Жамоатда ўзаро далда берайлик!
Бундан кейин ҳам бир-бирингизга далда бериб, ёрдам қилинглар. 1 САЛОН. 5:11
1. Имонлилар жамоатида қандай баракаларга эгамиз, лекин қанақа қийинчиликларга ҳам дуч келишимиз мумкин?
ИМОНЛИЛАР жамоатининг аъзоси бўлиш жуда ҳам катта шарафдир! Авваламбор, Тангри Яҳова билан дўстона муносабатларга эга бўлмоқдамиз. Қолаверса, Унинг Каломидаги маслаҳатларга амал қилиб, ўзимизни нопок дунёнинг таъсиридан асраймиз. Шунингдек, бизга яхшиликни тилайдиган самимий дўстларни орттирамиз. Бундан ташқари, бошқа кўпдан-кўп ажойиб баракаларга эгамиз. Лекин, кўп масиҳчилар ҳар хил қийинчиликларга дучор бўлишмоқда. Эҳтимол, кимдир Аллоҳнинг Каломидаги чуқур билимларни тушуниш учун ёрдамга муҳтождир. Бошқалар эса, касалликка йўлиққани, тушкунликка тушгани ёки нотўғри қарор чиқаргани боис азоб чекишаётгандир. Ҳа, барчамиз бу ёвуз дунёда яшаб келяпмиз.
2. Имондошларимизнинг машаққатларига қандай муносабатда бўлишимиз лозим ва нима учун?
2 Азиз имондошларимиз турли машаққатлар билан курашаётганини кўрганимизда жонимиз оғриши мумкин. Зеро, ҳаворий Павлус жамоатни бадан билан таққослаб, улар тўғрисида: «Агар бир узв азоб чекса, бутун узвлар у билан бирга азоб чекади»,— деб бежиз айтмаган (1 Кор. 12:12, 26). Биз ҳам, биродару опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашга жон куйдиришимиз лозим. Муқаддас Китобда, жамоат аъзолари оғир дамларда бир-бирига ёрдам беришгани тўғрисида ёзилган. Энди келинг, бу мисолларни кўриб, имондошларимизга қандай ёрдам беришимиз мумкинлигини билиб олайлик. Имондошларимизнинг маънан улғайишига ва Яҳованинг жамоатида мустаҳкам бўлишларига сиз қандай ҳисса қўша оласиз?
Бирга олиб кетишди
3, 4. Акил билан Прискилла Аполлосга қай тарзда кўмаклашган?
3 Аполлос Эфес шаҳрига келганида роса ғайратли ваъзгўй бўлган. Ҳаворийлар китобига биноан у, «Исо йўлида тарбия олган бўлиб, бу ҳақда тўғри оташин руҳ билан таълим берар эди. Лекин у фақатгина Яҳё пайғамбарнинг сувда тавба қилдириш усулини билар эди». Аммо-лекин, Аполлос «Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдириш» борасида хабари бўлмаган. Негаки, у Яҳёнинг издошларидан ёки милодий 33- йилда Ҳосил байрамидан олдин Исонинг издошлари бўлганлардан ҳақиқатни эшитгандир. Гарчи, Аполлос ғайратли бўлса-да, аммо баъзи бир муҳим нарсаларни тушунмаган. Хўш, у имондошлари билан бирга бўлиб қанақа ёрдам олган? (Ҳавор. 1:4, 5; 18:25; Мат. 28:19).
4 Аполлос яҳудийлар ибодатхонасида жасорат билан ҳақиқатни гапираётганини, Акил билан Прискилла эшитиб қолишган. Кейин эса, уни ўзлари билан бирга олиб кетиб, янада кўпроқ таълим беришган (Ҳаворийлар 18:24–26 ўқинг). Шу тарзда, улар Аполлосга меҳрини намоён этишган. Шубҳасизки, Акил билан Прискилла Аполлосга хушмуомала тарзда гапиришган. Шу сабабли, у ўзини кимдир танқид қилаётгандек ҳис қилмаган. Гап шундаки, бу йигит илк масиҳчиларнинг жамоати тўғрисида билмаган эди. Албатта, бу жуфтлик унга кўпгина муҳим нарсаларни айтиб берганидан у ниҳоятда миннатдор бўлган. Натижада эса, анчагина маълумотга эга бўлган Аполлос Ахаядаги биродарларига жудаям яхши ваъз қилиб «самарали ёрдам берди» (Ҳавор. 18:27, 28).
5. Худонинг минглаб хизматчилари нима қилишади ва бунинг натижаси қанақа?
