Жамоатингиз гуллаб-яшнашига шахсан ҳисса қўшяпсизми?
Тўпланганингизда... Буларнинг ҳаммаси имонлилар жамоати яшнаб-гуллаши учун қилинсин. 1 КОР. 14:26
1. Павлус коринфликларга йўллаган мактубига биноан, йиғилишларимизнинг мақсади нимадан иборат?
«БУГУН учрашувимиз зўр ўтди-да!» Йиғилишга бориб келгандан сўнг, сиз ҳам худди шундай туйғуларни ҳис қилганмисиз? Албатта! Ҳақиқатан ҳам жамоат учрашувлари далда манбаидир. Илк масиҳчилар сингари биз ҳам йиғилишларга қатнаб, маънан мустаҳкамланамиз. Ҳаворий Павлус коринфликларга йўллаган биринчи мактубида йиғилишларимизнинг ўзгача мақсадини таъкидлаб ўтган. Ушбу мактубнинг 14- бобида Павлус бу мақсадни бир неча марта такрорлаб, «имонлилар жамоатини янада яшнатишдан» иборат деб айтяпти (1 Коринфликларга 14:3, 12, 26 ўқинг)a.
2. а) Жамоатлар айнан нима учун гуллаб-яшнайди? б) Қандай саволни кўриб чиқамиз?
2 Жамоатларнинг гуллаб-яшнаши, авваламбор Аллоҳнинг руҳи таъсир қилаётганининг натижасидир. Маълумки, ҳар бир учрашув ибодатдан бошланади. Тангри Яҳова йиғилишимизни муқаддас руҳи билан қўллаб-қувватлашини сўраймиз. Учрашув дастури кўтаринки руҳда ўтишига жамоатнинг ҳар бир аъзоси ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Шундай экан, йиғилишларимиз далда ва тасалли манбаи бўлиши учун шахсан ўзимиз нима қилишимиз мумкин?
3. Жамоат учрашувлари қанчалик муҳим?
3 Бу саволга жавоб олиш учун, йиғилишга келганлар нима қилиши мумкинлигининг бир нечта томонини билиб олайлик. Шунингдек, келганларнинг барчаси ўз шарҳлари билан ҳаммага қандай қилиб далда беришини ҳам кўриб чиқамиз. Қизиқ, нега буларнинг барига эътибор қаратяпмиз? Гап шундаки, жамоат учрашуви муқаддас йиғилиш деб саналади. Бунинг устига, йиғилишларга бориш ва уларда иштирок этиш, Яҳовага бўлган топинишимизнинг муҳим бир қисмидир (Заб. 25:12; 110:1; Ишаё 66:22, 23).
Учрашувлар, Муқаддас Китобни ўрганишга мўлжалланган
4, 5. «Қўриқчи минораси» журналининг муҳокамаси қанақа мақсадда ўтказилади?
4 Ҳаммамиз ҳар ҳафта «Қўриқчи минораси» журналининг муҳокамаси ўтказилганда, катта фойда олишни истаймиз. Шундай экан, келинг «Қўриқчи минораси» журналида ва тадқиқ сонларида қандай ўзгаришлар бўлганига диққат қаратайлик.
5 «Қўриқчи минораси»нинг 2008- йил 15- январь сонидаги журнал янги бўлиб чоп этилди. Ушбу тадқиқ сонининг муқовасига ҳам бир нечта ўзгаришлар киритилган. Эҳтимол сиз ҳам бунга эътибор бергандирсиз? Бу журнални олиб, муқовасига қарасангиз, у ерда минора ва очилган Муқаддас Китобни кўрасиз. Ва айнан бу, нега «Қўриқчи минораси» журналининг муҳокамаси олиб борилишининг сабабини кўрсатмоқда. Мана шу журнал ёрдамида Муқаддас Китобни тадқиқ қиламиз. Биз ҳам, Худонинг Каломидан тиловат қилиб, маъносини халққа тушунтириб берган Нахимиё пайғамбар каби, ҳар ҳафта «Қўриқчи минораси» журналининг муҳокамасида қатнашамиз (Нахим. 8:8; Ишаё 54:13).
