14- БОБ
Жамоатда тинчлик ва покликни сақлаш
ҲАР йили минглаб одамлар Яҳованинг уйига — ҳақ топинишга оқиб келмоқда ва бу билан Муқаддас Китобдаги башорат амалга ошмоқда. (Михо 4:1, 2) Биз бу инсонларни Худонинг жамоатида қаршилашдан хурсандмиз! (Ҳавор. 20:28) Улар маънавий жаннатдаги тинчлик ва покликдан завқ олиб, биз билан бирга Яҳовага хизмат қилиш имкониятини қадрлашади. Тангрининг муқаддас руҳи ва Каломидаги оқилона маслаҳатлар жамоатда тинчлик ва покликни сақлашга ёрдам беради. (Заб. 119:105; Закр. 4:6)
2 Биз Муқаддас Китоб принципларини қўллаб «янги ўзликни» кийиб оламиз. (Колос. 3:10) Майда-чуйда баҳс-мунозара ва келишмовчиликларга аҳамият бермасликка ҳаракат қиламиз. Ҳамма нарсага Яҳова каби қарасак, дунёнинг нифоқ солувчи таъсирига қарши туриб, халқаро биродарлик билан аҳилликда хизмат қила оламиз. (Ҳавор. 10:34, 35)
3 Бироқ вақти-вақти билан жамоатнинг тинчлиги ва бирлигига таъсир етказадиган муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Нега бундай бўлади? Кўп ҳолларда Муқаддас Китобдаги маслаҳатларга амал қилмаслик бунга сабаб бўлади. Ҳозирча ҳаммамиз номукаммал инсонга хос мойилликларимиз билан кураш олиб боряпмиз. Зеро, ҳеч биримиз гуноҳдан холи эмасмиз. (1 Юҳан. 1:10) Масалан, кимдир нотўғри иш қилиб қўйса, жамоат ахлоқий ва маънавий тарафдан булғаниши мумкин. Ўйламасдан қилинган иш ёки айтилган сўз билан бир-биримизни хафа қилиб қўямиз. (Рим. 3:23) Хўш, бундай муаммоларни қандай ҳал қилса бўлади?
4 Меҳрибон Аллоҳимиз Яҳова бундай вазиятларни инобатга олиб қўйган. Унинг Каломида қийинчиликларни ҳал қилишга кўмаклашадиган маслаҳатлар бор. Маънавий чўпонлар, яъни ғамхўр оқсоқоллар ҳар биримизга ёрдам беришга тайёр. Уларнинг Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатига риоя қилсак, инсонлар ва Яҳова билан яхши муносабатларни сақлай оламиз. Борди-ю, қандайдир қилмишимиз дастидан бизни тузатишса ёки танбеҳ беришса, бу самовий Отамизнинг севги ифодаси эканидан шубҳаланмайлик. (Ҳик. 3:11, 12; Иброн. 12:6)
МАЙДА КЕЛИШМОВЧИЛИКЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ
5 Баъзида жамоатдагилар орасида майда келишмовчиликлар юз бериб туради. Уларни биродарлик севгиси руҳида тезда ҳал этиш даркор. (Эфес. 4:26; Филип. 2:2–4; Колос. 3:12–14) Бундай келишмовчиликларни ҳаворий Бутруснинг: «Бир-бирингизни самимият билан севинглар, чунки севги кўпгина гуноҳларни қоплайди»,— деган маслаҳатига риоя қилиб ҳал этиш мумкинлигига ишонч ҳосил қиласиз. (1 Бутр. 4:8) Муқаддас Китобда: «Барчамиз тез-тез хато қилиб турамиз»,— дейилган. (Ёқб. 3:2) Олтин қоидага риоя қилган ҳолда, одамлар бизга қандай муносабатда бўлишини истасак, биз ҳам уларга шундай муносабатда бўлиб, имондошларимизнинг аҳамиятсиз хатоларини осонликча кечира оламиз. (Мат. 6:14, 15; 7:12)
6 Агар кимнидир сўз ёки ҳаракатингиз билан хафа қилганингизни пайқасангиз, дарров ташаббусни қўлга олиб у билан ярашинг. Унутманг, бу Яҳова билан бўлган муносабатларингизга таъсир қилади. Исо издошларига шундай маслаҳат берганди: «Агар назрингизни қурбонгоҳга олиб келганингизда, биродарингиз сиздан хафа экани ёдингизга тушиб қолса, назрингизни қурбонгоҳ олдида қолдиринг-да, аввалига бориб биродарингиз билан ярашинг. Шундан сўнг келиб, назрингизни бахшида этинг». (Мат. 5:23, 24) Балки англашилмовчилик юз бергандир. У ҳолда мулоқотга очиқ бўлинг. Жамоат аъзолари орасида очиқ мулоқот бўлса, тушунмовчиликларнинг олдини олиб, номукаммаллик туфайли пайдо бўладиган муаммоларни ҳал этиш мумкин.
