўрсатилади. Кўпинча одамлар оддий кунлари қандай ўтишини кўрсатишмайди».
Тинчлик ўрнатувчи бўлинг, айниқса, оилангизда.
Муқаддас Ёзувларда: «Иложи бўлса, қўлингиздан келганича... тинч-тотув ҳаёт кечиринглар»,— деб ёзилган. (Римликларга 12:18) Тўғри, барча одамларнинг хатти-ҳаракатларини тўлиқ назорат қила олмайсиз, лекин бунга нисбатан муносабатингизни назорат қилиш қўлингиздан келади. Тинчлик пайидан бўлишни танлашингиз мумкин.
Қай йўсин мувозанатли бўла оласиз? Оилангиздаги таранг вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиб, дўстларингиз билан бўлгани каби, оила аъзоларингиз билан ҳам тинч-тотув бўлишга интилинг. «Ҳеч ким мукаммал эмас. Одамлар айтган сўзи ёки қилган иши билан бошқаларни хафа қилиб қўйиши мумкин,— деб бўлишди 15 ёшли Мелинда,— Тинчлик пайидан бўлиш-бўлмасликка қарор қилиш ҳар биримизнинг масъулиятимиздир».
Миннатдор бўлинг
Худонинг Каломида: «Миннатдор эканингизни кўрсатинглар»,— деб айтилган. (Колосаликларга 3:15) Миннатдор бўлиш нуқул салбий нарсаларга эмас, балки ижобий нарсаларга диққат қаратишга ёрдам беради.
Қай йўсин мувозанатли бўла оласиз? Муаммоларни кўра билинг, аммо ҳаётдаги яхши нарсаларни назардан четда қолдирманг. «Ҳар куни кундалигимга битта ижобий фикрни ёзаман. Мулоҳаза юритиш учун жуда кўп ижобий нарсалар борлигини ўзимга эслатиб туришни истайман»,— деб бўлишди Ребекка.
Дўстларингиз ким экани тўғрисида ўйлаб кўринг
Муқаддас Китобда: «Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади»,— дейилган. (1 Коринфликларга 15:33) Сиз вақт ўтказадиган одамлар танқидчи, худбин ёки жаҳлдор бўлса, уларнинг салбий одатлари сизга ҳам таъсир қилади.
Қай йўсин мувозанатли бўла оласиз? Дўстларингиз қийин муаммоларга дуч келганида, муайян вақт давомида салбий фикрларга берилиши мумкин. Дўстларингизни қўллаб-қувватланг, лекин уларнинг муаммолари борасида ҳаддан ортиқ ташвишланманг. 24 ёшли Мишель қуйидагича деди: «Фақатгина салбий нуқтаи назарга эга одамлар билан вақт ўтказмаслигингиз керак. Масалан, математикада иккита манфий сонни қўшсак, янада катта манфий сон пайдо бўлади».
Бу ҳақида кўпроқ ўқинг
Биз яшаётган пайт Муқаддас Китобда «ниҳоятда оғир вақтлар» деб аталган. (2 Тимўтийга 3:1) Салбий фикрларга тўлиб-тошган дунёда ижобий руҳиятни сақлаш сиз учун қийинми? «Нега дунё азоб-уқубатларга тўла?» номли мақолани ўқинг.