13- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Ҳақ топиниш қувончингизга қувонч қўшади
Эй Аллоҳимиз Яҳова, Сен шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга лойиқсан. ВАҲ. 4:11
31- ҚЎШИҚ Аллоҳга ҳамроҳ бўлинг!
БУ МАҚОЛАДАa
1, 2. Қачон Яҳова топинишимиздан мамнун бўлади?
«ТОПИНИШ» сўзини эшитганингизда хаёлингизга нима келади? Эҳтимол, камтарин биродар ухлашдан олдин тиз чўкиб қалбидаги борини Яҳовага тўкиб солиб чин дилдан ибодат қилаётгани келар. Ё бўлмаса, бахтли оила Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётгани гавдаланар.
2 Бу иккала вазиятда ҳам имондошларимизнинг ҳаракати топинишга киради. Хўш, Яҳова уларнинг топинишини қабул қиладими? Агар бу топиниш Яҳованинг ниятига мувофиқ бўлса ҳамда Унга бўлган севги ва ҳурматга асосланса, У буни қабул қилади. Биз Яҳовани қаттиқ севамиз. Биламизки, У топинишимизга лойиқ. Яҳовага бўлган топинишимиз энг сифатлиси бўлишини истаймиз.
3. Мазкур мақолада нималарни кўриб чиқамиз?
3 Мазкур мақолада ўтмишда Яҳовага маъқул келган топиниш тарзини ва бугунги кунда Унга маъқул келадиган топинишнинг саккизта соҳасини кўриб чиқамиз. Бундай қилар эканмиз, шахсан ҳар биримиз топинишимизнинг сифатини қандай яхшилашимиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришимиз мумкин. Шунингдек, ҳақ топиниш нега қувончимизга қувонч қўшиши ҳақида сўз юритамиз.
ҚАДИМДА ЯҲОВА МАЪҚУЛ ДЕБ БИЛГАН ТОПИНИШ
4. Масиҳ келишидан аввал Яҳовага топинган кишилар қай йўсин Унга бўлган ҳурмати ва севгисини кўрсатган?
4 Масиҳ келишидан аввал Ҳобил, Нуҳ, Иброҳим ва Аюб каби садоқатли кишилар Яҳовага бўлган ҳурматини ва севгисини кўрсатган. Қанақасига? Улар Худога итоатли бўлган, Унга ишонган ва қурбонликлар келтирган. Муқаддас Китобда улар айнан қай йўсин топиниши керак бўлгани тўғрисида барча тафсилотлар йўқ. Лекин шуниси аниқки, улар Яҳовани шарафлаш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилган ва У бу хизматчиларининг топинишини маъқуллаган. Яҳова Иброҳимнинг авлодига Мусонинг Қонунини берган. Унда исроилликлар Яҳовага маъқул тарзда топиниши борасида муайян йўл-йўриқлар келтирилганди.
5. Яҳова масиҳийлар Унга қандай топинишини истаган?
5 Исонинг ўлгани ва тирилганидан кейин Яҳова хизматчиларидан Мусонинг Қонунига бўйсунишини кутмайди. (Рим. 10:4) Биринчи асрдаги масиҳийлар янги қонунга, яъни «Масиҳнинг қонунига» бўйсуниши кутиларди. (Галат. 6:2) Улар бу «қонунга» қоидалар рўйхатини ёдлаб, унга амал қилиб эмас, балки Исога эргашиш ва таълимотларига қулоқ солиш орқали бўйсуниши керак эди. Бугунги кунда ҳам худди шундай. Масиҳийлар Яҳовани мамнун этиш ва жонлари «роҳат топиши» учун Масиҳнинг изидан юришга жон куйдиради. (Мат. 11:29)
6. Қай йўсин бу мақоладан фойда олишимиз мумкин?
6 Топинишимизнинг ҳар бир соҳасини кўриб чиқар эканмиз, ўзингиздан: «Бу борада қандай ютуқларга эришдим?» — деб сўранг. Бундан ташқари, ўзингизга қуйидаги саволни бериб кўрсангиз бўлади: «Топинишимнинг сифатини яхшилай оламанми?» Қандайдир ютуққа эришган бўлсангиз, бундан хурсанд бўлишингиз керак. Шу билан бирга қайсидир соҳада яхшиланишингиз кераклигини тушунсангиз, бу ҳақида ибодат ила фикр юритинг.
ТОПИНИШИМИЗГА НИМАЛАР КИРАДИ?
7. Чин дилдан қилган ибодатларимизга Яҳова қандай қарайди?
