«Қонунингни мен қанчалик севаман»
«Қонунингни мен қанчалик севаман, кун бўйи у фикр-хаёлимда менинг» (ЗАБУР 118:97).
1, 2. а) Забур 118-саносининг бастакори қандай синовларга дуч келган? б) Бундай вазиятда у қандай йўл тутган ва нега?
ЗАБУР 118-саносининг бастакори оғир синовларга дуч келган. Худо қонунини тан олмаган такаббур одамлар унинг душмани бўлиб қолишди. Улар масхара қилиб унга туҳмат қилишган. Беклар ҳам уни ғийбат қилиб, ҳатто қувғин қилишган. Унинг атрофида нопок кишилар бўлиб, ҳаёти хавф остида бўлган. Ғам-ғуссадан кўзига уйқу келмас эди (Забур 118:9, 23, 28, 51, 61, 69, 85, 87, 161). Шунга қарамасдан у қуйидагини куйлаган: «Қонунингни мен қанчалик севаман, кун бўйи у фикр-хаёлимда менинг» (Забур 118:97).
2 Эҳтимол ўзингизга савол берарсиз: қандай қилиб Худонинг қонуни санолар бастакори учун тасалли манбаи бўлган? У Яҳованинг нигоҳида қадрли эканига ишонган ва бу унга мадад берган. Қонунни Худо одам манфаати учун берганини сано бастакори билган ва бу уни қийинчиликларга қарамасдан бахтиёр қилган. У, Яҳова унга доимо яхши муносабатда бўлганига ишонч ҳосил қилган. Бундан ташқари, Худо қонунига амал қилиб у душманларидан ҳам доно бўлди ва ўз ҳаётини сақлаб қолди. Қонунга бўйсунгани учун унинг виждони пок, ўзи эса хотиржам эди (Забур 118:1, 9, 65, 93, 98, 165).
3. Нега Худонинг ҳозирги хизматчиларига Унинг меъёрлари бўйича яшаш осон эмас?
3 Худонинг ҳозирги баъзи хизматчилари ҳам, кучли имон синовларини бошидан кечиришади. Эҳтимол сано бастакори сингари ҳаётимиз ўлим хавфи остида бўлмаса-да, биз «оғир вақтлар»да яшаяпмиз. Атрофимиздаги кўпгина одамлар маънавий қадриятларга бефарқ бўлиб, фикр-хаёллари фақатгина ўзига ва моддий манфаатларига қаратилган. Бундай одамлар мағрур бўлиб, андишасизлиги билан ажралиб туради (2 Тимўтийга 3:1—5). Ёш имондошларимизга эса ахлоқий поклиги учун доимо кураш олиб боришига тўғри келади. Бундай одамлар орасида яшаб, Яҳова Таолони ва яхшиликни севиш осон эмас. Ўзимизни қандай ҳимоялашимиз мумкин?
4. Сано бастакори Худо қонунини қадрлаганини қандай кўрсатди ва Яҳованинг Шоҳидлари бундай йўл тутишлари керакми?
4 Сано бастакори Худонинг қонунини ўқишга ва мулоҳаза юритишга бажонидил вақт ажратгани туфайли, қийинчиликларни енга олар эди. Шундай қилиб у Худонинг қонунига севгисини ўстирди. Чиндан ҳам Забур 118-саносининг ҳар бир оятида Яҳова қонунининг у ёки бу қирраси эслатиб ўтилади.a Бугун Яҳованинг Шоҳидлари қадимги исроилликларга берилган Таврот қонуни остида яшамайдилар (Колосаликларга 2:14). Бироқ унинг асосидаги қоидалар доимий қадр-қимматга эга. Улар туфайли сано бастакори тасалли топган, шунингдек ҳозирги пайтда ҳам, қийинчиликларга дош бераётган Худонинг хизматчилари тасалли топишлари мумкин.
5. Тавротдаги қандай қонунларни кўриб чиқамиз?
