Худованд Яҳованинг танбеҳини рад қилманг
Эгамизнинг танбеҳини рад қилмагин. ҲИКМАТЛАР 3:11
1. Нимага Худонинг танбеҳини рад қилмаслик керак?
ШОҲ СУЛАЙМОН, нима учун ҳар биримиз Худонинг танбеҳини рад қилмаслик кераклигини аниқ тушунтирди. У бундай деб ёзган эди: «Ўғлим, Эгамизнинг танбеҳини рад қилмагин, Унинг панд-насиҳатларидан руҳинг тушиб кетмасин. Ота яхши кўрган фарзандини жазолагандек, Худо ҳам севганини жазолайди» (Ҳикматлар 3:11, 12). Ҳа, Парвардигоримиз севганлиги учун бизга танбеҳ беради.
2. «Танбеҳ» сўзи нимани англатади ва қандай қилиб Яҳова Таоло бизни тузатади?
2 «Танбеҳ» сўзи жазолаш, тузатиш, таълим-тарбия беришни англатади. Ҳаворий Павлус: «Ҳар бир танбеҳ ҳозирги замонда севинч эмас, қайғу бўлиб кўринади. Аммо шу тариқа тарбияланганлар учун кейин солиҳлик ва тинчлик самараси униб-ўсади»,— деб айтган эди (Ибронийларга 12:11). Агар сиз ҳам, муқаддас Худо бўлмиш Яҳованинг танбеҳини рад этмасангиз, бу, солиҳлик йўлида юриб, янада Унга яқинроқ бўлишингизга ёрдам беради (Забур 98:5). Аллоҳ бизни имондошларимиз орқали, шунингдек жамоат учрашувлари, Муқаддас Китобни ўрганаётганимизда ёки «ишончли ва ақлли уй бошқарувчи»нинг адабиётларини ўқиганимизда, тузатади (Луқо 12:42–44). Эътиборимизни тузатиш керак бўлган нарсаларга қаратилганида, қанчалик миннатдор бўламиз-а! Бироқ, жиддий гуноҳ қилинган бўлса, қандай танбеҳ берилади?
Нега айримларни жамоатдан четлантиришади
3. Қайси ҳолда жамоатдан четлантиришади?
3 Худонинг хизматчилари Муқаддас Китобни ва унга асосланган адабиётларни ўрганишади. Улар Тангри Яҳованинг меъёрларини жамоат учрашувларида ва анжуманларда билиб олишади. Шу сабабли, Яҳованинг талабларидан уларнинг хабари бор. Агар масиҳчи оғир гуноҳ қилиб қўйиб, тавба қилмаётган бўлса, уни жамоатдан четлантиришади.
4, 5. Инжилда жамоатдан четлантирилганлиги ҳақда қандай мисол бор ва нимага имонлилар тавба қилган инсонни қайта қабул қилишлари керак эди?
4 Инжилда жамоатдан четлантирилган бир кишининг мисоли мавжуд. Коринф жамоатида зиногарликка йўл қўйишган эди. Бу «шундай зиногарликки, ҳатто мажусийлар орасида бундай ҳодиса юз бермаган, яъни... бир киши отасининг хотинини» олган экан. Ҳаворий Павлус Коринфдаги имонлиларни «бу одамни тана тинкасини қуритиш учун шайтонга топшириш керак, токи... унинг руҳи халос бўлсин», деб ундаган эди (1 Коринфликларга 5:1–5). Жиддий гуноҳ қилиб қўйган инсонни жамоатдан четлантириб, Шайтонга топширишганида, у яна бу ёвуз дунёнинг бир қисми бўлиб қоларди (1 Юҳанно 5:19). Бундай одамнинг четлантирилиши туфайли, жамоат ёмон таъсирдан озод бўлиб, худотарслик «руҳи» ёки жамоатда ҳукм сураётган муҳит сақланиб қолинарди (2 Тимўтийга 4:22; 1 Коринфликларга 5:11–13).
5 Бир оз вақт ўтгандан сўнг ҳаворий Павлус Коринфдаги имондошларини гуноҳ қилиб қўйган кишини жамоатда тиклашга ундаган. Нима учун? Унинг жавобига кўра, улар «шайтоннинг панд беришига йўл қўймаслик» учундир (2 Коринфликларга 2:8–11). Натижада, оғир гуноҳ қилиб қўйган инсон тавба қилиб, ахлоқан пок ҳаёт кечира бошлади (2 Коринфликларга 2:8–11). Агар коринфликлар тавба қилган инсонни қабул қилишмаса, унда улар Шайтоннинг панд беришига йўл қўйиб, у хоҳлаганидай шафқатсизлик қилиб, кек сақлашган бўлардилар. Албатта, улар тез орада тавба қилган кишини «кечириб тасалли бериш»гандир (2 Коринфликларга 2:5–7).
