17- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Кутилмаган муаммолар пайтида Яҳова сизга кўмаклашади
Одил киши кўп қийинчиликларга дуч келади, аммо Яҳова уларнинг баридан уни халос қилади. ЗАБ. 34:19
44- ҚЎШИҚ Шикаста қалб ноласи
БУ МАҚОЛАДАa
1. Нимага аминмиз?
ЯҲОВАНИНГ хизматчилари сифатида У бизни яхши кўришини ва ҳаётдан завқланиб яшашимизни хоҳлашини биламиз. (Рим. 8:35–39) Шунингдек, Муқаддас Китобдаги принципларни қўллаш доим фойда келтиришига аминмиз. (Ишаё 48:17, 18) Аммо ҳаётимизда кутилмаган муаммолар пайдо бўлса, қандай йўл тутишимиз лозим?
2. Қандай қийинчиликларга дуч келишимиз ва нимадан ташвишланишимиз мумкин?
2 Яҳованинг барча хизматчилари муаммоларга дуч келади. Масалан, қариндошларимиз бизни ранжитар. Жиддий касаллик дастидан хоҳлагандай хизмат қила олмасмиз. Табиий офатлар ҳам бизни четлаб ўтмас. Эътиқодимиз туфайли қувғунларга дуч келармиз. Бундай қийинчиликлар пайтида: «Нега мен билан бу нарса юз берди? Нотўғри йўл тутдимми? Бу Яҳова менга барака бермаётганидан даракми?» — деб ўйлаш ҳеч гап эмас. Сизда ҳам бундай фикрлар туғилганми? Агар туғилган бўлса, руҳингиз тушмасин. Яҳованинг кўп содиқ хизматчилари бундай туйғулар билан курашган. (Заб. 22:1, 2; Хаб. 1:2, 3)
3. Забур 34:19 дан нимани билиб оляпмиз?
3 Забур 34:19 ни ўқинг. Ушбу оятда иккита муҳим фикрга эътибор қаратишимиз мумкин. 1) Одил инсон қийинчиликларга дуч келади. 2) Яҳова бизни қийинчиликлардан халос қилади. У буни қандай қилади? Бунинг бир йўли — Худо бу дунёга нисбатан тўғри муносабатда бўлишга ёрдам беряпти. Яҳова Унга хизмат қилиш бизга қувонч келтиришини ваъда қилаётган бўлса-да, бу умуман муаммоларга дуч келмаслигимизни англатмайди. (Ишаё 66:14) Худо бизни келажакка кўз тикишга ундаяпти. Ўшанда биз У хоҳлагандай ҳаётдан тоабад завқланиб яшаймиз. (2 Кор. 4:16–18) Бу пайт келгунига қадар Яҳова хизматимизни давом эттиришга кўмаклашади. (Марсия 3:22–24)
4. Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?
4 Келинг, Яҳованинг ўтмишдаги ва ҳозирги содиқ хизматчиларидан нималарни ўрганишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик. Тўғри, кутилмаган муаммоларга дуч келишимиз ҳеч гап эмас. Лекин Яҳовага таянсак, У йиқилишимизга асло йўл қўймайди. (Заб. 55:22) Ушбу мисолларни кўриб чиқар эканмиз, ўзингиздан шундай сўранг: «Шу каби вазиятда мен қандай йўл тутардим? Ушбу мисоллар Яҳовага бўлган ишончимни қай йўсин мустаҳкамлаяпти? Улардан қандай сабоқ олсам бўлади?»
ЎТМИШДА
5. Ёқуб Лобон туфайли қандай қийинчиликларга дуч келган? (Муқовадаги расмга қаранг.)
