Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади
ХУДОЖЎЙ ота-онасининг тарбиясидан воз кечган кишининг тўғри йўлга қайтишига нима сабаб бўлди? Қандай қилиб бир йигит бир умр соғиниб юрган отасини топган? Марҳамат қилиб, уларнинг ўзлари нималарни айтиб беришганини ўқинг.
«Мен Тангри Яҳовага қайтишим керак эди». ЭЛИ ХАЛИЛ
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1976
МАМЛАКАТИ: КИПР
ЎТМИШДА: ДАРБАДАР ЎҒИЛ
ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ. Мен Кипрда таваллуд топганман, Австралияда эса ўсиб-улғайганман. Ота-онам Яҳованинг Шоҳидлари бўлишгани учун мени Худованд Яҳовага ҳамда Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобга меҳр қўйишга ундашарди. Бироқ, ўсмирлигимданоқ мен исён кўтара бошладим. Мен ўртоқларим билан кўришиш учун тунда яширинча уйдан қочиб кетардим. Биз машиналарни ўғирлаб, бошқа кўп муаммолар орттирардик.
Бошида мен ота-онамнинг кўнглини оғритиб қўйишдан қўрқиб, бу нарсаларни яширинча қилардим. Лекин вақт ўтиб мен бу қўрқувни йўқотдим. Мен, Тангри Яҳовани севмайдиган, ўзимдан анча катта бўлган кишилар билан дўстлашдим. Улар эса менга салбий таъсир қилишарди. Охир-оқибат, мен ота-онамга уларнинг эътиқодларига қўшилишни хоҳламай қолганимни айтдим. Улар сабр ила менга ёрдам беришга қанча уринишмасин, мен рад этардим. Бундан ота-онамнинг бағри қон бўлди.
Уйдан кетиб, мен наркотик моддаларни истеъмол қила бошладим, ҳатто кўп миқдорда марихуана ўстириб сотардим. Мен ахлоқсиз ҳаёт кечириб, тунги клубларда роса айш-ишрат қилиб юрардим. Бундан ташқари, сал нарсага аччиғим чиқадиган бўлиб қолганди. Кимдир менга ёқмайдиган гап айтса ёки ҳаракат қилса, қаттиқ ғазабланардим ва одамларнинг олдида унга бақириб, уриб ташлардим. Хуллас, ота-онам нотўғри деб ўргатган ҳамма нарсани қилдим.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ. Мен биттаси билан дўстлашиб қолдим, у ҳам менга ўхшаган банги эди. У ёшлигида отасидан айрилиб қолганди. Биз у билан тез-тез ярим кечагача гаплашиб ўтирардик. Ўша тунларнинг бирида у менга дилини тўкиб-солди ва отасини қанчалик соғинганини айтиб берди. Мен эса болалигимдан тирилишга бўлган умид ҳақида билардим, шунинг учун унга Исо пайғамбар тўғрисида, яъни унинг марҳумларни тирилтиргани, шунингдек, келажакда ҳам бундай қилмоқчи эканини гапириб бердим (Юҳанно 5:28, 29). «Отангни қайта кўришингни бир тасаввур қилиб кўр-а»,— дедим мен унга. «Ҳаммамиз ер юзида — Жаннатда абадий яшашимиз мумкин». Бу гаплардан ўртоғим жуда таъсирланиб кетди.
Кейинги сафар ўртоғим охирзамон ва уч қиёфали худо тўғрисида гап очди. Мен унинг Муқаддас Китобини олиб, Тангри Яҳова, Исо пайғамбар ҳамда охирзамон борасида ҳақиқат ёзилган турли хил оятларни кўрсатиб бердим (Юҳанно 14:28; 2 Тимўтийга 3:1–5). Мен ўртоғимга Худованд Яҳова ҳақида кўп айтиб берганим сайин, шунча кўп фикри-зикрим Эгам Яҳова тўғрисида эди.
