7- БОБ
Аллоҳ каби ҳаётни қадрлаяпсизми?
Ҳаёт манбаи Сендадир. ЗАБУР 36:9
1, 2. Яҳова бизга қандай бебаҳо ҳадя берган?
ЯҲОВА ҳар биримизга ажойиб совға берган. Бу ҳаёт ҳадясидир. (Ибтидо 1:27) У бахтли ҳаёт кечиришимизни истайди. Шунинг учун тўғри қарорлар чиқаришимизга ёрдам берадиган принципларни тақдим этган. «Яхшини ёмондан ажрата» олишимиз учун ушбу принципларни қўллашимиз керак. (Ибронийларга 5:14) Шундай йўл тутсак, Яҳова бизга теран фикрлашни ўргатади. Худонинг принципларини амалда қўллаб, улар ҳаётимизни яхши томонга ўзгартираётганини кўрганимизда, бу принциплар чиндан ҳам бебаҳо эканини англаймиз.
2 Ҳаёт жуда мураккаб. Кўпинча шундай вазиятлар юзага келадики, Муқаддас Китобдан аниқ қонун топа олмаймиз. Мисол учун, қон билан боғлиқ тиббий муолажалар борасида қарор чиқаришимизга тўғри келади. Қай йўсин Яҳовани мамнун қиладиган қарорлар чиқара оламиз? Муқаддас Китобдан Яҳованинг ҳаётга ва қонга нисбатан нуқтаи назарини акс эттирадиган принципларни билиб олишимиз мумкин. Бу принципларни яхши тушунсак, оқилона қарорлар чиқара оламиз ва виждонимизни тоза сақлаймиз. (Ҳикматлар 2:6–11) Келинг, ушбу принципларнинг баъзиларини кўриб чиқайлик.
ХУДОНИНГ ҲАЁТГА ВА ҚОНГА БЎЛГАН НУҚТАИ НАЗАРИ
3, 4. a) Худо қонга нисбатан нуқтаи назарини қандай ошкор этган? б) Қон ниманинг рамзи?
3 Муқаддас Китобдан қон ҳаётнинг рамзи бўлгани учун у муқаддас эканини билиб оляпмиз. Ҳаёт эса Яҳованинг назарида қадрли. Қобил укасини ўлдирганида, Яҳова унга: «Укангнинг қони тупроқдан Менга нола қиляпти»,— деган. (Ибтидо 4:10) Ҳобилнинг қони унинг ҳаёти рамзи эди; Яҳова Ҳобилнинг қони ҳақида гапирганида унинг ҳаётини назарда тутган.
4 Нуҳ давридаги Тўфондан кейин, Худо инсонларга гўшт ейишга рухсат берган. Аммо У: «Этни жони, яъни қони билан еманглар»,— дея алоҳида таъкидлаган. (Ибтидо 9:4) Ушбу амр Нуҳнинг барча авлодларига, жумладан, бизга ҳам тегишли. Хуллас, Яҳованинг назарида қон ҳаётнинг рамзи ҳисобланади. Демак, биз ҳам қонга шундай нуқтаи назарда бўлишимиз керак. (Забур 36:9)
5, 6. Мусонинг Таврот китоби Яҳованинг ҳаётга ва қонга нисбатан нуқтаи назарини қандай очиб беряпти?
5 Яҳова Мусога берган Тавротда шундай деган: «Бирор киши... қандайдир қонни истеъмол қилса, Мен ўша инсондан юз ўгираман ва уни ўз халқи орасидан йўқ қиламан. Зеро, тирик мавжудотнинг жони қондадир». (Левилар 17:10, 11)
6 Мусонинг Таврот китобида айтилишича, бирор киши егулик учун ҳайвонни сўйса, унинг қонини ерга оқизиши керак эди. Бу билан инсон жониворнинг ҳаётини унинг Яратувчиси бўлмиш Яҳовага қайтараётганини кўрсатарди. (Қонунлар 12:16; Ҳизқиё 18:4) Аммо Яҳова исроилликлардан ҳайвоннинг қонини охирги томчисигача оқизишни кутмаган. Улар қонни имкон қадар оқизганидан кейин, гўштни тоза виждон билан ейишлари мумкин эди. Ҳайвоннинг қонига оид амрни бажариб, улар ҳаёт Манбаи Яҳовага ҳурмат кўрсатишган. Бундан ташқари Тавротга биноан, исроилликлар гуноҳларни ювиш мақсадида ҳайвонларни қурбонликка келтириши керак эди. (19- ва 20- иловаларга қаранг.)
