«Худога умид боғлайман»
Охирги Одам эса ҳаёт бахш этувчи руҳ бўлди. 1 КОР. 15:45
1–3. а) Асосий эътиқодларимиз қаторига яна нимани киритишимиз даркор? б) Нега тирилиш шу қадар муҳим? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
АГАР сиздан: «Динингиз қайси асосий таълимотлардан иборат?» — деб сўрашса, қандай жавоб берасиз? Авваламбор, Яҳова Яратувчимиз ва Ҳаёт манбаи эканини таъкидлаб ўтасиз. Шунингдек, Исо Масиҳ ўз ҳаётини тўлов сифатида берганига ишонаётганингизни айтасиз. Худонинг халқи ер юзидаги жаннатда абадий яшашини ҳам завқ ила тилга олишингиз шубҳасиз. Бироқ тирилиш сиз умид қилаётган муҳим эътиқодларингиздан бири эканини айтасизми?
2 Гарчи буюк мусибатда омон қолишга ва ер юзида абадий яшашга умид қилаётган бўлсак-да, тирилишни асосий таълимот деб ҳисоблашга барча сабабларимиз бор. Ҳаворий Павлус нега тирилиш имонимизнинг пойдевори экани ҳақида шундай ёзган: «Борди-ю, ўлганлар тирилмаса, демак Масиҳ ҳам тирилмаган экан-да». Масиҳ тирилмаганида, у Шоҳимиз бўла олмас эди ва унинг бошқаруви ҳақидаги таълимот беҳуда бўларди. (1 Коринфликларга 15:12–19 ни ўқинг.) Аммо биламизки, Исо тирилган. Бунга амин бўлганимиз билан, ўлганлар тирилишини қатъий рад этадиган саддуқийлардан фарқ қиламиз. Ҳатто бизни масхара қилишса ҳам, тирилишга бўлган ишончимиз мустаҳкам. (Марк 12:18; Ҳавор. 4:2, 3; 17:32; 23:6–8)
3 Павлус «Масиҳ ҳақидаги бошланғич таълимотлар» тўғрисида ёзганда «ўлганларнинг тирилиши» ҳақидаги таълимотни ҳам киритган. (Иброн. 6:1, 2) Унинг ўзи ҳам тирилишга ишонишини таъкидлаб ўтган. (Ҳавор. 24:10, 15, 24, 25) Гарчи тирилиш бошланғич таълимот бўлиб, «Аллоҳнинг муқаддас каломидаги оддий нарсалар» қаторига кирса-да, бу таълимот борасида пухта изланиш олиб боришимиз даркор. (Иброн. 5:12) Нима учун?
4. Тирилиш борасида қандай саволлар юзага келяпти?
4 Одамлар Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлашганда, кўпинча ўтмишда юз берган тирилишлар, масалан, Лазарнинг тирилгани ҳақида ўқишади. Шунингдек, улар Иброҳим, Аюб ва Дониёр ҳаётдан кўз юмганлар келажакда яна яшашига ишонгани борасида билиб олишади. Шундай экан, кимдир сиздан кўп йиллар ёки ҳатто асрлар олдин ваъда қилинган тирилишга нега ишонаётганингизни сўраса, нима дейсиз? Келажакда тирилиш қачон юз бериши тўғрисида Муқаддас Китобда чиндан ҳам бирон нима ёзилганми? Бу саволларнинг жавоби имонимизга имон қўшади. Келинг, бу борада Муқаддас Ёзувларда нима дейилганига эътибор қаратайлик.
АСРЛАР ОЛДИН БАШОРАТ ҚИЛИНГАН ТИРИЛИШ
5. Тирилиш ҳақида нималарни муҳокама қиламиз?
