Нега Аллоҳга топиниш учун бирга йиғилишимиз керак?
Бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик... Йиғилишларимизни қолдирмайлик. ИБРОН. 10:24, 25
1–3. а) Қандай қилиб масиҳийлар биргаликда йиғилиш учун жон куйдиришаётганини кўрсатиб келишяпти? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?
КАРИНА атиги 17 яшар бўлганида, онаси ҳибсга олиниб, Совет давридаги ахлоқ тузатиш-меҳнат лагерига юборилган эди. Кейинчалик Каринани ҳам Сибирга, уйидан минглаб километр узоққа сургун қилишди. Унга қул каби муносабатда бўлиб, уни енгилгина кийимда қаҳратон совуқда баъзан ташқарида ишлашга мажбурлашарди. Шундай оғир шароитларга қарамай, Карина ва бошқа имондошимиз жамоат йиғилишларини қолдирмасликка қарор қилишганди.
2 Карина шундай сўзлаб берди: «Биз кечки пайт иш жойимиздан чиқиб, 25 км нарида жойлашган темир йўл станциясигача яёв борардик. Поезд кечаси 2 да жўнарди ва биз унда 6 соат юриб, йиғиладиган жойимизгача яна 10 км пиёда кетардик». Бундай хатти-ҳаракатлар арзигуликмиди? Карина шундай дейди: «Биз йиғилишда “Қўриқчи минораси” журналини тадқиқ қилиб, ҳамду сано қўшиқларини куйлардик. Бу бизга ниҳоятда далда бериб, имонимизни мустаҳкамларди». Гарчи улар ишга уч кундан кейин қайтиб келишса ҳам, ферманинг бошлиғи улар кетишганини ҳатто пайқамасди.
3 Яҳованинг халқи биргаликда йиғилиб туришни доим қадрлаб келган. Масалан, илк масиҳийлар Яҳовага топиниш ва У ҳақда билим олиш учун жамулжам бўлиб йиғилишарди. (Ҳавор. 2:42) Эҳтимол, сиз ҳам жамоат учрашувларини қолдирмасликка интилаётгандирсиз. Лекин ҳар бир масиҳийнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Мисол учун, дунёвий иш, тиғиз график ёки кундалик ташвишлари сабабли пайдо бўлган чарчоқ йиғилишларга боришда қийинчилик туғдириши мумкин. Шундай экан, қийинчиликларни енгиб, жамоат учрашувларини қолдирмаслик учун қўлимиздан келганини қилишга бизга нима туртки бўла олади?a Муқаддас Китобни ўрганаётган кишилар ва бошқалар йиғилишларга мунтазам қатнаш муҳим эканини кўришларига қандай ёрдам бера оламиз? Ушбу мақолада биз топиниш учун биргаликда йиғилиш муҳим эканининг саккизта сабабини кўриб чиқиб, йиғилишларга боришимиз қай йўсин ўзимизга, бошқаларга ва Яҳовага таъсир қилишини ўрганамиз.b
ЙИҒИЛИШЛАРГА БОРИШ БИЗГА ҚАНДАЙ ТАЪСИР ҚИЛАДИ?
4. Қай йўсин йиғилишларимиз бизга Яҳова ҳақида таълим олишга ёрдам беради?
4 Йиғилишларда таълим оламиз. Ҳар бир жамоат учрашувида биз Аллоҳимиз Яҳова ҳақида билим оламиз. Масалан, «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар» номли китобни жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқида муҳокама қилганимизда, Яҳованинг фазилатларини ўрганиш ва имондошларимизнинг чин юракдан берган шарҳлари Унга бўлган севгимизни мустаҳкамлагани шубҳасиздир. Шунингдек, нутқларга, намойишларга ҳамда Муқаддас Китоб мутолаасига диққатли бўлиб, Аллоҳнинг Каломини янада чуқурроқ ўрганамиз. (Нахим. 8:8) Мисол учун, ҳар ҳафта диққатга сазовор оятларга тайёргарлик кўриб ва учрашувнинг бу қисмида айтиладиган фикрларни тинглаб, қанча маънавий хазиналар топиб олишимиз мумкинлиги ҳақида бир ўйлаб кўринг-а!
5. Қандай қилиб учрашувларимиз Муқаддас Китобдан ўрганганларимизни қўллашга ҳамда ваъз қилиш маҳоратини оширишга кўмаклашади?
