7- БОБ
«Севишга ва эзгу ишлар қилишга» ундайдиган йиғилишлар
АСРЛАР оша Яҳованинг хизматчилари ташкиллашган ҳолда йиғилиб туришган. Қадимги Исроилда барча эркаклар йилига уч марта Қуддусда ўтадиган йирик байрамларга боришарди. (Қонун. 16:16) Биринчи асрда масиҳийлар бирортасининг уйида мунтазам йиғилишарди. (Филим. 1, 2) Бугунги кунда бизда жамоат йиғилишлари, туман ва ҳудудий анжуманлар бор. Нима учун Аллоҳнинг хизматчилари бирга йиғилишади? Аввало бу, топинишимизнинг муҳим бир қисмидир. (Заб. 95:6; Колос. 3:16)
2 Бундан ташқари, бу қатнашчилар учун ҳам фойдалидир. Исроил халқига ҳар етти йилда Чайлалар байрамида шундай қилиш амр этилганди: «Бутун халқни — эркагу аёлларни, болаларни ва шаҳарларингизда яшаётган мусофирларни йиғинглар. Улар бу Қонуннинг сўзларини тинглаб, уларнинг ҳаммасига амал қилишни ва Худойингиз Яҳовадан қўрқишни ўргансинлар». (Қонун. 31:12) Кўриниб турганидек, бирга йиғилиб туришнинг энг муҳим сабаби — «Яҳовадан таълим олиш». (Ишаё 54:13) Йиғилишлар бир-биримиз билан яқинроқ танишиш ва мулоқот қилиб, ўзаро далда олиш имконини беради.
ЖАМОАТ ЙИҒИЛИШЛАРИ
3 Милодий 33 йили Ҳосил байрамидан кейин шогирдлар ҳаворийлардан таълим олишда давом этишган. Улар «ҳар куни маъбадда бирдам бўлиб йиғилишарди». (Ҳавор. 2:42, 46) Кейинчалик, масиҳийлар топиниш учун йиғилишганда Муқаддас Ёзувларни, жумладан, ҳаворийлар ва Масиҳнинг бошқа издошлари ёзган мактубларни ўқишарди. (1 Кор. 1:1, 2; Колос. 4:16; 1 Салон. 1:1; Ёқб. 1:1) Улар, шунингдек, жамоат бўлиб ибодат қилишарди. (Ҳавор. 4:24–29; 20:36) Баъзида олис ерларда ваъзгўйликда юз берган воқеаларни сўзлаб беришарди. (Ҳавор. 11:5–18; 14:27, 28) Муқаддас Китоб таълимотларини ва илоҳий илҳом билан ёзилган башоратлар қандай амалга ошганини муҳокама қилишарди. Қатнашчиларни масиҳийларга хос ҳаёт кечириш ва художўйликни намоён этишга рағбатлантиришарди. Барчани ғайрат билан хушхабарни ваъз этишга ундашарди. (Рим. 10:9, 10; 1 Кор. 11:23–26; 15:58; Эфес. 5:1–33)
Ушбу охирги, қийин кунларда биз йиғилишларга мунтазам қатнаб янада кўпроқ далда олишимиз зарур
4 Бугунги кунда жамоат йиғилишлари ҳаворийлар даврида ўрнатилган намуна бўйича ўтяпти. Биз Ибронийларга 10:24, 25 да ёзилган қуйидаги маслаҳатга амал қиляпмиз: «Бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик. Баъзиларнинг одатидек, йиғилишларимизни қолдирмайлик. Аксинча, ўша куннинг яқинлашиб қолганини кўриб турган эканмиз, бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик». Ушбу охирги, қийин кунларда йиғилишларга мунтазам қатнаб янада кўпроқ далда олишимиз зарур. Шу тариқа маънан мустаҳкам бўлиб, бенуқсонликни сақлай оламиз. (Рим. 1:11, 12) Биз тўғри йўлдан адашган, бузилган насл орасида яшаяпмиз. Масиҳий бўлиб, имонсизлик ва дунёвий истакларни рад этганмиз. (Филип. 2:15, 16; Титус. 2:12–14) Чиндан ҳам, бу дунёда масиҳий жамоатдан бошқа яхшироқ жой йўқ! (Заб. 84:10) Ахир, Аллоҳнинг Каломини ўрганиш ва муҳокама қилишдан фойдалироқ иш бўлиши мумкинми? Келинг, бизнинг фойдамиз учун ташкиллаштирилган турли йиғилишларни кўриб чиқайлик.
