Фарзандларни тарбиялашда ишончли маслаҳатлар
БИРИНЧИ ҳомиладорлигини эслаб Рут: «Мен эндигина 19га кирган эдим. Оиламу қариндошларимдан узоқда бўлиб, бунга умуман тайёр эмас эдим»,— деб бўлишяпти. Оилада якка фарзанд бўлган Рут болага ғамхўрлик қилиш нимани англатишини ҳали жиддий ўйлаб кўрмаган эди ҳам. У ишончли маслаҳатни топиш учун қаерга мурожаат қилиши мумкин эди?
Яна бир мисол. Икки фарзандини вояга етказган Джан исмли ота: «Бошида ўзимга ишонар эдим, лекин кўп вақт ўтмай, амалий билимларга муҳтож эканлигимни пайқадим»,— деб эсламоқда. Кўриб турганимиздай, баъзи ота-оналар энди фарзандли бўлган пайтда ўзини йўқотиб қўяди, бошқалари эса тарбия қилиш даврида нима қилишини билмай қолади. Улар ёрдамни қаердан топиши мумкин?
Ҳозирги ота-оналар борган сари Интернетдан маслаҳатлар излашмоқда. Бироқ сизни бу маслаҳатлар қанчалик ишончли эканлиги хавотирга солаётгандир. Бундай хавотирлар бежиз эмас, чунки бу маслаҳатлар кимдан эканини аниқ билмайсиз-ку! Шунингдек, улар ўзининг фарзандларига яхши тарбия бера олишдими? Шак-шубҳасизки, гап оилангизнинг бахт-саодати тўғрисида борганда эҳтиёткор бўлишни хоҳлайсиз. Олдинги мақолада билиб олганимиздай, ҳатто мутахассисларнинг маслаҳатлари пуч бўлиб чиқиши мумкин. Бўлмаса кимга мурожаат қилиш керак?
Тарбия беришда энг ишончли манба — сулолаю оиланинг Асосчиси бўлган Аллоҳ Яҳовадир (Эфесликларга 3:15). Фақат У бу соҳанинг ҳақиқий Мутахассисидир! Ўзининг каломи бўлмиш Муқаддас Китобда, У вақт синовидан ўтган ишончли ва амалий маслаҳатлар бермоқда (Забур 31:8; Ишаё 48:17, 18). Биздан фақат уларга амал қилиш талаб қилинади.
Келинг, бир нечта ота-она фарзандларини мулоҳазали ва художўй қилиб тарбиялаётган пайтида нималарни ўрганиб олишганини билиб олайлик. Айтишларича, муваффақиятга эришишга уларга Муқаддас Китоб меъёрлари ёрдам берди. Бу меъёрлар, қадимда ёзилганидай ҳозир ҳам ўша-ўша ишончли эканига улар амин бўлишди.
Биргалашиб вақт ўтказинг
Икки нафар фарзанднинг онаси Кетриндан, Муқаддас Китобнинг қайси маслаҳати унга ёрдам берганини сўрашганида, у дарҳол Тавротнинг ушбу сўзларини эслади: «Буларни [Муқаддас Китоб меъёрларини] болаларингизга ҳам ўргатинглар, уйда ўтирганда ҳам, йўлда юрганда ҳам, ётганингизда, турганингизда ҳам шулар ҳақида гапиринглар» (Амрлар 6:7, ЯДТ). Кетриннинг сўзларига биноан бу маслаҳатга риоя қилиш — фарзандлар билан вақт ўтказиш демакдир.
Эҳтимол, «айтиш осон, қилиш қийин», деб айтмоқчидирсиз. Дарҳақиқат, оталар ва ҳатто оналар ҳам рўзғорни тебратиш учун ишлашга мажбур бўлса, фарзандларига вақтни қаердан олишсин? Ўзи набиралик бўлган Торлиф исмли киши, тарбиянинг негизи боя айтилган маслаҳатга амал қилишдир, деб фикр билдирмоқда. Болаларингизни доим ўзингиз билан олиб юрсангиз, мулоқот қилиш имконияти ҳам пайдо бўлади. «Уй ишларини доимо ўғлим билан бирга қилар эдик, — деб ҳикоя қилмоқда Торлиф. — Бутун оила билан саёҳатларга борар эдик. Дастурхон атрофида йиғилиш эса, биз учун одатий ҳол бўлган». Натижада Торлиф айтаётганидай «ўғлим доимо дарди ва ҳис-туйғулари билан бемалол бўлишарди».
