Яҳова — бизнинг Чўпонимиздир
«Худованд — Чўпоним менинг, мен муҳтожлик кўрмайман асло» (ЗАБУР 22:1).
1-3. Нимага Довуд Яҳовани чўпон билан таққослагани ажабланарли эмас?
СИЗ Яҳова Таолонинг ўз халқига қилган ғамхўрлигини қандай тасвирлаган бўлардингиз? Унинг садоқатли хизматкорларига бўлган мулойим ғамхўрлигини тасвирлаш учун, Уни ким билан таққослаган бўлардингиз? Бундан 3 000 йил муқаддам ҳазрати Довуд, Яҳова ҳақида ажойиб бир сўзларни ёзган, ва у ишлатган тимсоллар унинг ёшлик пайтида нима билан шуғулланганини кўрсатади.
2 Довуд ёшлик чоғида чўпон бўлганлиги учун, қўйларга қандай қараш кераклигини яхши билар эди. Қаровсиз қолдирилган қўйлар ўғриларга ва йиртқич ҳайвонларга ўлжа бўлиши унга яхши маълум эди (1 Шоҳлар 17:34-36). Чўпон бўлмаса қўйлар на йўлини, на яйловини топади. Шунинг учун Довудда қўйларга қараш, боқиш ва ҳимоялаш билан боғлиқ яхши хотиралар қолган.
3 Яҳованинг ўз халқига бўлган ғамхўрлигини тасвирлаганида, Довуд чўпон бўлган пайтини эслагани ажабланарли эмас. Ҳазрати Довуд басталаган 22-сано: «Худованд — Чўпоним менинг, мен муҳтожлик кўрмайман асло»,— деган сўзлар билан бошланади. Келинг, нима учун Яҳовани чўпон билан таққослаш мумкинлигини муҳокама қилайлик. Ушбу санодан, Чўпонимиз Яҳова ўз хизматкорларига қандай ғамхўрлик қилишини кўриб чиқамиз (1 Бутрус 2:25).
Ўринли таққослаш
4, 5. Муқаддас Китобда қўйларнинг хусусиятлари қандай тасвирланади?
4 Муқаддас Китобда Яҳовага нисбатан кўп унвонлар ишлатилган, бироқ «Чўпон» унвони энг илиқ бўлса керак (Забур 79:2). Нимага бу ибора Яҳовага мос келганлигини тушуниш учун, биринчидан қўйларнинг хусусиятларини, иккинчидан эса яхши чўпоннинг фазилатларию вазифаларини кўриб чиқишимиз лозим.
5 Муқаддас Китобда қўйларнинг кўп хусусиятлари айтиб ўтилади. Уларнинг жумласидан қуйидагилардир: чўпоннинг меҳрига сезгирлиги (2 Шоҳлар 12:3), ювошлиги (Ишаё 53:7) ва ҳимояга муҳтожлиги (Михо 5:8). Кўп йиллардан бери қўйларга қарайдиган одам шундай деган: «Баъзилар ўйлагандай, қўйлар “ўзларича ўтлаб юрмайди”. Улар бошқа ҳайвонлардан кўра ўзларига кўпроқ эътибор ва доимий ғамхўрликни талаб қиладилар». Бу ожиз мавжудотларнинг ҳаёти бутунлай ғамхўр чўпонга боғлиқ (Ҳизқиё 34:5).
6. Муқаддас Китобнинг бир изоҳли луғатида чўпоннинг одатдаги куни қандай тасвирланган?
6 Қадимда чўпоннинг одатдаги куни қандай ўтар эди? Муқаддас Китобнинг бир изоҳли луғатида шундай тушунтирилади: «Ҳар куни саҳарлаб чўпон қўйларни қўрадан чиқариб, яйловга бошлаб борарди. Ва кун бўйи улар тарқаб кетмаслиги учун кўз-қулоқ бўлиб турарди. Агар қўйлардан бирортаси кўздан ғойиб бўлса, қидириб топиб, сурувга олиб келарди. [...] Кеч тушгач эса уларни яна қўрага ҳайдаб келарди ва эшик олдида туриб бирма-бир санаб чиқиб, ҳаммаси жойидалигига ишонч ҳосил қиларди. [...] Кечаси эса ўғри тушмаслиги ёки йиртқич ҳайвонлар ташланмаслиги учун қўрани қоровуллашга тўғри келарди»a.
7. Нима учун чўпондан гоҳида сабр-тоқат ва ғамхўрлик талаб қилинарди?