ДАМ ОЛИШ КУНЛАРИ ЎТАДИГАН УЧРАШУВ
5 Дам олиш кунлари ўтадиган учрашувнинг биринчи қисмида Муқаддас Китобга асосланган, кенг оммага мўлжалланган нутқ сўзланади. Ахир кимдир унга биринчи марта келган бўлиши мумкин. Бу оммавий нутқ янги келганларнинг ҳамда жамоат ваъзгўйларининг маънавий эҳтиёжларини қондиришда муҳим аҳамият касб этади. (Ҳавор. 18:4; 19:9, 10)
6 Исо Масиҳ, унинг ҳаворийлари ва бошқа шогирдлари худди ҳозирги Яҳова Шоҳидларининг жамоатларида бўлганидек, кенг оммага мўлжалланган нутқларни сўзлашган. Шубҳасиз, нотиқликда Исога тенг келадиган одам йўқ. У ҳақда шундай дейилган: «Ҳеч ким, ҳеч қачон у каби гапирмаган». (Юҳан. 7:46) Исо Аллоҳдан ваколат олган кишидай гапириб, одамларни қойил қолдирарди. (Мат. 7:28, 29) Унинг хабарини сидқидилдан қабул қилган инсонлар кўп баракаларга эга бўлган. (Мат. 13:16, 17) Ҳаворийлар Масиҳнинг ўрнагига эргашишган. Муқаддас Китобда ҳаворий Бутруснинг милодий 33 йили Ҳосил байрамида айтган ва минглаб тингловчиларни ҳаракатга ундаган таъсирчан нутқи баён этилган. (Ҳавор. 2:14–36) Кейинчалик, Павлуснинг Афинада сўзлаган нутқини тинглаганлардан баъзилари имонга келишган. (Ҳавор. 17:22–34)
7 Ҳозирги пайтда ҳам миллионлаб инсонлар ҳар ҳафта ўтадиган йиғилишларда, шунингдек, туман ва ҳудудий анжуманларда сўзланаётган оммавий нутқлардан катта фойда олишяпти. Бундай нутқлар бизга Масиҳнинг таълимотларидан четга чиқмай, Шоҳлик хизматида саботли бўлишга ёрдам беряпти. Оммавий йиғилишларга қизиқувчилар ва умуман ҳамма инсонларни таклиф қилиб, уларга Муқаддас Китоб таълимотларини билиб олишга кўмаклашишимиз мумкин.
8 Оммавий нутқларда турли мавзулар ёритилади. Масалан, Муқаддас Китоб таълимотлари ва башоратлари, шунингдек, оилавий ҳаёт, никоҳ, ахлоқий меъёрлар ҳамда ёшлар дуч келаётган вазиятларга оид йўл-йўриқ ва маслаҳатлар кўриб чиқилади. Баъзи нутқларда Яҳованинг беқиёс ижодлари ҳақида гап кетади. Бошқаларида эса қадимда яшаган художўй кишиларнинг имони, жасорати ва садоқатига эътибор қаратилиб, улардан қандай сабоқ олишимиз мумкинлиги кўрсатилади.
9 Оммавий нутқлардан иложи борича кўпроқ фойда олиш учун диққатли бўлиш, маърузачи айтган оятларни очиш ҳамда ўқиб тушунтираётганда кузатиш муҳим. (Луқо 8:18) Муҳокама қилинаётган мавзунинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш туфайли, билиб олганларимизга қаттиқ ёпишиш ва ҳаётда амал қилиш қароримиз кучаяди. (1 Салон. 5:21)
10 Агар маърузачилар етарли бўлса, жамоатда оммавий нутқлар ҳар ҳафта сўзланади. Кўпинча нутқ сўзлаш учун қўшни жамоатлардан биродарлар таклиф қилинади. Биродарлар кам бўлса ҳам, имкон қадар тез-тез нутқ сўзланади.
11 Дам олиш кунлари ўтадиган учрашувнинг иккинчи қисмида «Қўриқчи минораси» тадқиқи бўлади. Унда тадқиқ сонида чоп этилган мақолалар савол-жавоб тариқасида муҳокама қилинади. «Қўриқчи минораси» журнали орқали Яҳова бизга маънавий озуқани вақтида етказиб туради.