Аммо бола улғайган сари фикрлари билан бўлишмайдиган ва мулоқот қилишни хоҳламайдиган бўлиб қолса-чи? Шунда ҳам биргалашиб вақт ўтказиш ёрдам беради. Боя айтилган Кетриннинг Кен исмли эри: «Қизалоғим ўсмир бўлган пайтда мен уни тушунмаётганимни айтиб, мени тез-тез айблаб турар эди»,— деб эсламоқда. Хўш, у қандай йўл тутди? Кен давом этмоқда: «Қизим билан юзма-юз қолиб, унинг ҳис-туйғуларию қайғулари билан кўпроқ дардлашишга қарор қилдим. Бу чиндан ҳам ёрдам берди» (Ҳикматлар 20:5). Бинобарин, Кен таъкидлашича уларнинг оиласида бундан олдин ҳам очиқ мулоқот қилиш одат бўлгани сабабли, бу ёрдам берди. «Қизим билан доимо яхши муносабатда эдик. У қачон бўлмасин менга мурожаат қилиши мумкинлигини билар эди»,— деб айтди Кен.
Шуниси қизиқки, яқинда қилинган тадқиқотларга биноан ота-оналар фарзандлари билан бирга кам вақт ўтказаётганини ота-оналардан кўра ўсмирларни уч баробар кўпроқ ташвишга солар экан. Бўлмаса Муқаддас Китобнинг маслаҳатларига амал қилиш яхши эмасми? Фарзандларингиз билан дам олганда ва иш қилганда, уйда ўтирганда ва йўлда юрганда, эрталаб турганда ҳамда кечқурун ётишдан олдин иложи борича кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилинг (Амрлар 6:7). Хуллас, бу оятда кўриниб турганидек, фарзандлар билан бирга вақт ўтказиш ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.
Қадриятларга ўргатинг
Икки фарзанднинг отаси Марио маслаҳат бермоқда: «Болаларингизга кўпроқ меҳр-муҳаббат кўрсатиб, уларга китоблар ўқиб туринг». Бироқ мақсадингиз нафақат уларнинг ақлий қобилиятларини ривожлантириш, балки яхши ва ёмонни ажратишни ўргатиш бўлсин. Марио давом этиб: «Уларга Муқаддас Китобни ўргатинг»,— деди.
Худонинг Каломи: «Сиз, оталар, фарзандларингизнинг жаҳлини чиқарманглар. Уларни Раббимизнинг таълим-тарбияси билан ўстиринглар»,— деб маслаҳат бермоқда (Эфесликларга 6:4). Кўп оилаларда ахлоқий тарбияга жиддий эътибор қаратилмаяпти. Баъзиларнинг фикрича фарзандлар ўсиб-улғайганидан сўнг, қандай қарор чиқариши уларнинг ихтиёрида эмиш. Сиз ҳам бу гапга қўшилармидингиз? Бола соғлом бўлиб ривожланиши учун тўғри озиқланиши керак бўлгани каби, унинг қалбию онги насиҳатга муҳтождир. Агар фарзандингиз ахлоқий қадриятларни сиздан билиб олмаса, у мактабдошлари, ўқитувчилари ёки журнал ва теледастурлардан бу ҳақда бўлар-бўлмас нарсаларни ўрганиб олади.
Муқаддас Китоб ота-оналарга фарзандлари яхши ва ёмонни ажрата билишлари учун ёрдам бериши мумкин (2 Тимўтийга 3:16, 17). Имонлилар жамоатининг тажрибали оқсоқоли ҳамда икки болани катта қилган Джефф, Муқаддас Китоб меъёрлари асосида насиҳат беришни маслаҳат қилмоқда. У шундай деди: «Муқаддас Китобнинг ўзидан оятни очиб ўқиб берганда, бола бу онаси ёки дадасининг фикри эмас, балки Парвардигорнинг хоҳиш-иродаси эканини тушунади. Биз Худонинг Каломи боланинг онгию қалбига қаттиқ таъсир қилишини кузатдик. Бирор шумтаканинг ёмон хулқини тузатиш керак бўлганда, олдин Муқаддас Китобдан мос келадиган оятни излаб, сўнг бу оятни ўқиб беришини сўрардик. Одатда унинг юзидан кўз ёшлар оқиши бошлар эди. Биз эса Муқаддас Китобнинг бундай таъсир қилишини кўриб, лол қолар эдик».
Чиндан ҳам «Худонинг каломи жонли ва таъсирли... юракнинг хаёлу ниятларини фош қилади» (Ибронийларга 4:12). Ҳа, Муқаддас Китобни ёзганлар ҳаётий тажрибаси ва хоҳишига асосланмаганлар, балки илоҳий илҳом билан яхшию ёмонга бўлган Аллоҳнинг нуқтаи назарини беришган эди. Айнан шу билан Муқаддас Китоб бошқа китоблардан фарқ қилади. Болаларингизни тарбиялашда бу Китобдан фойдалансангиз, уларга Худонинг нуқтаи назарига эга бўлишга ёрдам берасиз. Шунда маслаҳатингиз эътиборли бўлиб, боланинг юрагини забт этади.