МУҚАДДАС КИТОБДАН МАСЛАҲАТ БЕРИШ КЕРАК БЎЛСА
7 Гоҳида нозирлар кимнингдир фикрлаш тарзини тузатиш учун маслаҳат беришга эҳтиёж борлигини кўришади. Аммо маслаҳат бериш доим ҳам осон эмас. Ҳаворий Павлус Галатиядаги масиҳийларга қуйидагиларни ёзган: «Биродарлар, агар одам билмаган ҳолда бирон-бир хато қилиб қўйса, маънан етук бўлган сизлар, бундай кишини мулойимлик билан тузатишга урининглар». (Галат. 6:1)
8 Сурувга чўпонлик қилаётиб, нозирлар жамоатни кўпгина маънавий хавф-хатарлардан ҳимоя қилишади ва жиддий муаммоларнинг олдини олишади. Оқсоқоллар Яҳова Ишаё пайғамбар орқали ваъда қилганидай хизмат қилишга интилишади: «Ҳар бири шамолдан ҳимоялайдиган жойдай, жаладан сақлайдиган панадай бўлади. Дашт-биёбондаги оқар сувлардай, қақраган ердаги баҳайбат қоятошнинг соясидай бўлади». (Ишаё 32:2)
ТАРТИБНИ БУЗАЁТГАНЛАРНИ КЎЗ ОСТИГА ОЛИБ ҚЎЙИШ
9 Ҳаворий Павлус жамоатга салбий таъсир кўрсатадиган кишилар ҳақида шундай деб огоҳлантирган: «Сизларга буюрамиз: тартибни бузаётган ҳамда сизлар биздан олган нарсаларга амал қилмаётган ҳар бир биродардан узоқлашинглар». У нимани назарда тутаётганини аниқроқ тушунтириб қуйидагиларни ёзган: «Борди-ю, бирор киши бу мактубда ёзган сўзларимизга риоя қилмаса, уни кўз остига олиб қўйиб, у билан муносабатни узинглар, токи у уялсин. Бироқ уни душман деб ҳисобламанглар, аксинча, унга биродардек насиҳат қилинглар». (2 Салон. 3:6, 14, 15)
10 Баъзида инсон жамоатдан четлатишга олиб келадиган оғир гуноҳ содир этмаса-да, лекин масиҳийлар амал қилиши керак бўлган Худонинг меъёрларига нисбатан ўтакетган ҳурматсизлик намоён қилади. Бу ниҳоятда дангасаликда, танқидий муносабатда, жисмоний нопокликда ёки «бошқаларнинг ишига аралашишда» намоён бўлиши мумкин. (2 Салон. 3:11) Шунингдек, бошқалар билан муносабатидан айёрлик ила фойдаланиб моддий манфаат кўзлашида ёхуд номуносиб ўйин-кулгиларни била туриб танлашида аён бўлиши мумкин. Тартибни бузиш деганда бутун жамоатга ёмон таъсир қиладиган ва бошқа масиҳийларга юқиш хавфи бўлган жиддий қилмиш назарда тутилади.
