Аллоҳ сизларни муқаддас қилди
Аллоҳ сизларни... ювиб тозалади, муқаддас қилди. 1 КОР. 6:11
1. Нахимиё Қуддусга қайтиб келгач қанақа аянчли воқеаларни кўрган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)
ҚУДДУС шаҳрида дув-дув гаплар юрибди. Яҳовага қарши чиққан бир кишининг маъбад хонасида яшашига йўл қўйиляпти. Левилар ўз вазифаларини бажаришмаяпти. Оқсоқоллар Худога топинишда йўлбошчилик қилишнинг ўрнига, Шаббат кунида савдо-сотиқ билан шуғулланишяпти. Кўп исроилликлар яҳудий бўлмаган халқлар билан қуда-андачилик қилишяпти. Бу, мил. авв. 443- йилда Нахимиё Қуддусга қайтиб келгач кўрган аянчли воқеалардан айримлари, холос (Нахим. 13:6).
2. Исроилликлар қай йўсин муқаддас халқ бўлишган?
2 Исроилликлар Худога бағишланган халқ эди. Мил. авв. 1513- йилда улар Яҳованинг иродасини бажаришга шай бўлишган. Улар: «Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз»,— деб сўз беришган (Чиқ. 24:3). Шу йўсин Худо уларни муқаддас қилган, яъни танланган халқ сифатида Ўзи учун ажратиб олган. Бу нақадар катта шараф! Орадан қирқ йил ўтиб, Мусо пайғамбар уларга қуйидагиларни эслатган: «Сизлар Эгангиз Худонинг муқаддас халқисиз. У сизларни ер юзидаги жамики халқлар орасидан Ўз халқи, Ўз хазинаси қилиб танлаб олди» (Қонун. 7:6).
3. Нахимиё Қуддусга иккинчи марта келганида, халқнинг маънавий аҳволи қанақа бўлган?
3 Афсуски, исроилликларнинг муқаддас халқ бўлиш истаги узоқ давом этмади. Гарчи уларнинг орасида Худога хизмат қилаётган кишилар қолган бўлса-да, яҳудийларнинг аксарияти Худонинг иродасини бажаришдан кўра, ўзларини муқаддас, яъни художўй қилиб кўрсатишга кўпроқ урғу берардилар. Худонинг садоқатли хизматчиларидан қолганлари ҳақ топинишни тиклаш учун Бобилдан қайтишганига қарийб юз йил бўлган эди. Аммо Нахимиё Қуддусга иккинчи марта келганида, халқнинг маънавий нарсаларга нисбатан ғайрати яна сўнганди.
4. Муқаддас халқ бўлишимизга ёрдам берадиган қайси омилларни кўриб чиқамиз?
4 Бугунги кунда Яҳованинг Шоҳидлари ҳам қадимги исроилликлар сингари Худо томонидан муқаддас қилинган халқдир. Мойланган масиҳийлар ҳам, «улкан оломон» ҳам муқаддас, яъни Аллоҳга хизмат қилиш учун ажратиб олинган (Ваҳ. 7:9, 14, 15; 1 Кор. 6:11). Ҳеч биримиз, бир вақтлар исроилликлар қилганидек, Худонинг назарида муқаддасликни йўқотишни истамаймиз. Хўш, бунинг олдини олиб, Яҳованинг хизматида муқаддас ва фойдали бўлишимизга нима ёрдам бериши мумкин? Ушбу мақолада биз Нахимиё китобининг 13- бобида ёритиб берилган қуйидаги тўртта омилни кўриб чиқамиз: 1) ёмон мулоқотдан четланинг; 2) ташкилотимизнинг тадбирларини қўллаб-қувватланг; 3) маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйинг ва 4) масиҳий эканингизни унутиб қўйманг. Келинг, бу омилларни бирма-бир кўриб чиқайлик.
ЁМОН МУЛОҚОТДАН ЧЕТЛАНИНГ
5, 6. Элиашаб ҳамда Тўвиё кимлар эди ва нега Элиашаб Тўвиё билан дўст бўлган?
