ЎН ЕТТИНЧИ БОБ
Ибодат қилиш шарафи
1, 2. а) Сизнингча, ибодатни нега ўзгача ҳадя деса бўлади? б) Нима учун Муқаддас Китобда ибодат ҳақида айтилганларни билишимиз керак?
БЕПОЁН коинот билан солиштирганда Ер сайёраси ниҳоятда кичик. Тангри Яҳованинг назарида ер юзида яшайдиган бутун халқлар, барча инсонлар «бир томчи сувдайдир». (Забур 115:15; Ишаё 40:15) Гарчи коинот билан солиштирганда биз кичик бир заррача бўлсак-да, Забур 145:18, 19 да шундай сўзларни ўқиймиз: «Яҳова Уни чақираётган кишиларга, Уни чин қалбдан чақираётганларга яқиндир. Ундан қўрқадиганларни муродига етказади, уларнинг фарёдини эшитиб, уларни қутқаради». Қаранг, қандай ажойиб шарафга эгамиз! Қодир Яратувчи Яҳова бизга яқинлашишни ва ибодатларимизни эшитишни истайди. Ҳа, ибодат қилиш Яҳова ҳар биримизга берган шараф ва ўзгача ҳадядир.
2 Бироқ Яҳова Унга маъқул тарзда ибодат қилсаккина бизга қулоқ солади. Буни қандай қилишимиз мумкин? Келинг, Муқаддас Китобда ибодат ҳақида нима дейилганини кўриб чиқайлик.
НЕГА ЯҲОВАГА ИБОДАТ ҚИЛИШ ДАРКОР?
3. Нега Яҳовага ибодат қилишингиз даркор?
3 Яҳова Унга ибодат қилишимизни, бошқача қилиб айтганда У билан суҳбатлашишимизни истайди. Буни қаердан биламиз? Марҳамат, Филиппиликларга 4:6, 7 ни ўқинг. Меҳр ила айтилган бу сўзлар ҳақида ўйлаб кўринг. Сарвари коинот сизга қизиқиш кўрсатиб, Унга муаммолару ҳис-туйғуларингизни айтиб беришингизни истайди.
4. Доим ибодат қилиш Яҳова билан муносабатимизга қандай таъсир қилади?
4 Ибодат Худованд Яҳова билан яқин дўст бўлишимизга ёрдам беради. Дўстлар мунтазам равишда фикрлари, туйғулари ва ташвишлари билан бемалол бўлишса, дўстлиги мустаҳкамланади. Тангри Яҳовага ибодат қилишни ҳам шунга ўхшатиш мумкин. Муқаддас Китоб орқали У ҳам фикрлари ва ҳис-туйғулари билан бўлишиб, келажакда нималар қилмоқчи экани ҳақида сизга айтиб беряпти. Сиз ҳам Унга истаган пайтда қалбингиз тубидаги ҳис-туйғуларни айтиб беришингиз мумкин. Бундай қилганингиз сайин, Яҳова билан дўстона муносабатингиз мустаҳкамланиб боради. (Ёқуб 4:8)
ХУДО ҚАНДАЙ ИБОДАТЛАРНИ ЭШИТАДИ?
5. Яҳова барча ибодатларни эшитмаслигини қаердан биламиз?
5 Яҳова барча ибодатларни эшитадими? Ҳаммасини эмас. Ишаё пайғамбар даврида Яҳова исроилликларга шундай деган: «Қанча кўп ибодат қилсангиз ҳам сизларни тингламайман. Зеро, қўлларингиз қонга ботган». (Ишаё 1:15) Демак, Яҳовага ёқмайдиган ишларни қилсак, У ибодатларимизни тингламай қўяди. Шунинг учун бундай ишлардан узоқ бўлишимиз керак.
6. Нега имон шунчалик муҳим? Яҳовага ишонишингизни қандай кўрсата оласиз?
6 Яҳова ибодатларимизни эшитишини истасак, Унга ишонишимиз керак. (Марк 11:24) Ҳаворий Павлус шундай деб тушунтирган: «Имон бўлмаса Аллоҳнинг розилигини олиш имконсиздир. Зеро, Тангрига яқинлашаётган киши Унинг бор эканлигига ва Уни астойдил излаётганларни мукофотлашига ишониши лозим». (Ибронийларга 11:6) Аммо Худога ишонаман, деб айтишнинг ўзи етарли эмас. Яҳовага ҳар куни итоат этиб, имонимиз борлигини исботлашимиз лозим. (Ёқуб 2:26 ни ўқинг.)