12 Кўпинча тадқиқ мақолаларида Муқаддас Китоб принципларини кундалик ҳаётда қўллаш ўргатилади. Бу мақолалар масиҳийларга «дунёнинг руҳи» ҳамда нопок хулқ-атвордан ҳимояланишга ёрдам беради (1 Кор. 2:12) «Қўриқчи минораси» журналидаги мақолаларда Муқаддас Китоб таълимотлари ва амалга ошаётган башоратлар ёритиб берилади. Шу йўсинда биз ҳақиқат билан ҳамқадам юриб, адолат йўлидан тоймаймиз. (Заб. 97:11; Ҳик. 4:18) «Қўриқчи минораси» тадқиқига бориб ва унда иштирок этиб, Яҳованинг адолат ҳукм сурадиган янги дунёсига умидимиз бўлгани учун доимо севина оламиз. (Рим. 12:12; 2 Бутр. 3:13) Имондошларимиз эса муқаддас руҳ самарасини ривожлантиришга ва Яҳовага ғайрат билан хизмат қилишга кўмаклашишади. (Галат. 5:22, 23) Бу туфайли биз синовларга дош бериб, «ҳақиқий ҳаётни қўлдан бой бермаслик учун, келажакка мустаҳкам пойдевор» солишимиз мумкин. (1 Тим. 6:19; 1 Бутр. 1:6, 7)
13 Маънан озиқланишимиз учун ташкиллаштирилган бу тадбирдан тўлақонли фойда олиш учун нима қилсак бўлади? Тадқиққа шахсан ёки оиламиз билан олдиндан тайёрланишимиз, матнда келтирилган оятларни ўқиб чиқишимиз ва йиғилишда ўз сўзларимиз билан шарҳ беришимиз лозим. Шундай қилсак, ҳақиқат қалбимизга етиб боради ва биз имонимиз ҳақида гапириб, бошқаларга ҳам далда берамиз. Бошқаларнинг шарҳларини диққат билан тинглаш орқали биз ҳар ҳафта ўтаётган тадқиқдан янада кўпроқ фойда оламиз.
ҲАФТА ЎРТАСИДА ЎТАДИГАН УЧРАШУВ
14 Жамоат ҳар ҳафта Йиғилиш залига «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» деб номланган учрашувга келади. Бу учрашув уч қисмдан иборат бўлиб, Худога хизмат қилиш учун «лаёқатли» бўлишимизга кўмаклашади. (2 Кор. 3:5, 6) Учрашувлар жадвали ва тадқиқ учун маълумот ҳар ой «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури»да чоп этилади. «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз»да, шунингдек, ваъзгўйлик учун тахминий суҳбатлар келтирилади.
15 Учрашувнинг биринчи қисми «Аллоҳ каломидаги хазиналар» деб номланиб, Муқаддас Китобдаги муайян баёнотнинг контексти ва тарихий фони билан таништиради ҳамда билиб олганларимизни қандай қўллаш мумкинлигини ўрганишимизга ёрдам беради. Учрашувда нутқ, қироат ва ҳафталик Муқаддас Китоб мутолаасига асосланган муҳокама бўлади. «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз»да Муқаддас Китобдан олинган сабоқлар асосида таълим беришга кўмаклашувчи кўргазмали қўлланмалар ва иш варағи бор. Муқаддас Китобни шу тарзда чуқур тадқиқ қилиш шахсий ҳаётимиз учун фойдали бўлиб, бошқаларга ҳам таълим беришимизга кўмаклашади. Бу туфайли биз «ҳар тарафлама билимга эга бўлиб, ҳар бир яхши ишга бутунлайин тайёр» бўламиз. (2 Тим. 3:16, 17)
16 Учрашувнинг иккинчи қисми «Хизматда фаол бўлинг» деб номланиб, у барчага хизматда иштирок этиш нималигини машқ қилиб кўришга ҳамда ваъз қилиш ва таълим бериш қобилиятини яхшилашга ёрдам бериш учун мўлжалланган. Ўқувчиларга бериладиган топшириқлардан ташқари, тахминий суҳбатларнинг видеолари муҳокама қилинади. Учрашувнинг бу қисмида «толиққанларга оромбахш сўзларни айта олиш учун» «таълим» оламиз. (Ишаё 50:4)
17 Учрашувнинг учинчи қисми «Ҳаёт тарзимиз» деб номланиб, унда биз Муқаддас Китоб принципларини кундалик ҳаётда қўллашни ўрганамиз. (Заб. 119:105) Бу қисмнинг асосий хусусияти, «Жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқи»дир. Худди «Қўриқчи минораси» тадқиқи сингари «Жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқи» ҳам савол-жавоб тариқасида ўтказилади.