5 Атрофимиздаги одамлар бизга ёмон таъсир қилиши мумкин бўлгани учун муқаддасликни сақлаш осон эмас. Элиашаб ва Тўвиё деган кишиларнинг мисолини олайлик. Элиашаб олий руҳоний бўлган, оммонлик Тўвиё эса Яҳудия устидан бошқараётган Форс шоҳлигида эҳтимол амалдор бўлган. Нахимиё Қуддус деворларини тиклаётганда Тўвиё ўртоқлари билан бирга унга қаршилик кўрсатган (Нахим. 2:10). Оммонликларга маъбад ҳудудига кириш тақиқланган эди (Қонун. 23:3). Ундай бўлса, олий руҳоний нега Тўвиё учун маъбад ошхонасидан жой ажратиб берган?
6 Элиашаб Тўвиё билан дўстлашиб қолган эди. Тўвиё ҳам, ўғли Ёхуханон ҳам яҳудий аёлларга уйланишган ва кўп яҳудийлар Тўвиёни мақташарди (Нахим. 6:17–19). Элиашабнинг набираларидан бири, Самария ҳокими Санбаллатнинг қизига уйланганди. Санбаллат эса Тўвиёнинг яқин дўстларидан бири эди (Нахим. 13:28). Ҳа, эҳтимол шу муносабатлар дастидан олий руҳоний Элиашаб, Исроил халқидан бўлмаган ва Худонинг халқига қаршилик қилган кишига қулоқ солгандир. Нахимиё эса, Тўвиёнинг уй жиҳозларини ошхонадан чиқариб ташлаб, Яҳовага содиқлигини намоён этган (Нахим. 13:4–9).
7. Оқсоқоллар ва бошқалар Яҳованинг назарида булғаниб қолмаслик учун қандай эҳтиёт бўлишади?
7 Биз Худога бағишлаган халқ сифатида биринчи навбатда Яҳовага содиқ бўлишимиз лозим. Агар Унинг адолатли меъёрларига амал қилмасак, муқаддаслигимизни сақлай олмаймиз. Оилавий муносабатларимизни асло Муқаддас Китоб меъёрларидан устун қўймаслигимиз керак. Жамоат оқсоқоллари ўз нуқтаи назарлари ёки ҳис-туйғулари бўйича эмас, балки Яҳованинг фикрига мувофиқ йўл тутишади (1 Тим. 5:21). Оқсоқоллар бирор нарса дастидан Худога хиёнат қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлишади (1 Тим. 2:8).
8. Ўзини Яҳовага бағишлаган киши, мулоқот борасида нимани ёдда тутиши зарур?
8 Шуни ёдда тутишимиз керакки, «ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади» (1 Кор. 15:33). Қариндошларимиздан айримлари бизга ёмон таъсир қилиши мумкин. Элиашаб Қуддус деворларини тиклашда Нахимиёга ёрдамлашиб, халққа яхши ўрнак кўрсатган эди (Нахим. 3:1). Бироқ вақт ўтиб, Тўвиё ва бошқалар билан мулоқот унга салбий таъсир қилган бўлиши мумкин. Натижада Элиашаб ёмон иш қилиб, Яҳованинг назарида нопок бўлиб қолди. Яхши одамлар билан мулоқот қилиш бизни Муқаддас Китоб ўқиш, жамоат йиғилишларига қатнаш ҳамда ваъзгўйлик хизматида иштирок этиш каби маънавий мақсадлар сари интилишга ундайди. Биз, тўғри ишлар қилишга чорлайдиган оила аъзоларимизни ниҳоятда яхши кўриб, қадрлаймиз.
ТАШКИЛОТИМИЗ ТАДБИРЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНГ
9. Маъбаддаги ишлар нега бажарилмай қўйилган ва бу учун Нахимиё кимга танбеҳ берган?
9 Нахимиё Қуддусга қайтган вақтда халқ маъбадга хайр-эҳсон қилмай қўйган шекилли. Оқибатда, моддий ёрдамсиз қолган Левилар ўз юмушларини ташлаб, далада ишлагани кетишган. Нахимиё, бу вазиятга сабабчи бўлган йўлбошчиларга қаттиқ танбеҳ беради. Улар ўз зиммаларидаги вазифани бажармай қўйишганга ўхшайди. Эҳтимол йўлбошчилар, уларга тайинлаган ишни, яъни халқдан ушр йиғишни ёки ушрни маъбадга юборишни ташлаб қўйишгандир (Нахим. 12:44). Хуллас, Нахимиё ушр йиғилиши учун керакли чоралар кўради. У маъбаддаги омборхоналарга ҳамда келтириладиган назрлару ушрларга бош-қош бўлиш учун ишончли одамларни тайинлайди (Нахим. 13:10–13).