11 Аввалига оқсоқоллар тартибни бузаётган кишига Муқаддас Китоб асосида маслаҳат бериб, ёрдамлашишга уриниб кўришади. Борди-ю, у қайта-қайта берилган насиҳатларга қарамай Муқаддас Китоб принципларига беписандлик қилаверса, оқсоқоллар жамоатни огоҳлантириб нутқ сўзлашлари мумкин. Огоҳлантирувчи нутқ сўзланишига эҳтиёж борлигини аниқлашда оқсоқоллар ақл-идрок билан ёндашиб, муайян вазият қанчалик жиддий эканини ва бошқаларни безовта қилиш-қилмаслигини инобатга олишади. Нутқни сўзлаётган биродар тартибни бузган кишининг исмини айтмаган ҳолда тартиббузарлик борасида ўринли маслаҳат беради. Вазиятдан хабардор бўлган жамоат аъзолари ўша кишига «биродардек насиҳат қилиб» маънавий мавзуда суҳбатлашиб туришса-да, у билан камроқ мулоқот қилишади.
12 Умид қиламизки, садоқатли масиҳийлар қатъиятли бўлгани туфайли тартибни бузган инсон ўз ишидан уялиб, ўзгаради. Агар киши тартиббузарликни бас қилгани аниқ кўринса, уни кўз остига олиб қўйишга ҳожат қолмайди.
ЖИДДИЙ ҚИЛМИШЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ
13 Хафагарчиликларга унча аҳамият бермай кечиримли бўлиш, жиддий қилмишларга бефарқ эканимизни ёки уларни маъқуллаётганимизни англатмайди. Барча қилмишларни мерос бўлиб ўтган номукаммаллик билан оқлаб бўлмайди. Жиддий хафагарчиликларга арзимас хато деб кўз юммаслик керак. (Лев. 19:17; Заб. 141:5) Масалан, Тавротда айрим гуноҳлар бошқаларига қараганда оғирроқ ҳисобланган. Худди шундай муносабат масиҳийлар жамоатида ҳам бор. (1 Юҳан. 5:16, 17)
14 Исо масиҳийлар орасида пайдо бўладиган жиддий муаммоларни қай тартибда ҳал қилиш кераклигини ўргатган. Бунинг учун қуйидаги қадамларни қўйиш керак: «Мабодо биродарингиз сизга қарши гуноҳ қилса, [1] у билан яккама-якка гаплашиб, айбини кўрсатинг. Агар сизга қулоқ солса, уни қайтариб олган бўласиз. Борди-ю, қулоқ солмаса, [2] ўзингиз билан бир ёки икки кишини олиб боринг, чунки ҳар бир масала икки ёки уч гувоҳнинг сўзлари билан тасдиқланиши керак. Уларга ҳам қулоқ солмаса, [3] жамоатга айтинг. Жамоатга ҳам қулоқ солмаса, у сиз учун имонсиз кишидай ҳамда солиқчи каби бўлсин». (Мат. 18:15–17)
15 Матто 18:15–17- оятларида қандай гуноҳлар ҳақида гап кетаётганини тушунишга, Матто 18:23–35- оятларида ёзилган Исонинг масали ёрдам беради. Бу гуноҳлар молиявий масалалар ва мол-мулк билан боғлиқ бўлиши мумкин. Масалан, кимдир қарз олиб қайтармаган, муттаҳамлик қилган ёки бировнинг обрўсини тўкадиган туҳматга алоқадор бўлгандир.