7. а) Нега Яҳовага камтаринлик ва ҳурмат ила ибодат қилишимиз керак? б) Ибодат қилаётганда самимий эканимизни қай йўсин намоён эта оламиз?
7 Яҳовага камтаринлик ва ҳурмат ила ибодат қилишимиз керак. Нега? Борди-ю, президент ёки шоҳ билан гаплашишга тўғри келиб қолса, унга иззат-эҳтиром билан мурожаат қилмасмидик? Яҳова Қодир Тангридир, шунинг учун Унга янада кўпроқ ҳурмат кўрсатиб, камтаринлик ила гапиришимиз лозим. (Ибтидо 17:1; Забур 138:6) Бундан ташқари самимийлик билан ва чин қалбдан ибодат қилишимиз керак. Қолаверса, ўзимиз тушунмайдиган тилда ёки дуо китобларидаги ўша-ўша сўзларни такрорламаслик мақсадга мувофиқ бўларди. (Матто 6:7, 8)
8. Бирон нарса ҳақида ибодат қилсак, биздан нима кутилади?
8 Бирон нарса ҳақида ибодат қилсак, ибодатимизга мувофиқ равишда ҳаракат қилишимиз керак. Масалан, Яҳовага кундалик эҳтиёжларимиз ҳақида ибодат қилсак, Яҳова мўъжизавий тарзда барини муҳайё қилишини кутиб, қўл қовуштириб ўтирмаслигимиз керак. Астойдил меҳнат қилиб, қўлимиздан келадиган барча ишни бажаришимиз лозим. (Матто 6:11; 2 Салоникаликларга 3:10) Ё бўлмаса, Яҳовадан ёмон одатлардан қутулиш учун кўмаклашишини сўрасак, васвасага соладиган вазиятлардан қочишимиз даркор. (Колосаликларга 3:5) Келинг энди, ибодат ҳақида кўпчиликни қизиқтирадиган баъзи саволларга жавоб топайлик.
ИБОДАТ ҲАҚИДА КЎПЧИЛИКНИ ҚИЗИҚТИРАДИГАН САВОЛЛАР
9. Кимга ибодат қилишимиз керак? Юҳанно 14:6 дан ибодат ҳақида нимани билиб оляпмиз?
9 Кимга ибодат қилишимиз керак? Исо издошларига ибодат қилишни ўргатаётиб, Худога «Осмондаги Отамиз» дея мурожаат қилишни айтган. (Матто 6:9) Шунингдек у: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отамнинг олдига кела олмайди»,— деб айтган. (Юҳанно 14:6) Демак, биз фақатгина Яҳовага Исо орқали мурожаат қилишимиз керак. Исо орқали ибодат қилиш нимани англатади? Яҳова ибодатларимизни қабул қилиши учун, У Исога берган ўзгача мавқега ҳурмат кўрсатишимиз лозим. Билиб олганимиздай, Исо бизни гуноҳ ва ўлимдан қутқариш мақсадида ер юзига келган. (Юҳанно 3:16; Римликларга 5:12) Яҳова Исони Ҳакам ва гуноҳларимиз кечирилишига ғамхўрлик қилувчи Олий руҳоний этиб тайинлаган. (Юҳанно 5:22; Ибронийларга 6:20)
10. Ибодат қилаётганда гавдамиз муайян ҳолатда бўлиши шартми? Тушунтиринг.
10 Ибодат қилаётганда гавдамиз муайян ҳолатда бўлиши шартми? Йўқ, Яҳова ибодат қилаётганимизда тиз чўкиш, ўтириш ёки туришни талаб қилмайди. Муқаддас Китобдан билиб олишимиз мумкинки, Яҳовага ибодат қилганимизда, гавда ҳолатида ҳурмат акс этиши лозим. (1 Солномалар 17:16; Нахимиё 8:6; Дониёр 6:10; Марк 11:25) Ҳа, Яҳовага ибодат қилаётганда гавдамиз муайян ҳолатда бўлиши эмас, балки Унга ҳурмат билан ва чин дилдан гапиришимиз муҳим аҳамиятга эга. Унга истаган пайт ва жойда овоз чиқариб ёки ичимизда ибодат қилишимиз мумкин. Бошқалар пайқамаса-да, Яҳова бизни эшитишига шубҳаланмасак ҳам бўлади. (Нахимиё 2:1–6)
11. Яҳовага нималар тўғрисида ибодат қилсак бўлади?