7. Довуд Яҳованинг қонга нисбатан нуқтаи назарини ҳурмат қилаётганини қандай кўрсатган?
7 Довуд филистимликлар билан жанг қилаётганида юз берган воқеадан ҳам қон ниҳоятда бебаҳо эканини кўрсак бўлади. Довуднинг одамлари унинг чанқаганини кўриб, душманнинг хавфли ҳудудига боришади ва ўз ҳаётларини хатарга қўйиб унга сув олиб келишади. Сувни Довудга беришганида, у сувни ичмайди ва уни «Яҳованинг олдида ерга тўкади». Довуд шундай дейди: «Ҳаётини хавф остига қўйиб сув олиб келган бу одамларнинг қонини қандай ичаман?! Бундай қилишни ақлимга сиғдира олмайман, эй Яҳова!» Ҳаёт ва қон Худонинг назарида қанчалик қимматбаҳо эканини Довуд тушунган. (2 Шоҳлар 23:15–17)
8, 9. Бугунги кунда масиҳийлар қонга қандай нуқтаи назарда?
8 Илк масиҳийларнинг даврида Худонинг халқидан ҳайвонларни қурбонликка келтириш ортиқ кутилмасди. Шундай бўлса-да, улар қонга нисбатан тўғри нуқтаи назарга эга бўлишлари керак эди. Яҳова масиҳийлардан Тавротнинг фақатгина бир нечта амрига бўйсунишни кутарди. «Қондан... ўзингизни сақланглар» деган амр улардан бири эди. Бу худди зино ёки бутпарастликдан қочиш каби муҳим саналган. (Ҳаворийлар 15:28, 29)
9 Бугунги кунда ҳам шундай. Масиҳий сифатида ҳаётнинг Манбаи Яҳова эканини ва барчанинг ҳаёти Унга тегишли эканини биламиз. Шунингдек, қон муқаддаслигини ва у ҳаётнинг рамзи эканини тушунамиз. Демак, қон билан боғлиқ тиббий муолажалар борасида қарор чиқаришдан олдин Муқаддас Китобдаги принципларни эътиборга оламиз.
ТИББИЁТДА ҚОННИНГ ҚЎЛЛАНИЛИШИ
10, 11. a) Яҳованинг Шоҳидлари қон ва унинг тўртта таркибий қисмлари қуйилишига қандай муносабатда? б) Ҳар бир масиҳий қандай шахсий қарор чиқариши керак?
10 Яҳованинг Шоҳидлари «қондан... ўзингизни сақланглар» деган амр қонни емаслик ва ичмасликдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олишини тушунишади. Бу қон қуйиш, қон бериш ва ўз қонини қайта қуйиш мақсадида сақлашдан қочишни ҳам англатади. Шунингдек, унинг тўртта таркибий қисмларини — қизил қон таначалари (эритроцитлар), оқ қон таначалари (лейкоцитлар), қон пластинкалари (тромбоцитлар) ва плазмани қуйишдан воз кечишни билдиради.
11 Қоннинг ушбу тўртта таркибий қисмларидан майда моддалар олинади. Ҳар бир масиҳий бу майда моддаларни қабул қилиш-қилмаслик борасида қарор чиқариши керак. Бу шунингдек, беморнинг ўз қонини қўллаш билан боғлиқ тиббий муолажаларга ҳам тегишли. Ҳар бир киши жарроҳлик амалиёти, қон таҳлили ёки бошқа тиббий муолажалар пайтида ўз қонидан қандай фойдаланишни ҳал қилиши керак. (21- иловага қаранг.)
12. a) Виждон масаласида чиқарган қарорларимиз Яҳова учун аҳамиятга эгами? б) Қай йўсин тиббий муолажалар борасида оқилона қарорлар чиқара оламиз?
12 Виждон масаласида чиқарган қарорларимиз Яҳова учун аҳамиятга эгами? Албатта. Яҳова ўй-фикрларимиз ва ниятларимиз билан қизиқади. (Ҳикматлар 17:3; 24:12 ни ўқинг.) Шундай экан, тиббий муолажалар билан боғлиқ қарор чиқараётганимизда, Яҳовадан йўл-йўриқ сўраб ибодат қилишимиз, кейин эса даволаниш усули ҳақида изланиш олиб боришимиз керак. Сўнг Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждонимизни ишга солиб қарор чиқарамиз. Бошқалардан: «Менинг вазиятимда бўлганингизда нима қилардингиз?» — деб сўрамаслигимиз керак. Қолаверса, улар қароримизга таъсир ўтказишига йўл қўймаймиз. Зеро ҳар бир масиҳий «ўз аравасини ўзи тортади». (Галатияликларга 6:5; Римликларга 14:12)
ЯҲОВАНИНГ ҚОНУНЛАРИ УНИНГ СЕВГИСИНИ АКС ЭТТИРАДИ
13. Қон ҳақидаги қонунлару принциплардан Яҳова тўғрисида нимани билиб оляпмиз?