5 Яҳованинг қадимдаги хизматчилари ҳам кутилмаган қийинчиликларга дуч келган. Ёқубнинг мисолини олайлик. Отаси унга художўй қариндоши Лобоннинг қизига уйланишни айтган ва Яҳова баракалар ёғдиришига ишонтирган. (Ибт. 28:1–4) Ёқуб айтилганидай қилган. У Канъон юртини тарк этиб, Лобоннинг уйига борган. Унинг Леах ва Роҳила исмли қизлари бўлган. Ёқуб кенжа қизи Роҳилани севиб қолган ва унга уйланиш учун отасига етти йил ишлаб беришга рози бўлган. (Ибт. 29:18) Аммо Ёқубнинг умиди пучга чиққан. Чунки Лобон уни алдаб, катта қизи Леахни унга хотинликка берган. Бир ҳафта ўтгач эса Роҳилани ҳам унга хотинликка беришини айтган. Бунинг учун у яна етти йил ишлаб бериши керак эди. (Ибт. 29:25–27) Бундан ташқари, Лобон иш масаласида ҳам Ёқубга нисбатан ноҳақлик қилган. Ҳаммаси бўлиб, у Ёқубни 20 йил давомида ишлатган. (Ибт. 31:41, 42)
6. Ёқуб яна қандай муаммоларга дуч келган?
6 Ёқуб бошқа муаммоларга ҳам дуч келган. Унинг оиласи катта бўлган, лекин фарзандлари бир-бири билан доим ҳам келишмаган. Улар ҳатто укаси Юсуфни қулликка сотиб юборишган. Иккита ўғли Шимўн ва Леви эса оиласини шарманда қилиб, Худонинг исмига доғ туширишган. Қолаверса, севикли хотини Роҳила иккинчи фарзандини дунёга келтираётган пайтда ҳаётдан кўз юмган. Кучли очарчилик туфайли эса Ёқуб кекса ёшида Мисрга кўчиб ўтган. (Ибт. 34:30; 35:16–19; 37:28; 45:9–11, 28)
7. Яҳова Ёқубдан мамнун эканини қандай кўрсатган?
7 Ёқуб барча муаммоларига қарамай Яҳовага ва Унинг ваъдаларига бўлган ишончини ҳеч қачон йўқотмаган. Худо Ёқубдан рози эканини кўрсатган. Масалан, Лобон уни кўп алдаган бўлса-да, Яҳова унга моддий томондан барака ато этган. Ёқуб кўп йиллар давомида ўлди деб ўйлаган ўғли Юсуф билан қайта кўришгани учун Яҳовадан жуда миннатдор бўлгани шубҳасиз. Чиндан ҳам у Худо билан яқин дўстлиги туфайли қийинчиликларни муваффақият ила енга олган. (Ибт. 30:43; 32:9, 10; 46:28–30) Биз ҳам Худо билан яқин дўст бўлишга интилсак, кутилмаган муаммоларни муваффақият ила енга оламиз.
8. Шоҳ Довуд нима қилишни хоҳлаган?
8 Шоҳ Довуд Яҳова учун қиламан деб ўйлаган ҳамма ишларни бажара олмаган. Масалан, у маъбад қуришни орзу қилган. Довуд буни Натан пайғамбарга айтган. У эса: «Юрагингизда қандай ниятингиз бўлса, бориб уни амалга оширинг, чунки ҳақ Худо сиз билан»,— деган. (1 Сол. 17:1, 2) Бу сўзлар Довудга далда берган бўлса керак. Ҳойнаҳой, у шу заҳотиёқ бу улкан лойиҳа учун тайёргарлик кўра бошлаган.
9. Довуд нохуш хабарга қандай муносабат билдирган?
9 Бироз вақт ўтгач, Натан пайғамбар нохуш хабар билан қайтган. «Ўша куни кечаси» Яҳова унга маъбадни Довуд эмас, унинг ўғилларидан бири қуришини айтган. (1 Сол. 17:3, 4, 11, 12) Хўш, Довуд бунга қандай муносабат билдирган? У мақсадига ўзгариш киритиб, ўғли Сулаймон бу лойиҳани амалга ошириши учун керак бўладиган пул ва хомашёни йиғишга киришган. (1 Сол. 29:1–5)
10. Яҳова Довудга қандай барака ато этган?