6. Жамоатдан четлантиришнинг мақсади қандай?
6 Жамоатдан четлантиришнинг мақсади қандай? Ушбу чора орқали Яҳованинг муқаддас исми бадном бўлмайди ва халқининг обрўси сақланиб қолинади (1 Бутрус 1:14–16). Тавба қилмаётган кишини жамоатдан четлантириш орқали Аллоҳнинг меъёрларига ҳурмат кўрсатилиб, жамоат маънан соф бўлиб қолади. Бундан ташқари ушбу чора одамга гуноҳи жиддийлигини англаб олишга ёрдам беради.
Тавба муҳим аҳамиятга эга
7. Ҳазрати Довуд гуноҳларини дарҳол тан олмаганлиги унга қандай таъсир қилди?
7 Жиддий гуноҳ қилиб қўйган кўп кишилар чин дилдан тавба қилиб, жамоатдан четлантирилмаган эдилар. Албатта, чин дилдан тавба қилиш ҳар доим ҳам осон эмас. Мисол учун, ҳазрати Довудни олайлик. Шоҳ Довуд басталаган Забурнинг 31-саносидан кўриниб турибдики, у эҳтимол Ботшева билан қилиб қўйган оғир гуноҳни қандайдир вақт давомида тан олмаган эди. Қилмишидан тушкунликка тушиб, у худди ёзнинг саратонидаги қуриб қолган мевадек ўзини ҳис қилар эди. У ҳам жисмонан, ҳам руҳан азоб чекарди. Аммо ҳазрати Довуд Худонинг олдида иқрор бўлганида, Яҳова Таоло уни кечирган эди (Забур 31:3–5). Ўшанда Довуд: «Қандай саодатли ундай киши-ким, Худованд инобатга олмас айбин»,— деб куйлаганди (Забур 31:1, 2). Дарҳақиқат, Довуд Аллоҳнинг марҳаматига эга бўлишидан қанчалик бахтли бўлган!
8, 9. Тавба қилиш нимада кўринади ва жамоатдан четлантирилган кишини тиклаётганда тавба қандай аҳамиятга эга?
8 Хуллас, Худованднинг марҳаматига эга бўлиш учун, тавба қилиш даркор. Аммо уят ҳисси ва фош қилинишдан қўрқиш бу, ҳали тавба эмас. Тавба — қилмишидан пушаймон бўлиб, ёмон хулқ-атворга бўлган нуқтаи назарни ўзгартириш дегани. Тавба қилган инсоннинг кўнгли ‘бузилган ва эзилган’ бўлиб, у бор кучи билан ўзгаришга интилади (Забур 50:19; 2 Коринфликларга 7:11).
9 Жиддий гуноҳ қилиб қўйган кишини жамоатда тиклаш учун унинг тавбаси муҳим аҳамиятга эга бўлади. Жамоатдан четлантирилган инсон фақат вақт ўтганлиги учун тикланилмайди. Унинг ҳали жамоатда тикланишидан олдин, қалбида анча ўзгаришлар юз бериши керак. Бундай одам қанчалик оғир гуноҳ қилиб қўйганини, шунингдек Яҳова Таолога ва жамоатга қандай иснод келтирганини тан олиши керак. Жиддий гуноҳ қилиб қўйган киши тавба қилиб, Аллоҳдан кечирим сўраши ва Унинг меъёрларига мувофиқ йўл тутиши лозим. Ушбу инсон жамоатда уни тиклашни сўраганда, «тавбага яраша ишларни бажараётгани» аён бўлиши даркор (Ҳаворийлар 26:20).
Нимага гуноҳда иқрор бўлиш керак?
10, 11. Нимага гуноҳни яширмаслик керак?
10 Оғир гуноҳ қилиб қўйган баъзи одамлар бундай деб ўйлашлари мумкин: «Агар қилган гуноҳимни бирон кишига айтсам, сўроқ-савол бошланиб, шарманда бўламан ва кейин жамоатдан четлатишлари мумкин. Агар индамасам, буни ҳеч ким билмайди ва ҳеч нарса бўлмайди». Бироқ бундай мулоҳазада баъзи муҳим омиллар четда қолдирилган. Хўш, қанақа омиллар экан?