7 Гоҳида қўйлар, айниқса бўғоз совлиқлар ва қўзичоқлар сабр-тоқат ва ғамхўрликка муҳтожлар (Ибтидо 33:13). Муқаддас Китобнинг бир изоҳли луғатида шундай дейилади: «Қўйлар кўпинча тоғ ёнбағрида қўзилайдилар. Агар бундай воқеа рўй берса чўпон, ёрдамга муҳтож она қўйларга ғамхўрлик қилади, қўзичоғини эса қўлга кўтариб, қўрага олиб боради. Бир неча кун, қўзичоқ юришни ўрганмагунча, чўпон уни қўлида кўтариб ёки тўни ичида олиб юради» (Ишаё 40:10, 11). Кўриб турганимиздай, яхши чўпон кучли ва ғамхўр бўлиши лозим.
8. Қандай сабабларга кўра Довуд Яҳовага ишонган?
8 «Худованд — Чўпоним менинг», деган ибора Худовандимизга қанчалар мос! Забурнинг 22-саносини кўриб чиқаётганимизда, Яҳова кучли ва ғамхўр чўпон каби бизга ғамхўрлик қилаётганини кўрамиз. Биринчи оятда ҳазрати Довуд, Яҳованинг хизматчилари ҳеч нарсада «муҳтожлик кўрмайдилар асло» деб, ишонч билдирмоқда. Кейин эса нима учун Яҳовага ишонганининг учта сабабини келтирилган. Улар қуйидагилардир: Яҳова ўз хизматчиларини етаклаб боради, ҳимоялайди ва озиқлантиради. Келинг, бу сабабларни бирма-бир кўриб чиқамиз.
«Мени тўғри йўлга бошлар»
9. Довуд қандай жойни тасвирлаяпти ва бу жойга қўйлар қандай қилиб келишлари мумкин эди?
9 Биринчидан Яҳова ўз халқини етаклаб боради. Довуд: «У мени ям-яшил яйловларда ётқизар, оромбахш сувлар бўйлаб етаклаб борар. Жонимга У тетиклик киритар, Ўз номи учун мени тўғри йўлга бошлар»,— деб ёзмоқда (Забур 22:2, 3). Ям-яшил яйловда қўйлар ўтланиб юрибди — бу оятларда Довуд хурсандчилик, тинчлик ва фаровонликни тасвирлаяпти. Ибронийча «яйлов» сўзи шунингдек «ҳузурбахш жойни» англатади. Қўйлар бундай тинчгина ўтлаб юрадиган яйловни тополмайдилар. Бундай «ҳузурбахш жойга» уларни чўпоннинг ўзи олиб келиши керак эди.
10. Худо бизга Ўз ишончини қандай кўрсатади?
10 Бугун Яҳова бизни қандай етаклайди? Авваламбор, Ўз намунаси билан. Унинг Каломи бизни «Худога эргашинглар» деб, ундайди (Эфесликларга 5:1). Бу ерда меҳр-шафқат, кечириш ва севги назарда тутилади (Эфесликларга 4:32; 5:2). Албатта, Яҳова бу ажойиб фазилатларнинг ажойиб ўрнагидир. Лекин Унга тақлид қилиш қийиндир? Мутлақо! Аслида Худо биздан шуни талаб қилиб, Ўз ишончини бизга билдиради. Қайси маънода? Биз Худонинг суратига кўра яратилган бўлиб, ахлоқий фазилатларга ва маънавийликни ўзлаштириш қобилиятига эгамиз (Ибтидо 1:26). Шунинг учун Яҳова, бизнинг гуноҳкорлигимизга қарамай, бундай фазилатларни ривожлантиришимиз мумкинлигини билади. Бир ўйлаб кўринг-а: меҳрибон Худовандимиз, биз Унга тақлид қила олишимизга ишонади! Агар биз Унинг намунасига эргашсак, мажозий маънода У бизни «ҳузурбахш жойларга» етаклаб боради. Бу ёвуз дунёда Худо бизни маъқул топганлиги учун «хотиржамликда» яшаймиз (Забур 4:9; 28:11).
11. Яҳова бизни етаклаб борганида, нимани эътиборга олади, ва биздан нимани кутади?
