Софдиллигимиз Яҳованинг қалбини қувонтиради!
Эй, ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир, шунда биров мени танқид қилса ҳам, жавоб қайтара оламан. ҲИК. 27:11
1, 2. а) Аюб китобида Шайтоннинг даъвоси ҳақида нима дейилган? б) Мунозарали масала ҳалиям ечилмаганини қаердан биламиз?
ТАНГРИ ЯҲОВА Аюбнинг покдиллиги синалишига йўл қўйганда, бу художўй киши бор-йўғидан айрилди. Шайтоннинг айблови нафақат Аюбга, балки барчамизга тегишли экани ёдингиздадир. Зеро у, ҳар бир инсон ўз жони учун бор нарсасини аямаслигини айтган. Ушбу мунозарали масала ҳали-ҳануз ҳал қилинмаган (Аюб 2:4).
2 Аюбнинг синовларидан деярли 600 йил ўтгач, шоҳ Сулаймон мана шундай деган: «Эй, ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир, шунда биров мени танқид қилса ҳам, жавоб қайтара оламан» (Ҳик. 27:11). Шубҳасизки, Иблис ўша пайтда ҳам Яҳовани айблашда давом этган. Бундан ташқари, Шайтон охирзамонда Худонинг хизматчиларига нисбатан ўз ҳужумини кучайтириши олдиндан башорат қилинган. Бу, 1914- йилда осмонда Аллоҳнинг Шоҳлиги ўрнатилганда юз берган. Бу ёвуз дунёнинг охири бошланганига кўп вақт ўтган бўлса-да, Худо хизматчиларининг садоқатини синашда Иблис тинмаяпти (Ваҳ. 12:10).
3. Аюб китобида қанақа сабоқ бор?
3 Аюб китобида биз учун учта муҳим сабоқ бор. Ҳозир ана шуларни кўриб чиқамиз. Биринчидан, одамзоднинг асл душмани ва Худонинг халқига қаршилик кўрсатаётган кимса, Шайтон Иблис экани фош бўлди. Иккинчидан, қанақа қийинчиликларга дуч келмайлик, Аллоҳ билан яқин муносабатларга эга бўлибгина софдил қолишимиз мумкин. Учинчидан, худди Аюб билан бўлганидек Эгамиз бизни ҳам тарк этмайди. Буни эса У, Каломи, ташкилоти ва муқаддас руҳи орқали тақдим этяпти.
Асл душман ким эканини унутманг
4. Дунё шу қадар бузилиб кетишига ким айбдор?
4 Тўғри, ҳамма ҳам Шайтон борлигига ишонмайди. Шунинг учун ҳам, азоб-уқубатларнинг асосий сабабчиси Шайтон Иблис эканини одамлар тан олишмайди. Шуни айтиш жоизки, бугунги қийинчиликларнинг кўпида инсонларнинг ўзлари айбдор. Маълумки, Одам Ато ва Момо Ҳаво Парвардигоримиздан мустақил бўлишни ўзлари танлашган. Кейин эса уларнинг авлодлари ҳам худди шундай йўл тута бошлаган. Аммо, калаванинг учида Иблис турибди. Нега дейсизми? Ахир, айнан у Момо Ҳавони тўғри йўлдан урган-ку! Ҳозир эса ўзининг ёвуз дунёсини, номукаммал одамларнинг бўйнига юклаб қўйган. «Дунёнинг тангриси» Шайтон бўлгани учун ҳам инсонлар борган сари мағрур, қўпол, худбин, очкўз ва ёлғончи бўлиб кетишяпти (2 Кор. 4:4; 1 Тим. 2:14; 3:6; Ёқуб 3:14, 15 ўқиб беринг). Бу ўз навбатда, иқтисодий ҳамда диний низоларга, нафрат, бебошлик ва ахлоқсизликка олиб келмоқда.
5. Худонинг хизматчилари қайси ҳақиқатни бошқаларга айтишмоқда?
5 Худонинг хизматчилари ҳақиқатни билганларидан жуда бахтлидир! Нега деганда, дунёнинг тобора ёвузлашиб кетишига ким сабабчи эканини улар яхши билишади. Қанийди, ушбу ҳақиқатни кўплар билишса! Тангри Яҳованинг тарафида бўлиш чиндан ҳам катта шараф. Зеро, Шайтоннинг яқинда йўқ бўлишига ва азобларимизга оз вақт қолган.
6, 7. а) Аллоҳнинг халқини аслида ким таъқиб қиляпти? б) Элихудан қандай ўрнак олсак бўлади?