16 Агар кимдир сизга қарши бундай гуноҳлардан бирини қилганига амин бўлсангиз, тарафингизни олишсин деб оқсоқолларга мурожаат қилишга шошилманг. Исонинг сўзларига кўра, агар бировга даъвонгиз бўлса, аввал унинг ўзи билан гаплашинг. Ўртага ҳеч кимни қўшмай муаммони ўзаро ҳал қилишга урининг. Унутманг, Исо фақат бир марта у билан гаплашиб, айбини кўрсатинг демаган. Шунинг учун, агар киши айбини тан олмай кечирим сўрамаса, муайян вақт ўтгач унинг олдига яна борсангиз яхши бўларди. Муаммо ҳал бўлса, гуноҳ қилган киши унинг қилмишини ҳеч кимга айтмай, жамоатдаги обрўсига доғ туширмаганингиз учун миннатдор бўлади. Шу йўсин биродарингизни «қайтариб олган бўласиз».
17 Сизга зиён етказган одам айбини тан олиб, кечирим сўраса ва муаммони ҳал қилишга тайёр бўлса, кейинги қадамларни қўйишнинг кераги йўқ. Гарчи бу ерда тилга олинган гуноҳлар оғир бўлса-да, бундай муаммолар икки киши ўртасида ҳал қилиниши мумкин.
18 Борди-ю, биродарингиз билан «яккама-якка гаплашиб» айбини кўрсатганингизга қарамай уни қайтариб ололмасангиз, Исо айтганидай, «ўзингиз билан яна бир ёки икки кишини олиб боринг» ва у билан яна гаплашинг. Сиз билан бораётган кишиларда ҳам биродарни қайтариб олиш мақсади бўлиши керак. Иложи бўлса қилмишнинг гувоҳларини чақиринг. Агар гувоҳлар бўлмаса, унда бир ёки икки кишини суҳбатингизга гувоҳ сифатида таклиф қилса бўлади. Балки уларнинг бундай масалаларда тажрибаси бордир ва қилинган иш тўғри ёки нотўғри эканини аниқлашга ёрдам беришар. Гувоҳлик учун оқсоқоллар танланса, улар жамоат вакили сифатида иштирок этишмайди, чунки оқсоқоллар кенгаши уларга бундай ваколатни бермаган.
19 Қайта-қайта уринганингизга қарамай, яъни «юзма-юз гаплашиб», «ўзингиз билан яна бир ёки икки кишини олиб» борган бўлсангиз ҳам масала ҳал бўлмаса ва сиз буни шундайлигича қолдира олмасангиз, унда жамоат нозирларига хабар беринг. Унутманг, уларнинг мақсади жамоатнинг тинчлигини ва поклигини сақлашдир. Оқсоқолларга мурожаат қилгач, муаммони уларнинг қўлига топширинг ва Яҳовага таянинг. Бировнинг хулқи сизни қоқинтиришига ва Яҳовага хизмат қилиш завқидан маҳрум этишига йўл қўйманг. (Заб. 119:165)
20 Сурувнинг чўпонлари масалани кўриб чиқишади. Агар киши чиндан ҳам оғир гуноҳга қўл ургани аниқланса ва тавба қилишни истамай, етказган зарарни қўлидан келганча қоплашдан бош тортса, оқсоқоллардан иборат қўмита уни жамоатдан четлатишига тўғри келади. Шу тариқа улар сурувни ҳимоя қилиб, жамоатдаги покликни сақлашади. (Мат. 18:17)
ЖИДДИЙ ҚИЛМИШЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ
21 Хиёнат, гомосексуализм, Худони ҳақорат қилиш, муртадлик, бутпарастлик ва шу каби оғир гуноҳлар содир этилса, жабр кўрган томон айбдорни кечириши кифоя эмас. (1 Кор. 6:9, 10; Галат. 5:19–21) Жамоатнинг маънавий ва ахлоқий тозалигига путур етказилгани учун, бундай оғир гуноҳлар ҳақида оқсоқолларга хабар бериш керак ва улар керакли чорасини кўришади. (1 Кор. 5:6; Ёқб. 5:14, 15) Оқсоқолларга ўз гуноҳига иқрор бўлишни истаётганлар ёки бошқаларнинг қилмишидан хабардор бўлган кишилар мурожаат қилиши мумкин. (Лев. 5:1; Ёқб. 5:16) Сувга чўмган Шоҳид жиддий қилмишга қўл урганини оқсоқоллар қандай билиб олганидан қатъи назар, иккита оқсоқол текшириш ўтказади. Агарда оғир гуноҳ қилингани аниқланса ва далиллар бор бўлса, унда оқсоқоллар кенгаши ушбу масалани кўриб чиқиш учун учта оқсоқолдан иборат бўлган ҳакамлар қўмитасини тузади.