11 Яҳова Таоло бизни сабр-тоқат ва ғамхўрлик билан етаклаб боради. У яхши чўпон сингари қўйлар ёрдамга муҳтож эканини эътиборга олиб, уларнинг «қадамларига қараб аста-секингина юриб» боради (Ибтидо 33:14). У, қобилият ва шароитларимизни эътиборга олади. Бошқа сўзлар билан айтганда, Худо қўлимиздан келмайдиган нарсани талаб қилмайди. У фақат чин қалбдан хизмат қилишимизни кутади (Колосаликларга 3:23). Бироқ ёшингиз ўтган бўлиб, аввалгидек иш қилолмаётган бўлсангиз-чи? Ёки касаллик қувватингизни олаётган бўлса-чи? Ишонаверинг: агар чин дилдан, қўлингиздан келганича, Яҳовага хизмат қилсангиз, Уни хурсанд қилган бўласиз. Ҳамма ҳар хил. Худога чин қалбдан хизмат қилиш эса, имконият борича бутун куч-қувват билан хизмат қилишни англатади. Камчиликларимизга қарамай, Яҳова чин дилдан қилган хизматимизни қадрлайди (Марк 12:29, 30).
12. Қандай қилиб Тавротдаги амрлардан, Яҳова Ўз хизматчиларининг имкониятларини эътиборга олишини кўрса бўлади?
12 Яҳова Таоло Ўз хизматчиларининг имкониятларини эътиборга олишини, Тавротда қурбонлик ҳақида зикр этилган амрларидан кўрса бўлади. Яҳова, исроилликларнинг чин дилдан аъло қурбонликлар келтиришларини хоҳлаган. Бироқ, қурбонликлар ҳар хил бўлган ва бу, одамнинг имкониятига боғлиқ эди. Масалан Тавротга биноан, агар одам қўйни қурбонлик қилишга қодир бўлмаса Яҳовага атаб, иккита мусичани қурбон қилиши мумкин эди. Бордию, одам ҳатто иккита мусичани қурбон қилишга ожиз бўлса-чи? Ундай ҳолда у буғдой унини олиб келиши мумкин эди (Левилар 5:7, 11). Бундан кўриняптики, Худо одамлардан имконсиз нарсани талаб қилмас экан. Худо ҳеч қачон ўзгармаслиги сабабли эса, У ҳозир ҳам биздан оғир нарсани талаб қилмаслигини билиш нақадар тасалли! Дарҳақиқат, агар қўлимиздан келганини Худога бағишласак, У буни маъқул кўради (Малахи 3:6). Шундай меҳрибон Чўпоннинг раҳбарлиги остида бўлиш нақадар катта бахт!
«Даҳшатлардан мен қўрқмайман. Чунки Сен менга ҳамроҳдирсан»
13. Забур 22:4да Довуд Худо билан яқин бўлганини нима кўрсатади, ва нега бу ажабланарли эмас?
13 Ҳазрати Довуд, Худога бўлган ишончининг иккинчи сабабини келтирмоқда: Яҳова хизматчиларини ҳимоялайди. Забур 22:4да шундай дейилган: «Ўлим водийси зулматида юрсам ҳам, даҳшатлардан мен қўрқмайман. Чунки Сен менга ҳамроҳдирсан, Ўз ҳассангу хивичинг менга тасалли берар». Ушбу оятдан бошлаб, Довуд Яҳовани ўзига яқин олиб, Унга нисбатан «Сен» олмошини ишлатмоқда. Бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ, чунки Довуд, Худо унга қийин пайтларда қандай ёрдам берганини сўзлаб бермоқда. Довуд бир неча марта «ўлим водийси зулматида», яъни ўлим хавфи остида юрган. Лекин Довуд хотиржам эди, чунки Худо уни ҳимоялаш учун, «ҳасса» ва «хивич» қўлида ушлаб турганини биларди. Бундай ишонч Довудни Яҳова билан яқинлаштирар эдиb.
14. Яҳованинг ҳимояси ҳақида Муқаддас Китобда қандай ваъдалар ёзилган, лекин бу нимани англатмайди?