5 Хўш, Таврот қоидалари бизга қандай далда бериши мумкин экан? Келинг, Тавротдаги шаббат, ҳосил йиғиш ва тамагирликдан огоҳлантирувчи қонунларни мисол тариқасида кўриб чиқиб, уларни билиш қанчалик муҳим эканини билиб олайлик. Шунда замонамиз қийинчиликларини енгиш осонроқ бўлади.
Маънавий эҳтиёжлар
6. Одамларда қандай зарурий эҳтиёжлар бор?
6 Одамлар бир қанча зарурий эҳтиёжлар билан яратилган. Масалан соғлом ҳаёт кечириш учун, одамга ейиш, ичиш ва бошпана зарур. Аммо ҳақиқий бахтли ҳаёт кечириш учун, «руҳан камбағал», яъни маънавий эҳтиёжлар ҳақида ғамхўрлик қилиш керак (Матто 5:3). Яҳова бу эҳтиёжни шунчалик муҳим деб билганки, ҳатто халқига ишдан ҳоли бўлиб, маънавий ишларга ҳафтада бир кун вақт ажратишни буюрган эди.
7, 8. а) Худо шаббат куни ва бошқа кунлар ўртасидаги фарқни қандай кўрсатди? б) Шаббат қандай мақсадга хизмат қилар эди?
7 Шаббат, яъни муқаддас дам олиш куни ҳақидаги амр, маънавий ишларнинг муҳимлигини таъкидлар эди. Муқаддас Китобда биринчи марта шаббат сўзи, саҳрода манна пайдо бўлгани ҳақида таърифланганида учрайди. Исроилликларга айтилганидек, олти кун мўъжизавий нонни йиғишлари керак бўлган. Аммо олтинчи куни икки кунга теришлари керак эди, чунки еттинчи куни улар ҳеч нарса билан таъминланмаганлар. Ушбу кун Яҳова Таолонинг муқаддас дам олиш куни бўлиб, ҳеч ким жойидан ҳеч қаёққа чиқмаслиги керак эди (Чиқиш 16:13—30). Амрда айтилишича, шаббат куни ҳеч қандай иш қилмаслик керак эди. Бу кун муқаддас бўлиб, уни бузган кишига ўлим жазоси бериларди (Чиқиш 20:8—11; Саҳрода 15:32—36).
8 Шаббат амри Худованд Яҳова Ўз халқининг жисмоний ва маънавий фаровонлиги ҳақида ғамхўрлик қилаётганини кўрсатар эди. Ҳазрати Исо айтганидай: «Дам олиш куни инсон учун яратилган» (Марк 2:27). Ушбу амр исроилликларга нафақат дам олишга, балки Яратувчисига яқинлашиб ўз севгисини намоён қилиш имкониятини берар эди (Амрлар 5:12). Бу кун фақатгина маънавий ишларга бағишланган бўлиб, оилавий топиниш, ибодат ва Худо қонуни устидан мулоҳаза юритишни ўз ичига оларди. Бундай тадбир исроилликларни барча куч ва вақтларини бойлик йиғишга сарфлашдан ҳимоялар эди. Шаббат, уларнинг ҳаётида Яҳова билан бўлган муносабатлар муҳимлигини эслатарди. Исо алайҳиссалом қуйидаги сўзларни айтиб ушбу қоидани такрорлади: «Тавротда: “Инсон биргина нон билан эмас, балки Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди”, деб ёзилган» (Матто 4:4).
9. Яҳованинг Шоҳидлари шаббат амридан қандай сабоқ олишлари мумкин?
9 Яҳованинг Шоҳидларидан, 24 соатлик дам олиш кунига амал қилиш талаб қилинмайди. Бироқ, бу тадбир бизни нафақат тарихий жиҳатдан қизиқтиради (Колосаликларга 2:16). Бу амр Худо билан бўлган муносабатимизни яхшилаш кераклигини эслатади. Бойлик йиғиш ва кўнгилхушликлар, маънавий ишларни четга суришига йўл кўймаслик керак (Ибронийларга 4:9, 10). Ўзимиздан сўрашимиз мумкин: «Ҳаётимда нима биринчи ўринда туради? Шахсий тадқиқ, ибодат, йиғилишларга қатнаш ва осмон Шоҳлиги ҳақида ваъз қилишга биринчи ўринни ажратяпманми? Ёки бошқа қизиқишлар вақтимни оляптими?» Агар маънавий ишлар биринчи ўринда бўлса, ҳаётимиз учун зарур бўлган нарсаларсиз қолмаслигимизда Яҳованинг Ўзи бизни ишонтирмоқда (Матто 6:24—33).
