Севгингиз сўнишига йўл қўйманг!
Қонунсизлик кўпайиши туфайли, кўпчиликнинг севгиси совийди. МАТ. 24:12
1, 2. а) Исонинг Матто 24:12 даги сўзлари дастлаб кимга қарата айтилган эди? б) Қай йўсин Ҳаворийлар китобидан аксарият илк масиҳийлар доимо севгини кўрсатишгани кўриняпти? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
ИСО «замона охирлаб бориши» тўғрисида гапирганида, бунинг белгиларидан бири «кўпчиликнинг севгиси совиши» бўлишини айтганди. (Мат. 24:3, 12) Дастлаб ушбу сўзлар ўзларини Худонинг халқи деб юрган, аммо Аллоҳга бўлган севгилари сўнишига йўл қўйган биринчи асрдаги яҳудийларга қарата айтилган эди.
2 Умуман олганда, ўша пайтда яшовчи масиҳийларнинг кўпчилиги Аллоҳга, имондошларига ҳамда имондоши бўлмаган кишиларга муҳаббатни намоён этиб, «Исо Масиҳ тўғрисидаги хушхабарни ёйиш» билан банд бўлган. (Ҳавор. 2:44–47; 5:42) Лекин шундай бўлса-да, Исонинг биринчи асрдаги айрим издошлари севгилари сўнишига йўл қўйишган.
3. Нима сабабдан айрим масиҳийларнинг севгиси сўнган бўлиши мумкин?
3 Тирилган Исо Масиҳ Эфесда яшовчи биринчи асрдаги масиҳийларга жамоатига мурожаат қилиб, қуйидагича айтганди: «Бироқ сенга эътирозим бор: сен илк муҳаббатингдан совидинг». (Ваҳ. 2:4) Нима учун у бундай деган бўлиши мумкин? Масиҳнинг ушбу илк шогирдларига нафсга эрк берилган дунёда яшаш таъсир қилган бўлиши мумкин. (Эфес. 2:2, 3) Бугунги кундаги кўплаб шаҳарлар сингари, биринчи асрдаги Эфес шаҳри ҳам иллатларга тўла эди. У мисли кўрилмаган даражада бой шаҳар бўлиб, унда яшовчи одамлар зеб-зийнатга, дам олишга ва фаровон ҳаётга кўп эътибор қаратишарди. Аниқ-равшанки, ғаразли хоҳиш-истаклар беғараз севгининг ўрнини эгаллаб олганди. Боз устига, одобсиз хулқ-атвор ва ўтакетган ахлоқсизлик ҳам одамларни ўз қаърига тортаётганди.
4. а) Бугунги кунда севги сўниб бораётгани нимадан кўриняпти? б) Қайси учта соҳада севгимиз синалиши мумкин?
4 Исонинг севги сўниши борасидаги башорати бизнинг замонамизга ҳам тегишлидир. Зеро, ҳозирги пайтда инсонларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббати кундан-кунга сусайиб бормоқда. Миллионлаб одамлар Парвардигордан юз ўгириб, муаммоларини ечишда осий бандалар томонидан бошқарилаётган ташкилотлардан ёрдам излашяпти. Шунинг учун, Тангри Яҳовага топинмайдиган кишилар орасида севги борган сари сўниб боряпти. Аммо биринчи асрда Эфесдаги жамоатда юз берган вазиятдан кўрганимиздек, бугунги кундаги масиҳийлар ҳам мағрур бўлиб кетишлари ва уларнинг севгиси сусайишига йўл қўйишлари мумкин. Ҳозир биз қайси учта соҳада севгимиз синалиши мумкинлигини кўриб чиқамиз: 1) Яҳовага бўлган муҳаббат, 2) Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга бўлган севги ва 3) имондошларимизга бўлган севги.
ЯҲОВАГА БЎЛГАН МУҲАББАТ
5. Нега биз Худони севишимиз керак?
5 Исо муҳаббат совиши борасидаги огоҳлантиришни айтганидан сал олдинроқ севгининг энг муҳим турига алоҳида эътибор қаратиб, шундай деган: «”Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг ва бутун онгинг билан сев”. Бу биринчи ва энг муҳим амрдир». (Мат. 22:37, 38) Дарҳақиқат, Аллоҳга бўлган чуқур севги бизга Унинг амрларига бўйсунишга, бардош қилишга ва ёмонликдан нафратланишга ёрдам беради. (Забур 96:10 ни ўқинг.) Шайтон ва унинг дунёси эса бизнинг Худога бўлган севгимизни сусайтириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда.
6. Худога бўлган севги йўқолганининг оқибати қандай бўлди?