14 Бугунги кунда Яҳова Таоло Ўз хизматчиларини қандай ҳимоялайди? Муқаддас Китоб на жинлар, на одамлар Худонинг халқини ер юзидан йўқ қила олмайдилар деб, ваъда бермоқда. Албатта, Яҳова бунга ҳеч қачон йўл қўймайди (Ишаё 54:17; 2 Бутрус 2:9). Бироқ бу, Яҳова бизни ҳар қандай фалокатдан халос этишини англатмайди. Биз ҳамма одам қатори қийинчиликларга дуч келамиз. Бундан ташқари, масиҳчи бўлганимиз сабабли бизни қувғин қилишади (2 Тимўтийга 3:12; Ёқуб 1:2). Гоҳида биз, мажозий сўзлар билан айтганда, худди «ўлим водийси зулматида» юрамиз. Масалан, қувғинлар ёки оғир хасталиклар туфайли ҳаётимиз қил учида тургандек бўлиши мумкин. Яқин инсонимиз ўлим ёқасида ёки ҳатто ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Аммо шундай дамларда ҳам Чўпонимиз доимо биз билан бўлиб, бизни ҳимоя қилади. Қандай қилиб дейсизми?
15, 16. а) Қийинчиликларни енгишда Яҳова бизга қандай ёрдам қилади? б) Яҳова Таоло синовларда бизга ёрдам беришини кўрсатадиган воқеани айтиб беринг.
15 Яҳова Таоло қандайдир мўъжиза билан қутулиб қолишимизни ваъда қилмаган.c Лекин қандай қийинчиликларга дуч келишимиздан қатъиназар, Яҳова бизга ёрдам беришига амин бўлишимиз мумкин. «Турли синовларга дучор бўлганимизда» У бизга донолик беради (Ёқуб 1:2-5). Чўпон ўз ҳассасидан нафақат йиртқич ҳайвонларни ҳайдаш, балки қўйларни бошқариш учун ҳам фойдаланади. Яҳова ҳам бизни «бошқариб», баъзида имондошимиз орқали Муқаддас Китобга асосланган фойдали маслаҳатлар беради. Бундан ташқари, Яҳова бизни қўллаб-қувватлайди (Филиппиликларга 4:13). Ўз муқаддас руҳи орқали бизга «олий қудрат» бахш этади (2 Коринфликларга 4:7). Худонинг руҳи бизга Шайтоннинг васвасаларига бардош беришга ёрдам беради (1 Коринфликларга 10:13). Яҳова бизга шундай ёрдам қилиши қувончли эмасми?
16 Ҳа, қайси бир «ўлим водийси зулматида» бўлмасак ҳам, ёлғиз эмаслигимиз ёддан чиқмаслиги керак. Биз билан — Чўпонимиздир, ҳатто олдин Унинг ёрдамини пайқамаган бўлсак ҳам, У бизга ёрдам беради. Масалан бир оқсоқолда ўта жиддий касаллиги борлигини аниқлашганида у: «Ростини айтганда бошида: Яҳова мендан норозимикан? Балки Унинг кўнгли мендан қолгандир? деган саволлар мени тинч қўймасди. Лекин мен Худойимдан ҳеч қачон воз кечмайман деб, қарор қилдим. Мени безовта қилган нарсалар ҳақида У билан дардлашардим. Ва Яҳова Таоло менга биродару опа-сингиллар орқали ёрдам қилиб, тасалли берарди. Кўплари ўзларининг оғир касалликни қандай енгишгани ҳақида фойдали фикрлар билан бўлишишарди. Уларнинг сўзлари, мен билан нима бўлаётгани ғайриоддий эмаслигини эслатарди. Биродару опа-сингиллар мени қўллаб-қувватлаб, ёрдам беришарди. Уларнинг меҳрибонлиги, Яҳованинг менга нисбатан бўлган муносабати ўзгармаганлигини кўрсатарди. Мен ҳозиргача бу хасталигим билан курашиб келяпман, ва бу нима билан тугашини ҳали билмайман. Яҳова мен билан эканлигига ва синовлар қанчалик қийин бўлмасин, У менга доим ёрдам беришига ишончим комил».
«Менга дастурхон тузагансан»
17. Забур 22:5да Довуд Яҳовани қандай тасвирламоқда, ва нима учун бу мисоллар бир-бирига зид эмас?
17 Энди Довуд ўз Чўпонига бўлган ишончининг учинчи сабабини айтмоқда: Яҳова Ўз хизматчиларини мўл-кўлчиликда озиқлантиради. Довуд: «Ёвнинг кўз ўнгида менга дастурхон тузагансан, хушбўй мой ила мойлагансан бошимни, лим-лим тўлдиргансан косамни»–деб ёзмоқда (Забур 22:5). Ушбу оятда Довуд ўз Чўпонини сахийлик билан овқат ва сув берадиган хўжайинига ўхшатиб тасвирламоқда. Ғамхўр Чўпон ва сахий хўжайин тўғрисидаги иккита мисол бир-бирига зид эмас. Боз устига, қўйлари «муҳтожлик кўрмаслиги» учун, яхши Чўпон ям-яшил яйловлар ва серсув жойларни қаердан топиш мумкинлигини билади (Забур 22:1, 2).