11 Худованд Яҳова — «раҳмдил ва меҳрибон, сабр-тоқатли... собит севги садоқати мўлдир. Минг-минг авлодларга собит севгини кўрсатаверади. Фосиқликни, исённи ва гуноҳларни кечиради». Лекин зарур бўлса У Ўз хизматчиларини меъёрида жазолайди (Чиқиш 34:6, 7; Еремиё 30:11). Ахир жиддий гуноҳни яшириб, Худонинг марҳаматига эга бўлиш мумкинми? Худованд Яҳова ҳар бир қилмишимизни билади ва бунга кўзини юммайди (Ҳикматлар 15:3; Хабаққуқ 1:13).
12, 13. Оғир гуноҳни яшириш қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
12 Бордию сиз оғир гуноҳ қилиб, сўнг эса тан олсангиз, яна соф виждонга эга бўлишингиз мумкин (1 Тимўтийга 1:18–20). Аммо уни яширсангиз, кейинчалик виждонингиз сезгирлигини йўқотиб, оқибатда янада оғирроқ гуноҳ қилиб қўйишингиз мумкин. Энг муҳими эса, сиз шунчаки одамлар ёки жамоатга қарши эмас, балки Худога қарши гуноҳ қилиб қўйганингизни ёдда тутинг. Забур 10:4, 5-оятларда: «Тахти осмондадир Худованднинг. Худованднинг кўзлари кўрар, нигоҳи текширар инсон ўғилларин. У солиҳлару фосиқларни синаб кўрар»,— деб ёзилган.
13 Оғир гуноҳни яшириб, маънан пок бўлган имонлилар жамоати ичида қолишни истаган инсонга, Яҳова Таоло барака бермайди (Ёқуб 4:6). Шунинг учун, агар сиз жиддий гуноҳ қилиб қўйсангиз-у, аммо тўғри йўл тутишни хоҳлаётган бўлсангиз, вақтни чўзмасдан гуноҳингизда иқрор бўлинг. Акс ҳолда эса бундай қилмишлар ҳақида ўқиганингизда ёки эшитганингизда виждон азобини тортасиз. Ёхуд Худованд Яҳова Шоҳ Шоулдан Ўз руҳини олгани каби, сиздан ҳам маҳрум этса-чи? (1 Шоҳлар 16:14). Унда янада оғирроқ гуноҳ қилиб қўйишингиз ҳеч гап эмас.
Оқсоқолларга ишонинг
14. Нега тавба қилаётган инсон Ёқуб 5:14, 15-оятлардаги маслаҳатга риоя қилиши керак?
14 Хуллас, тавба қилаётган инсон қандай йўл тутиши лозим? «Агар сизлардан бирор киши бемор бўлса, имонлилар жамоатининг оқсоқолларини чақирсин. Улар... дуо қилиб, беморнинг бошига ёғ суркасинлар. Имон билан қилинган дуо беморни соғайтиради, Раббимиз Ўзи уни тузатади» (Ёқуб 5:14, 15). ‘Тавба қилганга яраша ҳосил беришнинг’ усулларидан бири — оқсоқолларга мурожаат қилишдир (Матто 3:8). Ушбу содиқ ва меҳрибон биродарлар у ҳақда ибодат қилиб, Худованд Яҳова номи билан «бошига ёғ суркашади». Хушбўй мой баданни юмшатганидек, Муқаддас Китобга асосланган маслаҳат ҳам, чин дилдан тавба қилган инсонга тасалли беради (Еремиё 8:22).
15, 16. Оқсоқоллар Ҳизқиё 34:15, 16-оятларида ёзилган Яҳованинг ўрнагига қандай тақлид қилишади?
15 Милоддан аввалги 537-йилда яҳудийларни Бобил асирлигидан шунингдек, милодий 1919-йилда рамзий Исроилни «Буюк Бобилдан» озод этганида, Яҳова Чўпон сифатида севгисини намоён этган (Ваҳий 17:3–5; Галатияликларга 6:16). Шундай қилиб Яҳова Таоло Ўз ваъдасини бажарди. «Мен Ўзим қўйларимни боқиб, Ўзим уларга ором бераман... Адашганини излаб, тарқаб кетганини қайтариб, шикаст еганининг ярасини боғлаб, хастасига шифо бераман» (Ҳизқиё 34:15, 16, ЯДТ).