5 Бугун ҳам, жамоатдагиларнинг аксарияти Муқаддас Китобни яхши тушунишга ёрдамлашганларга чин дилдан миннатдорлар. Кўп ҳолларда Муқаддас Китобни ўрганаётган киши ва ваъзгўй орасида дўстона муносабатлар пайдо бўлади. Одамлар ҳақиқатни яхшироқ тушунишини хоҳласак, улар билан тез-тез мулоқот қилиб, бир неча ой давомида мунтазам суҳбатлашиш керак бўлар. Худонинг хизматчилари фидойилик руҳини намоён этишга тайёр, чунки бу ҳаёт мамот масаласи эканини улар тушунишади (Юҳан. 17:3). Ўзгалар ҳақиқатни чуқурроқ билиб, шунга яраша умр кечирса ва Яҳованинг иродасини бажаришга ўзини бағишласа қувончимизга қувонч қўшади!
«Яхши ном чиқарган эди»
6, 7. а) Нега Павлус айнан Тимўтийни тарғибот сафари учун танлаган? б) Тимўтийга ёрдам беришгани қандай самаралар келтирди?
6 Ҳаворий Павлус билан Сила иккинчи тарғибот сафарида Листра шаҳрига боришганда Тимўтий исмли ёш бир йигитни учратиб қолади. У тахминан йигирмага кириб қолганди. «Бу киши Листра ва Иконияда яшаган имонлилар орасида яхши ном чиқарган эди». Тимўтийнинг онаси Эвника ва бувиси Лоида масиҳчи бўлишган, бироқ дадаси уларнинг имонига шерик эмас эди (2 Тим. 1:5). Эҳтимол, Павлус бу оила билан бир неча йил олдин илк бор уларнинг ҳудудига келганида танишгандир. Бу сафар эса ҳаворий, ёш Тимўтий қобилиятли эканини кўз остига олиб қўяди. Сўнг, маҳаллий оқсоқоллар кенгашининг рухсати билан Тимўтий, Павлуснинг тарғибот сафарида ёрдамчи бўлади (Ҳаворийлар 16:1–3 ўқинг).
7 Тимўтий мўйсафид ҳамкоридан кўп нарсага ўрганган. У шунчалик маънан улғайганки, Павлус аминлик ила уни жамоатларга ташриф буюриш учун ўз вакили қилиб юборган. Тажрибаси бўлмаган ва уятчан Тимўтий, деярли 15 йил давомида Павлус билан бирга ҳамкорлик қилиб, маҳоратли нозир бўлиб етишган (Филип. 2:19–22; 1 Тим. 1:3).
8, 9. Жамоат аъзолари ёшларга қандай далда беришлари мумкин? Мисол келтиринг.
8 Бугун ҳам жамоатдаги йигит-қизларимиз жуда кўп имкониятларга эга. Етук масиҳчилар ёшларни маънавий мақсадлар сари интилишга ундаб ёрдам беришса, улар йиғилишда вазифаларни бажара олишади. Ишонаверинг, сизнинг жамоатингизда ҳам бундай ёшлар кам эмас! Тимўтий сингари хизматини кенгайтиришга тайёр бўлган йигиту қизларни биласизми? Кўмагингиз билан улар кейинчалик кашшоф, байтилчи, тўла вақтли махсус ваъзгўй ёки кўчма нозир бўлиб хизмат қилишлари мумкин. Улар шу каби мақсадлар қўйишларига, сиз қандай ёрдам бера оласиз?
9 Мана бир мисол. 20 йил Байтилда хизмат қилган Мартин бундан 30 йил олдин туман нозири билан бирга воизлик хизматига чиққанини эслайди. У бу биродаримизга самимий қизиқиш кўрсатиб, ўзи ҳам ёшлигида Байтилда хизмат қилганини қувонч билан айтиб берди. Ўшанда нозиримиз, Мартинни имкониятлари борасида ўйлаб, хизматини кенгайтиришга ундаган. Мартиннинг ўйлашича, бу унутиб бўлмайдиган суҳбат унинг қарорларига жудаям қаттиқ таъсир қилган. Ким билсин, балким сиз ҳам азиз ёшларимиз билан маънавий мақсадлар ҳақида гаплашиб, уларга эришишга ёрдам берарсиз?!
«Жасоратсизларнинг руҳини кўтаринглар»
10. Эпафродит билан нима юз берди ва нега у тушкунликка тушди?
10 Эпафродит, имони учун қамоқда ўтирган Павлусни кўришга Филиппи шаҳридан Римга узоқ ва чарчатадиган йўл босиб ўтди. У филиппиликлар томонидан элчи сифатида юборилган эди. Эпафродит нафақат имондошларининг совға-саломларини, балки Павлусга мадад ва далда бериб, унинг ёнида бўлишни ҳам режалаштирган. Бироқ у, Римда «ўлар ҳолатда касал» бўлиб қолди. Топшириқни бажара олмаганидан эса у тушкунликка тушди (Филип. 2:25–27).