6. а) «Қўриқчи минораси» журналининг муҳокамасига қандай ўзгаришлар киритилган? б) «Ўқинг» деб белгиланган оятлар борасида қанақа эслатмалар берилмоқда?
6 Худонинг Каломи бизнинг энг асосий Китобимиз экан, «Қўриқчи минораси» журналининг муҳокамасига ҳам муайян ўзгаришлар киритилган. Мақолаларда ҳавола қилинган бир нечта оятлар «ўқинг» деб белгиланган. Ҳаммамиз муҳокама давомида ўз Муқаддас Китобимизни очиб, мана шу ҳавола қилинган оятларни ўқишга таклиф этиламиз (Ҳавор. 17:11). Нега? Чунки, Худо бераётган маслаҳатни ўзимизнинг Муқаддас Китобимиздан кўрсак, бу қалбимизда муҳрланиб қолади (Иброн. 4:12). Бундай оятларни ўқишдан олдин, «Қўриқчи минораси» журналининг муҳокамасини олиб борувчи биродаримиз, ўтирганларнинг барчаси Муқаддас Китобларини очишлари учун етарлича вақт ажратиши даркор.
Имонимизни намоён этиш имкони
7. Муҳокама давомида бизда қандай имкониятлар пайдо бўлди?
7 «Қўриқчи минораси»нинг тадқиқ мақолаларининг узунлиги ҳам ўзгариб, охирги йиллар ичида қисқароқ бўлди. Шундай қилиб, муҳокама давомида хат бошларини ўқишга камроқ вақт кетгани туфайли, кўпроқ шарҳ беришга имкон туғилди. Мақолада келтирилган саволлар ёрдамида, ҳавола қилинган оятлар ва илоҳий меъёрларга амал қилиш оқилона эканини кўрсатувчи воқеаларни шарҳлаш орқали имонни намоён этиш мумкин. Боз устига, мақолада келтирилган расмларни изоҳлаб беришга ҳам вақт қолади (Забур 21:23; 34:18; 39:10 ўқинг).
8, 9. Учрашув раисининг вазифаси нимадан иборат?
8 Муҳокамада, келганларнинг аксарияти иштирок этиши учун, ҳаммамиз қисқача шарҳ беришимиз лозим. Бунинг устига, учрашув раиси ҳам муҳокама мобайнида жудаям кўп шарҳлар бермаслиги керак. Хўш, учрашувда бўлганларнинг бари далда олиши учун, бу биродаримиз шарҳ беришда қандай қилиб мувозанатли бўлиши мумкин?
9 Келинг, эътиборимизни бир мисолга қаратайлик. «Қўриқчи минораси» журналининг муҳокамасини чиройли гулдаста билан солиштирса бўлади. Мана шу гулдаста ҳар хил гуллардан иборат бўлгани каби, муҳокамада ҳам турли шарҳлар берилади. Гулларнинг ранги ва катталиги ҳар хил бўлганидек, шарҳларнинг ҳам узунлиги ҳамда ифода этиш тарзи турличадир. Ушбу гулдастада, муҳокамани олиб борувчи биродаримизнинг вазифаси нимадан иборат? Албатта у ҳам шарҳлар беради, лекин уни гулдастани безатувчи ўт билан таққосласа бўлади. Бундай ўт бўлаклари, гулдастада кўзга ташланмайди. Аксинча, гулдастанинг чиройига чирой қўшади холос. Худди шундай учрашув раиси ҳам шарҳлари билан диққатни ўзига эмас, балки мавзуга қаратишга ҳаракат қилади. Шунингдек у, иштирок этувчиларни мақтаб туриши керак. Хуллас, учрашувга келганларнинг турли шарҳлари ва муҳокамани олиб бораётган биродаримизнинг ўринли изоҳлари, бир бутун чиройли гулдастани ташкил этади.
«Худога узлуксиз ҳамду сано қурбонларини бағишлайлик»
10. Илк масиҳчилар жамоат учрашувларига қандай муносабатда эди?