10, 11. Биз қай йўсин ҳақ топинишни қўллаб-қувватлай оламиз?
10 Бундан биз қандай сабоқ олсак бўлади? Яҳованинг ишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш биз учун катта шараф (Ҳик. 3:9). Бу иш учун хайр-эҳсон қилганимизда, биз бор-йўғи Яҳовага тегишли бўлган нарсани Унга қайтариб берган бўламиз, холос (1 Сол. 29:14–16). Эҳтимол, кўп эҳсон қилишга қурбимиз етмагани учун Яҳовани улуғлай олмаймиз, деб ўйлармиз. Аммо чин кўнгилдан эҳсон қилсак, У бажонидил қабул қилади (2 Кор. 8:12).
11 Кўп фарзандли бир оила, махсус кашшоф бўлиб хизмат қилаётган кекса жуфтликни йиллар давомида, ҳар ҳафта тушликка таклиф қилиб турар экан. Болалари саккизта бўлишига қарамай, она: «Мен ҳар доим ўн кишига овқат қилардим, яна икки кишининг қорнини тўйғазсам, камайиб қолмаймиз»,— дер экан. Ҳар ҳафта тушликка таклиф қилиш, арзимаган иш бўлиб кўриниши мумкин, аммо ўша кашшофлар бундай меҳмондўстлик учун жуда миннатдор бўлишибди! Улар ҳам бу оилага ижобий таъсир кўрсатишибди. Бу жуфтликнинг далдали сўзлари ва айтиб берган қизиқарли воқеалари, болаларнинг маънан ўсишига ҳисса қўшибди. Кейинчалик, фарзандларнинг ҳаммаси тўла вақтли хизматни бошлашибди.
12. Жамоатда тайинланган эркаклар бошқаларга қайси соҳада яхши ўрнак кўрсатишмоқда?
12 Яна бир сабоқ бор: бугунги кунда ҳам, жамоатда тайинланган эркаклар Нахимиё сингари, ташкилотнинг тадбирларини қўллаб-қувватлашда ўрнак кўрсатишади. Жамоатдагилар эса улардан ибрат олишади. Бу билан оқсоқоллар ҳаворий Павлусга тақлид қилган бўлишади. У ҳақ топинишни қўллаб-қувватлаган ва бу соҳада керакли йўл-йўриқлар берган. Масалан, у хайр-эҳсон қилиш борасида бир нечта амалий маслаҳатлар ёзиб қолдирган (1 Кор. 16:1–3; 2 Кор. 9:5–7).
МАЪНАВИЙ НАРСАЛАРНИ БИРИНЧИ ЎРИНГА ҚЎЙИНГ
13. Айрим яҳудийлар қандай қилиб Шаббат кунини булғашарди?
13 Агар моддий нарсаларга ҳаддан ортиқ берилиб кетсак, маънавийлигимиз сусайиб қолиши ҳеч гап эмас. Чиқиш 31:13 га биноан, ҳар ҳафта Шаббат кунида исроилликларга, улар муқаддас халқ экани эслатиб туриларди. Шаббат кунини оила билан Худога топиниш, ибодат қилиш ва Таврот Қонуни устидан мулоҳаза юритиш учун ажратиш керак эди. Бироқ, Нахимиёнинг айрим замондошлари учун Шаббат куни ҳар кунгидек, олди-сотди қилинадиган оддий бир кун бўлиб қолган. Худога топинишни улар бир четга суриб қўйишган. Бу вазиятни кўриб, Нахимиё олтинчи куни оқшом пайтида шаҳар дарвозалари ёпилишини ва Шаббат куни арафасида чет эллик савдогарларни шаҳардан қувиб чиқаришни буюрган (Нахим. 13:15–21).
14, 15. а) Агар тижоратга ружу қўйсак, биз билан нима юз бериши мумкин? б) Биз қандай қилиб Худонинг фароғатига кира оламиз?