22 Оқсоқоллар сурувга кўз-қулоқ бўлиб, маънавийлигига зарар етказадиган барча нарсадан ҳимоя қилишади. Шунингдек, улар Худонинг Каломидан маҳорат ила фойдаланган ҳолда гуноҳ қилганларга танбеҳ бериб, маънавий соғлиғини тиклашга ёрдамлашишади. (Яҳд. 21–23) Бу, ҳаворий Павлуснинг Тимўтийга берган қуйидаги кўрсатмасига мувофиқдир: «Аллоҳ олдида ҳамда ошкор бўлиши ва Шоҳлиги орқали ўлигу тирикларни ҳукм қиладиган Исо Масиҳ олдида сенга қатъий буюраман:... танбеҳ бер, жиддий огоҳлантир, сабр-тоқат ва таълим бериш маҳорати билан насиҳат қил». (2 Тим. 4:1, 2) Ушбу кўрсатмага риоя қилиш кўп вақт олади, аммо бу оқсоқолларнинг зиммасидаги вазифадир. Жамоат уларнинг меҳнатини қадрлайди ва оқсоқолларни «икки баробар ҳурматга сазовор» деб билади. (1 Тим. 5:17)
23 Кишининг айби исботланса, нозирларнинг асосий мақсади унинг маънавий соғлиғини тиклашга ёрдам беришдир. Агар у чиндан ҳам тавба қилса ва нозирларнинг ёрдамини қабул қилса, ҳакамлар қўмитаси томонидан шахсан ёки гувоҳлар олдида берилган танбеҳ уни эс-ҳушини йиғиб олишга ундайди, қолганларга эса бу огоҳлантириш бўлади. (2 Шоҳ. 12:13; 1 Тим. 5:20) Ҳакамлар қўмитаси томонидан танбеҳ берилганда, кишига доим чекловлар қўйилади. Шу йўсин қилмишни содир этган кишига «оёқларини тўғри йўлга буриш» учун ёрдам кўрсатилади. (Иброн. 12:13) Киши маънан соғайгани кўринса, чекловлар олинади.
ТАНБЕҲ БЕРИЛГАНИ ТЎҒРИСИДА ЭЪЛОН
24 Агар ҳакамлар қўмитаси киши тавба қилди, деган хулосага келса, аммо унинг қилмишидан жамоатдагилар ёки яшаш жойидаги одамлар хабар топиш эҳтимоли бўлса ёхуд инсон тавба қилганини жамоатга маълум қилиш керак бўлса, «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувида қисқача шундай эълон айтилади: «[Исми ва фамилияси] танбеҳ олди».