11 Нима ҳақида ибодат қилсак бўлади? Яҳовага маъқул келадиган ҳар қандай нарса ҳақида илтижо қилишимиз мумкин. Муқаддас Китобда: «Унинг иродасига мувофиқ нимаики сўрасак, У бизни эшитади»,— дейилган. (1 Юҳанно 5:14) Шахсий масалалар ҳақида ҳам ибодат қилсак бўладими? Ҳа. Яҳова билан дўстимиздай суҳбатлашишимиз керак. Унга қалбу онгимиздаги фикрларни тўкиб солсак бўлади. (Забур 62:8) Тўғри йўл тутишга ёрдам бериши учун Ундан муқаддас руҳини сўрасак бўлади. (Луқо 11:13) Шунингдек, Яҳовадан тўғри қарорлар чиқариш учун донолик ва қийинчиликларни енгишга куч беришини сўрашимиз мумкин. (Ёқуб 1:5) Қолаверса, гуноҳларимизни кечиришини сўрашимиз керак. (Эфесликларга 1:3, 7) Боз устига бошқалар, жумладан, оиламиз ва жамоатдаги биродару опа-сингилларимиз учун ибодат қилсак бўлади. (Ҳаворийлар 12:5; Колосаликларга 4:12)
12. Авваламбор нима ҳақида ибодат қилишимиз керак?
12 Биринчи навбатда нима ҳақида ибодат қилишимиз керак? Яҳова ҳамда Унинг иродаси ҳақида. Барча яхшиликлари учун Яҳовага чин қалбдан миннатдорчилик билдирсак арзийди. (1 Солномалар 29:10–13) Исо ер юзида бўлганида, шогирдларига айнан шу ҳақида ибодат қилишни ўргатганини биламиз. (Матто 6:9–13 ни ўқинг.) Улар биринчи навбатда Худонинг исми муқаддас бўлиши, яъни муқаддас тутилиши борасида ибодат қилишлари зарур эди. Кейин Исо Худонинг Шоҳлиги келиши ва Унинг иродаси бутун ер юзи бўйлаб бажо бўлиши ҳақида ибодат қилишимиз кераклигини кўрсатган. Исо айтиб ўтган муҳим нарсалар ҳақида ибодат қилганимиздан сўнг, кундалик эҳтиёжларимиз борасида сўрасак бўлади. Авваламбор Яҳова ҳамда Унинг иродаси ҳақида сўрасак, биз учун нима муҳим эканини кўрсатган бўламиз.
13. Ибодатларимизнинг давомийлиги қанча бўлиши керак?
13 Ибодатларимизнинг давомийлиги қанча бўлиши керак? Муқаддас Китобда бу тўғрисида аниқ ҳеч нарса айтилмаган. Ибодатларимиз вазиятга қараб қисқа ёки узун бўлиши мумкин. Масалан, овқатланишдан олдин қисқароқ, Яҳовага миннатдорчилик билдираётганда ёки муаммоларимизни тўкиб солаётганда узоқроқ ибодат қилсак бўлади. (1 Шоҳлар 1:12, 15) Исонинг даврида айримлар хўжакўрсинга узун-узун дуолар ўқишган. Биз эса ундай қилишни истамаймиз. (Луқо 20:46, 47) Бундай ибодатлар билан Яҳовани лол қолдириб бўлмайди. Яҳова учун энг муҳими, ибодатларимиз қалбимиздан чиқишидир.
14. Қанчалик тез-тез ибодат қилишимиз керак ва бу Яҳова ҳақида нимани очиб беряпти?
14 Қанчалик тез-тез ибодат қилишимиз керак? Яҳова бизни мунтазам ибодат қилишга ундаяпти. Муқаддас Китобда «доим ибодат қилиш» ва «тинмай ибодат қилиш» тўғрисида айтилган. (Матто 26:41; Римликларга 12:12; 1 Салоникаликларга 5:17) Яҳова бизни эшитишга ҳамиша тайёр. Намоён этаётган севгиси ва сахийлиги учун ҳар куни Унга раҳмат айтсак арзийди. Шунингдек, Ундан йўл-йўриқ, куч ва тасалли беришини сўрашимиз мумкин. Агар Яҳовага ибодат қилиш шарафини чиндан ҳам қадрласак, қулай фурсат туғилганида У билан суҳбатлашамиз.