18 Ҳар ой янги «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» чиққанида оқсоқоллар кенгашининг раиси ёки унга ёрдам берадиган оқсоқол дастур билан яхшилаб танишиб чиқиб, топшириқларни тақсимлайди. Оқсоқоллар кенгаши томонидан маъқулланган ва яхши таълим берадиган оқсоқол ҳар ҳафта бу учрашувга раислик қилади. Унинг вазифасига учрашув вақтида бошланиб, вақтида тугашини назорат қилиш, топшириқ билан чиққан ўқувчиларни мақташ ҳамда уларга маслаҳат бериш киради.
19 «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувига мунтазам равишда тайёрланиб, унга қатнаб ва иштирок этиб биз Муқаддас Ёзувлар борасида билим оламиз, илоҳий принципларни тушунамиз, хушхабарни ваъз этиш учун дадилликка эга бўламиз ва шогирд тайёрлашда маҳорат оширамиз. Учрашувга келаётган ва ҳали сувга чўмиб Яҳованинг Шоҳиди бўлмаганлар ҳам самимий биродарона муҳитни ҳис этиб, дастурдан маънавий далда олиши мумкин. Бу ва бошқа учрашувларга тайёрланаётиб, агар тилингизда мавжуд бўлса «Электрон кутубхона», «Онлайн кутубхона», «JW Library»® (жей-дабл-ю лайбрэри) иловаси ёки Йиғилиш залидаги кутубхонадан фойдалансангиз бўлади. Йиғилиш залидаги кутубхонада ташкилотимиз чоп этган адабиётлар, жумладан, «Қўриқчи Минораси Жамияти нашрларининг кўрсаткичи» ёки «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма», Муқаддас Китобнинг турли хил таржималари, симфония (конкорданс), луғат ва фойдали маълумот берадиган бошқа адабиётлар бор. Йиғилишдан аввал ёки кейин бу кутубхонадан истаган киши фойдалана олади.
ВАЪЗГЎЙЛИК ХИЗМАТИ УЧРАШУВИ
20 Ҳафта давомида турли вақтда ва дам олиш кунлари ваъзгўйлар гуруҳи учун қисқагина ваъзгўйлик хизмати учрашуви ўтказилади. Одатда бундай учрашувлар кимнингдир уйида ёки мос келадиган бошқа жойда ўтади. Бу мақсадда Йиғилиш залидан ҳам фойдаланса бўлади. Кичикроқ гуруҳлар ваъзгўйлик хизмати учрашувини жамоат ҳудудидаги турли жойларда ўтказганда ваъзгўйлар бу учрашувга ва ўз ҳудудига боришга қийналмайди. Бу ваъзгўйларни тайёрлаб тезроқ хизматга жўнатиш имконини беради. Шунда гуруҳ нозири ҳам қарамоғидаги ваъзгўйларга шахсий қизиқиш кўрсата олади. Гарчи алоҳида гуруҳ бўлиб учрашишнинг ўзига хос афзалликлари бўлса-да, баъзан гуруҳларни бирлаштиришга тўғри келади. Масалан, агар ҳафта ўртасида атиги бир нечта ваъзгўй хизматга чиқаётган бўлса, гуруҳларни бирлаштириш ёхуд барча гуруҳлар учун ваъзгўйлик хизмати учрашувини Йиғилиш залида ёки бошқа мос келадиган жойда ўтказиш мумкин. Шу йўсинда ваъзгўйларга ҳамкор топиш осон бўлади. Расмий байрамларда ваъзгўйлик хизмати учрашувини эҳтимол Йиғилиш залида ўтказиш қулайроқ бўлар. Ёки «Қўриқчи минораси» тадқиқидан сўнг умумий ваъзгўйлик хизмати учрашувини ўтказса бўлади.
