6- ДАРС
Ҳаёт қандай пайдо бўлган?
«Ҳаёт манбаи» Худодир. (Забур 36:9) Бунга ишонасизми? Баъзиларнинг фикрича, ҳаёт ўз-ўзидан пайдо бўлган. Агар бу тўғри бўлса, унда биз тасодиф туфайли пайдо бўлган эканмиз-да?! Лекин ҳаётни Тангри Яҳова яратган бўлса, демак, Унинг нияти бўлган, шундай эмасми?a Ҳаётнинг пайдо бўлгани борасида Муқаддас Китобда нима дейилганини ва нега бунга ишониш мумкинлигининг сабабларини кўриб чиқинг.
1. Коинот қандай пайдо бўлган?
Муқаддас Китобда қуйидагича айтилган: «Бошида Аллоҳ осмон билан ерни яратди». (Ибтидо 1:1) Кўп олимлар коинотнинг боши борлигига қўшилади. Хўш, Аллоҳ уни қай йўсин яратган? Худо муқаддас руҳи, яъни «фаол қудрати»дан фойдаланиб, коинотдаги барча нарсаларни, жумладан, галактикаларни, юлдузларни ва сайёраларни яратган. (Ибтидо 1:2, изоҳ)
2. Худо нега ерни яратган?
Яҳова «Ерни бекорга эмас, инсонлар яшаши учун барпо этган». (Ишаё 45:18) Худо Ер сайёрасини одамлар яшаши учун қулай ва абадий ҳаёт кечира оладиган қилиб яратган. (Ишаё 40:28; 42:5 ни ўқинг.) Илм-фан Ер ўз турида ягона эканини тасдиқламоқда. Ер инсонлар яшаши мумкин бўлган ягона сайёрадир.
3. Одамларни ҳайвонлардан нима ажратиб туради?
Яҳова ерни яратиб бўлгач, унда ҳаётни ҳам яратди. Кейин У ерни ўсимликлар ва ҳайвонлар билан тўлдирди. Сўнг Аллоҳ «одамни Ўзига монанд қилиб яратди». (Ибтидо 1:27 ни ўқинг.) Одамлар нимаси билан ажралиб туради? Биз Худога монанд қилиб яратилган эканмиз, Унинг севги ва адолат каби фазилатларини акс эттиришимиз мумкин. Қолаверса, У бизни тил ўрганиш, гўзал нарсалардан ва мусиқадан завқ олиш қобилияти билан яратган. Шунингдек, ҳайвонлардан фарқли равишда биз Яратувчимизга топинишимиз мумкин.
КЎПРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ
Ҳаёт яратилгани ва Муқаддас Китобдаги яратилиш ҳақидаги баёнотни тасдиқловчи далилларни кўриб чиқинг. Инсондаги қайси фазилатлардан Худо ҳақида билишимиз мумкинлигига диққат қаратинг.
4. Ҳаёт яратилган
Одамлар табиатдан нусха кўчириб ўзига шараф оляпти, лекин аслида табиатдаги нарсалар учун ким шарафга сазовор? ВИДЕОНИ томоша қилинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Одамлар табиатдан нимани кўчириб оляпти?
Ҳар қандай уй кимдир томонидан лойиҳалаштирилади ва қурилади. Лекин табиатдаги барча нарсани ким лойиҳалаштириб, бунёд этган? Ибронийларга 3:4 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Табиатдаги қайси ижодлар сизни ҳайратда қолдиради?
Коинот ва ундаги барча нарсалар яратилганига ишониш оқилонами? Нега?
Биласизми?
Бу мавзу ҳақидаги мақола ва видеоларни jw.org сайтидаги «Тасодифми ёки ижод маҳсулими?» ва «Ҳаёт пайдо бўлгани борасидаги фикрлар» номли туркумлардан топишингиз мумкин.
«Албатта, ҳар қандай уй кимдир томонидан қурилади, борлиқнинг бунёдкори эса Аллоҳдир»
5. Яратилиш тўғрисидаги Муқаддас Китоб баёноти ишончли
Ибтидо китобининг 1- бобида ер ва ундаги ҳаёт қандай пайдо бўлгани тўғрисида айтилган. Бу баёнотга ишонасизми ёки у афсонами? ВИДЕОНИ томоша қилинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Муқаддас Китобга биноан, ер ва ундаги ҳаёт 24 соатдан иборат 6 кун ичида яратилганми?
Сизнингча, Муқаддас Китобдаги яратилиш ҳақидаги баёнот мантиқан тўғрими? Нега?
Ибтидо 1:1 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Олимлар коинотнинг боши борлигини айтяпти. Улар чиқарган хулоса билан ҳозир Муқаддас Китобда ўқиганларингизни қай йўсин солиштирсангиз бўлади?
Баъзи одамлар Худо бор мавжудотни эволюция ёрдамида яратганмикин, деб ўйлаб қолади. Ибтидо 1:21, 25, 27 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Муқаддас Китобга биноан, Худо оддий ҳаёт шаклини яратиб, сўнг у балиқ, ҳайвон ва инсонга айланишига йўл қўйганми ёки У «ўз турига қараб» барча тирик мавжудотларни яратганми?b
6. Одамлар Худонинг ноёб ижоди
Биз Яҳова яратган ҳайвонлардан фарқ қиламиз. Ибтидо 1:26 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Худога монанд қилиб яратилганимиз туфайли кўрсатишимиз мумкин бўлган севги ва меҳр-шафқат Унинг шахсияти борасида нимани очиб бермоқда?
БАЪЗИЛАРНИНГ ФИКРИ: «Яратилиш ҳақидаги Муқаддас Китоб баёноти уйдирма».
Сиз нима деб ўйлайсиз? Нега?
ХУЛОСА
Яҳова коинотни ҳамда барча тирик мавжудотларни яратди.
Такрорлаш
Коинотнинг пайдо бўлгани борасида Муқаддас Китобда нима дейилган?
Худо оддий ҳаёт шаклини яратиб, сўнг у «ўз турига қараб» ҳар хил тирик мавжудотга айланишига йўл қўйганми ёки барчасини Ўзи яратганми?
Одамлар нимаси билан ажралиб туради?
ҚЎШИМЧА МАНБАЛАР
Яратилган нарсаларнинг ортида уларнинг Бунёдкори борлигига диққат қаратинг.
«Табиатдан нимани ўрганса бўлади?» («Уйғонинг!» сентябрь, 2006)
Ота ўғилчасига Муқаддас Китобда яратилган нарсалар ҳақида нима дейилганини қандай тушунтираётганига эътибор беринг.
Қуйидагини билиб олинг: ҳам эволюция, ҳам Муқаддас Китоб тўғри бўлиши мумкинми?
«Ҳаётнинг турли шаклларини яратиш учун Худо эволюциядан фойдаланганми?» (Веб-мақола)
Қадимги қазилмалар ва илм-фан соҳасидаги тадқиқотлар «Ҳаёт яратилганми ёки ўз- ўзидан пайдо бўлганми?» деган саволга қандай жавоб бераётганини кўриб чиқинг.
«Ҳаётнинг келиб чиқиши. Жавоб талаб қилаётган бешта савол» (Рисола)
a 25- дарсда Худонинг инсониятга нисбатан нияти кўриб чиқилади.
b Муқаддас Китобда «ўз турига» деган ибора тирик жонзотларнинг катта гуруҳига ишора қиляпти.