10 Яҳова Довуд маъбадни қура олмаслигини айтганидан кўп ўтмай у билан аҳдлашган. Худо унинг авлодларидан бири абадий бошқаришини ваъда қилган. (2 Шоҳ. 7:16) Янги дунёда Довуд Минг йиллик бошқарув пайтида унинг авлодларидан бири, яъни Исо Шоҳ эканини билишдан жудаям хурсанд бўлишини бир тасаввур қилинг. Ушбу баёнотдан шуни кўришимиз мумкинки, хизматда хоҳлаган барча нарсани қила олмасак-да, Яҳова биз кутмаган бошқа баракасини ёғдира олади.
11. Худонинг Шоҳлиги илк масиҳийлар кутган пайтда келмаган бўлса ҳам, улар нима қилишда давом этишган? (Ҳаворийлар 6:7)
11 Биринчи асрдаги масиҳийлар кутилмаган муаммоларга дуч келишган. Масалан, улар Худонинг Шоҳлиги келишини интиқиб кутишган. Лекин бу қачон юз беришини билишмаган. (Ҳавор. 1:6, 7) Хўш, улар нима қилишган? Улар ваъз қилишни давом эттиришган. Хушхабар кенг тарқалгани сайин улар Яҳованинг баракаларини кўришган. (Ҳаворийлар 6:7 ни ўқинг.)
12. Очарчилик пайтида биринчи асрдаги масиҳийлар нима қилишган?
12 Бир сафар «бутун ер юзида очарчилик» бўлган. (Ҳавор. 11:28) Бу биринчи асрдаги масиҳийларни ҳам четлаб ўтмаган. Озиқ-овқат етишмовчилиги уларга қандай таъсир қилганини тасаввур қила оласизми? Шубҳасизки, оила бошлари уйдагиларини қандай таъминлаш ҳақида хавотирланишган. Хизматини кенгайтирмоқчи бўлган ёшлар-чи? Улар бу мақсадини кейинга қолдириш ҳақида ўйлаганми? Вазият қандай бўлмасин, масиҳийлар мослашишга ҳаракат қилишган. Улар имкон борича ваъз қилиб, ўзида бор нарсаларни Яҳудиядаги имондошлари билан қувонч ила бўлишишган. (Ҳавор. 11:29, 30)
13. Очарчилик пайтида масиҳийлар қандай баракаларга эга бўлишган?
13 Очарчилик пайтида масиҳийлар қандай баракалардан баҳраманд бўлишган? Зарурий ёрдамни олган масиҳийлар Яҳова уларни қўллаб-қувватлаётганини кўришган. (Мат. 6:31–33) Бу уларни ёрдам берган имондошларига янада яқинлаштирган бўлса керак. Хайр-эҳсон қилган ёки бошқа йўл орқали кўмаклашганлар эса беришнинг бахтиёрлигини ҳис қилишган. (Ҳавор. 20:35) Яҳова уларнинг барига барака ато этган. Сабаби, улар ўзгарган вазиятга мослашишган.
14. Барнабо билан Павлус қандай вазиятга дуч келишган ва натижаси қандай бўлган? (Ҳаворийлар 14:21, 22)
14 Биринчи асрдаги масиҳийлар кўп таъқибларга дуч келишган. Эҳтимол, гоҳида бу улар кутмаган пайтда юз берган. Барнабо ва ҳаворий Павлус Листрада ваъз қилганда нима юз берганига диққат қаратайлик. Уларни тинглаган инсонлар аввалига меҳмондўстлик кўрсатишди. Аммо ўша куниёқ душманлар «оломонни қайраб қўйишди» ва уларга меҳмондўстлик кўрсатганларнинг баъзилари Павлусни тошбўрон қилиб, чала ўлик ҳолатга келтиришди. (Ҳавор. 14:19) Бироқ Барнабо ва Павлус бошқа жойларда ваъз қилишни давом эттиришди. Натижада, улар «анча шогирд» тайёрлашди ва сўзларию ўрнаги билан имондошларини мустаҳкамлашди. (Ҳаворийлар 14:21, 22 ни ўқинг.) Дарҳақиқат, Барнабо билан Павлус таслим бўлмагани учун кўп масиҳийлар қаршиликларни енга олган. Биз ҳам таслим бўлмасак, баракалар оламиз.