10 Биринчи асрда йиғилишлар қай тарзда ўтгани борасида 1 Коринфликларга 14:26–33 дан ўқишимиз мумкин. Бир илоҳиётшунос бу оятларни изоҳлаб, қуйидагича ёзган: «Биринчи асрдаги имонлилар учрашувлари қай тарзда ўтказилгани диққатга сазовордир. Негаки, у ерда ҳар бир киши ўз фикрини айтиб, топширилган вазифасини бажарарди. Барча дастурни шунчаки эшитишга эмас, балки учрашувда иштирок этишга интиларди». Дарҳақиқат, илк масиҳчилар жамоат учрашувларини ўз имонини намоён этиш имконияти деб билишган (Рим. 10:10).
11. а) Йиғилишларимиз гуллаб-яшнашига қай тарзда ҳисса қўшамиз ва нега? б) Қайси маслаҳатларни эътиборга олиб, шарҳларимизни бойитамиз? (изоҳга қ.)
11 Имонимизни намоён этиш билан йиғилишларимиз гуллаб-яшнашига ҳисса қўшамиз. Шубҳасизки, жамоатларга қанча йиллар мобайнида қатнаганимиздан қатъи назар, биродару опа-сингилларимизнинг берган шарҳларини эшитиб маза қиламиз. Ёши улуғ садоқатли имондошларимизнинг чин дилдан берган жавобларини айтмайсизми?! Оқсоқолларимиз чуқур фикрлари билан бўлишгани ҳам бизга далда беради. Қолаверса, жажжи болажонларимиз Яҳовага бўлган самимий севгисини ўз сўзлари билан айтишганини эшитиб, юзимизда бехосдан табассум пайдо бўлади. Ҳа, ҳаммамиз шарҳлар берсак, жамоатимиз гуллаб-яшнайдиb.
12. а) Мусо ва Еремиё пайғамбарнинг мисолидан нимани ўрганяпмиз? б) Шарҳлар беришда ибодатнинг ўрни қандай?
12 Одам тортинчоқ бўлса, одатда шарҳ беришга жудаям қийналади. Мабодо, сиз ҳам бунга дуч келаётган бўлсангиз, унутмангки сиздай одамлар кам эмас. Ҳатто, художўй Мусо ва Еремиё пайғамбар ҳам ўзларини гапиришга қобилиятсиз деб, омма олдида гапиришга қўрқишарди (Чиқ. 4:10; Ерм. 1:6). Аммо-лекин Яҳова, хизматчилари Уни шарафлаши учун уларга ёрдам берган. Шундай экан, сиз ҳам Худога ҳамду сано қурбонларини бағишлашингиз учун У сизни албатта қўллаб-қувватлайди (Ибронийларга 13:15 ўқинг). Қўрқувни енгиб, шарҳлар бериш учун қандай қилиб Яҳованинг ёрдамини қабул қилишингиз мумкин? Биринчидан, учрашувларга тайёрланинг. Иккинчидан, Йиғилиш Залига боришдан аввал шарҳ бериш учун жасорат сўраб, Яҳовага ибодат қилинг (Филип. 4:6). Унутмангки, «Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, У бизга қулоқ солади» (1 Юҳан. 5:14; Ҳик. 15:29).
Учрашувлар «руҳан озуқалантиради»
13. а) Учрашувларимиз тингловчилар учун қандай бўлиши зарур? б) Оқсоқоллар нимада амин бўлишлари муҳим?
13 Павлус йиғилишларимизнинг муҳим мақсадини таъкидлаб, улар «ўгит-насиҳат бериб, тингловчиларни руҳан озуқалантиради» деб айтган (1 Кор. 14:3). Имондошларимиз учун учрашувлар чиндан ҳам тасалли ва далда манбаи эканида оқсоқоллар қандай қилиб амин бўлишлари мумкин? Бу саволга жавоб олишдан аввал, Исонинг тирилганидан кейин бўлиб ўтган учрашувни эслайлик.