Аста-секин, ота-онам экишга ҳаракат қилган ва қалбимда ухлаб ётган рамзий уруғлар, яъни Муқаддас Китобдаги ҳақиқат уруғлари ўса бошлади. Масалан, баъзида ўтиришда ошналарим билан наша чекардик. Ўшанда тўсатдан хаёлим Худованд Яҳова томон кетиб қоларди. Кўп дўстларим Худони яхши кўришларини таъкидлашарди-ю, хулқ-атвори билан буни кўрсатишмасди. Мен эса уларга ўхшаб қолишни истамасдим, шу боис, бир нарса қилишим кераклигини англадим. Ҳа, мен Тангри Яҳовага қайтишим керак эди.
Нима қилиш кераклигини билиш билан шуни қилишнинг ўртасида катта фарқ борлиги ҳеч кимга сир эмас. Баъзи ўзгаришларни қилиш, мен учун осон кечди. Масалан, мен наркотик моддалардан воз кечдим ва эски ошна-оғайниларим билан алоқани узиб, Яҳова Шоҳидларининг оқсоқоли билан Муқаддас Китобни ўргана бошладим.
Бошқа ўзгаришларни қилиш эса менга қийинроқ бўлди. Айниқса ғазабимни тийиш жуда мушкул эди. Баъзи пайтлари тўғри йўл тутардим, лекин сал ўтиб яна эски ҳолимга қайтардим. Мен ғазабимни назорат қилолмаганимдан ўзимни роса ёмон ҳис этардим. Ҳафсалам пир бўлганда, мен билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган оқсоқолга мурожаат қилардим. Сабрли ва меҳрибон оқсоқол менга доимо зўр тасалли берарди. Бир марта у менга «Қўриқчи минораси» журналидан таслим бўлмаслик тўғрисидаги бир мақолани ўқиб бердиa. Биз у билан бу мақола ёрдамида, ғазабланганимда қандай йўл тутишим кераклигини батафсил кўриб чиқдик. Аста-аста, бу мақоладаги фикрлар ҳамда Яҳовага қилган кўплаб илтижоларим туфайли ўзимни қўлга олишни ўрганиб олдим. Натижада, 2000- йилнинг апрель ойида мен ҳаётимни Худованд Яҳовага бағишлаганимнинг рамзи сифатида сувга чўмдим. Ота-онам нима дейишни билмай қойил қолишди.
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ. Энди баданим наркотик моддалари ва ахлоқсизлик билан булғанмаган, шунинг учун менинг юрагим тинч, виждоним тоза. Нима қилишимдан қатъи назар йиғилишларга қатнайманми, бирон-бир иш ёки кўнгилхушлик қиламанми, ўзимни бахтиёр ҳис этаман. Ҳаётга ижобий қарайдиган бўлдим.
Менга ҳамиша ёрдам беришга ҳаракат қилган ота-онам учун Худованд Яҳовага минг бор раҳмат дейман. Мен шунингдек, Юҳанно 6:44- оятда ёзилган Исонинг сўзлари ҳақида ўйлайман: «Агар мени юборган Отам бировни жалб қилмаса, ҳеч ким олдимга кела олмайди». Тангри Яҳова мени Ўзига жалб қилгани учун, Унга қайта олдим. Буни ўйласам этим жимирлаб кетади.
«Мен отага муҳтож эдим». МАРКО АНТОНИО АЛВАРЭС СОТО
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1977
МАМЛАКАТИ: ЧИЛИ
ЎТМИШДА: ХЭВИ-МЕТАЛ ГУРУҲИНИНГ АЪЗОСИ
ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ. Мен Жанубий Америкадаги Магеллан бўғозида жойлашган Пунта-Аренас номли гўзал шаҳарда таваллуд топганман. Онам мени бир ўзи катта қилган. Беш яшарлигимда ота-онам ажрашишгани сабабли, мен ўзимни ташлаб кетилгандек ҳис қилганман. Шунинг учун мен отага муҳтож эдим.