21 Гуруҳлар алоҳида учрашганда ваъзгўйлик хизмати учрашувини гуруҳ нозири ўтказади. Вақти-вақти билан гуруҳ нозири учрашувни ўтказишни ёрдамчисидан ёки бошқа қобилиятли биродардан илтимос қилиши мумкин. Учрашувни ўтказувчи хизмат учун амалий ва фойдали маълумотни тайёрлаб, кўриб чиқса яхшироқ бўлади. Сўнг ким қаерга бориши аниқланиб, ваъзгўйлардан бири ибодат қилади. Шундан кейин гуруҳ дарҳол ҳудудга жўнайди. Ваъзгўйлик хизмати учрашуви 5–7 дақиқа давом этади, аммо у йиғилишдан кейин ўтадиган бўлса, бундан ҳам қисқароқ бўлиши лозим. Хизматга чиқмоқчи бўлганлар бу учрашувда далда, амалий маслаҳат ва йўл-йўриқ олишади. Янги ёки тажрибасиз бўлганлар маҳоратли ваъзгўйлар билан ҳамкорлик қилиб, улардан ўрганиш имкониятига эга бўлишади.
ЯНГИ ЁКИ КИЧИК ЖАМОАТЛАРНИНГ ЙИҒИЛИШЛАРИ
22 Шогирдлар кўпайгани сайин жамоатлар сони ҳам ошиб бормоқда. Янги жамоатни ташкил этиш учун аризани одатда туман нозири ёзади. Бироқ, айрим ҳолларда кичик гуруҳлар энг яқин жамоатнинг қисми бўлиб қолишни афзал кўради.
23 Баъзида эса кичик жамоатлар фақатгина опа-сингиллардан иборат бўлади. Бундай вазиятда, жамоатда ибодат қиладиган ёки йиғилишни олиб борадиган опа ёки сингил, Муқаддас Китобда берилган йўл-йўриққа биноан бошини ёпади. (1 Кор. 11:3–16) Кўп ҳолларда у гуруҳга юзланиб ўтиради. Опа-сингиллар йиғилишда нутқ айтишмайди. Улар ташкилот чоп этган маълумотни шунчаки ўқиб, изоҳлаб беришади ёки қизиқарли бўлиши учун муҳокама ва намойиш тариқасида ўтказишади. Филиал опа ёки сингилдан йиғилишларга ғамхўрлик қилишни сўраб, у билан ёзишиб туради. Вақт ўтиб талабларга жавоб берадиган биродарлар пайдо бўлганда, бу вазифалар уларга топширилади.
ТУМАН АНЖУМАНЛАРИ
24 Битта туманга оид жамоатлар йилига икки марта бир кунлик туман анжуманига йиғилишади. Ушбу қувончли тадбирлар ҳар бир қатнашчига имондошлари учун «бағрини кенг қилиш» имконини беради. (2 Кор. 6:11–13) Ўзгача эҳтиёжларни инобатга олиб Яҳованинг ташкилоти Муқаддас Китобга асосланган мавзуларни ва анжуман дастурининг турли қисмларини тайёрлайди. Маълумот нутқлар, намойишлар, саҳналаштирилган воқеалар, монолог ва интервьюлар орқали тақдим этилади. Ўз вақтида берилаётган бу йўл-йўриқлар барча қатнашчиларнинг имонини мустаҳкамлайди. Бу анжуманларда янги шогирдлар ўзларини Яҳовага бағишлаганини сувга чўмиш билан кўрсатиш имконига эга бўлишади.
ҲУДУДИЙ АНЖУМАНЛАР
25 Йилда бир марта катта анжуманлар ўтади. Бу анжуманлар одатда уч кун давом этиб, уларга бир нечта туманга оид жамоатлар йиғилади. Кичикроқ филиаллар барча жамоатлар битта анжуманга йиғилса қулайроқ бўлади, деб қарор қилиши мумкин. Баъзи мамлакатларда анжуманлар маҳаллий шароитлар ва ташкилотдан келган кўрсатмаларга асосланиб ўзгача тарзда ўтказилиши мумкин. Вақти-вақти билан айрим мамлакатларда халқаро ёки махсус анжуманлар ўтказилади ва уларда турли мамлакатлардан келган минглаб Яҳованинг Шоҳидлари қатнашади. Йиллар мобайнида Яҳованинг Шоҳидлари томонидан уюштирилган бундай катта анжуманлар омма эътиборини жалб этгани туфайли кўп одамлар Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни билиб олган.
