65- ДАРС
Эстер халқини қутқариб қолади
Форс шоҳлигининг Суза шаҳрида Эстер исмли яҳудий қиз яшарди. Кўп йиллар илгари Навуходоносор унинг ота-боболарини Қуддусдан олиб келган эди. Эстер амакиваччаси Мордахайнинг қўлида катта бўлди. Мордахай эса Форс шоҳи Ахашверашга хизмат қиларди.
Бир куни шоҳ Ахашвераш янги малика танлашни хоҳлади. Унинг хизматкорлари шоҳликдаги энг гўзал қизларни, шу қаторда Эстерни ҳам олиб келишди. Шоҳ барча қизлар ичидан Эстерни малика сифатида танлади. Мордахай Эстерга яҳудий экани ҳақида ҳеч кимга айтмасликни тайинлади.
Хомон исмли мағрур киши барча беклар устидан бошлиқ эди. У ҳамма унга тиз чўкиб таъзим қилишини истарди. Мордахай бундай қилишдан бош тортгани учун Хомон ғазабланиб, уни ўлдирмоқчи бўлди. У Мордахайнинг яҳудий эканини билгач, шоҳликдаги барча яҳудийларни ўлдириш режасини тузди. Хомон шоҳга: «Яҳудийлар хавфли халқ, сиз уларни йўқ қилишингиз керак»,— деб айтди. Ахашвераш: «Нима қилишни зарур деб ҳисобласанг, шуни қил»,— дея унга қонун чиқариш ҳуқуқини берди. Хомон қонун чиқариб, шоҳликда яшовчиларга адар ойининг 13- куни барча яҳудийларни қириб ташлашни буюрди. Яҳова буларнинг барини кузатиб турарди.
Эстер бу қонундан бехабар эди. Мордахай қонун нусхасини Эстерга жўнатиб, унга: «Бориб бу ҳақда шоҳ билан гаплаш»,— деб айтди. Эстер эса унга шундай деди: «Чақирилмасдан шоҳнинг олдига борган ҳар қандай инсон ўлдирилади. Мана 30 кундирки, шоҳ мени чақиртиргани йўқ! Бироқ мен бораман. Агар у салтанат ҳассасини узатса, мен яшайман. Агар узатмаса ўламан».
Эстер шоҳ саройининг ҳовлисига борди. Шоҳ уни кўриши биланоқ, салтанат ҳассасини у томон узатди. У шоҳга яқинлашди, шунда шоҳ: «Тилагинг нима Эстер?» — деб сўради. У жавобан: «Мен сизни ва Хомонни зиёфатга таклиф қилмоқчиман»,— деди. Зиёфат пайтида Эстер уларни кейинги кунга яна зиёфатга таклиф қилди. Эртаси кунги зиёфатда шоҳ яна Эстердан: «Тилагинг нима?» — деб сўради. Малика: «Бир киши мени ва халқимни ўлдирмоқчи. Илтимос, бизни қутқаринг»,— деди. Шоҳ эса: «Ўша одам ким?» — деб сўради. Эстер: «Бу ёвуз инсон Хомон!» — деди. Ахашвераш ғазабга миниб, ўша заҳоти Хомонни ўлдирди.
Аммо Хомон чиқарган қонунни ҳеч ким, ҳаттоки шоҳ ҳам бекор қила олмасди. Шунда шоҳ Мордахайни беклар устидан бошлиқ этиб тайинлади ва унга янги қонун чиқариш ҳуқуқини берди. Мордахай чиқарган қонунга кўра яҳудийларга ҳужум қилишганида, улар ўзларини ҳимоялашлари мумкин эди. Адар ойининг 13- куни яҳудийлар душманлари устидан ғалаба қозонишди. Ўшандан буён улар бу кунни ҳар йили нишонлайдиган бўлишди.
«Мен туфайли сизларни ҳокимлару подшоҳлар қошига олиб боришади. Ўшанда уларга ҳамда бошқа халқларга шоҳидлик қилиш имкониятига эга бўласизлар». (Матто 10:18)