5 Йиғилишларда биз Муқаддас Китобдаги принципларни ҳаётимизнинг турли соҳаларида қўллашни ўрганамиз. (1 Салон. 4:9, 10) Масалан, «Қўриқчи минораси» журналидаги мақолалар Яҳова Шоҳидларининг эҳтиёжларига мослаштирилган. Ушбу мақолаларнинг муҳокамаси сизни ҳам мақсадларингизни кўриб чиқишга, имондошингизни кечиришга ёки ибодатларингизнинг сифатини яхшилашга ундагандир. «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашуви эса бизни хизматга тайёрлайди. У ерда биз хушхабарни ваъз қилишни ва Муқаддас Китобдаги принципларни самарали қўллашни ўрганамиз. (Мат. 28:19, 20)
6. Қай тарзда жамоат учрашувлари бизга далда ва куч бахш этади?
6 Йиғилишларимиз бизга далда беради. Бу дунё бизни ақлан, ҳиссан ва маънан сусайтириши мумкин. Жамоат учрашувлари эса, аксинча, бизга далда ва куч бахш этади. (Ҳаворийлар 15:30–32 ни ўқинг.) Аксарият йиғилишларимизда биз Муқаддас Китобдаги башоратларнинг амалга ошишини кўриб чиқамиз. Натижада, Яҳованинг келажакка нисбатан ваъдалари албатта бажарилишига ишончимиз комил бўлади. Шак-шубҳасизки, имондошларимиз нафақат саҳнада туриб гапирганда, балки шарҳ бериб, ҳамду сано қўшиқларини сидқидилдан куйлаганда ҳам далда беришади. (1 Кор. 14:26) Имондошларимиз билан йиғилишдан олдин ва кейин суҳбатлашганимизда эса, бизга чин юракдан қайғурадиган кўплаб дўстларимиз борлигидан кўнглимиз тоғдек кўтарилади. (1 Кор. 16:17, 18)
7. Нега йиғилишларни қолдирмаслик шунчалик муҳим?
7 Йиғилишларда муқаддас руҳга эга бўламиз. Исо Масиҳ: «Муқаддас руҳ жамоатларга нима деяётганини қулоғи борлар эшитсин»,— деб айтган. (Ваҳ. 2:7) Дарҳақиқат, Исо масиҳийлар жамоатини муқаддас руҳ ёрдамида бошқаради. Биз муқаддас руҳга муҳтожмиз, чунки у бизга васвасаларга қарши туришга, жасоратли бўлишга, ваъз қилишга ва доно қарорлар чиқаришга кўмаклашади. Шу боис, йиғилишларни қолдирмаслик ва Худонинг муқаддас руҳига эга бўлиш учун қўлимиздан келганини қилишимиз даркор.
ЙИҒИЛИШЛАРГА БОРИШИМИЗ БОШҚАЛАРГА ҚАНДАЙ ТАЪСИР ҚИЛАДИ?
8. Йиғилишларда бўлганимиз, шарҳ бериб, ҳамду сано қўшиқларни куйлаганимиз бошқаларга қандай таъсир қилади? (Шунингдек, «У йиғилишдан кейин доим ўзини яхшироқ ҳис қилади» номли рамкага қ.)
8 Йиғилишлар имондошларимизга севгимизни намоён этиш имкониятини беради. Жамоатингиздаги айрим биродару опа-сингиллар бошдан кечираётган қийинчиликлар ҳақида чуқур мулоҳаза юритиб кўринг. Ҳаворий Павлус: «Бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик»,— деб бежизга айтмаган. У тушунтирганидек, агар «йиғилишларимизни қолдирмасак», бир-биримиз ҳақимизда ўйлаётганимизни кўрсатган бўламиз. (Иброн. 10:24, 25) Жамоат учрашувларига борганимизда, имондошларимизга вақт ажратиб, уларни диққатимиз ва ғамхўрлигимизга лойиқ деб ҳисоблашимизни намоён этамиз. Бундан ташқари, самимий шарҳлар бериб ва ҳамду сано қўшиқларни куйлаб, бошқаларга далда берган бўламиз. (Колос. 3:16)
9, 10. а) Юҳанно 10:16 даги Исонинг сўзларига кўра, имондошларимиз билан йиғилиш нега муҳим эканини тушунтиринг. б) Жамоат учрашувларини қолдирмасак, оила аъзолари воз кечган имондошларимизга қандай ёрдам бера оламиз?
