Тўққизинчи боб
Тирилишга бўлган умиднинг таъсири
1. Агар тирилишга умид бўлмаганида, ўликлар қандай ҳолатда қолиб кетаверарди?
БИРОР яқинингиз ҳаётдан кўз юмганми? Агар тирилиш бўлмаганида, уларни қайта кўришга ҳеч қандай умид бўлмасди. Улар Муқаддас Китобда қуйидагича тасвирланган ҳолатда қолиб кетишаверарди: «Марҳумлар эса ҳеч нарсани билмайдилар... чунки сиз бораётган жой — Ўликлар диёрида ҳеч қандай иш, фаҳм-идрок, билим ёки донолик йўқдир» (Воиз 9:5, 10).
2. Тирилиш орқали қандай ажойиб истиқболга эга бўлиш мумкин?
2 Бахтимизга, Яҳова миллионлаб ўлганлар учун тирилиш ҳамда абадий ҳаётга эга бўлиш каби бебаҳо имкониятни берди. Бу шуни англатадики, ўлим уйқусида бўлган яқинларингиз билан бир кун келиб, Худонинг янги дунёсида бирлашишга самимий умид боғлашингиз мумкин (Марк 5:35, 41, 42; Ҳаворийлар 9:36-41).
3. а) Қандай қилиб тирилиш, Яҳованинг иродаси бажарилишида муҳим аҳамиятга эга? б) Қандай вақтларда тирилиш биз учун олий қудрат манбаи бўла олади?
3 Тирилишга бўлган умид, ўлимдан даҳшатга тушишдан сақлайди. Яҳова Ўз хизматчиларига тузатиб бўлмайдиган зиён етказмай, «ўз жони учун эса инсон бор нарсасини аямайди» деган Шайтоннинг ёвуз таъкидини исботлашига йўл қўя олади (Аюб 2:4, ЯДТ). Исо то ўлимига қадар Худога содиқ қолгани сабабли, Худо уни осмондаги ҳаётга тирилтирди. Шу тариқа Исо, қурбон этилган мукаммал инсоний ҳаётининг баҳосини Отасининг самовий тахти қаршисида тортиқ этиб, биз учун ҳаётга йўл очди. Тирилиш туфайли «кичик пода», Исо билан самовий Шоҳликда бирлашиш умидига эгадир (Луқо 12:32). Бошқалар эса ер юзидаги жаннатда абадий яшаш учун тирилишга умидвор (Забур 36:11, 29). Барча масиҳчилар синовларда ўлимга дуч келишганида, тирилишга бўлган умидни «олий қудрат» манбаи деб биладилар (2-Коринфликларга 4:7).
Тирилиш масиҳчилар имонининг асосидир
4. а) Тирилиш «бошланғич таълимот» дейилганда нима тушунилади? б) Бу дунё тафаккури учун тирилиш қандай маънога эга?
4 Ибронийларга 6:1, 2-оятларида тирилиш «бошланғич таълимот» деб аталган. Тирилиш имонимизнинг асосий қисми бўлиб, усиз биз етук масиҳчилар бўла олмаймиз (1-Коринфликларга 15:16-19). Бироқ тирилиш ҳақидаги Муқаддас Китоб таълимоти, бу дунёнинг тафаккурига мутлақо бегона. Маънавияти бўлмаган кўплаб инсонлар ҳозирги ҳаётларигагина умид боғлашмоқда. Шундай экан, улар айш-ишратнинг кетидан қувишмоқда. Боз устига, христиан оламида ва бошқа кўп динларда ўлмас жон мавжудлигига ўргатишади. Аммо бундай эътиқод Муқаддас Китобнинг тирилиш ҳақидаги таълимотига зид, чунки ўлмас жони бўлган инсон тирилишга муҳтож бўлмайди. Бу икки ғояни бирлаштиришга уриниш, инсонга умид бермайди, балки уни чалкаштиради. Хўш, ҳақиқатни билишни истовчи самимий инсонларга қандай ёрдам беришимиз мумкин?