6 Дунёнинг ёвузлашишида ҳам, Аллоҳнинг халқи таъқиб қилинишида ҳам Шайтон айбдор. Ва бу қилмишларидан умуман қайтмоқчи ҳам эмас. Исо Масиҳ ҳаворий Павлусга шундай деган: «Симун, Симун! Мана, шайтон сизларни буғдой каби ғалвирдан ўтказишга изн сўради» (Луқо 22:31). Демак, Исонинг издошлари турли синовларга дуч келиши ажабланарли эмас. Бутрус ҳам: «Душманингиз иблис бировни ютиб юбориш учун излаб, шердай бўкириб кезиб юрибди»,— дея бежиз айтмаган. Павлус эса қуйидагиларни ёзган: «Диёнатли яшамоқчи бўлган одамларнинг ҳаммаси ҳам қувғинга дучор бўладилар» (1 Бутр. 5:8; 2 Тим. 3:12).
7 Имондошларимиз билан бахтсизлик рўй берганда, душман ким эканини қандай кўрсата оламиз? Бундай вазиятларда улардан узоқлашишнинг ўрнига, Аюбнинг чин дўсти Элихуга ўхшаб йўл тутсак яхши бўларди. Шундагина улар Шайтонга қарши туришига ёрдамлаша оламиз (Ҳик. 3:27; 1 Салон. 5:25). Дарҳақиқат, биродару опа-сингилларимизга софдилликни сақлашга кўмаклашиб, Худованд Яҳованинг қалбини қувонтирамиз.
8. Шайтон Аюбни қайси мақсадда синаган?
8 Шайтон авваламбор Аюбни чорваларидан маҳрум қилган. Аюб уларни, кун кечириш ва Аллоҳга қурбонлик келтириш мақсадда боқарди. Масалан, болаларим гуноҳ қилиб қўйишмадимикин деб ҳар замонда улар учун ҳам қурбонлик келтириб турарди (Аюб 1:4, 5). Синовлар бошланганида эса бунинг имкони бўлмагани учун Аюб бойлиги билан Яҳовани шарафлай олмасди (Ҳик. 3:9). Бироқ у, айтган гаплари билан Худовандни олқишларди!
Яҳова билан яқин муносабатларни ривожлантиринг
9. Синовларга бардош бериш учун нима зарур?
9 Шароити, ёши ва соғлиги қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар ким Яҳовага яқинлаша олади. Аллоҳ билан дўстлашсак, ҳар қандай синовга бардош бериб, Унинг қалбини қувонтиришимиз мумкин. Ҳатто ҳақиқатни эндигина билганлар ҳам покдилликни сақлаб, ғайратли қолишган.
10, 11. а) Бир опамиз бошдан кечирган синовларни айтиб беринг. б) Шайтоннинг ёлғончи эканини Валентина қандай қилиб исботлади?
10 Россияда ҳам кўплаб имондошларимиз Аюб пайғамбар сингари шиддатли синовларни бошдан кечиришган. Ҳозир улардан бири Валентина Гарновскаянинг мисолини кўриб чиқамиз. У, Худо тўғрисидаги ҳақиқатни 1945- йилда битта биродаримиздан эшитиб қолади. Ўшанда опамиз 20 ёшда эди. Бу биродаримиз бор-йўғи икки марта келиб, Муқаддас Китоб борасида суҳбатлашади. Шундан сўнг, опамиз уни бошқа учратмайди. Вақт ўтгач, Валентина билиб олганларини қўни-қўшниларига айта бошлайди. Натижада, уни ҳибсга олиб, саккиз йилга қамаб қўйишади. 1953- йилда озод этилганидан кейин, у яна ваъз қилишга киришади. Бу гал опамиз ўн йилга озодликдан маҳрум бўлади. Орадан қанчадир вақт ўтиб, уни бошқа қамоқхонага ўтказишади. Валентина у ерда Муқаддас Китоби бўлган опаларимизни учратиб жуда севинади. Ахир, бу Китобни ўша биродаримиз кўрсатганидан буён, бошқа ҳеч қачон учратмаганди-да!
11 Ниҳоят, 1967- йилда Валентина озодликка чиққанида, ҳаётини Яҳовага бағишлаб сувга чўмади. 1969- йилгача у хушхабарни ғайрат ила ваъз қилади. Ўша йилда эса уни яна уч йилга кесиб юборишди. Бироқ у, ваъз қилишда барибир тўхтамади. Хуллас у, хизмати давомида 44 киши ҳақиқатни билишига ҳисса қўшган (2001- йилда ҳаётдан кўз юмган). Бу опамиз ҳаммаси бўлиб қамоқхонада 21 йил ўтириб чиқди. Ҳа, садоқатли қолиш учун у бор нарсасини, ҳатто озодлигини ҳам аямаган. Ҳаётининг сўнги дамларида Валентина опамиз шундай деди: «Ҳеч қачон ўзимнинг уйим бўлмаган. Лекин бундан ҳечам афсусланмайман. Нега деганда, Яҳовага хизмат қилиб хурсанд ва бахтиёр эдим». Валентина опажонимиз Шайтоннинг айбловига жавоб бериб, синовларга чидади! (Аюб 1:9–11). Шубҳасизки, у Яҳованинг қалбини қувонтирган. Ўз навбатда, Аллоҳимиз ҳам уни ва кўпдан-кўп бошқа содиқ хизматчиларни тирилтириш вақт-соатини кутмоқда (Аюб 14:15).