16 Тангри Яҳова мажозий маънода Ўз қўйларини боқиб, хавфсиз жойга олиб келиб ва адашганларини излар эди. Жамоат оқсоқоллари ҳам Худонинг сурувига маънавий озиқланиши ва хавфсизлигига ғамхўрлик қилишади. Ушбу биродарлар жамоатдан адашиб қолганларни излашади. Худованд Яҳова «шикаст еганининг ярасини боғлаб» қўйганидек, оқсоқоллар ҳам кимнингдир сўзидан ёки ўз қилмишидан жароҳат олган кишининг «ярасини боғлаб» қўйишади. Аллоҳ «хастасига шифо» берганидек оқсоқоллар ҳам ўз хатолари дастидан маънан касал бўлган имондошларига ёрдам беришади.
Оқсоқолларнинг ёрдами
17. Нима учун иккиланмасдан оқсоқолларга мурожаат қилишимиз керак?
17 «Шафқат ва қўрқув билан фош» қилинглар деган маслаҳатга оқсоқоллар риоя қилишади (Яҳудо 23). Айрим масиҳчилар жинсий ахлоқсизликка берилиб, оғир гуноҳ қилиб қўйишган. Бироқ, агар улар чин дилдан тавба қилишса, оқсоқоллар уларни тушуниб, ҳамдард бўлишларига ишонишлари мумкин. Ахир бу биродарлар маънан ёрдам беришни истайдилар-ку. Бундай кишилар ва шахсан ўзи ҳақида ҳаворий Павлус: «Биз гўё сизларнинг имонингиз устидан ҳукмронлик ўрнатаётгандай бўляпмиз. Аслида биз қувонишингиз учун сизларга кўмаклашмоқдамиз»,— деб ёзган эди (2 Коринфликларга 1:24). Шу сабабли, иккиланмасдан, доимо уларга мурожаат қилинг.
18. Оқсоқоллар, гуноҳ қилиб қўйган имондошларига қандай муносабатда бўлишади?
18 Агар жиддий гуноҳ қилиб қўйган бўлсангиз, нима учун оқсоқолларга ишонишингиз керак? Авваламбор, улар Худо сурувининг чўпонларидир (1 Бутрус 5:1–4). Меҳрибон чўпон маърайдиган қўзичоғини жароҳат олгани учун урмайди. Шу каби оқсоқоллар ҳам жиддий гуноҳ қилиб қўйган имондошларига нисбатан «хатонинг йўлдоши — жазо» деган қоидани қўллашмайди. Аксинча, уларнинг мақсади иложи борича бундай кишиларга маънан ёрдам беришдир (Ёқуб 5:13–20). Бу оқсоқоллар «сурувни аяб», адолат бўйича ҳукм қилишлари муҳим (Ҳаворийлар 20:29, 30; Ишаё 32:1, 2). Бошқа масиҳчилар сингари оқсоқоллар адолатли йўл тутиб, эзгуликни севиб, Худо билан камтарин бўлиб юришади (Михо 6:8). Оқсоқоллар, Яҳова «яйловининг қўйлари» ҳаётига ва муқаддас хизматига боғлиқ бўлган қарорларни чиқаришганда, ушбу фазилатларга эга бўлишлари ўта муҳим (Забур 99:3).
19. Оқсоқоллар гуноҳ қилиб қўйган инсонни қай тарзда тузатишади?
19 Жамоатдаги оқсоқоллар муқаддас руҳ орқали тайинланганлиги учун унинг раҳбарлигига риоя қилишга ҳаракат қилишади. «Агар бирон одам гуноҳ қилиб қўйса», етук биродарлар «уни мулойим руҳ билан тузатишга» ҳаракат қилишади (Галатияликларга 6:1; Ҳаворийлар 20:28). Масалан, ғамхўр жарроҳ беморга ёрдам бериш ва ортиқча азоб келтирмаслик ниятида, синган суягини эҳтиёткорлик билан ўрнига солади. Шундай қилиб оқсоқоллар ҳам, Худонинг қонун-қоидаларига амал қилаётиб, мулойимлик ила гуноҳ қилиб қўйган инсонинг фикрлаш тарзини ўзгартиришга ҳаракат қилишади (Колосаликларга 3:12). Лекин қарор чиқаришдан олдин эса, улар Аллоҳга ибодат қилиб, Унинг каломига мурожаат қилишади, шунинг учун оқсоқоллар чиқарган қарорида Худонинг нуқтаи назари акс этади (Матто 18:18).
