70- БОБ
Исо туғма кўр кишини соғайтиради
САДАҚА СЎРАГАН ТУҒМА КЎР КИШИ СОҒАЯДИ
Шаббат куни. Исо пайғамбар Қуддусда. У шогирдлари билан шаҳар айланиб юрганида, садақа сўраб ўтирган туғма кўр кишини кўриб қолади. Шогирдлари Исодан: «Устоз, кимнинг гуноҳи туфайли бу одам кўр бўлиб туғилган: ўзинингми ёки ота-онасинингми?» — деб сўрашади. (Юҳанно 9:2)
Шогирдлар инсон туғилишидан олдин унинг кўринмас руҳи бўлмаслигини билишади. Лекин уларни, инсон онасининг қорнидаёқ гуноҳ қилиши мумкинми, деган савол қизиқтиради. Исо уларга: «На унинг ўзи, на ота-онаси айбдор, балки Худонинг қудрати унда намоён бўлиши учун бундай бўлган»,— деб жавоб беради. (Юҳанно 9:3) Бояги кишининг кўр бўлиб туғилганига на ота-онасининг, на ўзининг гуноҳи сабаб бўлган. Одаматонинг гуноҳи дастидан инсонлар номукаммал ва кўзи ожизлик каби жисмоний нуқсонлар билан туғилишади. Исо дардга чалинган инсонларни соғайтирарди ва ҳозир ҳам туғма кўр кишини даволаб, Худонинг қудратини намоён этмоқчи.
Исо бу ишларни пайсалга солмаслик кераклигига ишора қилиб: «Ҳануз кундуз экан, биз мени Юборганнинг ишини бажаришимиз лозим. Зеро тун келмоқда, ўшанда бирор киши ҳам ишлай олмайди. Мен дунёда эканман, мен дунёнинг нуриман»,— деб айтади. (Юҳанно 9:4, 5) Яқинда Исо вафот этади ва зим-зиё қабрда бўлиб, ҳеч қандай иш қила олмайди. Айни пайтда у дунё учун нур манбаидир.
Хўш, Исо бу одамни соғайтирармикан? Қандай қилиб? Исо ерга тупуриб, тупугидан лой қилди. Кейин бу лойни кўр кишининг кўзларига суртиб, унга: «Бориб Силоам ҳовузида кўзларингизни ювинг»,— дейди. (Юҳанно 9:7) Ўша киши бориб ювинади ва кўра бошлайди! Қайтиб келгач, у қувончини ичига сиғдира олмайди: ахир у умрида биринчи марта кўряпти-ку!
Қўни-қўшнилари ва илгари уни таниган одамлар ҳайрон қолиб: «Бу ўша, садақа сўраб ўтирган одам эмасми?» — деб сўрашади. Айримлар: «Бу ўша»,— дейишса, бошқалар: «Йўғ-э, унга ўхшайди, холос»,— деб айтишади. Ҳалиги киши эса: «Мен ўшаман»,— дейди. (Юҳанно 9:8, 9)
Одамлар: «Қандай қилиб кўзларинг очилди?» — деб қизиқишади. «Исо деган киши тупугини тупроқ билан аралаштириб, кўзларимга суртди ва менга: “Боринг, Силоам ҳовузида кўзларингизни ювинг”,— деди. Мен бориб ювиндим ва мана кўрадиган бўлдим»,— деб жавоб қайтаради у. «Ўша одам қаерда?» — деб сўрашади улар. Садақа сўраб юрган киши эса: «Билмайман»,— деб жавоб беради. (Юҳанно 9:10–12)
Одамлар бу кишини фарзийларнинг олдига етаклаб боришади. Чунки фарзийлар ҳам унинг қай йўсин кўзлари очилганини билмоқчи бўлишади. Ўша киши уларга: «У тупугини тупроқ билан аралаштириб, кўзларимга лой суртди. Мен бориб кўзларимни ювдим-да, кўра бошладим»,— деб тушунтиради. Аслида фарзийлар бу тиланчининг соғайганига хурсанд бўлишлари керак эди! Улар эса бунинг ўрнига Исога туҳмат қила бошлашади. «У Аллоҳдан келган инсон эмас, чунки у Шаббат кунига риоя қилмаяпти»,— дейишади улар. Бироқ бошқалари: «Гуноҳкор инсон бундай мўъжизаларни қандай ярата олади?» — дейишади. (Юҳанно 9:15, 16) Шундай қилиб, уларнинг орасида бўлиниш юзага келади.
Зид фикрлар пайдо бўлгани учун улар бояги кишидан: «Кўзларингни очган ўша одам ҳақида сен нима дейсан?» — деб сўрашади. Ўша киши эса ҳеч иккиланмай Исо ҳақида фикрини айтиб: «У пайғамбар»,— деб жавоб беради. (Юҳанно 9:17)
Лекин яҳудийлар бунга ишонмайди. Эҳтимол, улар бу киши Исо билан тил бириктирган ва биргалашиб халқни лақиллатишяпти, деб ўйлашаётгандир. Масалани узил-кесил ҳал қилиш ниятида улар садақа сўраган кишининг ота-онасини чақиртириб, чиндан ҳам у кўр бўлганми, деб сўрамоқчи бўлишади.