Худога яқинлашинглар
Аллоҳга камтар кишилар азиздир!
МАҒРУРЛИК, ҳасадгўйлик, манманлик. Мансабга интилаётган кўп одамларнинг шахсини бу сўзлар билан очиб бериш мумкин. Аммо Аллоҳ Яҳовага бундай одамлар ёқмайди. Унга камтар кишилар азиздир! Бунинг исботи сифатида келинг, Тавротнинг Саҳрода деган китобнинг 12- бобига назар ташлайлик. Бу бобда Мусо пайғамбар ва унинг қариндошлари орасида чиққан муаммо ҳақида айтилади.
Мусо пайғамбарнинг туғишган опаси Марям ва акаси Ҳорун укасига қарши чиқишди (1- оят). Эътибор берсангиз, улар укаси билан келишиб олишнинг ўрнига, бошқалар билсин деб унга қарши гапиришди. Оятда аввал Марям эслатиляпти экан, уни муаммонинг сабабчиси дейиш мумкин. Эҳтимол Марям укасининг ҳабашистонлик хотинини ўзига рақиб билиб, ҳасад қилгандир.
Лекин уларнинг: «Эгамиз ёлғиз Мусо орқали гапирибдими?! У биз орқали ҳам гапирмаганми?!» — деган гапларида муаммо аслида бошқа нарсада эканини кўряпмиз (2- оят). Ким билсин, балки улар ўзларига мансаб ва шуҳрат излагандир?
Қандай бўлмасин, Мусо уларга бир оғиз ҳам гап қайтармади. У жимгина сабр қилиб юрган. Дарҳақиқат, Тавротда: «Мусо жуда камтар одам эди»,— деб айтилгани бежиз эмасa (3- оят). Мусо ўзини оқлашига ҳожати ҳам йўқ эди, чунки Яҳова Таолонинг Ўзи ҳақоратларни эшитиб, пайғамбарининг тарафини олди.
Аллоҳ Яҳова шахсан Ўзи Мусони пайғамбар қилиб тайинлагани учун, бу иғвони Ўзига қарши деб қабул қилди. Норози бўлганларни таъна қилиб, Аллоҳ Мусо билан қандай муносабатда экани ҳақида айтди. «Мен у билан... юзма-юз, очиқ-ойдин гаплашаман». Кейин эса Марям ва Ҳорунга шундай деди: «Наҳотки сизлар Менинг қулим Мусога қарши гапиришдан қўрқмадингизлар?!» (8- оят). Демак, Мусога қарши чиқиб, улар аслида Аллоҳга қарши чиқишди. Бундай беҳурматга Яҳова Таоло шунчаки кўзини беркита олмасди.
Муаммонинг сабабчиси Марям мохов касаллигига гирифтор бўлди. Ҳорун хато қилганларини тушуниб, дарҳол укасидан Марям учун Аллоҳдан раҳм сўрашини илтимос қилди. Фақат ўйлаб кўринг, энди Мусо унга қарши чиққан киши учун Худога илтижо қилиши керак. У нима қилар экан? Ушбу баёнотда Мусонинг илк гаплари айнан Аллоҳдан Марямга шифо беришини сўраётгани бўлди. Марям соғайди, аммо уни етти кунга жамиятдан ажратиб қўйишлари, у учун шармандалик бўлди.
Ушбу ҳикоядан Аллоҳга қандай фазилатлар ёққанини билиб оляпмиз. Ҳа, Унга дўст бўлишни хоҳласак, мағрурлик, ҳасадгўйлик, манманлик каби қусурлардан озод бўлишга жон куйдиришимиз лозим. Чунки Аллоҳга камтар кишилар азиздир! Айнан бундай одамларга Худо қуйидагини ваъда қилмоқда: «Беозорлар эса ер юзига эга бўлажак, улар тинч-осойишталикда ҳузур қилажак» (Забур 36:11; Ёқуб 4:6).
[Изоҳ]
a Камтаринлик одамни адолатсизликка чидамли ва ўч олмайдиган қилишга қодир.