9 Йиғилишлар бизни имондошларимиз билан бирлаштиради. (Юҳанно 10:16 ни ўқинг.) Исо ўзини чўпон, издошларини эса сурув билан солиштирган. Тасаввур қилинг, иккита қўй тепаликда, бошқа иккитаси эса далада ва яна биттаси аллақаерда юрибди. Сиз бу бешта қўйни бир сурув, деб айтган бўлармидингиз? Йўқ. Сабаби, сурувдаги қўйлар бирга юриб, чўпонига эргашишади. Шунга ўхшаб, агар биз ўзимизни четга олиб юрсак, Чўпонимизга эргаша олмаймиз. «Бир чўпон»га эргашадиган «бир сурув» бўлиш учун, биргаликда йиғилиб туришимиз лозим.
10 Йиғилишларга борганимизда, биз биродарлигимизнинг якдиллигига ҳисса қўшган бўламиз. (Заб. 132:1) Баъзи имондошларимизнинг ота-онаси ҳамда ака-ука ва опа-сингиллари улардан воз кечишган. Аммо Исо уларга ғамхўрлик қиладиган ва уларни севадиган маънавий оила беришни ваъда қилган. (Марк 10:29, 30) Агар жамоат учрашувларини қолдирмасангиз, бундай имондошларимиз учун ота, она, ака, ука, опа ёки сингил каби бўла оласиз. Буни билиш бизни йиғилишларга мунтазам келиш учун қўлимиздан келганини қилишга ундайди, шундай эмасми?!
ЙИҒИЛИШЛАРГА БОРИШИМИЗ ЯҲОВАГА ҚАНДАЙ ТАЪСИР ҚИЛАДИ?
11. Йиғилишларга борганда, қайси маънода Яҳовага тегишлисини берган бўламиз?
11 Йиғилишларга борганимизда, Яҳовага тегишлисини берган бўламиз. Яҳова Яратувчимиз бўлгани боис, ҳамду сано, шон-шуҳрат, шукрона ва шарафга лойиқдир. (Ваҳий 7:12 ни ўқинг.) Жамоат учрашувларида ибодат қилганимизда, ҳамду сано қўшиқларини куйлаганимизда ва Яҳова ҳақида гапирганимизда, Унга топинамиз, яъни Унга тегишлисини берган бўламиз. Шундай экан, келинг, бизга шунча яхшиликлар қилаётган Парвардигоримизни шарафлаш имкониятини қўлдан бой бермайлик!
12. Йиғилишларни қолдирмаслик борасидаги Яҳованинг амрига қулоқ солганимизда, У нимани ҳис қилади?
12 Яҳова, шунингдек, Унга итоатли бўлишимизга ҳам лойиқдир. У бизга, айниқса ушбу охирги кунларда, йиғилишларимизни қолдирмасликни амр этган. Шу амрга тайёрлик ила бўйсунсак, Яҳовани мамнун қиламиз. (1 Юҳан. 3:22) Ҳар бир жамоат учрашувига бориш учун қилган ҳаракатларимиз Худонинг назаридан четда қолмайди ва У буни ўта қадрлайди. (Иброн. 6:10)
13, 14. Қай йўсин йиғилишларимиз бизни Яҳова ҳамда Исога яқинлаштиради?
13 Йиғилишларга борганимизда, Яҳова ҳамда Унинг Ўғлига яқинроқ бўлишни истаётганимизни кўрсатамиз. Жамоат учрашувларида буюк Устозимиз бизга Ўз Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб орқали йўл-йўриқ беради. (Ишаё 30:20, 21) Ҳатто йиғилишларимизга келган қизиқувчилар: «Чиндан ҳам Аллоҳ сизлар билан экан»,— деган хулосага келишади. (1 Кор. 14:23–25) Яҳова жамоат учрашувларини муқаддас руҳи орқали бошқаради ва шунинг учун у ерда тақдим этиладиган таълим дастурини Ундан деб биламиз. Қолаверса, йиғилишларимизда Яҳованинг овозини эшитиб, Унинг севгисини ҳис қиламиз. Натижада, Унга янада яқин бўламиз.
14 Исо: «Қаерда икки ёки уч киши менинг номимдан йиғилса, мен ўша ерда уларнинг орасида бўламан»,— деб айтган эди. (Мат. 18:20) Умуман олганда, Исонинг бу сўзлари жамоат учрашувларига тегишли. Жамоатнинг Боши сифатида Масиҳ жамоатларни назорат қилиб туради. (Ваҳ. 1:20–2:1) Яҳова ҳамда Исо йиғилишларда бизни мустаҳкамлашда фаол иштирок этишаётгани ҳақида бир ўйлаб кўринг! Сизнингча, Яҳовага ва Унинг Ўғлига янада яқин бўлмоқчи эканимизни кўриб, Аллоҳимиз нимани ҳис қилади?
