Ер юзида абадий яшашингиз мумкин
НАҚАДАР АЖОЙИБ ИСТИҚБОЛ! Яратувчимиз бизга шу ерда, ер юзида абадий ҳаётни ваъда қиляпти. Бироқ кўпчилик бунга ишонмайди. Улар: «Ҳамма бир кун келиб ўлади. Ўлим ҳаёт қонуни»,— дейишади. Бошқалар эса абадий яшашнинг иложи бор, лекин ер юзида эмас, деб ўйлашади. Уларнинг айтишича, инсон ўлиб, осмонга кўтарилганида абадий яшайди. Сизнинг фикрингиз қанақа?
Бу саволга жавоб беришингиздан аввал, келинг, қуйидаги учта саволга Муқаддас Китобда қандай жавоб борлигини кўриб чиқайлик: Инсон ажойиб яратилгани у қанча умр кўриши кераклиги ҳақида нималарни ошкор этяпти? Худонинг ерга ва инсониятга нисбатан илк нияти қандай бўлган? Ўлим инсоният оиласига қай йўсин кириб келган?
ИНСОННИНГ НОЁБ ТАБИАТИ
Худо ер юзида яшаш учун яратган мавжудотлар ичида инсон ўзгачадир. Нима учун? Муқаддас Китобда айтилишича, фақатгина инсонлар Худога «монанд» ва Унга «ўхшаш» қилиб яратилган. (Ибтидо 1:26, 27) Бу нимани англатади? Инсоният Худога хос бўлган хусусият ва фазилатлар, масалан, севги ва адолат туйғуси билан яратилган.
Бундан ташқари, одамларда ўйлаш ва мулоҳаза қилиш қобилияти бор. Шу билан бирга улар яхшини ёмондан ажрата олишади ва Худони таниб-билишга ҳамда У билан яқин муносабатларни ривожлантиришга интилишади. Бу туфайли биз коинотнинг маҳобатию табиатнинг ажойиботларидан ҳайратланишимиз, шунингдек, санъат, мусиқа ва шеъриятдан баҳра олишимиз мумкин. Энг муҳими эса фақатгина инсонлар Яратувчига топина олишади. Айнан шуниси билан одамлар ер юзидаги бошқа мавжудотлардан кескин фарқ қилишади.
Энди ўйлаб кўринг: агар биз қисқагина умр кўришимиз керак бўлганида, Худо бизни шундай ажойиб фазилатлар ҳамда деярли чексиз ривожлантириш мумкин бўлган қобилиятлар билан яратган бўлармиди? Ҳақиқат шундаки, Худо бизга ушбу ноёб фазилату қобилиятларни ҳаётдан завқланиб, ер юзида абадий яшашимиз учун ато этган.
ХУДОНИНГ ИЛК НИЯТИ
Айримларнинг айтишича, Худо одамларни ер юзида абадий яшаш учун яратмаган. Улар ер бизнинг вақтинчалик уйимиз бўлиб, ким Худо билан осмонда абадий яшашга лойиқ эканини аниқлашга хизмат қиладиган синов майдони, деб таъкидлашади. Бу рост бўлса, Худо дунёдаги барча ёвузликда айбдор бўлиб чиқяптими? Ахир бу Аллоҳнинг шахсиятига бутунлай зид-ку! Чунки Муқаддас Китобда У ҳақида: «Барча йўллари адолатли, асло ноҳақлик қилмайдиган садоқатли Худодир. У одил ва ҳақдир»,— дейилган. (Қонунлар 32:4)
Муқаддас Китобда ёзилган қуйидаги сўзлар Худонинг ерга нисбатан илк ниятини аниқ очиб беряпти: «Самолар Яҳовага тегишли, ерни эса У инсон ўғилларига берган». (Забур 115:16) Ҳа, Худо ерни инсониятнинг гўзал ва доимий уйи бўлиши учун яратган. Қолаверса, биз мазмунли ва абадий ҳаётдан завқланишимиз учун ерда барча керакли шароитларни муҳайё қилган. (Ибтидо 2:8, 9)
«Самолар Яҳовага тегишли, ерни эса У инсон ўғилларига берган». (Забур 115:16)
Муқаддас Китобда Худонинг инсониятга нисбатан нияти ҳам ошкор этилган. У илк жуфтликка: «Ер юзини тўлдириб, тобе қилинглар... ва ер юзидаги барча жонзотлар устидан ҳокимлик қилинглар»,— деб топшириқ берган. (Ибтидо 1:28) Улар жаннатмакон уйларига ишлов бериб, бутун ер юзини шундай боққа айлантириш шарафига эга эди. Ҳақиқатан, Одамато билан Момоҳавони ҳамда уларнинг бўлажак авлодларини осмонда эмас, ер юзида абадий яшаш истиқболи кутаётган эди.