6 Атрофимиздаги одамлар севги тўғрисида нотўғри тушунчага эгалар. Улар Парвардигорни севишнинг ўрнига, «ўзини севадиган» бўлиб қолишган. (2 Тим. 3:2) Шайтон томонидан бошқарилаётган ушбу дунё «тана нафси, ҳирсли кўзлар ва ўз мол-мулки билан мақтаниш» каби қусурлар пайидан бўлишга чорламоқда. (1 Юҳан. 2:16) Ҳаворий Павлус имондошларига тана истакларини қондириш борасида қуйидагича огоҳлантириш берганди: «Танага оид нарсаларни ўйлаш — ўлим... келтиради. Боиси, танага оид нарсаларни ўйлаш — Аллоҳ билан душман бўлишни англатади». (Рим. 8:6, 7) Ҳа, ҳаётларини моддий нарсаларга ружу қўйиш ёки жинсий истакларини қондиришга бағишлаган кишилар охир-оқибат умидсизланиб, бундан қаттиқ озорланишган. (1 Кор. 6:18; 1 Тим. 6:9, 10)
7. Бугунги кунда Масиҳнинг издошлари қандай хавф-хатарларга дуч келишяпти?
7 Баъзи мамлакатларда атеистлар, агностиклар ва эволюция назариясига ишонадиганлар нафақат Худога бўлган муҳаббатни, балки Унга бўлган ишончни ҳам барбод қилишга қаратилган ғояларни олға суришмоқда. Масалан, улар кўплаб одамларни Яратувчига ишониш учун ё содда, ё саводсиз бўлиш кераклигига ишонтиришмоқда. Натижада, одамлар Аллоҳ Таолони эмас, олимларни эъзозлашяпти. (Рим. 1:25) Агар бундай таълимотларга қулоқ солсак, улар бизни Яҳовадан узоқлаштириб, Унга бўлган севгимизни сўндириши ҳеч гап эмас. (Иброн. 3:12)
8. а) Қандай вазиятлар Яҳованинг кўплаб Шоҳидларини тушкунликка туширмоқда? б) Қай йўсин Забур 135- санодан далда олишимиз мумкин?
8 Тушкунликка берилиш, шунингдек, Худога бўлган ишонч ва муҳаббатимизни сусайтириши мумкин. Шайтон бошқаруви остида бўлган ушбу ёвуз дунёда барчамиз гоҳида руҳимизни туширадиган вазиятларга дуч келамиз. (1 Юҳан. 5:19) Эҳтимол, айни пайтда биз қарилик, соғлик заифлашиши ёки иқтисодий босимлар туфайли муаммоларга рўбарў бўлаётгандирмиз. Ё бўлмаса, баъзи нарсаларни истаганимизча қила олмаётганимиздан ёки айрим нарсалар биз кутгандек бўлмаётганидан ёхуд шахсий қандайдир камчиликлардан хафа бўлаётгандирмиз. Қандай бўлмасин, биз ҳеч қачон бундай шароитлар ёки туйғулар сабабли «Яҳова бизни ташлаб кетган» деган фикрга бормаслигимиз керак. Бунинг ўрнига, Яҳова бизга кўрсатаётган абадий севгиси тўғрисидаги сўзлар устида мулоҳаза юритишимиз даркор. Мазкур сўзлар Забур 135:23- оятда қуйидагича қаламга олинган: «Шукрона айтинг хор бўлганимизда бизни эслаганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир». Дарҳақиқат, Яҳованинг хизматчиларига бўлган содиқ севгиси мангудир! Шу боис, У «илтижоларимизни» эшитиб, уларга жавоб беришига амин бўлишимиз мумкин. (Заб. 114:1; 135:24–26)
9. Павлус Аллоҳга бўлган севгисини сақлаш учун қаердан куч топа олган?
9 Сано бастакори каби ҳаворий Павлус ҳам Яҳованинг мангу муҳаббати тўғрисида фикр юритишдан куч топган. У шундай деб ёзганди: «Яҳова менинг ёрдамчим; мен қўрқмайман. Инсон менга нима ҳам қила оларди?» (Иброн. 13:6) Павлус Яҳова меҳр ила ғамхўр қилишига қаттиқ ишонарди ва бу унга ҳаёт муаммолари билан курашишга ёрдам берган. У салбий вазиятлар уни эзишига йўл қўймаган. Қамоқда бўлганида Павлус бир нечта далдали мактублар ёзган. (Эфес. 4:1; Филип. 1:7; Филим. 1) Ҳа, ҳатто оғир синовларга дуч келганида ҳам, Павлус Аллоҳга бўлган муҳаббатини сақлаб қолган. Бу учун у қаердан куч топа олган? Гап шундаки, у «ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳ»га таянишни канда қилмаган. (2 Кор. 1:3, 4) Хўш, қай тариқа Павлуснинг ўрнагига тақлид қилиб, Яҳовага бўлган севгимизни кучли сақлай оламиз?