БИЗНИНГ ДАВРИМИЗДА
15. Биродар Макмилландан қандай ўрнак олишингиз мумкин?
15 1914 йилдан аввал Яҳованинг Шоҳидлари баъзи нарсалар юз беришини интиқиб кутган. Биродар Макмилланнинг мисолига эътибор қаратинг. У ҳам бошқалар каби тез орада самовий мукофотга эга бўламан, деб ўйлаган. 1914 йили сентябрда айтган нутқида у шундай деган: «Ҳойнаҳой бу менинг охирги нутқим». Албаттаки, бу унинг охирги нутқи бўлмаган. Кейинчалик биродар Макмиллан шундай деб ёзган: «Эҳтимол, баъзиларимиз самовий мукофотга эга бўлишга шошилгандирмиз». У гапида давом этиб: «Ҳозир Ҳазратимизнинг иши билан банд бўлишнинг айни пайтидир»,— деб айтган. У ростдан ҳам банд бўлган. Биродаримиз хизматда ғайрат ила иштирок этган. У бетарафлиги туфайли қамоқда ўтирган биродарларга далда бериш шарафига эга бўлган. Бундан ташқари, кексайиб қолганига қарамай биродаримиз мунтазам равишда йиғилишларга борган. Хизмат билан банд бўлиш унга қандай фойда келтирган? У 1966 йили ўлимидан сал олдин: «Ҳозир имоним ҳар қачонгидан ҳам кучли»,— деб ёзган. Ҳар биримиз, айниқса, қийинчиликни узоқ вақтдан бери бошдан ўтказаётганлар унга тақлид қилса арзийди. (Иброн. 13:7)
16. Биродар Женингс хотини билан қандай кутилмаган қийинчиликка дуч келган? (Ёқуб 4:14)
16 Яҳованинг кўп хизматчилари кутилмаган соғлик муаммолари билан курашяпти. Масалан, биродар Херберт Женингсb таржимаи ҳолида хотини билан Ганада тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилиш қувонч келтирганини айтиб берган. Аммо вақт ўтиб, унинг ҳиссий соғлиги ёмонлашган. Биродар Ёқуб 4:14 даги (ўқинг) сўзларни келтириб, янги вазиятини кутилмаган эртанги кунга ўхшатган. У: «Ҳаётга борича қарашимиз керак эди. Ганадаги кўп яқин дўстларимизни ташлаб, Канадага даволаниш учун қайтишимиз кутиларди»,— деган. Ҳа, Яҳова уларни қўллаб-қувватлаб, садоқатли бўлиб қолишга ёрдам берган.
17. Биродар Женингснинг ўрнаги бошқаларга қандай фойда келтирган?
17 Биродар Женингснинг таржимаи ҳолида айтган фикрлари кўпларга фойда келтирган. Масалан, бир опамиз шундай деб ёзган: «Бу мақолани ўқиганимда қаттиқ таъсирландим. [...] Биродаримиз соғлигига ғамхўрлик қилиш учун вазифасини қолдиргани вазиятимга мувозанат ила ёндашишга ёрдам берди». Бир биродаримиз эса қуйидагича ёзган: «Жамоатда ўн йил оқсоқол бўлиб хизмат қилгач, руҳий саломатлигим туфайли бу хизматимни тўхтатишга тўғри келди. Ўзимни муваффақиятсиздай ҳис қилардим. Таржимаи ҳолларни ўқиганда эса баттар тушкунликка тушардим. [...] Лекин биродар Женингснинг бардоши менга тасалли берди». Бундан кўриниб турибдики, кутилмаган муаммоларга дуч келганимизда бошқаларга далда бера оламиз. Ҳатто ҳаётимиз биз кутгандай бўлмаса-да, бошқалар учун имонда ва бардошда тирик намуна бўла оламиз. (1 Бутр. 5:9)
18. Расмда кўрсатилган Нигериядаги бева опамиздан нимани ўрганишингиз мумкин?