14. а) Исо ҳаворийларини учрашувга таклиф қилганидан аввал қанақа воқеалар юз берди? б) Устозимиз биринчи бўлиб ҳаворийларига яқинлашиб, гаплашгани уларга қандай таъсир қилди?
14 Ушбу учрашувдан сал аввал бўлган воқеаларни олайлик. Исо Масиҳнинг ўлимидан олдин ҳаворийлар уни «ташлаб, қочиб кетишди». Ҳа, башорат қилинганидай улар уй-уйига тарқаб кетишди (Марк 14:50; Юҳан. 16:32). Исо тирилгач эса, руҳи тушган ҳаворийларини бир учрашувга таклиф қилдиc. Шундай қилиб, «ўн бир шогирд Жалилага, Исо уларга тайин этган тоққа боришди». Ҳаммаси келганда эса, Исо уларга яқинлашиб, гаплашган эди (Мат. 28:10, 16, 18). Устозимиз биринчи бўлиб ҳаворийларини таклиф қилганидан, улар нақадар хурсанд бўлишганини тасаввур қилинг-а! Қизиқ, Исо улар билан нимани муҳокама қилган?
15. а) Исо нима ҳақда суҳбат қилган, бироқ нимани муҳокама қилмаган? б) Учрашув ҳаворийларга қандай таъсир қилган?
15 Ҳазрати Исо ушбу учрашувни: «Менга... бутун ҳокимият берилгандир»,— деб бошлади. Сўнг, уларга шундай вазифа топширган: «Бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар». Охирида эса, Устозимиз: «Мен ҳар куни... сизлар билан бирга бўламан»,— дея шогирдларига ўз севгисини кўрсатди (Мат. 28:18–20). Бироқ у нима қилмаганига эътибор бердингизми? У ҳаворийларини койиб бермади, уларнинг ниятларида шубҳаланмади ва имони сустлигида уларни айбламади. Бунинг ўрнига, Исо уларни самовий Отасининг ва ўз севгисига ишонтириб, муҳим вазифалар топширган. Исонинг бундай муносабати ҳаворийларга қандай таъсир қилган? Улар тасалли ва далда олиб, ўша учрашувдан кўп ўтмай, таълим беришган ва хушхабарни ёйишдан тинмаганлар (Ҳавор. 5:42).
16. Қандай қилиб оқсоқоллар Исога эргашиб, имондошларига қувонч бағишлай олишади?
16 Бугунги кунда оқсоқоллар ҳам Исога эргашиб, учрашувларда Яҳованинг севгисида имондошларини ишонтиришга ҳаракат қилишади (Рим. 8:38, 39). Дарвоқе, оқсоқолларимиз биродарларининг камчиликларига эмас, кучли томонларига эътибор қаратишга интилишади. Қолаверса, уларнинг ниятларини ҳечам шубҳа остига қўйишмайди. Аксинча, Яҳова яхши кўрган ва тўғрилик ила йўл тутаётган имондошларига далда беришга жон куйдиришади (1 Салон. 4:1, 9–12). Тўғри, оқсоқоллар гоҳида жамоатдагиларга керакли маслаҳат бериб туради. Лекин, айримларига танбеҳ бериш керак бўлганда, буни ҳоли қолиб қилиш оқилонадир (Галат. 6:1; 2 Тим. 2:24–26). Оқсоқоллар бутун жамоатга мурожаат қилишганида, келганларни ўринли тарзда мақтаб қўйишса арзийди (Ишаё 32:2). Шундай йўл тутиб, учрашувга келганларнинг ҳаммаси хурсанд ва тетик бўлиб уйларига қайтишади (Мат. 11:28; Ҳавор. 15:32).
Далда манбаи
17. а) Нега йиғилишларга келиш шунчалар муҳим? б) Жамоатингиз гуллаб-яшнаши учун шахсан сиз нима қилишингиз мумкин? («Ўзингиз ва бошқалар йиғилишдан далда олишининг ўнта усули» номли рамкага қ.).