13 Яҳова биздан нимаики қилишни сўрамасин, бу фойдамизга хизмат қилади ва Унинг бизга бўлган севгисини кўрсатади. (Забур 19:7–11) Аммо Унинг амрлари бизга фойда келтиргани учунгина Унга қулоқ солмаймиз. Уни севганимиз учун Унга итоат этамиз. Бу севги бизни қон қуйдирмасликка ундайди. (Ҳаворийлар 15:20) Қолаверса, бу соғлигимизни асрайди. Бугунги кунда кўп инсонлар қон қуйиш хавфли эканини билади. Кўпгина шифокорлар ҳам қон қуймасдан жарроҳлик амалиётини ўтказиш беморларнинг соғлигига ижобий таъсир қилишига ишонади. Кўриниб турганидек, Яҳованинг принципларида донолик ва севги акс этган. (Ишаё 55:9 ни ўқинг; Юҳанно 14:21, 23)
14, 15. a) Яҳова халқини ҳимоялаш учун уларга қандай қонунлар берган? б) Қандай қилиб ушбу қонунларнинг негизида ётган принципларни қўллай оласиз?
14 Яҳованинг қонунлари ҳамиша халқининг манфаати йўлида хизмат қилади. Яҳова қадимги исроилликларга бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун қонунлар берган. Масалан, битта қонунга кўра уй эгаси ҳеч ким йиқилиб тушмаслиги учун текис томининг атрофига тўсиқ қуриши керак эди. (Қонунлар 22:8) Бошқа қонун эса ҳайвонларга тегишли бўлган. Борди-ю, бирор кимнинг сузонғич буқаси бўлса, у кимнидир сузиб ўлдириб қўймаслиги учун, эгаси буқага кўз-қулоқ бўлиши керак эди. (Чиқиш 21:28, 29) Агар исроиллик киши мазкур қонунларга риоя этмаса, бировнинг ўлимига сабабчи бўлиши мумкин эди.
15 Юқоридаги қонунлардан ҳаёт Яҳованинг назарида қимматбаҳо эканини кўряпмиз. Буни билиш бизга қандай таъсир қилиши керак? Уйимиз ва машинамизни қандай ҳолатда сақлашимиз, шунингдек, машинани қандай ҳайдашимиз ҳамда қайси ўйин-кулги турини танлашимиз билан ҳаётни қадрлаётганимизни кўрсата оламиз. Баъзи инсонлар, айниқса, ёшлар «ҳеч нима бўлмайди» деб ўйлаб, ҳаётини хавф остига қўйишади ва хатарга бепарво қарашади. Лекин Яҳова ўзимизни бундай тутишимизни истамайди. У ҳам ўзимизнинг, ҳам бошқаларнинг ҳаётини қадрлашимизни кутади. (Воиз 11:9, 10)
16. Худо абортга нисбатан қандай фикрда?
16 Ҳар бир инсоннинг ҳаёти Яҳова учун муҳим аҳамиятга эга. Ҳатто туғилмаган гўдак ҳам Унинг назарида қадрли. Мусонинг Таврот китобига биноан, агар бирор ким билмасдан ҳомиладор аёлга зарар етказиб, оқибатда она ёки бола ўлса, Яҳова бу кишини қотилликда айбдор ҳисоблаган. Ҳатто бу бахтсиз ҳодиса бўлса ҳам, одам ўлдирган киши ўз ҳаёти билан товон тўлаши керак эди. (Чиқиш 21:22, 23 ни ўқинг.) Худонинг назарида ҳатто туғилмаган чақалоқ ҳам тирик жон ҳисобланади. Буни инобатга олсак, сизнингча, Худо абортга нисбатан қандай фикрда? Ҳар йили миллионлаб гўдаклар ўлдирилаётганини кўрганда У нималарни ҳис қилади?
17. Яҳовани таниб-билишидан аввал аборт қилдирган аёлга нима тасалли бериши мумкин?