18 COVID-19 пандемияси каби фалокатлар Яҳованинг кўп хизматчиларига таъсир қилди. Масалан, Нигериядаги бева опамиз деярли овқатсиз ва пулсиз қолган. Бир куни унинг қизи нонуштага охирги бир пиёла гуручни ейишганидан кейин нима ейишларини сўраган. Опамиз овқати ёки пули қолмаса ҳам зорафатлик бева аёлга тақлид қилишлари кераклигини айтган. Улар охирги нарсаларидан овқат тайёрлаб, Яҳовага тўлиқ таянишган. (3 Шоҳ. 17:8–16) Ўша куни ҳатто тушликка нима ейишларини ўйлашидан аввал имондошлар уларга озиқ-овқат олиб келишган. Опамиз қизига айтган сўзларини Яҳова эшитганидан лол қолган. Ҳа, Худога таянсак, кутилмаган муаммоларга дуч келганда ҳам Унга янада кўпроқ яқинлашамиз. (1 Бутр. 5:6, 7)
19. Алексей Ершов қандай таъқибларга дуч келди?
19 Сўнгги йилларда кўп имондошларимиз кутилмаганда қувғунларга учради. Россиядаги биродаримиз Алексей Ершовнинг мисолига эътибор қаратайлик. У 1994 йили сувга чўмганида, у ерда ваъзгўйлик иши нисбатан эркин эди. Кейинги йилларда эса вазият ўзгарди. 2020 йили унинг уйига бостириб киришди ва кўп нарсаларини мусодара қилишди. Бир неча ой ўтгач, унга қарши жиноят иши қўзғатилди. Энг ёмони шундаки, бир йилча ўзини Муқаддас Китоб билан қизиқаётгандай кўрсатган бир киши тадқиқларидан бирини видеога ёзиб олган эди. Унга қарши чиқарилган айбловлар бу видеога асосланганди. Буни ўтакетган сотқинлик деса бўлади.
20. Алексей биродаримиз Яҳова билан муносабатларини қай йўсин мустаҳкамлаяпти?
20 Алексей биродаримиз таъқибларга дуч келгани яхши самара бердими? Ҳа. У Яҳова билан янада яқинроқ бўлди. У қуйидагича бўлишди: «Хотиним билан бирга кўпроқ ибодат қиладиган бўлдик. Бу вазиятда Яҳованинг кўмагисиз ҳеч нарса қила олмаслигимни тушунаман. Шахсий тадқиқ ёрдамида тушкунликка қарши курашяпман. Қолаверса, ўтмишдаги садоқатли хизматчиларнинг ўрнаги ҳақида мулоҳаза юритяпман. Муқаддас Китобдаги кўп баёнотлардан хотиржамликни сақлаш ва Яҳовага таяниш жуда муҳим эканини кўряпман».
21. Бу мақоладан нималарни билиб олдик?
21 Бу мақоладан нималарни билиб олдик? Ушбу дунёда гоҳида кутилмаган қийинчиликларга дуч келамиз. Шундай бўлса ҳам Яҳовага таянсак, У доим бизни қўллаб-қувватлайди. Очқич оятда айтилганидай, «одил киши кўп қийинчиликларга дуч келади, аммо Яҳова уларнинг баридан уни халос қилади». (Заб. 34:19) Келинг, қийинчиликларга эмас, Яҳованинг куч-қудратига кўз тикайлик. Шунда Павлус каби: «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан»,— дея оламиз. (Филип. 4:13)
38- ҚЎШИҚ У сизни мустаҳкамлайди
a Баъзида кутилмаган муаммолар пайдо бўлса-да, Яҳова бундай пайтда содиқ хизматчиларини қўллаб-қувватлашига аминмиз. У ўтмишдаги хизматчиларига қандай қилиб ёрдам берган? Худо бизни қандай қўллаб-қувватлаяпти? Муқаддас Китобда тилга олинган ва замонамиздаги хизматчиларнинг ҳаётига эътибор қаратиш орқали Яҳова Унга таянган инсонларни қўллаб-қувватлашига бўлган ишончимизни мустаҳкамлай оламиз.