10. Маънавий ишларга вақт ажратиш қандай фойда келтиради?
10 Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётларни тадқиқ қилиш ва чуқур мулоҳаза юритиш, Яҳовага яқинлашишга ёрдам беради (Ёқуб 4:8). Тахминан 40 йил муқаддам Сузан Муқаддас Китобни мунтазам ўқишга вақт ажратишни бошлаган эди, аммо ўзи тан олаётганидай, бошида ўқишга унча истаги бўлмаган. Тадқиқ унга зерикарли туюларди. Лекин кўпроқ ўқигани сайин, истаги ошиб борарди. Ҳозир эса қандайдир сабабга кўра Муқаддас Китобни ўқишга вақт ажрата олмаса, жуда хафа бўлади. «Яҳовани самовий Ота тимсолида кўришга, менга Муқаддас Китоб ёрдам берди» — деб бўлишди. «Мен Унга ишонишни, таянишни ва ибодатда бемалол мурожаат қилишни ўргандим. Яҳова Ўз хизматчиларини севишини, шахсан менга ғамхўрлик қилиб ёрдам берганини англаш нақадар қувончли!» Дарҳақиқат, маънавий эҳтиёжларни қондириш жуда катта қувонч келтиради!
Худонинг ҳосил йиғиш ҳақида қонуни
11. Ҳосил йиғиш қонунининг моҳияти нимада?
11 Тавротдаги ҳосил йиғиш қонуни Худо Ўз халқининг фаровонлиги ҳақида ғамхўрлик қилаётганини кўрсатади. Яҳова ер эгаларига ўрим-йиғим пайтида далада қолдирилган ҳосилни камбағаллар йиғишига рухсат беришлари кераклигини буюрди. Ер эгалари даласининг энг четигача ўрмаслиги, узумзор ва зайтун дарахтларининг мевасини охиригача териб олмаслиги ва далада эсдан чиқиб қолган ҳосилни олиб келгани қайтиб бормаслиги керак эди. Бундай тадбир орқали камбағал, мусофир, етим ва беваларга меҳр кўрсатилган. Албатта, ҳосилнинг қолдиқларини йиғиш учун кўп меҳнат қилиш керак эди, аммо улар бошқалардан садақа сўраши керак бўлмаган (Левилар 19:9, 10; Амрлар 24:19—22; Забур 36:25).
12. Ҳосил йиғиш қонуни ер эгасига қандай имконият берар эди?
12 Ҳосил йиғиш қонунида, ер эгаси камбағаллар учун қанча ҳосил қолдириши кераклиги айтилмаган. Ер эгаси даласида қанча жойни ўрмай қўйишни ўзи ҳал қилар эди. Бу тадбир ер эгасини сахийликка ўргатиб, унга, ҳосил манбаи бўлган Парвардигорга миннатдорлигини билдириш имконини берар эди, чунки «муҳтожга ёрдам берган» Худони улуғлаган бўлади (Ҳикматлар 14:31). Масалан Боз исмли киши шундай йўл тутган. У, бева бўлиб қолган Рут исмли аёлга унинг даласидан етарлича ҳосил териши учун ғамхўрлик қилди. Яҳова Бозни сахийлиги учун мўл-кўл даражада мукофотлади (Рут 2:15, 16; 4:21, 22; Ҳикматлар 19:17).
13. Қадимги ҳосил йиғиш қонунидан қандай сабоқ оламиз?
