38- БОБ
Нима учун Исони севишимиз керак?
ТАСАВВУР қилинг, сиз чўкаётган қайиқдасиз. Биров сизни қутқариб олишини хоҳлармидингиз? ~ Бунинг учун кимдир ҳаётини қурбон қилишига тўғри келса-чи? ~ Исо айнан шундай йўл тутган. 37- бобдан билиб олганимиздек, у бизни қутқариш учун ўз ҳаётини тўлов сифатида берган.
Албатта, Исо бизни чўкиб кетишдан қутқаргани йўқ. Эсингиздами, у бизни нимадан қутқарган? ~ Одаматодан мерос бўлиб ўтган гуноҳ ва ўлимдан. Айрим одамлар жуда ёмон ишлар қилишганига қарамай, Исо улар учун ҳам жонини берган. Сиз бундай инсонларни қутқариш учун ҳаётингизни хавф-хатарга қўйган бўлармидингиз? ~
Муқаддас Китобда айтилишича: «Одил киши учун бирор кимсанинг ўлиши амримаҳол, ҳимматли киши учун эса балки ўлишга кимнингдир юраги дов берар». Бироқ Муқаддас Китобда тушунтирилишича, Исо «ёмон ишлар қилган одамлар учун ўлган». Уларнинг орасида Худога хизмат қилмаган одамлар ҳам бўлган. Бу оятларнинг давомида қуйидагиларни ўқиймиз: «Лекин биз ҳали гуноҳкор бўлганимизда [ёмон ишлар қилганимизда], Масиҳ биз учун ўлди» (Римликларга 5:6–8).
Олдин жуда ёмон ишлар қилиб юрган, кейин эса ҳаворийга айланган киши ким эди, эсингиздами? ~ Бу ҳаворий Павлус эди. У шундай деб ёзган: «Исо Масиҳ гуноҳкорларни қутқариш учун дунёга келди. Ўша гуноҳкорларнинг биринчиси менман». Ҳаворий Павлус ўзи ҳақида «олдинлари ақлсиз» ва «ярамас» эдим деб ёзган (1 Тимўтийга 1:15; Титусга 3:3).
Худо мана шундай инсонлар учун Ўз Ўғлини бергани, севгиси нақадар кучли эканидан далолат беряпти! Марҳамат, Муқаддас Китобингизни очиб, Юҳанно 3- боб, 16- оятда бу ҳақда нима дейилганини ўқинг. Бу ерда қуйидагича ёзилган: «Аллоҳ одамзодни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин».
Исо ўзининг бизларга бўлган севгиси худди Отасиники каби кучли эканлигини исботлади. Эсингизда бўлса, ушбу китобнинг 30- бобида, Исо ҳибсга олинган кечада қандай азобларни бошдан кечиргани ҳақида ўқиган эдик. Уни олий руҳоний Каяфанинг уйига олиб бориб, ҳукм қилишган. Сохта гувоҳлар Исо ҳақида ёлғон гапиришган. Баъзилари эса унга мушт туширишган. Ўша пайтда Бутрус Исони рад этган. Келинг, кейин нималар бўлганини тасаввур қилиб кўрайлик.
Тонг отган эди. Исо туни бўйи ухламай чиқди. Уни тунда ҳукм қилишгани ноқонуний эди. Шунинг учун руҳонийлар дарҳол Олий Маҳкамани йиғишди. Улар яна Исони Худога қарши жиноят қилган, деб айблашди.
Кейин уни кишанлаб, Рим ҳукмдори Понтий Пилатнинг олдига олиб боришди. Улар Пилатга: «Бу одам ҳукуматга қарши чиқяпти. Уни қатл қилиш керак»,— деб айтишди. Бироқ Пилат, руҳонийлар ёлғон гапиришаётганини тушуниб турарди. У руҳонийларга: «Мен бу одамдан бирон айб тополмаяпман. Шунинг учун уни қўйиб юбораман»,— деб айтди. Лекин улар ва бошқа одамлар: «Йўқ! Уни ўлдиринг!» — деб бақиришди.
Кейинроқ, Пилат Исони озод этмоқчи эканлигини халойиққа айтишга яна ҳаракат қилди. Аммо руҳонийлар халойиқни гижгижлаб: «Агар уни озод қилсангиз, сиз ҳам ҳукуматга қарши чиққан бўласиз! Уни ўлдиринг!» — деб бақиришга ундашарди. Шунда улар баттар шовқин кўтаришди. Биласизми, охири Пилат нима қилди? ~
У рози бўлди. Аввал у Исони қамчилатди. Кейин эса уни қатл этиш учун аскарларнинг қўлига топширди. Аскарлар Исонинг бошига тиканакдан тўқилган тож кийдириб, унга тиз чўкиб масхара қилишди. Сўнг унга катта хода яъни устун бериб шаҳар ташқарисидаги «Бошсуяги», деган жойга олиб кетишди. У ерга етиб келишгач, аскарлар Исони устунга ётқизиб, қўл-оёқларига мих қоқишди. Устунни кўтаришганида унинг яраларидан қон оқа бошлади. Оғриқ зўрайди.