5 Ўлганига кўп бўлмаган инсон ҳаётга қайтишини осонликча тасаввур қилиш мумкин. (Юҳан. 11:11; Ҳавор. 20:9, 10) Лекин йиллар, ҳатто асрлар аввал ўлганлар келажакда тирилади, деган ваъда ҳақида нима деса бўлади? Бундай ваъда анча вақт олдин берилган бўлса ва у узоқ ўтмишда ёки яқинда ҳаётдан кўз юмган инсонга тегишли бўлса, унга ишонасизми? Шуниси аниқки, асрлар олдин ваъда қилинган битта тирилиш воқеаси юз берганига ишонасиз. Қизиқ, бу қайси тирилиш? У сиз умид қилаётган келажакдаги тирилиш билан қандай боғлиқ?
6. Забурнинг 117- саноси амалга ошишида Исо қандай ўринга эга?
6 Анча вақт олдин башорат қилинган тирилишга диққат қаратайлик. У Забурнинг 117- саносида ёзилган бўлиб, Довуд томонидан басталанган деб тахмин қилинади. Бу санода: «Нажот бер бизга, ёлворамиз, эй Эгам!.. Эгамиз номи билан келадиган инсон барака топсин»,— деб айтилган. Исо ўлимидан сал олдин, 9 нисонда Қуддусга кириб келганида, одамлар Масиҳга оид бу башоратни тилга олганини эсларсиз. (Заб. 117:25, 26; Мат. 21:7–9) Аммо қандай қилиб Забурнинг 117- саносидаги сўзлар узоқ келажакдаги тирилишга ишора қилиши мумкин эди? Ушбу башоратли санода: «Бинокорлар рад этган тош нақ бинонинг тамал тоши бўлди [бурчакка қўйиладиган негиз тоши бўлиб чиқди, ЯДТ]»,— деб ёзилган сўзларга ҳам аҳамият беринг. (Заб. 117:22)
7. Яҳудийлар Исони рад этиб нима қилишди?
7 «Бинокорлар», яъни яҳудий дин раҳбарлари Масиҳни рад этишган. Улар Исодан юз ўгиришдан ёки Масиҳ сифатида уни тан олишдан бош тортишдан ҳам кўпроғига боришган. Кўпгина яҳудийлар уни рад этиб, у ўлдирилсин, деб талаб қилишган. (Луқо 23:18–23) Шубҳасизки, улар Исо қатл этилишида жавобгар эди.
8. Қандай қилиб Исо «бурчакка қўйиладиган негиз тоши» бўла оларди?
8 Исо рад қилиниб, қатл этилган экан, унда қанақасига у «бурчакка қўйиладиган негиз тоши» бўла оларди? Бу, унинг тирилиши билангина амалга ошиши мумкин эди. Исонинг ўзи бу борада бир масал келтиради. Унда узумзор эгаси боғбонлар олдига хизматкорлар юборгани ҳақида гап кетади. Боғбонлар уларга ёмон муомала қилишади. Исроилликлар ҳам Аллоҳ уларнинг ёнига юборган пайғамбарларга худди шундай муомала қилишган. Бу масалнинг сўнгида узумзор эгаси ўзининг суюкли ўғли бўлмиш меросхўрини жўнатади. Хўш, боғбонлар уни қабул қилишадими? Қайдам. Улар ҳаддидан ошиб уни ўлдиришади. Исо ушбу масални айтиб бергач, Забур 117:22 да ёзилган башоратни келтиради. (Луқо 20:9–17) Ҳаворий Бутрус ҳам «яҳудийларнинг бошлиқлари, оқсоқоллар ҳамда уламолар Қуддусда йиғилишганда» бу оятни келтирган. Бутрус: «Бу киши сизлар устунга михлаган, аммо Худо тирилтириб қўйган носиралик Исо Масиҳ»,— деб айтган. Кейин у аниқ қилиб шундай деган: «Исо — “сиз, қурувчилар кераксиз деб ташлаган тош, бурчакка қўйиладиган негиз тоши бўлиб чиқди”». (Ҳавор. 3:15; 4:5–11; 1 Бутр. 2:5–7)
9. Забур 117:22 да диққатга сазовор қандай воқеа башорат қилинган?