17 Шайтоннинг дунёси кундан-кунга шафқатсиз бўлиб кетяпти экан, йиғилишларимиз биз учун далда манбаи эканлигида амин бўлишимиз лозим (1 Салон. 5:11). Хўжайини билан бир неча йиллар мобайнида қийинчилик кўрган битта опамиз ўтмишини эслаб, шундай бўлишди: «Йиғилиш Залига келганимизда, ўзимизни меҳрибон Яҳованинг қўллари остида бўлганимиздек ҳис этардик. Азиз биродару опа-сингилларимиз орасида бўлиб, ташвишларимизни Яҳовага ташлаб қўярдик. Бу эса, бизга хотиржамлик бахш этарди» (Заб. 54:23). Учрашувларга келганлар ҳам ўзларини шу каби ҳис этиб, далда ва тасалли олишади. Келинг, бундан буён ҳам жамоат учрашувларимиз гуллаб-яшнаши учун ўз ҳиссамизни қўшайлик!
[Изоҳлар]
a Биринчи асрдаги имонлилар жамоатида бўлган баъзи нарсалар ҳозир қилинмайди. Масалан, башоратгўйлик қилмаймиз ёки турли тилларда гапирмаймиз (1 Кор. 13:8; 14:5). Шундай бўлса-да, Павлуснинг бу маслаҳатидан бугунги кунда жамоат учрашувлари қандай ўтказилиши кераклигини тушунишимиз мумкин.
b Шарҳларимизни қандай қилиб бойитишимиз мумкинлиги борасида кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси»нинг (рус.) 2003- йил 1- сентябрь сонидаги 19–22- саҳ. қ.
c Ҳаворий Павлуснинг кейинчалик ёзган маълумотига кўра, бу юз берган пайтда Исо «беш юздан кўпроқ биродарга кўринди» (1 Кор. 15:6).
Илтимос тушунтиринг
• Жамоат учрашувлари қанчалик муҳим?
• Йиғилишимиз гуллаб-яшнаши учун шарҳларимиз қандай аҳамиятга эга?
• Исо Масиҳ шогирдлари билан қилган муносабатидан нимани ўрганяпмиз?
[22- ва 23- саҳифадаги рамка ва расмлар]
«ЎЗИНГИЗ ВА БОШҚАЛАР ЙИҒИЛИШДАН ДАЛДА ОЛИШИНИНГ ЎНТА УСУЛИ»
Тайёрланинг. Йиғилишлардан олдин тайёрлансангиз, дастур сиз учун қизиқарли ўтиб, чуқур таассурот қолдиради.
Мунтазам қатнашинг. Жамоат учрашувларига доимо қатнашишингиз билан келганларга тасалли бера оласиз.
Кеч қолманг. Дастур бошланмасидан олдин жойингизга ўтирсангиз, қўшиқни бемалол куйлаб, ибодат қилишингиз мумкин. Зеро, бу Яҳовага бўлган топинишнинг муҳим бир қисмидир.
Яхши жиҳозланинг. Учрашувга Муқаддас Китоб ва керакли адабиётларни олиб келинг. Шунда, муҳокамада фаол иштирок этиб, дастурни кузатсангиз бўлади.
Чалғиманг. Масалан, учрашув давомида эмас, балки ундан кейин СМСларни ўқиш оқилонадир. Бу билан сиз бутун диққатингизни дастурга қарата оласиз.
Иштирок этинг. Қанча кўп шарҳ берганингизда, шунча руҳан тетикланиб, имонингизни мустаҳкам қиласиз.
Қисқача шарҳ беринг. Шундай йўл тутиб, кўплар шарҳ беришига имкон яратасиз.
Вазифани бажаринг. Воизлик мактабида ёки Хизмат учрашувида олган вазифага пухта тайёргарлик кўринг ва уни албатта бажаринг.
Иштирокчиларни мақтанг. Учрашувда иштирок этган ва шарҳ берган имондошларингизни мақтанг.
Мулоқот қилинг. Учрашувдан олдин ва кейин қуюқ саломлашиш ҳамда далда берувчи суҳбатлар орқали кўпроқ фойда олишингиз мумкин.