Тангри Яҳовани шарафлаган пайғамбар
Яҳованинг исми муборак бўлсин. АЮБ 1:21, ЯДТ
1. Аюб китобини ким ёзган ва қачон?
МУСО пайғамбар фиръавннинг қаҳрига учрашдан қўрқиб, 40 ёшида Мисрдан қочиб, Мидиёнда яшади (Ҳавор. 7:23, 29). У ҳойнаҳой, Ус диёрида яшовчи Аюбнинг синовлари ҳақида ўша ерда эшитган бўлса керак. Мусо пайғамбар, яҳудийларнинг одатига кўра Аюбнинг ўлимидан кейин у ҳақда китоб ёзган.
2. Бугунги кунда Аюб китобидан нима билиб оляпмиз?
2 Аюб китоби бизнинг ҳам имонимизни мустаҳкамлайди. Қандай қилиб дейсизми? Масалан, осмондаги муҳим воқеалар ва Яҳованинг ҳукмронлигига тегишли масалани бу китобдан билиб оламиз. Шунингдек ундан, солиҳ бўлиш нима эканини ва азоб чекишимизга Худо нега йўл қўйишини кўриш мумкин. Қолаверса бу китоб, асосий душман Шайтон Иблис эканини ойдинлаштирмоқда. Бундан ташқари, номукаммал инсон ҳатто оғир синовларда ҳам садоқатли қолиши мумкинлиги таъкидланади. Энди келинг, Аюб китобида айтилган айрим ҳодисаларни кўриб чиқайлик.
Шайтоннинг ҳужуми
3. Аюб пайғамбар ҳақида бизга нима маълум ва нима учун Шайтон унга ҳужум қилган?
3 Аюб бадавлат, обрўли ва юксак ахлоқли киши бўлгани учун одамлар унинг маслаҳатларини қадрлашарди. Боз устига у, муҳтожлардан ҳечам ёрдамини аямасди. Энг асосийси, у чуқур эҳтиром ила Яҳовани ҳурмат қилган. Шунинг учун ҳам Аюб адолат ила йўл тутиб, ёвузликдан йироқ юрарди. Шуни айтиш лозимки, бу кишининг бойлигию мавқеи Шайтонни умуман қизиқтирмасди. Унинг мақсади, Аюбнинг садоқатини синдириш эди холос (Аюб 1:1; 29:7–16; 31:1).
4. Бенуқсон бўлиш дегани нима?
4 Бу китобнинг бошида айтилганидек, Тангри Яҳованинг ҳузурида фаришталар йиғилганида, Шайтон Аюбни айблашга тушди (Аюб 1:9, 10 ўқиб беринг)a. Гарчи, Шайтон унинг бойлигига эътибор берган бўлса-да, у асосан Аюбнинг бенуқсонлигини шубҳа остига қўйди. «Бенуқсон» сўзи софдил, покдомон ва садоқатли бўлишни англатади. Муқаддас Китобга биноан, бенуқсон киши Яҳовага мутлақ содиқ қолади.
5. Шайтон Аюбни нимада айблади?
5 Аюб гўё бойиш ва бехатар яшаш учун Аллоҳга топиняпти, деб Шайтон уни айблади. Бу ғирт ёлғон эканини исботлаш ниятда, Яҳова ушбу художўй кишининг синалишига йўл қўйди. Охир-оқибат Аюб, бир куннинг ўзида қулларидан, мол-қўйларидан ва ҳатто ўн фарзандидан айрилди (Аюб 1:13–19). Хўш, Аюб таслим бўлдими? Буни, Аюбнинг мана шу сўзларидан кўрайлик: «Яҳова берган эди — Яҳова қайтиб олди. Яҳованинг исми муборак бўлсин» (Аюб 1:21, ЯДТ).
6. а) Худонинг ҳузурида фаришталар яна бир бор тўпланганда, нима юз берди? б) Шайтон фақатгина Аюбнинг садоқатини шубҳа остига қўйганми?