Онам Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни ўрганарди ва мени Йиғилиш Залида ўтадиган жамоат йиғилишларига олиб борарди. Лекин йиғилишлар менга ёқмасди ва кўпинча у ерда жиним қўзирди. 13 га кирганимда мен йиғилишларга умуман бормай қўйдим.
Ўша пайтга келиб мен мусиқага ишқибоз бўлдим ва истеъдодли мусиқачига айландим. 15 ёшимда мен байрамларда, барларда ва ўтиришларда хэви-метал мусиқасини ижро этардим. Мен машҳур мусиқачилар билан алоқа қилганим учун мумтоз мусиқага қизиқишим уйғонди. Шунда мен маҳаллий консерваторияда мусиқадан дарс ола бошладим. 20 ёшимда мен кўпроқ таълим олиш мақсадида пойтахтимиз Сантьягога кўчиб ўтдим. Мен шунингдек, хэви-метал мусиқасининг гуруҳида ижро этардим.
Бутун ўша вақт давомида ичимда қандайдир бўшлиқ бўлганидан ҳавотирланардим. Бу туйғуларни бостириш учун мен ўз оиламдек кўрган гуруҳдаги ошналарим билан ичкиликка берилиб, наркотик моддаларни истеъмол қилардим. Мен қўзғолончи бўлганман ва бу менинг ташқи кўринишимда акс этарди. Ўшанда мен қорамтир кийим кийиб, соқол қўйиб, сочларимни белимгача ўстирардим.
Биз тез-тез муштлашиб турардик ва бунинг дастидан полиция билан муаммо орттириб олардик. Бир марта маст бўлганимда, ҳадеб менинг ва дўстларимнинг жиғига тегаверган наркотикфурушлар гуруҳига ҳамла қилдим. Улар мени шундай ёмон уришдики, натижада жағим синди.
Аммо энг қаттиқ зарбани менга яқин кишиларим етказди. Бир куни мен, севгилимнинг яқин дўстим билан менга хиёнат қилганини ва ҳамма буни мендан яшираётганини билиб қолдим. Бундан қалбим чилпарчин бўлди.
Кейин мен Пунта-Аренасга қайтдим ва ўша ерда мусиқадан дарс бериб, виолончелчи бўлиб ишлашни бошладим. Бундан ташқари, мен хэви-метал мусиқасининг гуруҳида ижро этардим. Мен Сьюзен исмли ёқимтой қизни учратиб қолдим ва биз бирга яшай бошладик. Орадан вақт ўтиб Сьюзен онасининг уч қиёфали худога ишонишини, мен эса бунга ишонмаслигимни билди. «Унда ҳақиқат нима ўзи?» — деб сўради у мендан. Мен жавобан, уч қиёфали худо тўғрисидаги таълимот сохта эканини билишимни айтдим, лекин Муқаддас Китобдан буни кўрсата олмадим. Аммо мен буни ким кўрсата олишни билардим. Мен унга Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобдан ҳақиқатни кўрсата олишади, деб айтдим. Кейин мен кўп йиллар мобайнида қилмаган ишни қилдим, мен Худодан ёрдам сўраб ибодат қилдим.
Бир неча кундан кейин мен, кўзимга иссиқ кўринган бир кишини учратиб, ундан сиз Яҳованинг Шоҳиди эмасмисиз, деб сўрадим. Гарчи у менинг ташқи кўринишимдан довдираб қолган бўлса-да, Йиғилиш Залидаги учрашувлар борасидаги саволимга мулойимлик ила жавоб берди. Бу, менинг ибодатимга жавоб эканлигига амин бўлдим. Мен Йиғилиш Залига бориб, орқа қаторга, ҳеч кимнинг эътиборини жалб қилмайдиган жойга ўтириб олдим. Бироқ, болалигимдан йиғилишларга қатнаганим учун кўпчилик мени таниб қолди. Улар мени очиқ чеҳра билан қарши олишди. Бу менга шунчалик қаттиқ таъсир қилдики, мен чексиз хотиржамлик ҳис этдим. Мен худди ўз уйимга қайтгандек бўлдим. Кичиклигимда менга Муқаддас Китоб таълимотларини ўргатган кишини кўрганимда, ундан яна мен билан тадқиқ ўтишини сўрадим.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ. Бир куни мен Ҳикматлар 27:11- оятда: «Эй, ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир»,— деган сўзларни ўқидим. Мен, хом сут эмган банда бўлиб туриб Парвардигори Оламни хурсанд қилишим мумкинлигидан лол қолдим. Кейин буни англадим: мен бутун умр излаган Ота — Тангри Яҳова бўлиб чиқди!