7 Ибодат қилиб Яҳовага топинамиз. Муқаддас Ёзувларда ибодатларимиз пухта тайёрланган тутатқи билан солиштирилган. Бундай тутатқилар муқаддас чодирда, кейинчалик эса маъбадда келтирилган. (Заб. 141:2) Тутатқи ўзидан хушбўй ҳид таратган ва бу Яҳовага ёқимли бўлган. Ибодатларимиз ҳам чин дилдан чиқса, ҳатто сўзларимиз оддий бўлсин, Яҳовага «ёқимлидир». (Ҳик. 15:8; Қонун. 33:10) Ибодатларимизда Яҳовага бўлган севги ва ҳурмат акс этса, У бундан хурсанд бўлади. Яҳова ниятларимизу истакларимизни Унга айтишимизни истайди. Унга ибодат қилишдан олдин нималар айтишингиз борасида яхшилаб ўйлаб кўрсангиз, мақсадга мувофиқ бўларди. Бундай қилиб, самовий Отангизга энг яхши «тутатқи» келтирган бўласиз.
8. Яҳовани мадҳ этиш учун қандай ажойиб имкониятимиз бор?
8 Яҳовани мадҳ этиб Унга топинамиз. (Заб. 34:1) Яҳованинг гўзал фазилатларию ишларини қанчалик яхши кўришимиз тўғрисида бошқаларга айтиб Уни мадҳ этамиз. Қалбимиз миннатдорчиликка тўлиб-тошса, У мақтовлар сарчашмасига айланади. Яҳованинг ҳиммати — У биз учун қилган барча яхшиликлари ҳақида ўйлашга вақт ажратсак, Уни мадҳ этиш учун доим сабаб топа оламиз. Айниқса, ваъзгўйлик фаолияти Аллоҳга «ҳамду сано қурбонлигини, яъни... оғзимиздан чиққан сўзларни бахшида этиш» учун яхши имкониятдир. (Иброн. 13:15) Ибодат қилишдан аввал нима дейишимиз тўғрисида яхшилаб ўйлаб кўришимиз керак бўлганидай, хизматда Яҳова тўғрисида нима айтмоқчи эканимиз борасида ҳам чуқур ўйлаб кўришимиз лозим. «Ҳамду сано қурбонлигимиз» энг аълоси бўлишини истаймиз. Ҳақиқат билан бўлишганимизда, чин қалбдан гапиришни хоҳлаймиз.
9. Қадимги исроилликлар каби бирга йиғилишдан қандай фойда оляпмиз? Ўз мисолингиз билан бўлишинг.
9 Йиғилишларга бориб Яҳовага топинамиз. «Йилига уч марта... барча эркакларингиз Аллоҳингиз Яҳованинг ҳузурида туриш учун, У танлаган жойга боришсин». (Қонун. 16:16) Улар уй ва экинзорларини қаровсиз қолдириб кетишига тўғри келарди. Лекин Яҳова уларга шундай ваъда берган: «Тангрингиз Яҳова ҳузурига келганингизда, ҳеч ким сизларнинг юртингизни эгаллашни ният қилмайди». (Чиқ. 34:24) Худотарс исроилликлар Яҳовага тўлиқ таяниб, ҳар йили бўлиб ўтган байрамларга борган. Шу сабабли, улар ажойиб баракаларга эга бўлган. Масалан, улар Худонинг Қонуни тўғрисидаги тушунчасини кенгайтирган. Яҳованинг ҳиммати устида мулоҳаза юритган ва имондошлари билан далдали суҳбатлардан завқ олган. (Қонун. 16:15) Биз ҳам йиғилишларга бориш учун фидойиликлар қилсак, шунга ўхшаш баракаларга эга бўламиз. Бир ўйлаб кўринг: йиғилишларга тайёргарлик кўриб, қисқа ва маъноли шарҳлар берганингизда, Яҳова жуда мамнун бўлади.
10. Қўшиқ куйлаш нега топинишимизнинг муҳим қисми, деб айтсак бўлади?
10 Қўшиқ куйлаб Яҳовага топинамиз. (Заб. 28:7) Исроилликлар қўшиқлар куйлашни топинишнинг муҳим қисми деб билган. Масалан, шоҳ Довуд маъбадда 288 та левини қўшиқчилар сифатида тайинлаган. (1 Сол. 25:1, 6–8) Ҳозир ҳам Аллоҳга бўлган севгимизни ҳамду сано қўшиқларини куйлаганимизда кўрсата оламиз. Бунинг учун зўр қўшиқчи бўлиш шарт эмас. Бир фикрга эътибор қаратайлик. Гапирганимизда «барчамиз тез-тез хато қилиб турамиз». Бироқ бу жамоатда ёки хизматда гапиришдан бизни тўхтатмайди. (Ёқб. 3:2) Шунга ўхшаб, яхши куйлай олмайман, деган фикр Яҳовани мадҳ этиш учун ҳамду сано куйлашимизга тўсиқ бўлишига йўл қўймаслигимиз керак.