10. Қандай қилиб Яҳовага бўлган севгимизни мустаҳкам сақлай оламиз?
10 Шуниси эътиборлики, ҳаворий Павлус Яҳовага бўлган севгимизни мустаҳкам сақлашнинг муҳим бир йўли ҳақида айтиб ўтганди. У имондошларини: «Тинмай ибодат қилинглар»,— деб ундаганди. Кейинчалик эса: «Доимо ибодат қилинглар»,— деб ёзганди. (1 Салон. 5:17; Рим. 12:12) Ҳа, ибодат орқали мулоқот қилиш — Худо билан бўлган яқин муносабатларимизнинг пойдеворидир. (Заб. 85:3) Яҳовага қалбимиз тўридаги ўйлар ва ҳис-туйғуларни айтиш учун етарлича вақт ажратсак, «ибодатларни Эшитгучи»си бўлмиш самовий Отамизга яқинлашишимиз муқаррар. (Заб. 65:2, ЯДТ) Қолаверса, Яҳовадан ибодатларимизга жавоб олганимизда, Унга бўлган севгимиз ўсиб боради. Ўшанда «Эгамиз Ўзига ёлворганларнинг ёнида» эканига янада амин бўламиз. (Заб. 144:18) Яҳова севги ила ғамхўрлик қилишига бўлган бундай ишонч бизга имон синовларидан ўтишга кўмаклашади.
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ҲАҚИҚАТГА БЎЛГАН СЕВГИ
11, 12. Муқаддас Китобга бўлган чуқур севгимизни қандай оширишимиз мумкин?
11 Масиҳийлар сифатида биз ҳақиқатни севамиз. Бундай ҳақиқатнинг кони — Муқаддас Китобдир. Ахир Исо ҳам: «Сенинг каломинг — ҳақиқатдир»,— деб бежизга айтмаган. (Юҳан. 17:17) Шундай экан, ҳақиқатга нисбатан севги инсон Муқаддас Ёзувлар ҳақида аниқ билимга эга бўлганида бошланади. (Колос. 1:10) Лекин ҳақиқатни севиш учун шунчаки бирламчи таълимотларни билиб олишдан кўпроқ нарса талаб этилади. 118- санони илоҳий илҳом билан ёзган киши Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни севиш нимани англатишини тушунишда бизга қандай ёрдам берганига диққат қаратинг. (Забур 118:97–100 ни ўқинг.) Кун мобайнида Муқаддас Ёзувлардаги баёнотларда тўхталиб, улар устида мулоҳаза юритишга вақт ажратяпмизми? Ҳақиқатни ҳаётимизда қўллашдан қандай фойда олганимиз ҳақида фикр юритсак, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга бўлган миннатдорчилигимиз ошади.
12 Сано бастакори қуйидагича давом этди: «Сўзларинг мен учун нақадар мазалидир, асалдан ҳам ширин туюлар оғзимга». (Заб. 118:103) Шу сингари, биз ҳам Худонинг ташкилоти тақдим этаётган Муқаддас Китобга асосланган мазали маънавий озуқани тановул қилишдан завқ олишимиз мумкин. Биз бу озуқанинг таъми оғзимизда қолишига интилишимиз керак, зеро ўшанда ҳақиқатнинг «ёқимли сўзларини» эсда сақлашга ва улардан фойдаланиб бошқаларга кўмаклашишга муваффақ бўламиз. (Воиз 12:10, ЯДТ)
13. Еремиёга Муқаддас Ёзувлардаги ҳақиқатни севишга нима кўмаклашган ва бу ҳақиқат унга қандай таъсир қилган?
13 Еремиё пайғамбар Муқаддас Ёзувлардаги ҳақиқатни севган. Худонинг сўзлари унинг қалбига қандай таъсир қилганига бир аҳамият беринг. У шундай деганди: «Айтган ҳар бир сўзингга ташна эдим. Сўзларингдан шодланар эдим, сўзларинг дилимга қувонч бағишлар эди. Зеро, мен Сенга тегишлиман, эй Парвардигори Олам — Эгамиз». (Ерм. 15:16) Еремиё пайғамбар Аллоҳнинг бебаҳо сўзлари ҳақида мушоҳада юритиб, гўёки уларни еб, ҳазм қилгандек бўлган. Шу йўсин у Худога тегишли бўлиш каби шараф учун астойдил миннатдорчилик билдирган. Агар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни севсак, бизда ҳам ушбу охирзамонда Худонинг исми билан аталиш ва Унинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилиш каби ўзгача шараф борлигини тушунамиз.
14. Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга бўлган севгимизни қандай ошира оламиз?