5. а) Инсон тирилишни қадрлаши учун, аввал нима ҳақида билмоғи лозим? б) Жон ва ўлганларнинг ҳолатини тушунтириш учун қайси оятларни қўллаган бўлардингиз? в) Агар бирор кимнинг Муқаддас Китобида ҳақиқат ноаниқ бўлса, нима қилиш мумкин?
5 Улар тирилиш қандай ажойиб тадбир эканлигини тушунишларидан аввал, жон ва ўлганларнинг ҳолати тўғрисида яхши билиб олишлари керак. Кўпинча, Муқаддас Китоб ҳақиқатига муҳтож инсонлар учун, буни аниқ тушунтирувчи бир неча оятларни келтиришнинг ўзи кифоя (Ибтидо 2:7; Забур 145:3, 4; Ҳизқиё 18:4). Аммо Муқаддас Китобнинг баъзи замонавий таржималарида ва умумий маъноси баён этилган нашрларида жон тўғрисидаги ҳақиқат аниқ эмас. Шундай экан, буни Муқаддас Китобнинг асл нусхаси асосида кўриб чиқиш зарур.
6. Жон нима эканлигини бирон бир кишига қандай тушунтирар эдингиз?
6 «Муқаддас Китоб — Янги Дунё Таржимаси» бу жиҳатдан ўта қадрлидир, чунки Иброний тилидаги не́феш ва бу сўзнинг Юнон тилидаги маънодоши бўлмиш психи́ сўзлари бир хил изчилликда «жон», деб таржима қилинган. Бу таржиманинг изоҳида, ушбу атама учрайдиган матнларнинг ҳисоби келтирилган. Муқаддас Китобнинг бошқа таржималари эса изчил бўлмай, асл нусхадаги «жон» сўзи шунингдек «жонзод», «махлуқ», «инсон» ва «ҳаёт» деб, «менинг не́фешим» сўзи «мен» деб, «сенинг не́фешинг» эса «сен» деб таржима қилинган. Муқаддас Китобнинг бошқа таржималарини «Муқаддас Китоб — Янги Дунё Таржимаси» билан солиштирганда, асл нусхадаги «жон» сўзи инсонларга ҳам, ҳайвонларга ҳам қўлланилганини пайқаймиз. Бироқ бу атама ҳеч қачон жон ҳақида, одам ўлаётганида танадан ажралиб, қайси бир жойда яшашни давом эттирадиган кўзга кўринмас нарса деган фикрни бермайди.
7. Муқаддас Китобга асосланиб, Шеўл ва Ҳадесда ҳамда жаҳаннамдагиларнинг ҳолатини қандай тушунтирган бўлардингиз?
7 Шунингдек «Муқаддас Китоб — Янги Дунё Таржимасида» изчиллик ила, ибронийча Шеўл ва шу сўзнинг юнончадаги маънодоши Ҳадес сўзи ҳамда юнонча Геҳенна сўзи худди шу тариқа кўчирилган. (Забур 15:10; Ҳаворийлар 2:27). Муқаддас Китобда Шеўл ва Ҳадес сўзлари ўликлар диёрига тегишли бўлиб, ҳаётни эмас, балки ўлимни англатади (Забур 88:49; Ваҳий 20:13). Муқаддас Китобда шунингдек, ўликлар диёрида ётганлар учун қайта тирилиш истиқболи борлиги ифодаланган (Аюб 14:13; Ҳаворийлар 2:31). Геҳеннага, яъни жаҳаннамга борадиганлар учун эса келажак ҳаётга, яъни тирилишга ҳеч қандай умид йўқ ва ҳеч бир оятда жони бирор жойда тирик юради дейилмаган (Матто 10:28).
8. Тирилишнинг маъносини тўғри тушуниш, инсоннинг нуқтаи назари ва хатти-ҳаракатига қандай таъсир этиши мумкин?