ОДАМЛАР НЕГА ЎЛАДИ?
Унда нега одамлар ўлади? Муқаддас Китобдан шуни билиб оляпмизки, Худо яратган руҳий мавжудотлардан бири, кейинчалик исёнкор сифатида танилган Шайтон Иблис Адан боғида Худо ўрнатган тартибга қарши чиқди. Бу қандай содир бўлди?
Шайтон илк ота-онамиз бўлмиш Одамато билан Момоҳавони Худога қарши исёнга қўшилишга ундади. Шайтон Худога қарши даъво қилиб, У одамларни яхши бир нарсадан, яъни нима яхши ва нима ёмон эканини мустақил ҳал этиш ҳуқуқидан маҳрум қиляпти, деди. Шунда илк ота-онамиз Шайтонга қўшилиб Худодан юз ўгирди. Оқибати қандай бўлди? Худо огоҳлантирганидай, вақт-соати келиб улар ўлишди. Улар жаннатмакон ерда абадий яшаш истиқболини қўлдан бой беришди. (Ибтидо 2:17; 3:1–6; 5:5)
Одамато билан Момоҳаво кўтарган исён одамларга ҳозирги кунгача таъсир қилиб келяпти. Аллоҳ Каломида: «Битта одам [Одамато] дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳ орқали эса ўлим. Шу тариқа ўлим барча инсонларга ўтди»,— дейилган. (Римликларга 5:12) Биз Худонинг олдиндан белгиланган, тушунарсиз «режаси» туфайли эмас, илк ота-онамиздан гуноҳ ва ўлимни мерос қилиб олганимиз учун ўламиз.
ЕР ЮЗИДА АБАДИЙ ЯШАШИНГИЗ МУМКИН
Адан боғида кўтарилган исён Худонинг инсоният ва ерга нисбатан илк ниятини пучга чиқара олмади. Худо мукаммал севги ва адолат соҳиби. Шу боис У бизни мерос қилиб олинган гуноҳ ва ўлим қуллигидан халос этишни истади. Аллоҳнинг хизматчиси бўлмиш Павлус шундай деб тушунтирган: «Гуноҳнинг эвази — ўлим, Худонинг инъоми эса Ҳазратимиз Исо Масиҳ воситасида абадий ҳаётдир». (Римликларга 6:23) Худо бизни қаттиқ яхши кўргани сабабли «ягона Ўғлини [Исо Масиҳни] берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин». (Юҳанно 3:16) Исо тайёрлик ила ўз ҳаётини тўлов қурбонлиги сифатида бериб, Одамато йўқотган барча нарсани қайтардиa.
Тез орада Худонинг ер юзи жаннатга айланиши ҳақидаги ваъдаси амалга ошади. Агар сиз ҳам Исо пайғамбарнинг қуйидаги маслаҳатига қулоқ солсангиз, келажагингиз порлоқ бўлади: «Тор дарвозадан киринглар, сабаби ҳалокатга олиб борадиган дарвоза кенг, йўл эса энлидир. Кўплар шу йўлдан юради. Ҳаётга олиб борадиган дарвоза эса танг ва йўли тордир. Бу йўлни топадиганлар оз». (Матто 7:13, 14) Ҳа, келажагингиз ўз қўлингизда. Хўш, қандай йўл тутасиз?
a Тўлов қурбонлиги шахсан сизга қандай фойда келтириши ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобининг 27- дарсига қаранг. Бу китоб Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган ва уни www.jw.org сайтидан бепул юклаб олишингиз мумкин.