26 Яҳованинг содиқ халқи учун анжуманлар Унга якдилликда, катта қувонч билан топиниш имконини беради. Бундай тадбирларда ҳақиқат нури янада ёрқинроқ порлайди. Баъзи анжуманларда шахсан ёки жамоат билан тадқиқ қилиш ёхуд ваъзгўйликда фойдаланиш учун мўлжалланган янги адабиёт чиққани ҳақида эълон қилинади. Анжуманларда янги шогирдлар сувга чўмдирилади. Бу тадбирлар маънан ўсишда катта аҳамият касб этиб, Яҳованинг халқи чиндан ҳам халқаро биродарлик эканини исботлайди. Ҳа, Исо Масиҳнинг содиқ издошлари айнан шуниси билан бошқалардан ажралиб туради. (Юҳан. 13:35)
27 Маҳаллий жамоат йиғилишлари ва анжуманларга қатнаш Яҳованинг халқига Унинг иродасини бажариш учун куч бахш этади. Бу тадбирлар имонимизни емирадиган дунёнинг таъсиридан ҳимоялайди. Бундай йиғилишлар Яҳовага шон-шараф келтиради. (Заб. 35:18; Ҳик. 14:28) Ушбу охирзамон пайтида садоқатли хизматчиларига маънавий ором келтирадиган йиғилишларни уюштиргани учун Яҳовага раҳматлар айтсак арзийди.
ҚУТЛУҒ КЕЧЛИК
28 Йилда бир марта дунё бўйлаб Яҳова Шоҳидларининг жамоатлари Исо Масиҳнинг ўлимини хотирлаш учун Ҳазратимизнинг кечлиги ёки Қутлуғ Кечлик маросимини ўтказишади. (1 Кор. 11:20, 23, 24) Яҳованинг халқи учун бу энг муҳим йиллик йиғилишдир. Бу маросимни ўтказишни бизга Исонинг ўзи амр этган. (Луқо 22:19)
29 Қутлуғ Кечлик санаси Муқаддас Китобда айтиб ўтилган Фисиҳ байрами кунига тўғри келади. (Чиқ. 12:2, 6; Мат. 26:17, 20, 26) Мазкур байрам Исроил халқи мил. авв. 1513 йили Мисрдан чиққани муносабати билан ҳар йили нишонланарди. Ўшанда Яҳова ой тақвими бўйича биринчи ойнинг 14- кунини Исроил халқи Фисиҳ қўзисини еб, Миср қуллигидан озод бўлган сана сифатида белгилаган. (Чиқ. 12:1–51) Бу сана, баҳорги тенгкунлик пайтида Қуддусда янги ой кўринганидан кейин 13 кун ҳисоблаб, белгиланарди. Қутлуғ Кечлик маросими, одатда, баҳорги тенгкунликдан кейин ой тўлишининг биринчи кунига тўғри келади.
30 Матто 26:26–28 да ёзилган Исонинг сўзларидан Қутлуғ Кечлик маросими қандай ўтказилишини билиб оламиз. Бу қандайдир сирли маросим эмас, балки Масиҳнинг ворисдошлари сифатида самовий Шоҳликка даъват этилган кишилар иштирокида ўтказиладиган рамзий кечликдир. (Луқо 22:28–30) Исонинг бошқа содиқ издошлари ва ҳақиқатга қизиқиш кўрсатган инсонлар Ҳазратимизнинг кечлигига кузатувчилар сифатида таклиф қилинади. Маросимда қатнашиб улар Яҳовага Ўғли Исо Масиҳ орқали бутун инсониятга кўрсатган инояти учун миннатдорчилик билдиришади. Қутлуқ Кечликдан олдин ушбу маросимга ва Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга қизиқиш уйғотиш мақсадида тайёрланган махсус оммавий нутқ сўзланади.
31 Биз, Яҳованинг Шоҳидлари, бир-биримизни «севишга ва эзгу ишлар қилишга» ундайдиган йиғилишларда қатнашишдан ғоят хурсандмиз. (Иброн. 10:24) «Ишончли ва ақлли хизматкор» маънавий эҳтиёжларимизни инобатга олиб, биргаликда йиғилишимиз учун турли имкониятлар яратиб бермоқда. Яҳованинг барча хизматчилари ва қизиқаётганлар, йиғилишларда мунтазам иштирок этиб, улардан иложи борича кўпроқ фойда олишга чорланади. Ташкилотининг ердаги қисми орқали етказиб бераётган барча нарсалар учун Яҳовага самимий миннатдорлик изҳор қилиб, орамизда якдиллик бўлишига ҳисса қўшамиз. Энг муҳими эса, биз Яҳовани мадҳ этамиз. (Заб. 111:1)