15. Нега йиғилишларга боришимиз Аллоҳга бўйсунмоқчи эканимизни кўрсатади, деб айта оламиз?
15 Йиғилишларга борганимизда, Худонинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаётганимизни кўрсатамиз. Гарчи Яҳова йиғилишларга боришни амр этган бўлса-да, У бизни бундай қилишга мажбурламайди. (Ишаё 43:23) Лекин Яҳованинг бу амрига бўйсунсак, Уни севишимизни ва ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаётганимизни намоён этамиз. (Рим. 6:17) Масалан, ишдаги бошлиғимиз бизга кўп иш топширгани учун йиғилишларга мунтазам бора олмаётгандирмиз. Ёки ҳукумат бизга қаршилик кўрсатиб, Худога топиниш мақсадида йиғилаётганимиз учун жарима солиши, ҳибсга олиши ё бундан ҳам баттарроғини қилиши мумкин. Ёхуд йиғилишга боришнинг ўрнига дам олиш васвасаси пайдо бўлиши ҳеч гап эмас. Ушбу вазиятларнинг ҳар бирида биз кимга кўпроқ бўйсуниш танлови олдида турамиз. (Ҳавор. 5:29) Агар биз Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлашни танласак, Унинг қалбини қувонтирган бўламиз. (Ҳик. 27:11)
ЙИҒИЛИШЛАРНИ ҚОЛДИРМАЙЛИК!
16, 17. а) Биринчи асрдаги масиҳийлар йиғилишларга боришни қадрлашганини қаердан биламиз? б) Жорж Гангас жамоат учрашувлари борасида қандай фикр билдирди?
16 Мил. 33 йили Ҳосил байрамида ҳайратомуз мўъжиза юз берганидан кейин ҳам илк масиҳийлар биргаликда йиғилиб туришган. «Улар ҳаворийлардан таълим олишда давом этар, ҳамма нарсаларини ўзаро бўлишар» эди. (Ҳавор. 2:42) Рим ҳукумати ва яҳудий дин раҳбарлари томонидан қаршиликларга дуч келган бу масиҳийлар учун йиғилишларга бориш осон кечмаган. Лекин шунга қарамай, улар йиғилишларни қолдиришмаган.
17 Бугунги кунда Яҳованинг кўплаб хизматчилари жамоат учрашувлари учун миннатдор эканликларини намоён этиб келишяпти. Етакчи кенгашда 22 йилдан зиёд хизмат қилган Жорж Гангас шундай деб бўлишди: «Мен учун имондошларимиз билан йиғилиш — энг қувончли ва далда бахш этувчи дамлардир. Мен Йиғилиш Залига биринчи бўлиб келишни ва имкон борича охиргилар қаторида кетишни яхши кўраман. Худонинг халқи билан суҳбатлашганимда, қувончим ичимга сиғмай кетади. Улар билан бўлганимда, ўзимни ўз оилам орасида, маънавий жаннатда бўлгандек ҳис қиламан». У шундай деб қўшиб қўйди: «Компас доим шимолга кўрсатиб тургандек, менинг ўй-хаёллариму истагим — йиғилишларга боришдир».
18. Сиз йиғилишларимиз ҳақида қандай фикрдасиз ва нима қилишга қатъий қарор қилдингиз?
18 Яҳовага топиниш учун биргаликда йиғилиш борасида сиз ҳам шундай ҳис-туйғуларни бошдан кечирганмисиз? Агар шундай бўлса, ҳатто қийинчиликлар пайтида ҳам йиғилишларга мунтазам бориш учун жон куйдиринг. Шундай йўл тутиб, сиз шоҳ Довуднинг: «Эй Эгам, севаман Сен маскан қилган уйни»,— деган сўзларига қўшилган бўласиз. (Заб. 25:8)
a (3- хатбоши) Баъзи имондошларимиз уларнинг ихтиёрида бўлмаган вазиятлар, чунончи, жиддий касалликлар туфайли йиғилишларга кела олишмайди. Лекин шунга амин бўлишлари мумкинки, Яҳова уларнинг вазиятини тушунади ва Унга чин дилдан топинишаётганини қадрлайди. Бундай хаста имондошларимиз йиғилиш дастурини тинглашлари учун, оқсоқоллар улар билан телефон орқали боғланишни ташкиллаштиришлари ёки дастурни ёзиб беришлари мумкин. Шу тариқа оқсоқоллар уларга маънавий дастурдан фойда олишга кўмаклашган бўлишади.
b (3- хатбоши) «Йиғилишларга бориш учун сабаблар» номли рамкага қ.