11. Нега оиламиз билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш учун вақт ажратишимиз керак? (Забур 48:13)
11 Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб ва фарзандларимизга Яҳова ҳақида ўргатиб Унга топинамиз. Шаббат куни исроилликлар кундалик ишларини четга суриб, диққатини Яҳова билан бўлган муносабатларига қаратиши мумкин эди. (Чиқ. 31:16, 17) Уларнинг орасидаги садоқатли кишилар болаларига Яҳова ҳамда Унинг ҳиммати ҳақида ўргатган. Биз ҳам Муқаддас Китобни ўқиш ва тадқиқ қилиш учун вақт ажратишимиз лозим. Бу топинишимизнинг бир қисми ва бундай йўл тутиб, Яҳова билан яқинроқ дўст бўламиз. (Заб. 73:28) Қолаверса, оиламиз билан бирга Муқаддас Китобни ўргансак, келажак авлодга — фарзандларимизга севувчи самовий Отамиз билан илиқ ва шахсий муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашамиз. (Забур 48:13 ни ўқинг.)
12. Муқаддас чодирдаги анжомларни ясаганларнинг ишига Яҳова қандай қараганидан нимани ўрганишимиз мумкин?
12 Топиниш жойларини қуриб, уларни яхши ҳолатда сақлаб Худога топинамиз. Худонинг Каломида муқаддас чодир ва ундаги жиҳозларни ясаш «муқаддас иш» деб айтилган. (Чиқ. 36:1, 4) Бугун ҳам Яҳова Йиғилиш залларини қуриш ишини ва ташкилотимизнинг бошқа қурилиш лойиҳаларида иштирок этишни муқаддас хизмат, деб билади. Баъзи биродару опа-сингилларимиз уларда қатнашиш учун кўп вақт ажратади. Шоҳлик иши учун бундай фидойиликлар қилаётган имондошларимизни жуда қадрлаймиз, шундай эмасми?! Албатта, улар ваъзгўйликда ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Ҳатто уларнинг баъзилари кашшоф бўлиб хизмат қилишни истар. Бу фидойи имондошларимиз талабларга мос келганида, оқсоқоллар уларни кашшоф этиб тайинлашга иккиланмайди. Бу орқали оқсоқоллар қурилиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаётганини кўрсатади. Қурилиш ишларида тажрибалимизми ёки йўқми барчамиз ташкилотимиз биноларини тоза ва яхши ҳолатда сақлашда ҳисса қўша оламиз.
13. Хайр-эҳсонларга қандай муносабатда бўлишимиз керак?
13 Хайр-эҳсон қилиб Яҳовага топинамиз. Исроилликлар байрамларга борганда, Яҳованинг олдига бўш қўл билан келмаслиги керак эди. (Қонун. 16:16) Улардан шароитига қараб атаганини бериш кутиларди. Шу йўсин, исроилликлар Яҳова улар учун қилган ҳамма нарсадан миннатдор бўлганини кўрсатарди. Хўш, Яҳова биз учун қилаётган барча ишларини қадрлаётганимизни қандай кўрсата оламиз? Бунинг бир йўли, шароитимизга қараб жамоатимизни ва умумжаҳон фаолиятимизни моддий томондан қўллаб-қувватлашдир. Ҳаворий Павлус шундай деган: «Чин қалбдан берилган эҳсон Аллоҳга маъқулдир, зеро Аллоҳ инсондан унда йўқ нарсани эмас, бор нарсани кутади». (2 Кор. 8:4, 12) Демак, Яҳова ҳатто оз бўлса ҳам чин қалбдан берганимизни қадрлайди. (Марк 12:42–44; 2 Кор. 9:7)
14. Ҳикматлар 19:17 га кўра, ёрдамга муҳтожларга кўмаклашсак, Яҳова бунга қандай қарайди?
14 Ёрдамга муҳтож имондошларимизга кўмаклашиб Яҳовага топинамиз. Исроилликлар камбағалларга сахийлик кўрсатса, Яҳова уларнинг бу яхшиликларини қайтаришни ваъда берган. (Қонун. 15:7, 10) Ҳар сафар муҳтож имондошларимизга ёрдам берганимизда, Яҳовага совға бергандай бўламиз. (Ҳикматлар 19:17 ни ўқинг.) Масалан, Филиппидаги масиҳийлар қамоқда бўлган Павлусга совға юборганида, у буни «Аллоҳга ёқадиган,.. маъқул қурбонлик» деб билган. (Филип. 4:18) Имондошларимиз ҳақида ўйлаб: «Ким ёрдамимга муҳтож?» — деб ўзимиздан сўрасак бўлади. Ёрдамга муҳтож имондошларимиздан вақт, куч, қобилият ва моддий нарсаларимизни аямасак, Яҳова бундан мамнун бўлади. У буни топинишимизнинг бир қисми сифатида қабул қилади. (Ёқб. 1:27)
ҲАҚ ТОПИНИШ БИЗНИ БАХТИЁР ҚИЛАДИ
15. Ҳақ топиниш учун вақт ҳамда ҳаракатлар талаб этилади, аммо нега бу оғир эмас?