Олдин эслатиб ўтилган Кетрин бу фикрга қўшилиб, шундай деди: «Вазият қанчалик мушкул бўлса, шунчалик кўпроқ Худонинг Каломидан раҳбарлик излар эдик. Самараси эса доимо зўр бўларди!» Сиз ҳам, фарзандларингизга яхши ва ёмонни ажратишни ўргатганингизда Муқаддас Китобдан фойдалансангиз яхши эмасми?
Мулоҳазали бўлинг
Тарбияга боғлиқ бошқа маслаҳатни Инжилда топишимиз мумкин. «Сизларнинг инсонпарварлигингиз [мулоҳазалигингиз, ЯДТ] барчага маълум бўлсин» (Филиппиликларга 4:5). Албатта, болаларимиз мулоҳазали эканимизни кўриши керак. Зотан, мулоҳазали бўлиш «юқоридан тушган донолик»нинг белгисидир (Ёқуб 3:17).
Хўш, фарзандларни тарбиялашда бу фазилатни қандай намоён этиш мумкин? Болаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш керак бўлса-да, уларнинг ҳар бир қадамини назорат қилмаслик лозим. Бояги Марио исмли Яҳованинг Шоҳиди бундай деб бўлишди: «Биз ҳар вақт жигарбандларимизни ўзларини Худога бағишлашга, Унга тўла вақтли хизмат қилишга ва бошқа маънавий мақсадларга интилишга ундардик. Лекин вақти келиб бундай қарорларни шахсан ўзлари чиқариши кераклигини эслатар эдик». Бу услуб ёрдам бердими? Ҳозирги кунда уларнинг иккала фарзанди ҳам ғайрат билан Муқаддас Китоб Хушхабарини баҳам кўрмоқдалар.
Муқаддас Китоб оталарни: «Руҳий тушкунликка тушмаслик учун болаларингизни ранжитаверманглар»,— деб огоҳлантирмоқда (Колосаликларга 3:21). Зероки, ота-оналарнинг сабр косаси тўлиб-тошганда жаҳли қайнаб, фарзандларидан ҳаддан ортиқ нарсаларни талаб қилишни бошлайдилар. Лекин Кетрин бу оятни ўта қадрлаб: «Болани ўзингиз билан солиштирманг»,— дея маслаҳат солди. У ўзи Яхованинг Шоҳиди бўла туриб шундай деди: «Аллоҳимиз Яҳовага хизмат қилиш оилангизнинг жону дили бўлсин».
Олдин эслатиб ўтилган Джефф бошидан ўтгани билан шундай бўлишди: «Болажонларимиз ўсиб-улғайгани сари яхши бир ошнамиз, бизни бир хатодан огоҳлантирди. У, фарзандларимизнинг барча тилагига “йўқ” деб жавоб беришдан бизни эҳтиёт қилди. Бу уларни ранжитиб руҳини тушуради. Дўстимиз, бунинг ўрнига “ҳа” дейишнинг имкониятини излашга бизни чорлади».
«Бу маслаҳат бизга жуда қулай кўринди,— деб давом этмоқда Джефф. — Болаларимиз бошқалар билан бирга Муқаддас Китобга мувофиқ шароитларда вақт ўтказишлари учун ғамхўрлик қилишни бошладик. Биз уларнинг ёнига келиб: “Фалончи у ёки бу нарсалар қилаётганидан хабарларинг борми? Сизлар ҳам унга қўшилмайсизларми?” — деб сўрар эдик. Фарзандларимиз бирор ёққа боришни илтимос қилишганида, ҳатто чарчаган бўлсак ҳам, уларга фақатгина “йўқ” демаслик учун, ўзимизни боришга мажбурлардик». Ахир, мулоҳазаликнинг негизи — ростгўй, эътиборли ва Худонинг меъёрларидан чиқмай ён бериш демакдир.
Ишончли маслаҳатларнинг фойдаси
Мақоламизда фикрлари билан бўлишган ота-оналарнинг кўпи, ҳозирги кунда невара-чеварали бўлишган. Энди эса улар, Муқаддас Китоб маслаҳатлари фарзандларига ўзининг фарзандларини тарбиялашда ёрдам бераётганидан жуда хурсандлар. Муқаддас Китоб маслаҳатлари сизга ҳам фойда келтирадими?