8 Агар бунинг маъноси яхши тушунтириб берилса, инсон учун тирилиш нимани билдиришини англаб етишида ёрдам бўлади. У Яҳованинг севги ила ҳавола этган ажойиб туҳфасини қадрлай бошлайди. Яқинидан жудо бўлганлар учун, Худонинг янги дунёсида улар билан яна бирлашишга бўлган завқли умид, қайғусини енгиллаштиради. Шунингдек, тирилишнинг моҳиятини тушуниш, Исо Масиҳ ўлимининг маъносини англаб олишда муҳим аҳамиятга эга. Биринчи асрдаги масиҳчилар Исо Масиҳнинг тирилишини ҳақиқий эътиқоднинг асоси деб билиб, бошқаларнинг тирилишига йўл очганлигини фаҳмлаганлар. Улар Исонинг тирилганлиги ва ундан келиб чиққан умид ҳақида ғайрат билан ваъз қилишган. Шу сингари бугунги кунда ҳам тирилиш умидини қадрловчилар, бу бебаҳо ҳақиқатни бошқалар билан баҳам кўрмоқдалар (Ҳаворийлар 5:30-32; 10:42, 43).
‘Ҳадес очқичининг’ қўлланилиши
9. Исо ўлим ва Ҳадес очқичларини биринчи бўлиб кимга қўлламоқда?
9 Исо Масиҳ билан самовий Шоҳликда бирга бўлувчилар, вақти келиб ўлишлари керак. Аммо улар Исонинг: «Ўлган эдим ва мана, абадулабад тирикман... ўлим ва тамуғ [Ҳадес] очқичлари Мендадир»,— деб айтган сўзларини яхши билишади (Ваҳий 1:18). У нимани назарда тутган? Исо эътиборни ўз ҳаётига қаратган. У ҳам ўлган эди. Лекин Худо уни Ҳадесда қолиб кетишига йўл қўймади. Ўлимининг учинчи куни, Яҳова Исони руҳий ҳаётга тирилтириб, унга абадийликни туҳфа этди (Ҳаворийлар 2:32, 33; 10:40). Боз устига, Худо Исога бошқаларни ўликлар диёридан ва Одам Ато гуноҳининг таъсиридан озод этиши учун ўлим ва Ҳадес очқичларини берди. Исо бу очқичларни қўллай олгани учун, у садоқатли шогирдларини тирилтиришга қодир. У биринчи навбатда жамоатининг муқаддас руҳ ила мойланган аъзоларини тирилтириб, уларга осмонда абадий яшаш каби бебаҳо ҳадяни тортиқ этмоқда (Римликларга 6:5; Филиппиликларга 3:20, 21).
10. Садоқатли мойланган масиҳчилар қачон тирилтириладилар?
10 Мойланган масиҳчилар қачон осмонда яшаш учун тирилтириладилар? Муқаддас Китобга биноан бу аллақачон бошланган. Ҳаворий Павлус тушунтиришича, улар Масиҳнинг ҳозир бўлиш пайтида тирилтирилади, бу эса 1914 йилда бошланган (1-Коринфликларга 15:23). Исонинг ҳозир бўлиш пайтида ҳаётдан кўз юмаётган мойланганлар, шу заҳотиёқ, «тўсатдан кўз очиб юмгунча ўзгариб кетиб», руҳий дунёга тирилтирилишади. Улар нақадар бахтли, қилган барча яхши ишлари эса «ўзларига ҳамроҳдир»! (1-Коринфликларга 15:51, 52; Ваҳий 14:13).
11. Қолган инсонлар учун қандай тирилиш бўлади ва у қачон бошланади?
11 Шоҳлик ворислиги учун осмондаги ҳаётга тирилиш, ягона тирилиш эмас. Ваҳий 20:6-оятига биноан бу «биринчи қиёмат», яъни тирилиш бўлиб, унинг кетидан бошқаси бўлади. Бошқа тирилиш насиб этганлар эса, жаннат ерида абадий ҳаётга эришиш каби қувончли истиқболга эгалар. Бу тирилиш қачон бўлади? Ваҳий китобига асосан, «еру осмон», яъни ҳозирги ёвуз дунё ўз ҳокимияти билан бирга йўқ қилинганида. Бу эски дунёнинг якуни жуда яқин. Бундан сўнг, Худо белгилаб қўйган вақтда тирилиш бошланади (Ваҳий 20:11, 12).