14 Нахимиёнинг ўрнагидан биз қандай сабоқ оламиз? Биринчидан, тижоратга ружу қўймаслигимиз керак. Акс ҳолда, бу бизни муҳим нарсалардан чалғитиб қўйиши турган гап. Ёхуд, агар дунёвий ишимизни яхши кўрсак, у биз учун маънавий ишлардан кўра муҳимроқ бўлиб қолиши мумкин. Исонинг, икки хўжайинга қуллик қилиш ҳақидаги огоҳлантиришини ёдда тутайлик (Матто 6:24 ни ўқинг). Нахимиёнинг ҳам даромадли иши бўлган, аммо у Қуддусда ўз вақтини қандай сарфлаган? (Нахим. 5:14–18). Тирликлар ёки бошқа халқлар билан иш юритишнинг ўрнига, у қабиладошларига ёрдам беришга ҳамда Яҳованинг исмини улуғлайдиган ишларни қилишга ўзини бағишлаган. Шунга ўхшаб, бугунги кунда оқсоқоллар ва жамоат хизматкорлари ҳам имондошларига фойда келтирадиган ишларга кўпроқ эътибор беришади. Бундай руҳни намоён этишгани учун жамоатдагилар уларни жуда яхши кўришади. Натижада эса Худонинг халқи орасида севги, тинчлик ва хавфсизлик ҳукм суради (Ҳиз. 34:25, 28).
15 Гарчи масиҳийлардан ҳар ҳафта Шаббат кунига риоя қилиш талаб этилмаса-да, ҳаворий Павлус: «Худонинг халқи учун ҳали ҳам худди Шаббат кунидай, фароғат қилиш имконияти бор»,— деб айтган. У яна шундай деб давом этган: «Худди Аллоҳ Ўз ишларидан тинганидай, Унинг фароғатига кирган киши ҳам ўз ишларидан тинади» (Иброн. 4:9, 10). Биз, масиҳийлар, Худонинг очилиб бораётган ниятига мувофиқ яшашга интилиб, Унинг фароғатига киришимиз мумкин. Сиз ва яқинларингиз оилавий топиниш, йиғилишларга қатнаш ҳамда воизлик хизматида иштирок этишни ҳаётингизда биринчи ўринга қўйганмисиз? Эҳтимол, ишхонада бошлиғимиз ёки биз билан иш юритаётган ҳамкоримиз маънавий қадриятларимизни назар-писанд қилмаётгандир. Бундай вазиятда биз уларга қатъиятлик билан, Яҳованинг ишини ҳар нарсадан устун деб ҳисоблаётганимизни кўрсатсак бўлади. Шу йўсинда биз, худди Нахимиё тирликларни қувиб чиқариб, шаҳар дарвозаларини ёпиб қўйгандай йўл тутамиз. Биз муқаддас халқ бўлганимиз сабабли, ўзимиздан: «Мен Яҳовага хизмат қилиш учун ажратилганлигимни ҳаёт тарзим билан кўрсатяпманми?» — деб сўрасак яхши бўлади (Мат. 6:33).
МАСИҲИЙ ЭКАНИМИЗНИ УНУТИБ ҚЎЙМАЙЛИК
16. Нахимиёнинг даврида исроилликларнинг муқаддас халқ эканлиги қай йўсин хавф остида қолган эди?
16 Нахимиёнинг даврида исроиллик эркаклар бутпараст аёлларга уйланишарди. Қуддусга биринчи марта ташриф буюрганда, Нахимиё барча оқсоқолларга бутпарастлар билан қуда-андачилик қилмаслик ҳақида қасам ичдириб, улар билан битим тузган эди (Нахим. 9:38; 10:30). Аммо бир неча йил ўтиб у яна Қуддусга келгач қараса, қасам ичган ўша яҳудийлар нафақат бутпараст аёлларга уйланган, балки Худога бағишланган халқ эканини унутиб қўйган бўлади! Бутпараст аёлларнинг болалари эса иброний тилида ўқиш тугул, ҳатто гапиришни ҳам билмасди. Улар катта бўлгач, ўзларини исроиллик деб ҳисоблайдими? Ёхуд аксинча, ўзларини ашдодлик, оммонлик ёки мўаблик деб биладими? Иброний тилини билмай, улар Таврот қонунини қандай тушуна олади? Қандай қилиб улар Яҳова ҳақида билим олишади ва оналари сиғинган сохта худолардан юз ўгириб, Унга топинишни танлашади? Нахимиё исроилликларнинг муқаддас халқ эканлигини ҳимоя қилиш учун тезкор чора кўрди (Нахим. 13:23–28).