15 Ҳақ топиниш учун вақт ҳамда ҳаракатлар талаб қилинади. Аммо бу оғир эмас. (1 Юҳан. 5:3) Нима сабабли? Чунки Яҳовани севганимиз учун Унга топиняпмиз. Тасаввур қилинг, бир бола отасига нимадир совға қилмоқчи. У отаси учун расм чизаман, деб бир неча соат вақтини сарфлаши мумкин. Бола сарфлаган вақтидан афсусланмайди. Боиси у отасини яхши кўради ва бу совғани унга беришдан қувонади. Шу каби, Яҳовани севганимиз сабабли Унга топиниш ниятида вақт ҳамда кучимизни аямаганимиздан қувонамиз.
16. Ибронийларга 6:10 га кўра, Яҳова Уни қувонтириш учун қилаётган ҳаракатларимизга қандай қарайди?
16 Меҳрибон ота-она ҳамма фарзанди уларга бир хил совға беришини кутмайди. Улар ҳар бир фарзанди ўзгача ва шароити ҳар хил эканини билади. Шунга ўхшаб, самовий Отамиз ҳам ҳар биримизнинг вазиятимиз ўзгача эканини тушунади. Эҳтимол, сиз билган ва яхши кўрган инсонларингизга қараганда кўпроғини бера оларсиз. Ё бўлмаса ёшингиз, соғлигингиз ёки оиладаги масъулиятларингиз туфайли бошқалар каби кўп қила олмассиз. Тушкунликка тушманг. (Галат. 6:4) Яҳова меҳнатингизни унутмайди. Ўзингиздаги энг яхшисини тўғри ният ила берсангиз, У сиздан мамнун бўлади. (Ибронийларга 6:10 ни ўқинг.) Яҳова қалбингиздаги ниятларингизни билади. У қувонишингизни ва Унга топиниш учун қиладиган ишларингиздан мамнун бўлишингизни хоҳлайди.
17. а) Топинишимизнинг баъзи соҳалари биз учун қийин кечаётган бўлса, қандай қадамлар қўя оламиз? б) «Қувончингизга қувонч қўшинг» номли рамкадаги қайси соҳадан фойда олгансиз?
17 Топинишимизнинг қайсидир соҳаси, масалан, шахсий тадқиқ ўтказиш ёки ваъз қилиш биз учун қийин кечаётган бўлса-чи? Бу ишлар билан қанчалик тез-тез банд бўлсак, улардан шунча кўп қувонч ва фойда оламиз. Буни бирон машғулот билан шуғулланишга, мисол учун, мусиқа асбобини чалиш ёки жисмоний машқ қилишга ўхшатса бўлади. Борди-ю, фақат баъзида машқ қилсак, унча кўп ютуққа эриша олмаймиз. Лекин айтайлик, ҳар куни машқ қилишга қарор қилдик. Бошида озгина машқ қилишимиз мумкин. Кейин эса бора-бора бу вақтни кўпайтирармиз. Ҳаракатларимиз яхши натижалар келтираётганини кўрганимиз сайин, бу машғулотларни интиқиб кутамиз ва уларни хурсанд бўлиб бажарамиз. Буни топинишимизга ҳам қўлласак бўлади.
18. Энг муҳим мақсадимиз қандай ва унга эришсак нималар юз беради?
18 Яҳовага бутун қалбимиз билан топиниш ҳаётимиздаги энг муҳим мақсад. Бундай қилсак, бахтли ва мазмунли ҳаёт кечирамиз. Қолаверса, Яҳовага абадулабад топиниш умидига эга бўламиз. (Ҳик. 10:22) Ҳозирнинг ўзида хотиржамликни ҳис қиляпмиз. Чунки Яҳова хизматчилари дуч келаётган муаммоларни енгишга ёрдам беришини биламиз. (Ишаё 41:9, 10) Ҳа, Яҳова барча ижодларидан «шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга лойиқ». Унга топинар эканмиз, бахтли бўлиш учун кўп сабабларимиз бор. (Ваҳ. 4:11)
24- ҚЎШИҚ Яҳованинг тоғига келинг
a Яҳова бутун борлиқнинг Яратувчиси экан, Унга топинишимиз керак. Унинг амрларига итоатли бўлиб, принципларига мувофиқ яшасак, топинишимиз Унга маъқул бўлади. Бу мақолада топинишимизга оид саккизта турли соҳани кўриб чиқамиз. Уларнинг ҳар бирида қатнашар экансиз, қай йўсин улар қувончингизга қувонч қўшишига эътибор беринг.