12. Ердаги ҳаётга тириладиган айрим садоқатли инсонлар кимлар ва нима учун бу ҳаяжонли истиқбол?
12 Ердаги ҳаётга кимлар тирилтирилади? Тириладиганлар орасида Яҳованинг қадимда яшаган содиқ хизматчилари ҳам бўлади, чунки улар қайта тирилишга қаттиқ ишониб, бошқа йўл билан «қутулишни қабул қилмадилар». Бошқача айтганда, ҳатто ўлимга дуч келишганда ҳам, Худо олдида покдил бўлишдан воз кечишмаган. Улар билан танишиш ва Муқаддас Китобда қисқача баён этилган воқеаларни уларнинг ўзидан батафсил эшитиш нақадар ҳаяжонли бўлади! Яҳованинг қадимда яшаган илк садоқатли шоҳиди Ҳобил; Тўфондан олдин Худонинг ҳукмини жасурлик билан ваъз этган Ҳанўҳ ва Нуҳ; фаришталарга меҳмондўстлик кўрсатган Иброҳим билан Соро; Синай тоғида Худонинг Амрларини олган Мусо; милоддан аввалги 607 йилда Қуддус вайрон бўлишининг гувоҳи бўлган довюрак Еремиё ва Худонинг овозини эшитган Яҳё пайғамбар кабилар ердаги ҳаётга тирилтириладилар. Шунингдек, ҳозирги ёвуз дунёнинг сўнгги кунларида қазо қилган кўплаб садоқатли аёллар ва эркаклар ҳам ҳаётга қайтади (Ибронийларга 11:4-38; Матто 11:11).
13, 14. а) Ҳадес ва ундаги ўликлар билан нима юз беради? б) Тириладиган инсонлар орасида яна кимлар бўлади ва нима сабабдан?
13 Вақт ўтиши билан Худонинг садоқатли хизматчилари сингари, бошқа инсонлар ҳам тирилтирилади, оқибатда ўликлар диёрида ҳеч кимса қолмайди. Мозорлар бўш қолади, чунки Исо инсониятга нисбатан ‘Ҳадес очқичини’ қўллаб, ундаги барчани озод этади. Ҳаворий Юҳанно ваҳийда Ҳадеснинг «олов кўлига ташланишини» кўрган (Ваҳий 20:14). Бу нимани англатади? Шуни англатадики, ўликлар диёри бўлмиш Ҳадес бутунлай йўқ қилинади. Бу, ундаги ўликлар бутунлай озод этилгандан кейингина йўқ қилинади, чунки Исо нафақат Яҳованинг содиқ хизматчиларини, балки фосиқларни ҳам тирилтиради. Муқаддас Китоб бизга аминлик бермоқда: «Солиҳ билан фосиқлар тирилтирилади» (Ҳаворийлар 24:15).
14 Фосиқлар қайта ўлимга ҳукм этилиш учун тирилтирилмайди. Худо Шоҳлиги бошқаруви остида бутун ер юзи адолатга тўлади, уларга эса ҳаётларини Худонинг йўлларига мувофиқлаштиришларига ёрдам берилади. Ваҳийда кўрсатилгани бўйича, «ҳаёт китоби» очилади. Шундай экан, улар ўз исмларини шу китобга киритиш имкониятига эга бўладилар. Улар тирилгандан кейинги қилган «қилмишларига яраша ҳукм этилади» (Ваҳий 20:12, 13). Хуллас, уларнинг тирилгани охир оқибатда «ҳукм қилиниш учун» эмас, балки «яшаш учун» бўлиши ҳам мумкин (Юҳанно 5:28, 29).
15. а) Кимлар тирилтирилмайди? б) Тирилиш тўғрисидаги билим, бизга қандай таъсир қилиши керак?