11. а) Агар биронта имондошимиз депрессияга тушса нимага ҳайрон бўлмаслигимиз керак? б) Павлус Эпафродитга қандай кўмак беришга ундаган?
11 Бугунги кунда, муаммо ва қийинчиликлар дастидан кўплар сиқилиб депрессияга тушишмоқда. Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти маълум қилишича, ҳар бешта одамдан биттаси умри давомида депрессияга йўлиққан экан. Албатта, Яҳованинг халқи бундан ҳимояланмаган. Рўзғор ташвишлари, касаллик, бировнинг хатосидан кўнгли қолиши ёки бошқа сабабларга кўра инсон тушкунликка тушиши эҳтимолдан йироқ эмас. Хўш, филиппиликлар Эпафродитга қанақа ёрдам беришлари мумкин эди? Павлус уларга шундай деб айтганди: «Уни Раббимиз номидан, қувноқ чеҳра билан қабул этинглар. Бу каби одамларнинг ҳурматини бажо келтиринглар. Чунки сизлар менга тўлиқ бажо келтиролмаган муқаддас хизматни у бутлаб олай деб, Масиҳ йўлида ўз жонини аямаган, ўлишига сал қолган эди» (Филип. 2:29, 30).
12. Тушкунликка тушганларни қандай юпатишимиз мумкин?
12 Биз ҳам тушкунликка тушган имондошларимизга далда ва мадад беришга ҳаракат қиламиз. Масалан, улар Яҳовага садоқат ила хизмат қилаётганлари учун мақташимиз мумкин. Эҳтимол, Худонинг хизматчиси бўлиш ёки тўла вақтли хизмат қилиш учун улар ҳаётларини кескин ўзгартиришига тўғри келгандир. Албатта, бундай имондошларимизни қадрлаб, Яҳова ҳам улардан жуда мамнун эканида ишонтиришимиз лозим. Ҳатто улардан баъзилари ёши ҳамда касаллиги туфайли кўп хизмат қила олмаётган бўлса-да, барибир садоқатли хизматлари учун уларни ҳурмат қиламиз. Қандай бўлмасин, Яҳова Таоло барчамизни мана шу маслаҳатга қулоқ солишга чорлаяпти: «Жасоратсизларнинг руҳини кўтаринглар, кучсизларга ёрдамлашинглар, ҳаммага сабр-тоқатли бўлинглар» (1 Салон. 5:14).
«Кечириб тасалли беринглар»
13, 14. а) Коринф жамоати қандай чора кўрди ва нима учун? б) Жамоатдан четлатиш қандай самаралар келтирди?
13 Биринчи асрдаги Коринф жамоатида бир муаммо юзага келди. Бир одам зино қилиб, гуноҳини тан олишни истамаган эди. Унинг бундай ҳаракати жамоатнинг поклигига хавф солган, ҳатто атрофдаги инсонлар учун бу шармандалик бўлган. Шунда, Павлус бу одамни жамоатдан четлатиш кераклиги ҳақида аниқ йўл-йўриқ берган (1 Кор. 5:1, 7, 11–13).
14 Бундай чора яхши самаралар келтирди. Яъни жамоат ёмон таъсирдан ҳимояланди, гуноҳкор эса ўз айбини тан олиб, чин кўнгилдан тавба қилди. Кейинчалик эса, уларни такрорламасликка интилиб бу одам ҳаётини ўзгартирди. Шу сабабли Павлус коринфликларга ёзган иккинчи мактубида бундай киши қайта тикланиши лозимлиги ҳақида айтиб ўтди. Бироқ бунинг ўзи етарли эмас эди. Зеро, Павлус имондошларига: «Бу одам ҳаддан ортиқ хафа бўлмаслиги учун, уни кечириб тасалли беришингиз маъқулдир»,— деб насиҳат қилди (2 Коринфликларга 2:5–8 ўқинг).
15. Тавба қилган ва жамоатда қайта тикланган имондошимизга қандай муносабатда бўлиш керак?
15 Бу воқеадан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Шубҳасизки, имондошимиз жамоатдан четлатилса, бизга оғир ботади. Бундай киши Яҳованинг номига иснод келтириб, жамоатга доғ тушириши мумкин. Эҳтимол у шахсан бизга қарши гуноҳ қилгандир. Оқсоқоллар илоҳий меъёрларга асосланган ҳолда, унинг ишини қайта кўриб уни тиклашга қарор қилишса, демак Яҳованинг Ўзи бу одамни кечирди (Мат. 18:17–20). Ахир бу раҳм-шафқатли Худойимизга тақлид қилишга бизни ундамаяптими? Мабодо, кечиришни истамай қаттиққўл бўлсак, унда Яҳовага қарши чиққан бўламиз. Жамоатидаги тинчлик ва бирликни сақлаб, Яҳовани хушнуд этиш учун келинг, тавба қилган ва қайта тикланган имондошимизни муҳаббатимизда ишонтирайлик! (Мат. 6:14, 15; Луқо 15:7).