ЖАМОАТДАН ЧЕТЛАТИШ ҚАРОРИ ЧИҚАРИЛГАНДА
25 Айрим ҳолларда киши гуноҳга муккасидан кетгани учун кўрсатилган ёрдамни қабул қилмаслиги мумкин. Ҳакамлар қўмитаси ишни кўриб чиқаётганда у «тавбага яраша ишлар» қилгани кўринмаслиги мумкин. (Ҳавор. 26:20) Бундай вазиятда тавба қилмаган гуноҳкор жамоатдан четлатилади ва шу йўсин Яҳованинг пок халқи билан мулоқот қилишдан маҳрум этилади. Шунда у жамоатга ёмон таъсир ўтказа олмайди. Жамоат ахлоқий ва маънавий томондан пок қолиб, номига доғ тушмайди. (Қонун. 21:20, 21; 22:23, 24) Ҳаворий Павлус Коринф жамоатидаги бир кишининг беҳаё қилмишидан хабар топганида, оқсоқолларга шундай насиҳат қилган: «Ўша кишини Шайтонга топширинглар... Шунда... жамоатнинг маънавийлиги асраб қолинади». (1 Кор. 5:5, 11–13) Шунингдек, Павлус илк масиҳийлар жамоатида ҳақиқатга қарши чиққанлар четлатилгани тўғрисида ёзган. (1 Тим. 1:20)
26 Ҳакамлар қўмитаси гуноҳидан тавба қилмаган инсонни жамоатдан четлатишга қарор қилса, бунинг сабабини (ёки сабабларини) Муқаддас Китоб ёрдамида аниқ кўрсатиб бериши керак. Ҳакамлар қўмитаси унга қарорни айтаётганда қуйидагиларни тушунтиради: агар унинг масаласи кўриб чиқилаётганда хатога йўл қўйилган деб ҳисобласа, у қарордан норози эканининг сабабларини хатда аниқ ёзиб апелляция бериши керак. У ҳакамлар қўмитасининг қарорини эшитган кундан эътиборан етти кун ичида апелляция бериши мумкин. Апелляцияни олгач, оқсоқоллар кенгаши туман нозирига мурожаат қилади, у эса масалани қайта кўриб чиқиш учун тажрибали оқсоқоллардан иборат апелляция қўмитасини тузади. Хатни олгандан кейин улар бир ҳафта ичида апелляция қўмитасининг йиғилишини ташкил этишга ҳаракат қилишади. Апелляция берилганда четлатиш ҳақидаги эълон кейинга қолдирилади. Бу вақт оралиғида айбдор деб топилган кишига чекловлар қўйилади, яъни шарҳ бериш, йиғилишда ибодат қилиш ҳамда ўзгача шарафли вазифалардан маҳрум қилинади.
27 Апелляция бериш имконияти айбланувчига кўрсатилган меҳрибонлик бўлиб, бу туфайли у яна бир бор ўз фикрини билдира олади. Борди-ю, айбланувчи атайин апелляция қўмитасининг йиғилишига келмаса ва оқсоқоллар у билан боғланиш учун қилган уринишлари зое кетса, жамоатдан четлатиш ҳақида эълон айтилади.
28 Айбланувчи апелляция беришни истамаса, ҳакамлар қўмитасининг аъзолари у кишига тавба қилиши ҳамда вақти келганда жамоатда тикланиши учун қандай қадамлар қўйиши кераклигини тушунтиришлари лозим. Бу билан оқсоқоллар, у ҳаёт тарзини ўзгартириб, вақти келганда Яҳованинг ташкилотига қайтади, деган умидда ёрдам бериб, меҳрибонлик кўрсатишади. (2 Кор. 2:6, 7)
ЖАМОАТДАН ЧЕТЛАТИШ ҲАҚИДА ЭЪЛОН
29 Тавба қилмаган кишини жамоатдан четлатишга тўғри келса, қисқача шундай эълон айтилади: «[Исми ва фамилияси] энди Яҳованинг Шоҳиди эмас». Жамоатдаги содиқ кишилар эса у билан мулоқот қилмаслик кераклигини тушунишади. (1 Кор. 5:11)
ЖАМОАТДАН ЮЗ ЎГИРИШ