17. Ота-оналар болаларига Яҳова билан дўст бўлишга қандай кўмаклаша оладилар?
17 Бугунги кунда биз ҳам фарзандларимизга масиҳий бўлишга ёрдам бериш учун жон куйдиришимиз керак. Ота-оналар, ўзингиздан шундай деб сўранг: «Болаларим “соф тилда” гапира олишадими, яъни улар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни тушуниб, бу ҳақда бошқаларга ҳам айтиб бера олишадими? (Заф. 3:9, ЯДТ). Фарзандларимнинг суҳбатидан, уларга Худонинг руҳи таъсир қилаётгани кўриняптими ёки дунёнинг руҳими?» Уларнинг камчиликларини кўргач, дарров тушкунликка тушманг. «Соф тилда» гапиришни ўрганиш учун вақт керак. Бироқ, атрофимизда чалғитадиган нарсалар кўплигидан, бу осон кечмайди. Болаларингиз нотўғри йўл тутиш босимига дуч келишяпти. Шунинг учун, оилавий топиниш вақтидан ҳамда бошқа имкониятлардан фойдаланиб, фарзандларингизга Яҳова билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга сабр-тоқат ила кўмаклашинг (Қонун. 6:6–9). Шайтоннинг дунёсидаги одамлардан фарқ қилишимиз қандай фойда келтиришини алоҳида таъкидланг (Юҳан. 17:15–17). Болаларингизнинг қалбини забт этишга интилинг.
18. Нима учун болаларга ҳаётини Яҳовага бағишлашга ота-оналаридан бўлак ҳеч ким кўмаклаша олмайди?
18 Охир-оқибат болалар Худога хизмат қилиш-қилмасликни ўзлари ҳал этишади. Аммо ота-оналарга ҳам кўп нарса боғлиқ. Бу учун ота-оналар шахсий ўрнак кўрсатиши, чегараларни аниқ белгилаши ва қарорларининг оқибатлари ҳақида фарзандлари билан суҳбатлашиши даркор. Ота-оналар, болаларингизга ҳаётини Яҳовага бағишлашга сиздан бўлак ҳеч ким кўмаклаша олмайди! Улар масиҳий бўлиб, муқаддасликни сақлашда сизнинг ёрдамингизга муҳтож. Зотан, рамзий «устки кийимимизни», яъни Масиҳнинг издоши эканимизни кўрсатиб турадиган фазилату меъёрларни йўқотмаслик учун ҳар биримиз эҳтиёт бўлишимиз керак (Ваҳ. 3:4, 5; 16:15).
ҚИЛГАН ИШЛАРИМИЗ УНУТИЛМАЙДИ
19, 20. Яҳова ишларимизни ёдда тутишини истасак, нима қилишимиз керак?
19 Нахимиёнинг замондошларидан бири, Малаки пайғамбар: «Эгамиздан қўрққан, Унинг номини эъзозлаганлар ҳақида Хотира китоби ёзилди»,— деб айтган эди (Мал. 3:16, 17). Ҳа, Худо, Унга нисбатан эҳтиром ҳиссига эга бўлиб, исмини севган кишиларни ҳеч қачон унутмайди (Иброн. 6:10).
20 Нахимиё: «Эй Худойим! Қилган ишларимни ёдингда тут, мендан марҳаматингни дариғ тутмагин»,— деб ибодат қилган (Нахим. 13:31). Агар бундан буён ҳам ёмон мулоқотдан четлансак, ташкилотимизнинг тадбирларини қўллаб-қувватласак, маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйсак ва масиҳий эканимизни унутмасак, Нахимиё сингари бизнинг ҳам исмимиз Худонинг хотира китобига ёзилади. Келинглар, имондамизми ёки йўқми, ўзимизни текшириб турайлик (2 Кор. 13:5). Агар Яҳова билан бўлган муқаддас муносабатларимизни сақласак, У қилган ишларимизни ёдда тутади.