«У менга хизмат учун керак»
16. Нима учун Павлус Маркдан ранжиган эди?
16 Муқаддас Китобда, бизни хафа қилганларга нисбатан кек сақламаслик ҳақида яхши мисол бор. Эсингиздами, Марк ҳаворий Павлусни қаттиқ ранжитган. Қандай қилиб дейсизми? Павлус ва Барнабо биринчи тарғибот сайёҳатига чиқишганда, Марк ҳам ёрдам бериш учун уларга қўшилди. Бироқ номаълум сабабларга кўра у ҳамроҳларини ярим йўлда ташлаб, уйига қайтиб кетди. Шунинг учун Павлус Маркдан роса хафа бўлган. Иккинчи тарғибот сафарига боришни режалаштираётганда, Барнабо Маркни ўзлари билан бирга олиб кетмоқчи бўлганида Павлус норозилик билдирди. Негаки, Марк биринчи сафарда уларни ташлаб кетганди-да! (Ҳаворийлар 13:1–5, 13; 15:37, 38 ўқинг).
17, 18. Павлус билан Марк орасидаги тушунмовчилик ҳал бўлганини қаердан биламиз ва бундан қанақа сабоқ олдик?
17 Марк Павлуснинг норозилигидан хафа бўлмай, Барнабо билан биргаликда бошқа жойларда ваъз қилиб юрарди (Ҳавор. 15:39). У садоқатли ва ишончли хизматчи эканини Павлуснинг бир неча йилдан кейин у тўғрисида айтган сўзларидан кўриш мумкин. Ҳаворий Рим қамоқхонасида ўтирганида, хат орқали Тимўтийни чақиртирганди. Шу мактубининг ўзида Павлус: «Маркни ўзинг билан бирга олиб кел, у менга хизмат учун керак»,— деб айтган эди (2 Тим. 4:11). Зотан Павлус, Марк маънан улғайганини яққол кўриб турган.
18 Бу воқеадан биз ҳам дарс олсак бўлади. Масалан, Марк маҳоратли ваъзгўй бўлиши учун яхши-яхши фазилатларни ривожлантирган. У Павлуснинг норозилик билдирганидан ранжиб, хизматдан кўнгли совимади. Уларнинг иккаласи ҳам етук масиҳчи бўлгани сабабли, ўртасидаги хафагарчиликни тезда унутдилар. Вақт ўтгач Павлус, Марк хизмат учун фойдали ёрдамчи эканини пайқади. Шу каби, биродарлар ҳам тушунмовчилик ва хафагарчиликни унутиб, бошқаларнинг маънан улғайишига ёрдам беришса тўғри бўларди. Имондошларимизда яхши фазилатларини кўра билсак, жамоатда бир-биримизга далда берамиз.
Жамоат ва сиз
19. Жамоат аъзолари бир-бирига қандай қилиб ёрдам бера олади?
19 «Оғир вақтларда» яшар эканмиз, жамоатдаги имондошлар сизнинг ёрдамингизга, сиз эса уларнинг кўмагига жуда муҳтожсиз (2 Тим. 3:1). Тўғри, имондошларимиз ҳамма вақт ҳам қийинчиликларни қандай енгиш кераклигини билмаслиги мумкин, лекин Аллоҳимиз Яҳова билади. У бошқаларга тўғри йўлдан юришга ёрдам бериш учун имондошларимиздан, шу жумладан сиздан фойдаланади (Ишаё 30:20, 21; 32:1, 2). Шундай экан, Павлуснинг қуйидаги насиҳатига амал қилайлик: «Ҳозир ҳам қилаётганингиздек, бундан кейин ҳам бир-бирингизга далда бериб, ёрдам қилинглар»! (1 Салон. 5:11).
Илтимос тушунтиринг
• Нега жамоатда ўзаро далда беришимиз керак?
• Енгишга ёрдам бериш мумкин бўлган қандай қийинчиликлар бор?
• Нима учун жамоатдагиларнинг мададига муҳтожмиз?
[11- саҳифадаги расм]
Имондошимиз ёрдамга муҳтож бўлса, уни албатта қўллаб-қувватлайлик
[12- саҳифадаги расм]
Азиз ёшларимиз хизматни кенгайтириш учун кўп имкониятларга эга