13 Ушбу қонуннинг остидаги қоида ўзгармади. Худованд Яҳова хизматчиларидан сахийликни кутади, айниқса муҳтож бўлганларга нисбатан. Қанчалик сахий бўлсак, шу даражада мукофотга эга бўламиз. Ҳазрати Исо: «Бошқаларга беринг, сизларга ҳам қайтади — яхшилаб босилган, силкитилган, тўлиб-тошган ўлчов билан қўйин-қўнжингизга тўкилади. Чунки сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангизлар, худди шундай ўлчов сизларга ҳам татбиқ этилади»,— деб ундаган (Луқо 6:38).
14, 15. Сахийликни қандай намоён қилишимиз мумкин ва бу бизга ҳамда муҳтож кишига қандай фойдаси бор?
14 Ҳаворий Павлус бундай насиҳат берган: «Ҳаммага айниқса, ўзимизнинг аҳли мўминга яхшилик қилаверайлик» (Галатияликларга 6:10). Албатта, биродару опа-сингилларимиз имон синовларини бошидан кечираётганда, уларга маънавий ёрдам бериш муҳим. Эҳтимол уларга амалий ёрдам ҳам керакдир? Масалан, Йиғилиш Залига обориб қўйиш ёки дўкондан озиқ-овқат олиб келиш. Жамоатингизда эса қария, касал ва уйидан чиқа олмайдиганлар борми? Эҳтимол кимдир далда ва ёрдамга муҳтож бўлса-чи? Агар биз эътиборли бўлишга интилсак, Яҳова биз орқали уларнинг ибодатларига жавоб бериши мумкин. Масиҳчиларда бир-бирига ғамхўрлик кўрсатиш мажбурияти бўлса-да, уни бажариш ғамхўрлик кўрсатган кишига ҳам фойда келтиради. Имондошларимизга самимий меҳр кўрсатсак, қувонч ва мамнунлик ҳис қиламиз, ҳамда Яҳованинг розилигига эга бўламиз (Ҳикматлар 15:29).
15 Самимий меҳр кўрсатишнинг яна бир муҳим имконияти — вақт ва кучимизни бошқаларга Худонинг ниятлари ҳақида айтишга сарфлаш (Матто 28:19, 20). Бошқаларга Яҳовага ўз ҳаётини бағишлашга ёрдам берган ҳар бир киши Исо алайҳиссаломнинг: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта»,— деган сўзларининг ҳақлигига амин бўлган (Ҳаворийлар 20:35).
Тамагирликдан огоҳлантириш
16, 17. Тавротдаги асосий ўнта амрнинг охиргиси нимани қоралаган ва нега?
16 Тавротдаги асосий ўнта амрнинг охиргисида тамагирлик қораланиши ҳақида гап кетади. Амрда, киши қўшнисининг уйига ҳавас қилиб, унинг хотинини, қулини ёки чўрисини, ҳўкизини, ёхуд эшагини, унга қарашли бирор нарсани орзу қилмаслиги ҳақида айтилган (Чиқиш 20:17). Одамлар бир-бирининг юрагини кўра олмаслиги сабабли, ушбу амрнинг амалда қўлланилишини кузатиб бўлмас эди. Ҳа, бу амр туфайли Худонинг қонуни одамларникидан юқори қўйилган. Шундай қилиб, ҳар бир исроилликка юрак ниятларини кўрувчи Худованд Яҳова олдида ҳисобот бериши ҳақида эслатиларди (1 Шоҳлар 16:7). Боз устига, ушбу амр кўпгина ғайриқонуний ишларнинг сабабини кўрсатар эди (Ёқуб 1:14).
17 Бу амр, исроилликларни дунёпарастлик, очкўзлик ва ўз ҳаётидан нолишдан узоқлашишга ундаган. Ҳамда у, исроилликларни бирор нарсани ўғирлаш ёки ахлоқсизлик қилиш васвасасидан ҳимоя қиларди. Атрофимизда, бизга ёққан нарсага эга бўлган ёки бизнингча нимададир муваффақиятли кўринадиган кишилар ҳамиша бўлади. Агар бундай вазиятларда фикрлаш тарзимизни назорат қилмасак, қувончдан маҳрум бўлиб, ҳасад қилишни бошлашимиз мумкин. Муқаддас Китоб тамагирликни «бузуқ фикр» маҳсули деб айтади. Яхшиси бундай фикрлаш тарзидан узоқроқ бўлайлик (Римликларга 1:28—30).