9 Ҳа, Забур 117:22 да қаламга олинган тирилиш ҳақидаги башорат юзлаб йиллар ўтгач амалга ошди. Масиҳ рад этилиб, ўлдирилди. Лекин у бурчакка қўйиладиган негиз тоши бўлиш учун тирилди. Одамларга берилган исмлар орасида фақат тирилтирилган Ўғил, яъни Исо орқали «нажот топишимиз» мумкин. (Ҳавор. 4:12; Эфес. 1:20)
10. а) Забур 15:10 да нима башорат қилинган? б) Нега Забур 15:10 Довудга ишора қилмаётганига аминмиз?
10 Энди, келинг, тирилиш билан боғлиқ бошқа оятга эътибор берайлик. У амалга ошишидан минг йилдан кўпроқ вақт бурун ёзилган. Бу маълумот туфайли, тирилиш башорат қилинганидан ёки ваъда этилганидан анча кейинроқ содир бўлишига ишончимизни мустаҳкамлайди. Забурнинг 15- саносида Довуд: «Мени Ўликлар диёрига ташлаб кетмайсан, бу тақводорингни қабрда чиритмайсан»,— деб ёзган. (Заб. 15:10) Довуд у асло ўлмаслигини ёки инсониятнинг умумий қабрига тушмаслигини назарда тутмаган. Худонинг Каломида у қаригани ҳақида аниқ ёзилган. Сўнг «Довуд оламдан ўтиб, Довуд қалъасида ота-боболари ёнига дафн қилинди». (3 Шоҳ. 2:1, 10) Унда, Забур 15:10 да ким ҳақида гап кетган?
11. Бутрус Забур 15:10 ни қачон тушунтириб берган?
11 Яхшиямки, анчагина маълумотдан хабардормиз. Ушбу сано ёзилганидан минг йилдан ошиқроқ вақт ўтгандан кейин ва Исонинг ўлимию тирилишидан бир нечта ҳафта ўтгач, ҳаворий Бутрус минглаб яҳудий ҳамда яҳудий динига кирган одамларга Забур 15:10 ни келтирган. (Ҳаворийлар 2:29–32 ни ўқинг.) У Довуд вафот этиб, дафн этилганини эслатиб ўтган. Бутрусни тинглаётганлар бу ҳақда билишган. Довуд «Масиҳнинг тирилишини... олдиндан билиб, маълум қилган», деган сўзларни Бутрус келтирганда, улардан ҳеч бири у билан баҳслашгани тўғрисида Муқаддас Китобда ёзилмаган.
12. Забур 15:10 қандай амалга ошган ва бу тирилиш борасида бизни нимага ишонтиради?
12 Бутрус бунга тасдиқ сифатида Забур 109:1 даги Довуднинг сўзларини келтиради. (Ҳаворийлар 2:33–36 ни ўқинг.) У Муқаддас Ёзувлар асосида музокара юритиб, катта оломонга Исо «Ҳазрат ва Масиҳ» эканига ишонч ҳосил қилишга кўмаклашади. Шунда одамлар Забур 15:10 Исо тирилганида амалга ошганини тушунишади. Кейинчалик, ҳаворий Павлус Писидиядаги Антиохия шаҳрида яҳудийларга гапираётганда худди шу исботни қўллайди. Улар бундан таъсирланиб, бу ҳақда кўпроқ билим олишни хоҳлашади. (Ҳаворийлар 13:32–37, 42 ни ўқинг.) Муқаддас Китобдаги ушбу башоратлар, ҳатто каромат қилинганидан асрлар ўтган бўлса-да, бизнинг ҳам келажакдаги тирилишга нисбатан имонимизга имон қўшиши лозим.
ТИРИЛИШ ҚАЧОН БЎЛАДИ?
13. Тирилиш борасида қандай саволлар пайдо бўлиши мумкин?