15. Нега ибодат сўнгида «омин» дейишимиз лозим?
15 Нега ибодат сўнгида «омин» дейишимиз лозим? «Омин» сўзи «шундай бўлсин» ёки «шубҳасиз» деган маънога эга. Ибодатларимизда «омин» дея сўзларимиз самимий эканини кўрсатамиз. (Забур 41:13) Муқаддас Китобга кўра, кўпчилик олдида қилинадиган ибодат сўнгида ичимизда ёки овоз чиқариб «омин» десак, айтилганлар билан рози эканимизни кўрсатамиз. (1 Солномалар 16:36; 1 Коринфликларга 14:16)
ХУДО ИБОДАТЛАРИМИЗГА ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАДИ?
16. Яҳова ибодатларга жавоб берадими? Тушунтиринг.
16 Яҳова ибодатларга жавоб берадими? Албатта! Муқаддас Китобда Яҳова «ибодатларни Эшитгувчи» деб аталган. (Забур 65:2) У миллионлаб инсонларнинг самимий ибодатларини эшитиб, уларга турли йўллар билан жавоб беради.
17. Ибодатларимизга жавоб бериш учун Яҳова фаришталар ва ер юзидаги хизматчиларидан қандай фойдаланади?
17 Яҳова фаришталари ва ер юзидаги хизматчилари ёрдамида ибодатларимизга жавоб беради. (Ибронийларга 1:13, 14) Кўп одамлар Худодан Муқаддас Китобни яхшироқ тушунишни сўраб ибодат қилган ва кейинчалик Яҳованинг Шоҳидларидан бири унинг уйига келган. Бундан кўриняптики, фаришталар «хушхабар» ер юзи бўйлаб эълон этилишига ҳисса қўшяпти ҳамда ваъзгўйларни самимий инсонларнинг олдига йўналтиряпти. (Ваҳий 14:6 ни ўқинг.) Қолаверса, кўпчилигимиз Яҳовага ташвиш ёки эҳтиёжимиз ҳақида ибодат қилганимизда, У имондошларимиз орқали зарурий ёрдамни тақдим этган. (Ҳикматлар 12:25; Ёқуб 2:16)
18. Яҳова ибодатларимизга жавоб бериш учун Ўз руҳи ва Муқаддас Китобдан қандай фойдаланади?
18 Яҳова ибодатларимизга муқаддас руҳи орқали жавоб беради. Бирон муаммо билан курашаётганда Унга ибодат қилиб ёрдам сўрасак, У муқаддас руҳи орқали йўл кўрсатиб, куч беради. (2 Коринфликларга 4:7) Шунингдек, Яҳова Муқаддас Китоб орқали ибодатларимизга жавоб бериб, доно қарорлар чиқаришимизга кўмаклашади. Муқаддас Китобни ўқиганимизда қўл келадиган оятларни топишимиз мумкин. Яҳова йиғилишда шарҳ бераётган одамни айнан бизга керакли сўзларни айтишга ёки жамоат оқсоқолини биз билан Муқаддас Китобдаги фикрни бўлишишга ундаши мумкин. (Галатияликларга 6:1)
19. Яҳова ибодатларимизга жавоб бермаётгандай туюлса, нимани ёдда тутишимиз керак?
19 Баъзида «Нега Яҳова ибодатларимга жавоб бермаяпти?» деб ўйланиб қолишингиз мумкин. Шуни ёдда тутинг, У қачон ва қандай жавоб беришни яхши билади. Яҳова нимага муҳтож эканимиздан хабардор. Яҳовага ибодат қилишда давом этайлик, шунда сўраётган нарсамиз биз учун муҳим эканини ва чиндан ҳам Унга ишонишимизни кўрсатамиз. (Луқо 11:5–10) Айрим пайтларда Яҳова ибодатимизга биз кутгандай жавоб бермаслиги мумкин. Масалан, қандайдир қийинчилигимиз борасида сўраганимизда Худо бизни ундан халос қилмас, лекин уни енгишимиз учун куч беради. (Филиппиликларга 4:13 ни ўқинг.)
20. Нега Яҳовага тез-тез ибодат қилишимиз керак?
20 Ҳа, Яҳовага ибодат қилишдек ажойиб шарафга эгамиз! У ибодатларимизни эшитишига шубҳаланмасак ҳам бўлади. (Забур 145:18) Яҳовага чин қалбдан ибодат қилганимиз сайин, У билан дўстлигимиз мустаҳкамланиб боради.