Мен самовий Отамга маъқул келиб, Унинг иродасини бажо этишни хоҳлардим, лекин мен кўп йиллар мобайнида наркотик ва ичкиликнинг қули эдим. Шунда мен Матто 6:24- оятда: «Ҳеч ким икки хўжайинга қуллик қилолмайди»,— деб ёзилган Исо пайғамбарнинг таълимотини тўғри тушундим. Ўзгаришлар қилишга уринаётиб, 1 Коринфликларга 15:33- оятда: «Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади»,— деб ёзилган сўзлар тўғри эканига ишонч ҳосил қилдим. Мен эски ошналарим билан алоқани узмасам ва улар билан бўлган жойларга боришни бас қилмасам, ёмон одатларимни ташлай олмаслигимни тан олдим. Муқаддас Китобда очиқ-ойдин маслаҳат берилган: мен, гуноҳ қилишимга сабаб бўладиган ҳар нарсадан воз кечишга қатъий қарор қилишим керак эди (Матто 5:30).
Хэви-метал мусиқасига ишқим кучли бўлгани учун, ундан воз кечиш мен учун энг қийин қарор эди. Лекин жамоатдаги дўстларимнинг ёрдами билан охири мен ундан қутулдим. Шунингдек мен, ичкилик ва наркотик моддалардан озод бўлдим. Бундан ташқари, мен сочларимни қирқиб, соқолимни олиб, нуқул қорамтир кийим кийишни бас қилдим. Мен Сьюзенга сочларимни қирқмоқчилигимни айтганимда, у шунчалик ҳайрон қолдики, ўша Йиғилиш Залида нима иш қилаётганимни билмоқчи бўлди. «Мен Йиғилиш Залида нима бўлаётганини кўриш учун сиз билан бораман!» — деди у. Ўша ерда кўрганлари унга шунчалик ёқиб кетдики, кўп ўтмай ўзи ҳам Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлади. Ниҳоят биз у билан никоҳимизни расмийлаштирдик. 2008- йилда биз ҳаётимизни Тангри Яҳовага бағишлаганимизнинг рамзи сифатида сувга чўмдик. Биз онам билан бирга Худованд Яҳовага хизмат қилаётганимиздан бахтиёрмиз.
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ. Мен бу дунёдаги юзаки бахтиёрлик ва бевафо дўстлардан қутулдим. Менинг ҳали ҳам мусиқага ишқим бор, лекин ҳозир мен ажратадиган бўлиб қолдим. Бошимдан ўтган нарсалардан оила аъзоларим ва бошқалар, айниқса ёшлар фойда олсин дейман. Бу дунё тақдим этаётган нарсаларнинг аксарияти, ёқимли бўлиб кўринса-да, аслида «ахлат» эканини тушуниб етишларини хоҳлайман (Филиппиликларга 3:8).
Мен Яҳова Шоҳидларининг жамоатида содиқ дўстлар орттирдим. Уларнинг орасида чин муҳаббат ва тинчлик ҳукм суради. Энг муҳими эса, Тангри Яҳовага яқинлашиб, охири Отамни топдим.
[Изоҳ]
a «Қўриқчи минораси» журналининг (рус) 2000- йил, 1- февраль сони 4–6- бетлардаги мақолага қаранг.
[13- саҳифадаги матн парчаси]
«Тангри Яҳова мени Ўзига жалб қилгани учун, Унга қайта олдим»