6 Вақт ўтгач, Худонинг ҳузурида фаришталар яна бир бор тўпланишди. Ўшанда Иблис Аюбни қоралашда давом этди. Унинг айтишича, одам ўз жони учун ҳамма нарсага тайёрдир. Агар у Худодан ҳеч қандай наф кўрмаса, Уни ҳатто лаънатлашдан ҳам тоймас эмиш. Хуллас, у нафақат Аюбнинг, балки Яҳовага топинаётган ҳар бир кишининг бенуқсонлигини шубҳа остига қўйди. Шунинг учун ҳам, Шайтон Аюбни оғир касалликка мубтало қилганда, Аллоҳ бунга аралашмади (Аюб 2:1–8). Бундан ташқари, Аюбни ҳали бошқа машаққатлар ҳам кутиб турган эди.
Аюбнинг ибрати
7. Аюбнинг хотини ва учта дўсти нималар дейишган?
7 Албатта, Аюбнинг хотини ҳам азият чеккан. Ахир, ҳамма болаларию мол-мулкдан жудо бўлиш осонми? Бунинг устига у, эри даҳшатли касалликдан азоб чекаётганини кўриб қайғурган. Шу боис ҳам, покдомон бўлишнинг ўрнига Худога лаънат ўқиб, ўлиб кетиш афзал эканини Аюбга айтган. Бундан кейин, Аюбга гўё далда бериш учун Элифаз, Билдад ва Зофар исмли кишилар келишди. Аслида, уларнинг тасаллиси қалбаки бўлган холос. Масалан Билдаднинг фикрича, Аюбнинг болалари гуноҳга қўл урганлари учун ўлишган. Элифаз эса, Аюб илгариги гуноҳлари учун азоб чекаётганига шама қилди. Буниси етмаганидек, Худога содиқ қолишнинг фойдаси йўқлигини айтган (Аюб 2:9, 11; 4:8; 8:4; 16:2; 22:2, 3). Гарчи Аюб қачондир Яҳовани эмас, ўзини солиҳ деб билган бўлса ҳам, шиддатли синовларда бенуқсонликни сақлаб қолган (Аюб 32:2).
8. Элиху нимада ўрнак кўрсатган?
8 Энди гапириш навбати Элихуга келди. У аввалига Аюбни ҳамда ҳалиги уч кишининг айтганларини диққат ила тинглади. Элиху уларнинг орасида энг ёши бўлса-да, бошқаларга қараганда донороқ эди. У Аюбга ҳурмат билан мурожаат қилиб, садоқати учун уни мақтаган. Шунингдек, Аюб ўзини ҳаддан ортиқ оқлашга тушгани яхши эмаслигини ҳам айтиб, покдиллик Худонинг назаридан четда қолмаслигига уни ишонтирди (Аюб 36:1, 11 ўқиб беринг)b. Маслаҳат бермоқчи бўлганлар учун бу нақадар ажойиб ўрнакдир! Ҳа, Элиху сабр-тоқатли бўлиб, мақташда ва ўринли маслаҳат беришда ибрат кўрсатган (Аюб 32:6; 33:32).
9. Яҳова Аюбга қандай қилиб ёрдамлашган?
9 Ниҳоят, Аюбнинг фикрлаш тарзини ўзгартириш учун Яҳова осмондан бир қатор савол берди. Ҳа, бу Аюб учун чинакам тасалли эди! У Яҳованинг ўгитларини бажонидил қабул қилиб, гапирган сўзларидан пушаймон бўлди. Шунингдек, Яҳова ҳалиги учта сохта тасалли берувчини койиб берди. Аюб улар учун ибодат қилганда, Тангри Яҳова унинг азоб-уқубатларига чек қўйиб, унда бўлган барча нарсани икки баробар қилиб мукофотлади (Аюб 38:1; 40:4; 42:6–10).
Яҳовани қанчалик севамиз?
10. Нима учун Яҳова Шайтоннинг айбловига аҳамият берган?
10 Яҳова барча нарсани яратган Парвардигор бўлса, унда нима учун Шайтоннинг айбловига аҳамият берган? Чунки, вазият шундайлигича қолаверганида, мунозарали масала ҳал қилинмаслигини У яхши биларди. Иблиснинг фикрича, софдил бўлган Аюб бойликдан ажраб қолса, Худодан юз ўгиради. Қандай бўлмасин, бу художўй инсон барча синовларга чидади. Ўшанда Иблис, азобларга дуч келган ҳар бир киши Аллоҳга тескари бўлишини айтган. Тўғри Аюб қийналган, лекин нима бўлган тақдирда ҳам у покликни сақлади. Шу йўсин, Шайтон қип-қизил ёлғончи экани исботланган. Бу борада биз ҳақимизда нима деса бўлади?