30 «Жамоатдан юз ўгириш» ибораси сувга чўмган Шоҳид масиҳийликдан юз ўгирганда ёки Яҳованинг Шоҳиди сифатида танилишни истамаганида қўлланилади. Ёки киши Муқаддас Китоб таълимотларига зид бўлган ва Тангри Яҳова қоралайдиган дунёвий ташкилотга аъзо бўлиб, жамоатдан юз ўгирганини ўз ҳаракатлари билан кўрсатиши мумкин. (Ишаё 2:4; Ваҳ. 19:17–21)
31 Ҳаворий Юҳанно ўз замонасидаги масиҳийликдан юз ўгирган кишилар ҳақида қуйидагича ёзган: «Улар бизнинг орамиздан чиқишган, аммо биз каби эмасдилар. Ахир биз каби бўлишганида эди, биз билан қолишарди». (1 Юҳан. 2:19)
32 Жамоатдан юз ўгирган киши Яҳованинг назарида фаолиятсиз ваъзгўйдан фарқ қилади. Ваъзгўйликда қатнашмай қўйган инсон фаолиятсиз бўлади. Эҳтимол, у Муқаддас Китобни мунтазам тадқиқ қилмай қўйгани учун фаолиятсиз бўлгандир ёки шахсий муаммолари ёхуд таъқиблар туфайли Яҳовага хизмат қилишда ғайратини йўқотгандир. Фаолиятсиз кишига оқсоқоллар ҳамда жамоатнинг бошқа аъзолари ўринли тарзда маънавий ёрдам бериб туришади. (Рим. 15:1; 1 Салон. 5:14; Иброн. 12:12)
33 Бундан фарқли ўлароқ, масиҳий ўз хоҳиши билан жамоатдан юз ўгирса, жамоатда қисқача шундай эълон айтилади: «[Исми ва фамилияси] энди Яҳованинг Шоҳиди эмас». Бундай одамга жамоатдан четлатилган каби муносабатда бўлишади.
ТИКЛАНИШ
34 Агар жамоатдан четлатилган ёки ўзи жамоатдан юз ўгирган киши тавба қилиб, гуноҳ йўлидан қайтганини етарлича вақт мобайнида ўз ҳаёт тарзи билан аниқ кўрсатса, у тикланиши мумкин. Шунингдек, у Яҳова билан яхши муносабатларга эга бўлишни истаётганини кўрсатади. Бу киши чин дилдан тавба қилаётганини исботлаши учун оқсоқоллар унга етарлича муҳлат, эҳтимол, бир неча ой, бир йил ёки вазиятга қараб кўпроқ вақт бериши мумкин. У оқсоқоллар кенгашига тикланиш ҳақида илтимоснома берганда, тиклаш қўмитаси у билан учрашиб гаплашиши керак. Ушбу қўмита ўз навбатида четлатилган киши «тавбага яраша ишлар» қилаётганига ишонч ҳосил қилиб, тиклаш ёки тикламасликни ҳал қилади. (Ҳавор. 26:20)
35 Агар тикланиш ҳақида илтимоснома берган инсон бошқа жамоатда четлатилган бўлса, маҳаллий тиклаш қўмитаси у билан учрашиб, илтимосномани кўриб чиқади. Агар маҳаллий тиклаш қўмитаси аъзолари кишини тиклаш керак деб ҳисоблашса, ишни кўриб чиққан жамоатнинг оқсоқоллар кенгашига ўз тавсияларини юборишади. Адолатли қарор чиқариш учун барча керакли далиллар борлигига ишонч ҳосил қилиш учун, ушбу иккала қўмита ҳамкорлик қилади. Бироқ тиклаш қарорини ишни илк бор кўриб чиққан жамоатнинг тиклаш қўмитаси чиқаради.
ТИКЛАНИШ ҲАҚИДА ЭЪЛОН
36 Агар тиклаш қўмитаси жамоатдан четлатилган ёки жамоатдан юз ўгирган инсон чин дилдан тавба қилаётганига амин бўлиб, у тикланиши мумкин деган хулосага келса, ишни илк бор кўриб чиққан жамоатда унинг тиклангани ҳақида эълон айтилади. Борди-ю, у ҳозир бошқа жамоатга ўтган бўлса, у ерда ҳам шундай эълон қилинади. Эълонда: «[Исми ва фамилияси] яна Яҳованинг Шоҳиди бўлди»,— деб айтилади.