Исонинг жони ўша заҳотиёқ узилмади. Шу аҳволда у устунда бир муддат осилиб турди. Бош руҳонийлар уни мазах қилишди. Бу жойдан ўтиб кетаётганлар: «Агар сен Худонинг ўғли бўлсанг, азоб устунидан туш-чи!» — деб ҳақоратлашарди. Бироқ, Исо Отаси уни нима учун ерга юборганини ёдда тутган. Яъни, биз абадий ҳаётга эришишимиз учун у ўз мукаммал танасини қурбон қилиши зарурлигини биларди. Вақт пешиндан ўтиб, соат учлар чамасида Исо Отасига илтижо қилди ва жони узилди (Матто 26:36–27:50; Марк 15:1; Луқо 22:39–23:46; Юҳанно 18:1–19:30).
Исо Одаматодан қанчалар фарқ қилган-а?! Одамато Худога қулоқ солмаган ва бу билан у Худони севмаслигини кўрсатган. Шунингдек, у бизни ҳам севмаслигини кўрсатган. Одамато гуноҳ қилганлиги туфайли ҳаммамиз гуноҳкор бўлиб туғилганмиз. Исо эса Худони ҳамда бизни севишини намоён қилган. У ҳамиша Худога қулоқ солган. Исо ўз жонини биз учун фидо қилиб, Одамато етказган зарарни бартараф этган.
Унинг бу меҳрибонлиги учун миннатдормисиз? ~ Худога ибодат қилаётганингизда, У бизга Ўз Ўғлини бергани учун раҳмат деяпсизми? ~ Ҳаворий Павлус Масиҳнинг у учун қилган ҳамма яхшиликларидан миннатдор эди. Павлус шундай деб ёзган: «Худонинг Ўғли мени севган ва ўз жонини мен учун фидо қилган» (Галатияликларга 2:20). Исо сиз ва мен учун ҳам жонини фидо қилган. У ўз мукаммал ҳаётини биз абадий яшай олишимиз учун берган. Айнан шу туфайли биз Исони севишимиз лозим.
Ҳаворий Павлус Коринф шаҳридаги масиҳийларга қуйидагича ёзган: «Бизни Масиҳнинг севгиси чорлайди». Нима қилишга чорлайди? Сиз нима деб ўйлайсиз? ~ Павлус давом этиб: «Масиҳ ҳаммани деб ўлди, токи тирик бўлганлар энди ўзлари учун эмас [ўзларини хурсанд қилиш учун эмас], балки уларни деб ўлган киши учун яшасинлар» (2 Коринфликларга 5:14, 15).
Масиҳ учун яшаётганингизни қандай кўрсата оласиз? ~ Бунинг усулларидан бири, у ҳақда олаётган билимларингизни бошқаларга айтишдир. Ёки фараз қилинг: сиз уйда ёлғиз қолдингиз. На дадангиз, на ойингиз, на бошқа бир кимса нима қилаётганингизни кўрмаяпти. Шунда сиз телевизорда ёки Интернетда Исога ёқмайдиган нарсаларни томоша қиласизми? ~ Эсингизда бўлсин, Исо ҳозир тирик ва у нима қилаётганимизни кўриб туради!
Нима учун Исони севишимиз кераклигининг яна бир сабаби, биз Яҳовага тақлид қилишни истаймиз. Исо: «Отам мени севади»,— деб айтган. Биласизми, нима учун Яҳова Исони яхши кўради ва нега биз ҳам уни севишимиз керак? ~ Чунки Исо ўз хоҳиши билан жонини фидо қилиб, Худонинг иродасини бажарган (Юҳанно 10:17). Келинг, Муқаддас Китобда айтилган мана бу сўзларга риоя қилайлик: «Севикли болалар сингари Аллоҳга тақлид қилинглар ва севги йўлида юринглар. Масиҳ сизларни севиб, ўзини сизлар учун қурбон қилди» (Эфесликларга 5:1, 2).
Исога ва унинг бизни деб қилган ишларига нисбатан миннатдорлик ҳиссини уйғотиш учун, марҳамат, қуйидаги оятларни ўқинг: Юҳанно 3:35; 15:9, 10 ва 1 Юҳанно 5:11, 12.