11. Шайтоннинг айбловлари ёлғон эканини Исо қандай тасдиқлади?
11 Ҳа, Аллоҳнинг ҳар бир хизматчиси азоб-уқубатларга бардош бериб, Шайтон ярамас душман эканини исботлай олади. Масалан, Исо Масиҳ ер юзида бўлганида, Иблиснинг ҳамма даъволарига тўла-тўкис жавоб берган. Хуллас, Исо ўз жонини фидо қилиб, Шайтон ёлғончи ва унинг даъволари қуруқ гап эканини тасдиқлади (Ваҳ. 12:10).
12. Яҳованинг ҳар бир хизматчисида қандай имконият бор?
12 Иблис бугун ҳам Яҳованинг хизматчиларини тинч қўймаяпти. Аммо, ҳар биримиз худбин ниятларни кўзлаб эмас, Яҳовани севганимиз туфайли Унга покдил хизмат қила оламиз. Бу борада нуқтаи назаримиз қанақа? Кўриб турганимиздек, Яҳовага садоқат ила хизмат қилиш катта шарафдир. Устига-устак, синовларга чидашимизга Худонинг Ўзи бизга кўмаклашмоқда. Яҳова кучимиздан ортиқ қийинчиликларга йўл қўймаслиги, Аюбнинг мисолидан намоён бўляпти (1 Кор. 10:13).
Шайтон ўтакетган муттаҳам
13. Аюб китоби Шайтон тўғрисида қандай тафсилотларни очиб бермоқда?
13 Тавротга биноан, Шайтон сурбетларча Яҳованинг ҳукмронлигини шубҳа остига қўйиб, инсонларни тўғри йўлдан урмоқчи. Инжилда эса, Иблиснинг ёмонликлари тўғрисида кўпроқ ёзилган. Масалан Ваҳий китобида, Яҳованинг исми оқланиши ҳамда Шайтоннинг яксон бўлиши баён этилган. Аюб китобида эса Шайтон ўтакетган исёнкор экани батафсил ҳикоя қилинган. Худонинг ҳузурида бўлганида бу шахс Яҳовани умуман улуғламоқчи эмасди. Бинобарин, у ваҳшиёна мақсадлар сари интилиб, Аюбни синаш учун Яҳовадан ижозат олган (Аюб 1:12; 2:7).
14. Шайтон Аюбга қандай муносабатда бўлган?
14 Бу китобда, Иблис бутун одамзоднинг душмани экани ҳақида ҳам ёзилган. Билиб олганимиздек, фаришталар икки марта Худонинг ҳузурига келишган. Айнан шу йиғилишлар мобайнида, бечора Аюб қийинчиликларни бошдан кечирган (Аюб 1:6; 2:1). Унинг садоқати туфайли, Яҳова Шайтоннинг айбловларига жавоб бера олган. Лекин бу муттаҳам ўзиникидан қайтмай, Аюбни навбатдаги шиддатли синовга гирифтор қилди. Шу тариқа Иблис, Аюбнинг бадавлатлигида ҳам қашшоқлигида ҳам синади (Аюб 2:3–5). Ҳа, Шайтон раҳм-шафқатсиз бўлиб, софдил инсонларни кўришга кўзи йўқ.
15. Бугунги муртадларнинг Иблис билан қандай ўхшашлиги бор?
15 Тангри Яҳовага хоинлик қилган шахслардан биринчиси, бу Иблис Шайтондир. Бугунги муртадлар ҳам Иблиснинг худди ўзгинаси. Уларнинг онги заҳарланган бўлиб, айрим имондошларини, оқсоқолларни ва ҳатто Етакчи кенгашни ҳам танқид қилишдан тоймайдилар. Баъзи муртадлар эса Яҳованинг муқаддас исмини қоролашгача боришади. Бундай кишилар У ҳақда на билим орттиришни, на хизмат қилишни хоҳлашади. Қолаверса, улар ўз отаси Шайтон каби, покдил одамларга тажовуз қилишади (Юҳан. 8:44). Шунинг учун Яҳованинг хизматчилари улар билан ҳеч қандай алоқа қилмасликлари бекор эмас (2 Юҳан. 10, 11).
Аюб Яҳованинг буюк исмини улуғлаган
16. Аюб Яҳовага бўлган муносабатини қандай кўрсатган?