ВОЯГА ЕТМАГАН СУВГА ЧЎМГАН БОЛАЛАРНИНГ ҚИЛМИШЛАРИ
37 Вояга етмаган сувга чўмган болаларнинг қилмишлари ҳақида оқсоқолларга хабар бериш лозим. Оқсоқоллар вояга етмаган сувга чўмган болаларнинг оғир гуноҳларини кўриб чиқаётганда, уларнинг сувга чўмган ота-онаси ҳам иштирок этса яхши бўларди. Улар ҳакамлар қўмитаси билан ҳамкорлик қилиб, фарзандига интизом чоралари кўрилганда уни ҳимоялашга уринмаслиги керак. Ҳакамлар қўмитаси уни вояга етган тартиббузар сингари тузатишга ва тўғри йўлга қайтаришга ҳаракат қилади. Бироқ ўсмир тавба қилмаётган бўлса, жамоатдан четлатилади.
СУВГА ЧЎММАГАН ВАЪЗГЎЙЛАРНИНГ ҚИЛМИШЛАРИ
38 Агар сувга чўммаган ваъзгўй жиддий қилмишга қўл урса-чи? У сувга чўмган Шоҳид бўлмагани учун уни жамоатдан четлатиб бўлмайди. Эҳтимол, у Муқаддас Китоб меъёрларини тўлиқ тушунмаётгандир, шу сабабли меҳр ила маслаҳат бериб, оёқлари учун «текис йўл ҳозирлаш»га кўмаклашиш мумкин. (Иброн. 12:13)
39 Иккита оқсоқол қилмишни содир этган сувга чўммаган ваъзгўй билан учрашиб ёрдам беришга ҳаракат қилганидан кейин ҳам у тавба қилмаса, жамоатни бундан хабардор қилиш керак. Бундай вазиятда қисқача шундай эълон айтилади: «[Исми ва фамилияси] энди сувга чўммаган ваъзгўй эмас». Бундан буён жамоатдагилар уни дунёвий инсондек кўришади. Гарчи у жамоатдан четлатилмаган бўлса-да, масиҳийлар у билан алоқа қилишдан эҳтиёт бўлишади. (1 Кор. 15:33). Унинг ваъзгўйлик тўғрисидаги ҳисоботи қабул қилинмайди.
40 Вақт ўтиб, собиқ сувга чўммаган ваъзгўй қайтадан ваъзгўй бўлишни исташи мумкин. Шунда иккита оқсоқол у билан учрашиб, маънавий жиҳатдан нимага эришганини аниқлашади. Агар у талабларга жавоб бераётган бўлса, жамоатда қисқача шундай эълон айтилади: «[Исми ва фамилияси] яна сувга чўммаган ваъзгўй бўлди».
ЯҲОВА ТИНЧЛИКСЕВАР ПОК ХАЛҚҚА БАРАКА БЕРАДИ
41 Бугун Худонинг жамоати билан мулоқот қилаётган барча инсонлар, Яҳова халқига ато этаётган маънавий фаровонликдан баҳраманд бўлишлари мумкин. Маънавий яйловларимиз чиндан ҳам серҳосилдир. Оромбахш ҳақиқат сувлари эса мўл-кўлдир. Яҳова Исо бошчилигидаги масиҳийлар жамоати орқали бизга ғамхўрлик қилиб ҳимояламоқда. (Заб. 23; Ишаё 32:1, 2) Ушбу охирги нотинч кунларда маънавий жаннатда бўлиб ўзимизни хавфсиз ҳис этяпмиз.
Жамоатда тинчлик ва покликни сақлаб, Шоҳлик тўғрисидаги ҳақиқат нури порлаб туришига ҳисса қўшяпмиз
42 Жамоатда тинчлик ва покликни сақлаб, Шоҳлик тўғрисидаги ҳақиқат нури порлаб туришига ҳисса қўшяпмиз. (Мат. 5:16; Ёқб. 3:18) Аллоҳнинг марҳамати билан яна кўпгина инсонлар Яҳовани таниб-билиб, Унинг иродасини бажаришда бизга қўшилаётганидан хурсандмиз!