71- БОБ
Фарзийлар илгари кўр бўлган кишини сўроққа тутишади
ФАРЗИЙЛАР ИЛГАРИ КЎР БЎЛГАН КИШИНИ СЎРОҚҚА ТУТИШАДИ
ДИН РАҲБАРЛАРИ «КЎР»
Кўр бўлган кишини Исо даволаганига фарзийлар ишонишмайди. Шунинг учун улар ўша кишининг ота-онасини чақиртиришади. Бу ота-она ибодатхонадан ҳайдалиши мумкинлигидан хавфсирайди. (Юҳанно 9:22) Бундайлар жамиятдан четлатилиши ва моддий қийинчиликларни бошдан кечириши мумкин.
«Туғма кўр ўғлингиз шуми? — деб сўрашади фарзийлар.— Унда қандай қилиб у кўряпти?» Ота-она жавоб бериб: «Бу бизнинг ўғлимиз ва у туғма кўр эканини биламиз. Аммо у қандай қилиб кўраётгани ва кўзларини ким очганини билмаймиз»,— дейди. Албатта ўғли уларга ҳаммасини айтиб берган бўлса керак, лекин ота-онаси эҳтиёткорлик билан жавоб бериб шундай дейди: «Ўзидан сўранглар. У балоғатга етган, ўзи учун жавоб бера олади-ку». (Юҳанно 9:19–21)
Шу сабабли, фарзийлар яна ўша кишини чақиришади. Бу сафар улар Исога қарши кўп далиллари борлигига шама қилиб, уни қўрқитмоқчи бўлишади. «Ҳақиқатни гапириб Худони улуғла,— деб талаб қилишади улар.— Биз у одамнинг гуноҳкор эканини биламиз». Уларнинг айбловларини рад этиб, илгари кўр бўлган киши: «Гуноҳкорми ёки йўқми, мен буни билмайман»,— дейди. Кейин у шундай қўшиб қўяди: «Фақат шуни биламанки, мен кўр эдим, энди эса кўзларим кўряпти». (Юҳанно 9:24, 25)
Бирон-бир нарсадан айб топиш ниятида фарзийлар яна ундан сўрашади: «У сенга нима қилди? Қандай қилиб кўзларингни очди?» У киши жасорат ила: «Мен сизларга айтиб берган эдим-ку, сизлар эса тингламадингизлар. Нега яна бу ҳақда эшитмоқчисизлар? Ёки сизлар ҳам унинг шогирдлари бўлишни истаяпсизларми?» — дейди. Бундан фарзийларнинг қони қайнаб: «Сен унинг шогирдисан, биз эса Мусонинг шогирдларимиз. Худо Мусо билан гаплашганини биламиз, у одамнинг қаерданлиги эса бизга номаълум»,— дейишади. (Юҳанно 9:26–29)
Бундан ҳайрон қолиб, садақа сўраб юрган киши шундай жавоб беради: «Ана шуниси ажабланарли-да, у кўзларимни очди-ю, сизлар эса унинг қаерданлигини ҳам билмайсизлар». Ўша киши Худо кимни эшитиши ва маъқуллаши борасида мантиқий далил келтириб: «Аллоҳ гуноҳкорларни тингламаслиги бизга аён, лекин Худодан қўрқиб, Унинг иродасини бажарган ҳар кимни У тинглайди. Биров туғма кўр кишининг кўзларини очгани ҳақида ҳеч эшитмаганмиз»,— дейди ва шундай хулоса ясайди: «Агар у Аллоҳдан келган киши бўлмаганида эди, ҳеч нарса қилолмасди». (Юҳанно 9:30–33)
Фарзийлар бундай аниқ жавобга эътироз билдира олмай, уни камситиб: «Сен гуноҳ ичида туғилган бўла туриб, бизга ақл ўргатасанми?!» — деб айтишади. Сўнг уни ҳайдаб чиқаришади. (Юҳанно 9:34)
Бу барча нарсалар Исонинг қулоғига етиб боргач, у ҳалиги кишини топади-да, унга: «Сиз Инсон Ўғлига ишонасизми?» — дейди. Соғайган киши: «Тақсир, у ким ўзи, мен унга ишонсам?» — деб сўрайди. Исо унга аниқ жавоб бериб: «Сиз уни кўргансиз. Ҳозир ҳам у сиз билан гаплашиб турибди»,— дейди. (Юҳанно 9:35–37)
Ўша киши: «Ҳазрат, унга ишонаман»,— дейди-да, имон ва ҳурматни намоён этиб Исога таъзим қилади. Сўнгра Исо шундай тушунтиради: «Мен бу дунёга ҳукм қилиш учун келдим, токи кўзи ожизлар кўрсин, кўрадиганлар эса кўр бўлсин». (Юҳанно 9:38, 39)
Бу сўзларни эшитган фарзийлар кўр эмасликларини билишади. Бироқ дин раҳбарлари сифатида бажараётган вазифалари ҳақида нима деса бўлади? Ўзларини ҳимоя қилиш ниятида: «Нима, биз кўрмизми?» — деб сўрашади. Исо уларга: «Агар кўр бўлганингизда эди, гуноҳсиз бўлардингиз. Аммо сизлар: “Биз кўряпмиз”,— деганингиз учун гуноҳингиз бўйнингизда қолади»,— дейди. (Юҳанно 9:40, 41) Бу инсонлар Исроилда муаллимлар бўлмаганида эди, Исони Масиҳ деб тан олишмаганини оқласа бўларди. Улар Тавротни била туриб Исони рад этишади ва бу билан жиддий гуноҳга қўл уришади.