16 Аюб Эгамизнинг исмини тилга олиб уни шарафлаган. Ҳатто фарзандларидан жудо бўлганида, у Аллоҳга қарата бирон ножўя сўз айтиб гуноҳ қилмаган. Гарчи Аюб бунда озгина шубҳаланган бўлса-да, бироқ барибир Яҳовани улуғлади. У, Яҳовадан қўрққан киши доноликка эга бўлишини яхши биларди (Аюб 28:28).
17. Бенуқсон қолишда Аюбга нима кўмаклашган?
17 Аюбнинг содиқ қолишига нима кўмаклашган? Гап шундаки, унинг бошига мусибатлар тушишидан олдин, у Яҳова билан дўстона муносабатда эди. Шайтон Яҳовани айблаётганини Аюб балки билмагандир ҳам. Аммо содиқ қолишда у қатъиятли бўлиб, ҳатто ўлмагунича софдиллигидан қайтмаган (Аюб 27:5). Қизиқ, Аюб Аллоҳ билан қандай қилиб яқин муносабатларга эга бўлган? Шубҳасизки, узоқ қариндошлари Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан Худо қандай муносабатда эканидан унинг хабари бор эди. Боз устига, Яҳованинг яратганларини томоша қилиб, Унинг кўп фазилатларини билган (Аюб 12:7, 13 ўқиб беринг)c.
18. а) Қандай қилиб Аюб Яҳовага содиқ қолган? б) Аюбдан қанақа ўрнак оляпмиз?
18 Ҳа, Аюб Яҳова тўғрисида кўп билгани учун Унга маъқул кела олган. Оила аъзоларим бирон бир гуноҳ қилиб қўйишмадимикин ёки кўнгилларида Аллоҳни лаънатламадимикин деб, Аюб ҳамиша қурбонликлар келтирарди (Аюб 1:5). Ҳатто даҳшатли синовларда ҳам, у Яҳовани олқишлаган (Аюб 10:12). Нақадар яхши ўрнак! Биз ҳам Яҳова ҳамда Унинг ниятлари ҳақида қунт билан билим орттиришимиз муҳим. Қолаверса, жамоат учрашувларига қатнаётганимиз, ибодат ва хушхабарни ваъз қилаётганимиз мақтовга сазовордир. Ва айнан бор кучимиз билан Яҳованинг исмини шарафлаётганимиз Унга хуш келмоқда. Аюб пайғамбарнинг софдиллиги Яҳовага маъқул келганидек, бизнинг ҳам покдомонлигимиз Эгамизнинг қалбини қувонтиряпти. Келаси мақолада бу борада кўпроқ билиб оламиз.
[Изоҳлар]
a Аюб 1:9, 10, ЯДТ: «Шайтон эса Яҳовага шундай жавоб берди: “Наҳот Аюбнинг Худодан қўрқиши бекорга бўлса? Сен уни ҳар тарафдан авайлаб, унинг уй-жойини ҳам бор мол-мулкини ҳам ҳимоянгда сақлаб юрибсан-ку. Унинг ишларига қут-барака бердинг, мол подалари эса мамлакатга сиғмайдиган бўлиб кетган”».
b Аюб 36:1, 11, ЯДТ: «Элиху давом этиб, шундай деди: “Агар Унга қулоқ солиб хизмат қилишса, ҳаётининг охирги кунларигача қувонч ва хотиржамликда яшайдилар”».
c Аюб 12:7, 13, ЯДТ: «Агар уй ҳайвонларидан сўрасанг, улар сенга йўл-йўриқ кўрсатади, қушлардан ҳам сўраб кўр, улар айтиб беришади. Худойимиз доно ва қудратлидир, зеро У маслаҳат ва фаҳм-идрок манбаидир».
Ёдингиздами?
• Иблис нега Аюбга диққат қаратди?
• Аюб қандай синовларга чидади ва уларга қанақа муносабатда эди?
• Аюб каби софдил қолишимизга нима кўмаклашади?
• Шайтон тўғрисида Аюб китобидан нимани биляпмиз?
[4- саҳифадаги расм]
Аюб тўғрисидаги ҳикоя, Яҳованинг ҳукмронлигига тегишли масалани ойдинлаштирмоқда
[6- саҳифадаги расм]
Софдиллигимиз қанақа вазиятларда синалади?