18. Яҳова сахий хўжайин эканлиги нима кўрсатмоқда?
18 Бизнинг Чўпонимиз сахий хўжайинга ўхшайдими? Бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас! Биз нақадар сифатли, кўп ва ҳар хил маънавий озуқага эга эканлигимизни эсласак бас. «Ақлли ва ишончли хизматкор» орқали Яҳова бизга қимматбаҳо адабиётларни, шунингдек маънавий эҳтиёжларимизни қондириш учун йиғилиш ва анжуманлардаги дастурларни тақдим этмоқда (Матто 24:45-47). Биз маънавий озуқага муҳтожлик кўрмаяпмиз. «Ақлли ва ишончли хизматкор» Муқаддас Китобни ва уни ўрганиш учун мўлжалланган адабиётларни 413 тилда, миллионлаб сонда нашр этмоқда. Яҳова бераётган маънавий озуқа «сут»дан, яъни асосий таълимотлардан бошланиб, то «қаттиқ озиқа»гача, яъни чуқур маънавий билимларгача хилма-хилдир (Ибронийларга 5:11-14). Шунинг учун қийинчиликларга дуч келганимизда ёки бирон бир қарор қабул қилишда, бизга керак бўлган нарсаларни топишимиз мумкин. Бундай маънавий озуқасиз нима қилар эдик-а? Чўпонимиздан бўлак бошқа сахий хўжайин бормикан? (Ишаё 25:6; 65:13)
«Бор кунларим Худованднинг уйида ўтар»
19, 20. а) Забур 22:6да кўрсатилганидай, Довуд нимада амин эди, ва бизда ҳам бундай ишонч бўлишига нима ёрдам беради? б) Кейинги мақолада қайси саволни муҳокама қиламиз?
19 Довуд ўз Чўпонининг ғамхўрлиги ва сахийлиги ҳақида айтиб бериб, охирида: «Умрим бўйи хайру иноят изимдан юрар, бор кунларим Худованднинг уйида ўтар»,— деб айтди (Забур 22:6). Довуднинг қалби миннатдорлик ва ишонч билан тўлиб тошган: у миннатдорлик билан ўтмишни эслаб, келажакка ишонч билан қарамоқда. Қачондир у ҳам чўпон бўлган, ва агар самовий Чўпон билан яқин муносабатда бўлса, мажозий маънода айтганда, кунлари Худованднинг уйида ўтар, яъни Яҳова унга севги ила ғамхўрлик қилганлигини биларди.
20 Забурнинг 22-санодаги чиройли сўзлар учун қанчалик миннатдормиз! Яҳова ўз хизматчиларини етаклаб бориши, ҳимоялаши ва озиқлантиришини Довуд жуда ҳам яхши тасвирлаб берди. Довуднинг бундай самимий сўзлари, биз Яҳовага Чўпонимиздек қарашимиз кераклиги учун ёзилган. Агар Яҳова билан яқин муносабатда бўлсак, меҳрибон Чўпонимиз «бор кунларимиз» ҳақида абадий ғамхўрлик қилади. Биз улуғ Чўпоннинг хизматчиларимиз, ва У билан юриш масъулиятига эгамиз. Бу нимани англатади? Бу саволни кейинги мақолада кўриб чиқамиз.
[Изоҳлар]
b Кўп маротаба хавф-хатарлардан халос этган Яҳовани, Довуд анча қўшиқлар билан тараннум этди. (Мисол учун Забур 17, 33, 55, 56, 58, ва 62-саноларнинг бош сатрларига қаранг.)
c «Қўриқчи Минораси» журналининг 1 октябр 2003 йилги сонида нашр этилган, «Худонинг аралашиши. Бундан нима кутиш мумкин?» деб, номланган мақолага қаранг.
Эсингизда борми?
• Довуд Яҳовани чўпон билан таққослагани нимага ўринлидир?
• Қандай қилиб Яҳова бизни етаклаб борганида имкониятларимизни эътиборга олади?
• Қийинчиликларни енгишда Яҳова Таоло бизга қандай ёрдам беради?
• Яҳова сахий хўжайин эканини нимадан кўрса бўлади?
w05-UZ 11/1a
28 ноябр — 4 декабр: Қўшиқлар: 77, 58.