51- БОБ
Туғилган кунда қотиллик содир этилади
МАТТО 14:1–12 МАРК 6:14–29 ЛУҚО 9:7–9
ҲИРОД ЯҲЁНИ ҚАТЛ ЭТАДИ
Ҳаворийлар Жалила бўйлаб ваъз қилишади. Лекин бу ҳудудда илк бор Исо ҳақида шоҳидлик берган Яҳё мана икки йилдирки қамоқда ўтирибди.
Яҳё Ҳирод Антипага ўгай акаси Филипнинг хотини Ҳиродияга уйланиб олгани нотўғри эканини очиқ-ойдин айтган эди. Ҳирод Ҳиродияга уйланиш мақсадида биринчи хотини билан ажрашганди. Ҳирод ўзини Мусонинг Таврот китобига мувофиқ яшаётгандек тутарди ва унга кўра ушбу никоҳ зино бўлиб, ноқонуний ҳисобланган. Яҳё Ҳироднинг қилмишини фош қилгани учун, эҳтимол, у Ҳиродиянинг гапига кириб, Яҳёни қамоққа ташлашни буюради.
Ҳирод Яҳё билан қандай йўл тутишни билмайди, «негаки, халқ Яҳёни пайғамбар деб» ҳисоблайди. (Матто 14:5) Ҳиродия эса ундан фарқли ўлароқ, иккиланмайди. У «Яҳёдан аччиқланиб, уни ўлдириш» учун фурсат пойлаб юради. (Марк 6:19) Ниҳоят, бундай фурсат туғилади.
Мил. 32 йили Фисиҳ байрамидан сал олдин Ҳирод туғилган куни муносабати билан катта зиёфат уюштиради. У барча обрўли амалдорларни, лашкарбошиларни ва жалилалик машҳур одамларни таклиф қилади. Зиёфат пайтида, Ҳиродиянинг собиқ эри Филипдан туғилган қизи Саломия меҳмонлар олдида рақс тушишга юборилади. Эркаклар унинг рақсига маҳлиё бўлишади.
Ҳирод ўгай қизидан жуда мамнун бўлади. Шоҳ унга: «Истаган нарсангни сўра, сенга тортиқ этаман»,— деб айтади. У қасам ичиб: «Ҳа, истаганингни бераман, ҳатто шоҳлигимнинг ярмини сўрасанг ҳам бераман»,— дейди. Жавобини айтишдан олдин Саломия онасидан: «Нима сўрасам экан?» — деб сўрайди. (Марк 6:22–24)
Мана, қулай фурсат ҳам туғилди! Ҳиродия дарҳол: «Яҳёнинг калласини сўра»,— деб жавоб беради. Саломия шоша-пиша Ҳироднинг олдига қайтиб: «Ҳозироқ менга лаганда Яҳёнинг бошини келтиришларини хоҳлайман»,— деб айтади. (Марк 6:24, 25)
Бу жавобдан Ҳирод қайғуга ботади. Бироқ у меҳмонлар олдида қасам ичгани сабабли, ҳатто айбсиз одамни ўлдиришга тўғри келса ҳам, Саломияга рад жавобини бера олмайди. Шунда Ҳирод мудҳиш буйруқ билан қамоқхонага жаллодни юборади. Кўп ўтмай, у лаганда Яҳёнинг калласини келтириб, Саломияга беради. Саломия эса уни онасининг олдига олиб боради.
Бўлиб ўтган воқеалар ҳақида Яҳёнинг шогирдлари эшитишганда, улар Яҳёнинг жасадини дафн этиш учун олиб кетгани келишади. Сўнг буни Исога сўзлаб беришади.
Орадан вақт ўтиб, Ҳирод Исо одамларни соғайтираётгани ва жинларни қувиб чиқараётгани тўғрисида эшитади ва бундан ваҳимага тушиб қолади. Сабаби, у Исони «тирилиб келган» Яҳё деб ўйлайди. (Луқо 9:7) Шу боис, Ҳирод Антипа Исо нима ҳақида ваъз қилаётганини эшитиш мақсадида эмас, балки ташвишланиш учун бирон сабаб борлигини аниқлаш ниятида уни кўришни хоҳлайди.