17 Борди-ю, аёл киши Яҳованинг нуқтаи назарини билишидан олдин аборт қилдирган бўлса-чи? Бу ҳолда Яҳова уни Исонинг тўлов қурбонлиги асосида кечирганига амин бўлиши мумкин. (Луқо 5:32; Эфесликларга 1:7) Аёл киши ўтмишда бундай хатога йўл қўйгани учун чин дилдан тавба қилган бўлса, ўзини айбдор ҳис қилмаса ҳам бўлади. «Яҳова шафқатли ва раҳмдил. [...] Шарқ ғарбдан қанчалик узоқ бўлса, қилмишларимизни биздан шу қадар узоқлаштиради». (Забур 103:8–14)
ЁМОН ФИКРЛАРДАН ҚОЧИНГ
18. Нега ёмон фикрлардан озод бўлиш учун жон куйдиришимиз керак?
18 Худонинг ҳаёт ҳадясини қадрлаш қалбимиздан бошланади. Бу бошқалар ҳақидаги ўй-фикрларимизни ўз ичига олади. Ҳаворий Юҳанно: «Биродаридан нафратланадиган ҳар бир киши қотил»,— деб ёзган. (1 Юҳанно 3:15) Агар кимнидир ёқтирмасак, бу ўзимиз сезмаган ҳолда нафратга айланиши ҳеч гап эмас. Нафрат эса бошқаларга ҳурматсизлик ва туҳмат қилишга, ҳатто уларга ўлим тилашга сабабчи бўлиши мумкин. Яҳова бошқаларга нисбатан қандай туйғуларни ҳис қилаётганимизни кўриб туради. (Левилар 19:16; Қонунлар 19:18–21; Матто 5:22) Мабодо кимдир ҳақида ёмон фикрда эканимизни пайқасак, бу фикрлардан озод бўлиш учун жон куйдиришимиз керак. (Ёқуб 1:14, 15; 4:1–3)
19. Ҳаётни қадрлашимизни кўрсатишнинг яна қандай йўли бор?
19 Ҳаётни қадрлашимизни кўрсатишнинг бошқа йўли ҳам бор. Забур 11:5 дан Яҳова «зўравонликни севадиганлардан нафратланиши» ҳақида билиб оляпмиз. Зўравонликка тўла ўйин-кулги турини танласак, зўравонликни севишимизни кўрсатган бўлмаймизми?! Ахир онгимизни зўравонлик акс этган сўзлар, фикрлар ва расмларга тўлдиришни истамаймиз-ку! Аксинча, онгимизни пок ва тинчлик келтирадиган фикрлар билан банд қилишни хоҳлаймиз. (Филиппиликларга 4:8, 9 ни ўқинг)
ҲАЁТНИ ҚАДРЛАМАЙДИГАНЛАРГА ҚЎШИЛМАНГ
20–22. a) Яҳова Шайтоннинг дунёсига қандай нуқтаи назарда? б) Худонинг халқи бу «дунёга тегишли эмаслигини» қандай кўрсатади?
20 Шайтоннинг дунёси ҳаётни қадрламайди ва Яҳова уни хунрезликда, яъни қотилликда айбдор деб билади. Асрлар мобайнида сиёсий кучлар миллионлаб инсонларнинг, жумладан, Яҳова хизматчиларининг ўлимига сабабчи бўлиб келяпти. Муқаддас Китобда мазкур кучлар ёки ҳукуматлар йиртқич ҳайвон сифатида тасвирланган. (Дониёр 8:3, 4, 20–22; Ваҳий 13:1, 2, 7, 8) Бугунги кунда қурол савдоси гуллаб-яшнаяпти. Одамлар ҳалокат келтирувчи қуролларни сотиб, катта даромад кўришяпти. Ҳа, «бутун дунё Шайтоннинг ҳукмидадир». (1 Юҳанно 5:19)
21 Лекин ҳақиқий масиҳийлар бу «дунёга тегишли эмас». Яҳованинг халқи сиёсат ва урушга аралашмайди. Улар одам ўлдирмагани учун, хунрезликда айбдор ташкилотларни ҳам қўллаб-қувватламайди. (Юҳанно 15:19; 17:16) Масиҳийлар ҳатто таъқибларга дуч келганда ҳам ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармайди. Сабаби Исо душманларимизни ҳам севишимиз кераклигини ўргатган. (Матто 5:44; Римликларга 12:17–21)
22 Динлар ҳам миллионлаб одамларнинг ўлимига сабабчи бўляпти. Сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобил ҳақида Муқаддас Китобда шундай сўзларни ўқиймиз: «Пайғамбарларнинг, муқаддас кишиларнинг ва ер юзида ўлдирилган барчанинг қони ундан топилди». Нега Яҳова: «Эй халқим,.. ундан чиқиб кет!» — деб амр бераётганини тушуняпсизми? Яҳовага топинаётган кишиларнинг сохта динга ҳеч қандай алоқаси бўлмаслиги керак. (Ваҳий 17:6; 18:2, 4, 24)
23. Буюк Бобилдан «чиқиб кетиш» нимани англатади?