13 Кўп асрлар илгари ваъда қилинган тирилиш содир бўлишини билиш далда бахш этяпти. Шундай бўлса-да, баъзиларда қуйидагича саволлар пайдо бўлиши мумкин: «Бу, яқинларимни кўриш учун узоқ вақт кутишим кераклигини англатадими? Мен умид қилаётган тирилиш қачон юз беради?» Эсингизда бўлса, Исо ҳаворийларига улар билмайдиган ва била олмайдиган нарсалар борлигини айтган. У Худо «Ўз ихтиёри билан белгилаган вақт» тўғрисидаги тафсилотларни назарда тутган. (Ҳавор. 1:6, 7; Юҳан. 16:12) Бироқ тирилиш қачон содир бўлиши борасида баъзи маълумотга эгамиз.
14. Исонинг тирилиши ундан аввал тирилган кишиларникидан нимаси билан фарқ қилади?
14 Буни тушуниш учун Муқаддас Китобда башорат қилинган тирилиш воқеаларини эслаб кўринг. Уларнинг ичида энг муҳими Исонинг тирилишидир. У тирилмаганида ҳеч биримиз яқинларимиз ҳаётга қайтишини кўриш умидига эга бўлмас эдик. Исонинг тирилишидан аввал Илёс ва Элишай томонидан тирилтирилган кишилар абадий яшамаган. Улар ҳаётдан кўз юмиб, тупроққа айланган. Улардан фарқли равишда Исо «тирилиб, бошқа ўлмайди ҳамда ўлим унга ҳоким бўла олмайди». У осмонда «абадулабад» яшамоқда. (Рим. 6:9; Ваҳ. 1:5, 18; Колос. 1:18; 1 Бутр. 3:18)
15. Нега Исо «биринчи ҳосил» деб аталади?
15 Исо руҳий шахс сифатида тирилганларнинг биринчиси бўлиб, тирилишлар орасида муҳим аҳамиятга эга. (Ҳавор. 26:23) Лекин ундан ташқари бошқалар ҳам осмонда руҳий шахс сифатида яшаш учун тирилтирилган. Исо содиқ ҳаворийларига осмонда у билан бирга бошқаришни ваъда қилган. (Луқо 22:28–30) Улар бу мукофотни фақат ўлгандан кейин қўлга кирита олишади. Ўлгач улар Масиҳ каби руҳий шахс сифатида тирилишади. Павлус: «Масиҳ чиндан ҳам тирилди. У ўлим уйқусида бўлганлар орасидан биринчи ҳосил бўлди»,— деб ёзган. У бошқалар ҳам тирилиб, осмонда яшаши ҳақида қуйидагича деган: «Ҳамма ўз навбати билан тирилади: Масиҳ биринчи ҳосил, сўнг Масиҳнинг ҳозир бўлиш даврида, унга тегишли бўлганлар ҳаётга қайтишади». (1 Кор. 15:20, 23)
16. Осмонда яшаш учун тирилиш қачон юз беради ва буни қаердан биламиз?
16 Павлуснинг сўзларидан осмонда яшаш учун тирилиш қайси пайтда бўлишини билиб оляпмиз. Бу «Масиҳнинг ҳозир бўлиш даврида» юз беради. Яҳованинг Шоҳидлари кўп йиллардан буён Муқаддас Китоб асосида шуни исботлаб келишяптики, Исонинг «ҳозир бўлиш» пайти 1914 йили бошланган. У ҳозиргача давом этяпти ва бу ёвуз замонанинг охири жуда яқин.
17, 18. Масиҳнинг «ҳозир бўлиш пайтида» айрим мойланганлар билан нима юз беради?