18. Ҳозирги дунёда қандай фикрлаш тарзи ҳукмронлик қилмоқда ва у одамларга қандай зарарли таъсир ўтказяпти?
18 Ҳозирги дунёда ҳукмронлик қилаётган фикрлаш тарзи бойлик йиғиш ва рақобатга чорлайди. Кўпинча савдо рекламалари янги нарсаларни сотиб олиш истагини уйғотиб, уларсиз одам бахтсиз бўлади деган фикрни таъкидлайди. Айнан шундай фикрлаш тарзини Яҳованинг қонуни қоралайди. Шуни ҳам оқибатига қарамасдан биринчи бўлиш ва бойиш истаги ҳақида айтиш мумкин. Ҳаворий Павлус огоҳлантирган: «Бойликка интилганлар васваса тузоғига илинадилар, инсонларни балою ҳалокатга йўлиқтирувчи кўп бемаъни ва зарарли ҳавасларга қурбон бўладилар. Ҳар турли ёмонликнинг томири пулпарастликдир. Баъзилар бойликка ружу қўйиб, имондан қайтдилар ва ўзларини кўпгина азобларга дучор қилдилар» (1 Тимўтийга 6:9, 10).
19, 20. а) Яҳованинг қонунларини севганлар учун нима ҳақиқатдан қадрли? б) Кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?
19 Худонинг қонунини севувчи кишилар тамагирликнинг хавфлилигини тушунадилар ва ундан ҳимояланганлар. Масалан, Забур бастакори Яҳова Таолога шундай ибодат қилган: «Юрагимни тамагирликка эмас, Ўз шаҳодатингга мойил қилгин! Минглаб олтину кумушдан афзал биламан Ўз оғзингдан чиққан Қонунинг Сенинг» (Забур 118:36, 72). Бу сўзларнинг ҳақлигига қатъий ишониш дунёпарастлик, очкўзлик ва ўз ҳаётидан нолишдек тузоқлардан узоқлашиб, тўғри нуқтаи назарни сақлашга ёрдам беради. «Художўйлик» мол-дунё йиғишдан кўра каттароқ бойликдир (1 Тимўтийга 6:6).
20 Таврот асосида ётган қоидалар, Худованд Яҳова Исроил халқига берган пайтдагидек, ҳозирги қийин даврда ҳам ўша-ўша қадр-қимматга эга. Ҳаётимизда қонунларни қанча кўпроқ қўлласак, шунча уларнинг фойдасини кўриб севгимиз ортади ҳамда бахтлироқ бўламиз. Қонундан кўпгина фойдали сабоқлар олишимиз мумкин. Фойдалилигининг ёрқин мисолини, Муқаддас Китоб ёзилган пайтда яшаган инсонларнинг қаламга олинган ҳаётидан топамиз. Уларнинг ҳаётидан баъзи лавҳаларни кейинги мақолада кўриб чиқамиз.
[Изоҳлар]
a Ушбу санонинг 176та оятида, тўрттасидан ташқари, Яҳова Таолонинг қонун, амр, ваҳий, буйруқ, йўл, сўз, ҳукм ва низомлари эслатиб ўтилади.
Қандай жавоб берган бўлардингиз?
• Нима учун Забур 118-саносининг бастакори Яҳованинг қонунини севган?
• Яҳованинг Шоҳидлари шаббат амридан қандай сабоқ олишлари мумкин?
• Худонинг ҳосил йиғиш қонуни қандай доимий қадр-қимматга эга?
• Ўнинчи амр бизни қандай ҳимоялайди?
w06-UZ 6/15a
17—23 ИЮЛ Қўшиқлар: 180, 191