23 Буюк Бобилдан «чиқиб кетиш» ҳеч қандай сохта динга тегишли бўлмасликни англатади. Масалан, бирорта диннинг аъзоси бўлсак, унинг аъзолари рўйхатидан исмимиз ўчирилишини сўрашимиз керак. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Шунингдек, сохта дин қилаётган ёмон ишлардан нафратланиб, уларни рад этишимиз керак. Сохта дин ахлоқсизлик, сиёсатга аралашиш ва очкўзликка йўл қўйяпти ҳамда уларни олға суряпти. (Забур 97:10 ни ўқинг; Ваҳий 18:7, 9, 11–17) Бу туфайли кўп йиллардан буён миллионлаб инсонлар ўз ҳаётини йўқотмоқда.
24, 25. Қандай қилиб Яҳовани таниб-билганимиз тинчликка ва тоза виждонга эга бўлишимизга кўмаклашади?
24 Яҳовани таниб-билишдан олдин, барчамиз қайсидир жиҳатдан Шайтоннинг дунёси қилаётган ёмон ишларни қўллаб-қувватлаганмиз. Аммо ҳозир ўзгардик. Тўлов қурбонлигини тан олиб, ҳаётимизни Худога бағишладик. Энди «Яҳованинг Ўзи тетиклик бахш этадиган вақтни келтирганини» кўряпмиз. Яҳовани мамнун қилаётганимизни билганимиз учун, тинчликка ва тоза виждонга эгамиз. (Ҳаворийлар 3:19; Ишаё 1:18)
25 Қачонлардир ҳаётни қадрламайдиган ташкилот аъзоси бўлган бўлсак ҳам, Яҳова тўлов қурбонлиги асосида бизни кечиради. Яҳованинг ҳаёт ҳадяси учун ниҳоятда миннатдормиз. Ўз миннатдорчилигимизни кўрсатишнинг аъло йўли — бошқалар Яҳова ҳақида билим олишига, Шайтоннинг дунёсидан чиқишига ва Худо билан дўстона муносабатлардан завқ олишига ёрдамлашишдир. (2 Коринфликларга 6:1, 2)
БОШҚАЛАРГА ШОҲЛИК ҲАҚИДА АЙТИНГ
26–28. a) Яҳова Ҳизқиёга қандай махсус вазифа берган? б) Бизга-чи?
26 Қадимги Исроилда Яҳова Ўзининг пайғамбари Ҳизқиёга халқни Қуддус вайрон қилиниши ҳақида огоҳлантириб, нажот топиш учун нима қилиш кераклигини уларга ўргатиш вазифасини топширган. Агар Ҳизқиё халқни огоҳлантирмаганида эди, Яҳова инсонларнинг ҳаёти учун уни жавобгарликка тортарди. (Ҳизқиё 33:7–9) Ҳизқиё муҳим хабарни етказиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилиб, ҳаётни қадрлашини кўрсатган.
27 Яҳова бизга яқинда Шайтоннинг дунёси йўқ қилиниши ҳақида одамларни огоҳлантириш вазифасини топширган. Шунингдек, одамларга Яҳовани яқиндан билиб олишга ва янги дунёга ўтишга ёрдам беришимиз керак. (Ишаё 61:2; Матто 24:14) Ушбу хабарни бошқаларга айтиш учун жон куйдиришни хоҳлаймиз. Биз ҳам Павлус каби мана бу сўзларни айтишни истардик: «Мен бирон-бир инсоннинг қони тўкилишида айбдор эмаслигимга бугун гувоҳ бўлишингизни истайман. Зеро мен Тангрининг иродасини сизларга етказишдан бош тортмаганман». (Ҳаворийлар 20:26, 27)
28 Ҳаётимизнинг бошқа соҳаларида ҳам пок бўлишимиз зарур. Келинг, улардан баъзиларини навбатдаги бобда кўриб чиқайлик.