17 Муқаддас Китобда осмонда яшаш учун тирилиш борасида шундай тафсилотлар келтирилган: «Ўлим уйқусида бўлганларнинг келажаги ҳақида сизларни бехабар қолдирмоқчи эмасмиз. Агар Исонинг ўлиб, тирилганига ишонсак, унда Исонинг издошлари сифатида ўлим уйқусига кетганларни Аллоҳ у билан бирга бўлиш учун тирилтиришига ҳам ишонамиз... Ҳазратимизнинг ҳозир бўлиш пайтида ҳаёт бўлган бизлар, ўлим уйқусида бўлганлардан олдин асло ўтиб кета олмаймиз. Негаки, Ҳазратимизнинг ўзи... буйруқ бериб,.. Исонинг ўлган шогирдлари биринчи бўлиб тирилишади. Сўнгра биз ҳаёт бўлганлар — тирик қолганлар улар билан бирга Ҳазратимизни ҳавода қаршилаш учун булутлар билан кўтариламиз ва доимо Ҳазратимиз билан бирга бўламиз». (1 Салон. 4:13–17)
18 Масиҳнинг «ҳозир бўлиш пайти» бошланганидан бир оз вақт ўтгач биринчи тирилиш юз беради. Буюк мусибат пайтида ер юзида яшаётган мойланган масиҳийлар «булутлар билан кўтарилишади». (Мат. 24:31) Улар «ўлим уйқусига кетмайди», яъни узоқ вақт давомида ўлган ҳолатда бўлмайди. Улар ҳақида шундай дейилган: «Барчамиз ўзгариб кетамиз. Бу бир зумда, кўз очиб юмгунча, охирги карнай чалинганда содир бўлади». (1 Кор. 15:51, 52)
19. Қайси «яхшироқ тирилишни» кутяпмиз?
19 Бугунги кунда аксарият содиқ масиҳийлар мойланмаган ва Масиҳ билан осмонда ҳукм суриш учун даъват этилмаган. Улар бу ёвуз замона «Яҳованинг кунида» якун топишини кутишяпти. Бу кун аниқ қачон бўлишини ҳеч ким билмайди, аммо далиллар у яқин эканини ошкор этяпти. (1 Салон. 5:1–3) Ер юзида жаннат бўлганида эса ўзгача тирилиш юз беради. Ўшанда одамларда мукаммалликка эришиб, бошқа ўлмасликка имкон пайдо бўлади. Гап шундаки, ўтмишда «аёлларнинг ўлган яқинлари тирилган эди», лекин вақт ўтгач улар яна ҳаётдан кўз юмган эди. Келажакдаги тирилиш эса бундан ҳам «яхшироқ тирилиш» бўлади. (Иброн. 11:35)
20. Нега тирилиш тартиб билан содир бўлишига аминмиз?
20 Муқаддас Китобга биноан, осмонда яшайдиган «ҳамма ўз навбати билан тирилади». (1 Кор. 15:23) Демак, ер юзида ҳам тирилиш тартиб билан содир бўлади. Бу туфайли қуйидаги саволлар юзага келяпти: «Яқинда ҳаётдан кўз юмганлар Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви бошланганидан кўп ўтмай тириладими ва яқинлари уларни қарши олишадими? Ўтмишда яшаган қобилиятли содиқ бошқарувчилар олдинроқ тирилиб, янги дунёдаги Худонинг халқини ташкиллаштиришга ёрдам беришадими? Яҳовага ҳеч қачон хизмат қилмаган одамлар билан нима бўлади? Улар қачон ва қаерда тирилади?» Ҳа, жавобсиз қолаётган кўпгина саволларимиз бор. Бироқ ҳозир булар ҳақида ташвишланиш керакми? Бу қандай юз беришини кўриш учун кутган яхшироқ эмасми?! Ахир Яҳова буларни қай йўсин амалга оширишини шахсан ўзимиз кузатсак жуда ажойиб бўлади!
21. Тирилиш борасида сиз нимага умид қиляпсиз?
21 Ўша пайт келмагунча, Яҳовага бўлган имонимизни мустаҳкамлашимиз даркор. Зеро, У хотирасида бўлган барча ўлганларни тирилтиришни Исо орқали ваъда қилган. (Юҳан. 5:28, 29; 11:23) Яҳова ўлганларни тирилтиришга қодир эканини исботлаш ниятида Исо Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб Аллоҳнинг назарида «тирик» эканини айтган. (Луқо 20:37, 38) Дарҳақиқат, бизда ҳам Павлус сингари: «Одамларнинг тирилишига ишониб, Худога умид боғлайман»,— деб айтишга кўпгина сабаблар бор. (Ҳавор. 24:15)