20. Бирон киши оқсоқоллардан танбеҳ олганлиги ҳақида қайси холларда жамоатда эълон қилинади?
20 Агар киши қилиб қўйган гуноҳи кўпчиликка маълум бўлса, жамоатнинг обрўсини ҳимоялаш учун, бу ҳақда эълон қилиш ўринли бўларди. Бундан ташқари, агар жамоатни хабардор қилиш зарур бўлса, бу тўғрисида эълон қилинади. Масалан, даволаниш пайтида беморнинг имконияти чекланган бўлади. Оқсоқоллардан танбеҳ олган киши маънан даволанаётган пайтда худди шундай вазиятда бўлади. Тавба қилган одам қандайдир вақт мобайнида жамоат учрашувларида шарҳ беришдан кўра, тинглаши фойдалироқ бўларди. Оқсоқоллар, у билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказиши учун бирор ваъзгўйни илтимос қилишлари мумкин. Бундай тадқиқнинг мақсади — тавба қилган инсон «соғлом имонли» бўлиши учун, камчиликларига эътибор қаратишдир (Титусга 2:2). Буларнинг барчаси тавба қилган кишини жазолаш учун эмас, балки севги ила қилинади.
21. Гуноҳ қилиб қўйилган вазиятлар қандай қилиб ҳал қилинади?
21 Оқсоқоллар турли усуллар билан маънан ёрдам беришлари мумкин. Мисол учун ўтмишда спиртли ичимликларни суиистеъмол қилган биродар уйда ёлғиз қолганида, бир-икки марта меъёридан ортиқ ичиб қўйди дейлик. Ёки чекишни аллақачон ташлаган киши мойилликка берилиб, уни ҳеч ким кўрмаган пайтда бир-икки марта тортиб кўрди. Гарчи у ибодат қилган ва Худо уни кечирди, деб ўйлаётган бўлса, гуноҳ одат тусига кириб қолмаслиги учун оқсоқолларга мурожаат қилиши муҳим. Бундай киши билан битта ёки иккита оқсоқол учрашиши мумкин. Аммо бундан олдин оқсоқоллар раислик қилувчи нозирга хабар беришади, эҳтимол бу воқеа бошқа масалаларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин.
Ҳеч қачон Худонинг танбеҳини рад қилманг
22, 23. Нима учун Худонинг танбеҳини ҳеч қачон рад қилмаслик муҳим?
22 Тангри Яҳованинг мурувватини сақлаб қолиш учун, Унинг танбеҳини рад қилмаслик лозим (1 Тимўтийга 5:20). Муқаддас Китобни ва унга асосланган адабиётларни ўқиганингизда ёки Яҳова халқининг жамоат учрашувларида ва анжуманларда эшитган насиҳатларни бутун қалбингиз билан қабул қилинг. Худованд Яҳованинг ниятини бажаришни эътибордан четда қолдирманг. Бундай йўл тутсангиз, Худонинг танбеҳи сиз учун кучли маънавий ҳимоя бўлиб, мустаҳкам девор каби гуноҳдан асрайди.
23 Худонинг танбеҳини рад қилмасангиз, ўзингизни Унинг меҳр-муҳаббати соясида сақлашингиз мумкин. Тўғри, баъзи кишилар жамоатдан четлантирилган эди. Бироқ, агар «қалбингизни асрасангиз» ва «доно кишилар каби» йўл тутсангиз, бундай аҳволга тушиб қолмайсиз (Ҳикматлар 4:23; Эфесликларга 5:15). Жамоатдан четлантирилган инсон эса нима қилиши лозим? Жамоатда тикланиш учун чоралар кўриши керак. Чунки Парвардигор, Унга ўз ҳаётини бағишланган барча кишилар содиқ бўлишларини ва қувонч билан хизмат қилишларини истайди (Амрлар 28:47). Агар сиз Худованд Яҳованинг танбеҳини ҳеч қачон рад қилмасангиз, унда абадий Унга қувонч ила хизмат қиласиз (Забур 99:2).
Қандай жавоб берардингиз?
• Нега айримларни жамоатдан четлантиришади?
• Чин дилдан тавба қилиш ўзи нима?
• Нимага жиддий гуноҳда иқрор бўлиш лозим?
• Қандай қилиб оқсоқоллар тавба қилган кишига ёрдам беришади?
[17- саҳифадаги расм]
Оқсоқоллар чўпонларга ўхшаб, жароҳат олган кишининг «ярасини боғлаб» қўйишади