14 Муқаддас Китобни ва унга асосланган адабиётларни ўқишдан ташқари, яна қандай қилиб Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга бўлган севгимизни оширишимиз мумкин? Биз жамоат йиғилишларига мунтазам бориш орқали Муқаддас Китобдаги ҳақиқат учун севгимизни ошира оламиз. Аллоҳнинг Каломини «Қўриқчи минораси» ёрдамида ҳар ҳафта тадқиқ қилиш — бизга берилаётган таълимнинг асосий усулидир. Муҳокама қилинаётган мавзунинг моҳиятини тушуниш учун ҳар ҳафта «Қўриқчи минораси» муҳокамасига яхшилаб тайёргарлик кўришимиз даркор. Бундай қилишнинг бир йўли — мақолада келтирилган оятларнинг ҳар бирини очиб ўқишдир. Бугунги кунда «Қўриқчи минораси»ни jw.org сайтимиздан юклаб олишимиз ёки уни кўплаб тилларда «JW Library» иловаси ёрдамида кўриб чиқишимиз мумкин. Баъзи электрон форматлар туфайли ҳар бир тадқиқ мақоласида келтирилган оятларни тезда топса бўлади. Лекин қандай усулни қўллашимиздан қатъи назар, ушбу оятларни синчиклаб ўқиш ва улар ҳақида фикр юритиш Муқаддас Китобга бўлган севгимизни оширади. (Забур 1:2 ни ўқинг.)
ИМОНДОШЛАРИМИЗГА БЎЛГАН СЕВГИ
15, 16. а) Юҳанно 13:34, 35 га кўра, қандай бурчимиз бор? б) Қай тариқа имондошларимизга бўлган севги Худога ва Муқаддас Китобга бўлган севгимиз билан боғлиқ?
15 Исо ер юзида ўтказган охирги кечада ўз шогирдларига шундай айтганди: «Мен сизларга янги амр беряпман: бир-бирингизни севинглар. Мен сизларни севганимдек, сизлар ҳам бир-бирингизни севинглар. Агар орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади». (Юҳан. 13:34, 35)
16 Имондошларимизга бўлган севги Яҳовага бўлган севги билан боғлиқдир. Аслини олганда, севгининг ушбу турлари бир-бирисиз намоён бўлмайди. Ҳаворий Юҳанно қуйидагича ёзганди: «Ахир кўриб турган биродарини сева олмаса, кўрмаган Худони қандай сева олади?» (1 Юҳан. 4:20) Боз устига, Яҳовага ва имондошларимизга бўлган севги Муқаддас Китобга бўлган севгимиз билан ҳам боғлиқдир. Нима учун? Чунки Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга бўлган севги бизни Худо ва имондошларимизни севиш каби илоҳий амрларга астойдил риоя қилишга ундайди. (1 Бутр. 1:22; 1 Юҳан. 4:21)
17. Севгимизни намоён этишнинг айрим йўллари қандай?
17 1 Салоникаликларга 4:9, 10 ни ўқинг. Жамоатда севгимизни намоён этишнинг айрим йўллари қандай? Масалан, кекса имондошимиз уни кимдир йиғилишларга ўз машинасида олиб боришига муҳтож бўлиши мумкин. Ёки бева қолган опамизга ёки синглимизга уйида айрим таъмирлаш ишларида ёрдам бериш керак бўлар. (Ёқб. 1:27) Ғамгин ёки руҳи тушган ёхуд бошқа синовларни бошдан кечираётган биродару опа-сингилларимиз, ёш ё қари бўлишларидан қатъи назар, эътиборимизга, далдамизга ва тасаллимизга муҳтожлар. (Ҳик. 12:25; Колос. 4:11) «Имондошларимиз» ҳақида қаттиқ қайғураётганимизни сўзларда ва амалда намоён этганимизда, уларни ростдан ҳам севишимизни исботлаган бўламиз. (Галат. 6:10)
18. Имондошларимиз билан кичик тушунмовчиликларни ҳал қилишда бизга нима кўмаклашади?
18 Худонинг Каломида «охирзамонда» одамлар худбин ва очкўз бўлиши ҳақида башорат қилинганди. (2 Тим. 3:1, 2) Шунинг учун, масиҳийлар сифатида биз Аллоҳга, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга ва бир-биримизга бўлган севгимиз ўсиши учун тер тўкиб ҳаракат қилишимиз лозим. Тўғри, баъзида имондошларимиз билан кичик тушунмовчиликлар юз бериши мумкин. Бироқ севги ҳар қандай келишмовчиликни меҳр-муҳаббат ила ҳал қилишга ундаса, жамоатдаги барча учун бу нақадар улкан барака бўлади-я! (Эфес. 4:32; Колос. 3:14) Шу сабабли, биз ҳеч қачон севгимиз сўнишига йўл қўймаймиз! Аксинча, келинг, Яҳовага, Унинг Каломига ва имондошларимизга қайноқ севгимизни намоён этишда давом этайлик!