15 Бироқ, қачондир яшаб ўлиб кетганларнинг ҳаммаси ҳам тирилмайди. Айримларнинг қилган гуноҳлари кечирилмайди. Бундайлар Ҳадесда эмас, балки жаҳаннамда абадий йўқ қилиниб юборилган. Улар жумласига, яқин қолган «буюк мусибатда» йўқ қилинадиганлар ҳам киради (Матто 12:31, 32; 23:33; 24:21, 22; 25:41, 46; 2-Салоникаликларга 1:6-9). Бундан кўриниб турибдики, гарчи Яҳова ўлганларни Ҳадесдан озод этиб ғоят меҳрибонлигини кўрсатаётган бўлса-да, тирилишга бўлган умид ҳаётга енгил қарашга асос бермайди. Худонинг ҳукмдорлигига атайин қарши чиққанлар қайта тирилмайдилар. Бундан хабардорлик, Худонинг меҳрибонлигини чуқур қадрлаб, Унинг иродасига мувофиқ яшашимизга ундайди.
Тирилишга бўлган умид бардамлик бахш этади
16. Қандай қилиб тирилиш умиди куч-қувват бахш этиши мумкин?
16 Тирилиш умиди куч-қувват бахш этади. Инсон кексайиб қолган бўлса, тиббий даво олганда ҳам умрини узайтира олмайди (Воиз 8:8). Агар биз Яҳовага Унинг ташкилоти билан бирга содиқ хизмат қилаётган бўлсак, келажакка тўла ишонч билан қарашимиз мумкин. Худо тайинлаган вақтда бўладиган тирилиш орқали яна ҳаётга қайтишимизни биламиз. Ўшанда нақадар ажойиб ҳаёт бўлади! Ҳаворий Павлус уни «ҳақиқий ҳаёт» деб атаган (1-Тимўтийга 6:19; Ибронийларга 6:10-12).
17. Яҳовага содиқ қолишимизга нима ёрдам беради?
17 Тирилиш ҳамда уни ваъда қилган Худо ҳақида билиб, имонда маҳкам туришимиз мумкин. Бу, таъқиб қилувчилар дастидан ўлишга тўғри келганда ҳам, Худога содиқ бўлиб қолишимизда бизга бардамлик беради. Шайтон ўлим даҳшатини анча вақтдан бери қўллаб келмоқда. Аммо Исода бундай қўрқув бўлмаган. У умрининг охиригача Яҳовага содиқ қолган. Тўлов қурбонлиги орқали Исо бошқаларни ҳам бундай қўрқувдан халос қилди (Ибронийларга 2:14, 15).
18. Яҳованинг хизматчиларига покдил бўлиб қолишларига нима ёрдам бериб келган?
18 Бутун тарих давомида Масиҳнинг қурбонлигига ҳамда тирилишга бўлган ишонч, Яҳованинг хизматчиларига покдил бўлиб қолишларига ёрдам бериб келган. Қаттиқ синовлар остида ҳам улар Яҳовани ўз жонларидан ҳам ортиқ севишларини исботлашди (Ваҳий 12:11). Улар Худонинг қонунларини бузиш йўли билан ўз ҳаётларини сақлаб қолишга уринмай, оқилона йўл тутишган (Луқо 9:24, 25). Улар Яҳованинг ҳукмдорлигини ёқлаётганлари учун ҳатто ҳаётларидан маҳрум бўлишга тўғри келса-да, Худо уларни тирилтириб мукофотлашини биладилар. Сиз ҳам бунга ишонасизми? Бунинг учун Яҳовани севиш ҳамда тирилишнинг асл маъносини тушуниб етиш даркор.
Такрорлаш учун саволлар
• Инсон тирилишни қадрлай олиши учун, нима учун аввал жон ҳақида ва ўлганларнинг ҳолати тўғрисида тушунчага эга бўлиши керак?
• Кимлар тирилтирилади ва бу бизга қандай таъсир қилиши керак?
• Қандай қилиб тирилиш умиди бизга бардамлик бахш этади?
[84- ва 85- саҳифадаги расм]
Яҳова солиҳ билан фосиқларни тирилтиришга ваъда бермоқда.