Биринчи хат бошида эслатилган Рут, она бўлганида ўзини йўқотиб қўйган эди. Аммо кўп ўтмай эри билан бирга дадил бўлишди, чунки улар Худонинг Каломидан бебаҳо маслаҳатларига эга эдилар. Ота-оналарга ёрдам бериш мақсадида Яҳованинг Шоҳидлари ташкилоти, Муқаддас Китобга асосланган турли тилларда кўпдан-кўп адабиётлар чиқармоқда. Уларнинг жумласидан «Муқаддас Китоб ҳикоялари», «Улуғ Устоздан ибрат олинг», «Ёшларнинг саволлари. Амалий маслаҳатлар» ва «Тарихдаги энг буюк инсон» китобларидир. Рутнинг эри Торлиф қуйидагича якун ясади: «Бугунги кунда ота-оналар Худонинг каломидан кўп маслаҳатларни бемалол топишлари мумкин. Бу маслаҳатлар таълим-тарбияга боғлиқ турли муаммоларни ечишда кўмаклашади. Уларни фақат кўллаш даркордир».
[5- саҳифадаги расм ва рамка]
Мутахассисларнинг фикри... Муқаддас Китобнинг фикри
Фарзандларга бўлган меҳр
Машҳур психолог Джон Бродес Уотсон 1928 йилда ота-оналарга: «Болаларингизни ҳеч қачон қучоқлаб, ўпманглар. Уларни тиззаларингизга ҳам ўтирғизманглар»,— деб маслаҳат берган эди (The Psychological Care of Infant and Child). Аммо 1999 йил март ойида нашр этилган бир журналда Вера Лейн ва Дороти Молино исмли психологлар тадқиқотларининг натижасини қуйидагича билдиришди: «Болалик даврида меҳр-муҳаббат кўрмаган фарзандлар одатда бахтсиз бўладилар» (Our Children).
Бу ҳақда Муқаддас Китобда нима дейилган? Унда, Худо ўз халқига бўлган меҳри, ота-онанинг меҳри билан таққосланяпти (Ишаё 66:12). Шунингдек Исо алайҳиссаломнинг шогирдлари унинг олдига фарзандлари билан келаётган одамларни қўймаётганида у: «Болаларга йўл қўйинглар, менинг олдимга келишига тўсқинлик қилманглар!» — деб айтди. «Кейин болаларни қучоқлаб, уларнинг пешаналарини силаб дуо қилди» (Марк 10:14, 16).
Насиҳат ҳақида
Машҳур психолог Бруно Беттельхайм 1969 йилда «боланинг дунё қараши ота-онанинг қадриятларга бўлган насиҳатига эмас, балки ўзининг ҳаётий тажрибаси асосида шаклланиши керак», деган фикр билдирди (New York Times Magazine). Тахминан 30 йил ўтиб эса Роберт Колс исмли бошқа психолог бундай деди: ‘Фарзандлар ҳаётида мақсад, қўлланма ва ота-оналару катталарнинг берган қадриятларига муҳтождир’ (The Moral Intelligence of Children).
Муқаддас Китоб ота-оналарга: «Болани тўғри йўлга солиб тарбияла, шунда қариганида ҳам йўлидан адашмайди», деб маслаҳат бермоқда (Ҳикматлар 22:6). Дарҳақиқат, ота-оналар фарзандига болалигиданоқ тарбия бериши даркор, чунки чақалоқлигида олган билимлари унинг бутун умрига таъсир қилади (2 Тимўтийга 3:14, 15).
Жазо ҳақида
Джеймс Добсон исмли психолог 1978 йилда китоб чиқариб: «Меҳрибон ота-оналар болаларини тўғри йўлга солиш учун, уларни албатта уриб жазолайдилар», деб ёзган эди (The Strong-Willed Child). Бироқ 1998 йилда Бенжамин Спок исмли мутахассиснинг кенг тарқалган китобининг еттинчи нашрида шундай дейилган: «Уриб тарбия қилинаётган бола нотўғри хулосага келиб, кимки каттароқ ва кучлироқ бўлса, ҳақ ёки ноҳақ эканига қарамай, ўз хоҳишича йўл тутиши мумкин экан, деб ўйлайди» (Baby and Child Care).
Худонинг каломига биноан болаларни тарбия қилаётиб, жазонинг меъёрини ва вақтини билиш лозим. Бир оятда: «Қамчи билан насиҳат ақл беради», деган сўзларни ўқишимиз мумкин (Ҳикматлар 29:15). Аммо ҳамма болаларга ҳам бундай жазо чораларини кўриш ўринсиздир. Чунки бошқа бир оятда бундай дейилган: «Донога берилган битта танбеҳ нодоннинг бошида синган юзта калтакдан таъсирлироқ» (Ҳикматлар 17:10).
[Расм]
Тарбия беришда Муқаддас Китобдан фойдаланинг
[7- саҳифадаги расм]
Доно ота-оналар фарзандларининг дам олиши ҳақида ғамхўрлик қилишади