12. Яҳова билан бўлган муносабатда севги қандай ўринни эгаллайди?
12 Яҳова билан бўлган муносабатларимиз, Унга бўлган севгига асосланган. Эгамизнинг ажойиб фазилатлари ҳайратланарли бўлиб, Унинг ниятлари бўйича яшашга жон куйдирамиз. Шайтон нима демасин, Яҳова Таолони севиб Унга ихтиёрий равишда бўйсунамиз. Ушбу самимий севги азоб-уқубатларда софдилликни сақлашимизга куч бериб туради. Шак-шубҳасизки, Яҳова «Унга содиқ бўлганнинг йўлини қўриқлайди» (Ҳик. 2:8; Заб. 96:10).
13. Тангри Яҳова ишларимизни қандай баҳолайди?
13 Шунингдек, севгимиз бўлса имкониятларимиз чегараланганига қарамай, Яҳова Таолонинг исмини шарафлай оламиз. Ваҳоланки, Унга орзу-ниятларимиз маълум ва кучимиздан ортиғини биздан асло талаб қилмайди. Мана шу сабабли нима қилаётганимиз эмас, нега бажараётганимиз Худога муҳимроқ. Аюбнинг бошига мусибатлар тушган бўлса-да, айбловчиларга у доимо Яҳованинг севгиси тўғрисида айтишда тинмас эди (Аюб 10:12; 28:28 ўқиб беринг)a. Аюб китобининг сўнги бобида, Элифаз, Билдад ва Зофар тўғри гапирмаганлари учун Аллоҳ улардан ғазаблангани ёзилган. Боз устига Худо, Аюбни содиқ хизматчисидек ҳисоблагани ҳамда ўша учта дўсти учун ибодат қилгани тўғрисида у ерда баён этилган (Аюб 42:7–9). Худонинг илтифотига сазовор бўлиш учун биз ҳам шундай йўл тутяпмизми?
Яҳова содиқ хизматчиларини етаклайди
14. Яҳова қандай қилиб Аюбни тўғри йўлга солди?
14 Аюб номукаммал бўлса-да, барибир садоқатли қолишга кўп уринарди. Қаттиқ сиқилган пайтларида, ҳаёлига нотўғри фикрлар ҳам келган. Масалан, минг илтижолар қилмасин, Яҳова ёрдам бермаётгандек унга туюларди. Қолаверса, ҳеч қандай гуноҳим йўқ дея ўзини оқлаган вақтлари ҳам бўлган (Аюб 10:7; 16:17; 30:20, 21). Лекин, Яҳова Аюбдан ҳечам меҳрини аямай тўғри йўлга солди. Бундан ташқари бир нечта савол орқали унинг нуқтаи назарини ўзгартирган. Яъни, Аюб кўпам ўзига эътибор бермай, Тангри Яҳовани улуғлаши лозим эди. Ҳа, бу художўй киши маслаҳатларнинг барини қабул қилди (Аюб 40:8; 42:2, 6 ўқиб беринг)b.
15, 16. Ҳозирги кунда Яҳова қандай қилиб содиқ хизматчиларини қўлламоқда?
15 Яҳова ҳозир ҳам Ўз хизматчиларига меҳр ила йўл-йўриқ кўрсатяпти. Мисол учун У, Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлиги орқали, гуноҳларимиз кечирилишига ғамхўрлик қилди. Шунингдек бу, Яҳова Таолога яқинлашишимизга замин яратиб берди (Ёқб. 4:8; 1 Юҳан. 2:1). Қийинчилик пайтларда Аллоҳга ибодат қилсак, У Ўзининг муқаддас руҳи ёрдамида бизни етаклайди. Устига-устак, Муқаддас Китобни мунтазам ўқиб, фикр юритсак олдиндаги синовларга тайёрланган бўламиз. Шахсий тадқиқ ёрдамида, Худонинг ҳукмронлиги ва садоқатимиз қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини янада чуқурроқ тушунамиз.
16 Бундан ташқари, умумжаҳон биродарлигимиз бўлгани ҳамда «ишончли ва ақлли хизматкор» маънавий озуқани ўз вақтида етказиб тургани катта шарафдир (Мат. 24:45–47). Шуни айтиб ўтиш лозимки, далда берадиган жамоатимиз ҳам бор. Жаҳон бўйлаб уларнинг сони тахминан 100 000 та. Энди келинг, Шила исмли германиялик 15 яшар синглимизнинг мисолини кўрамиз.
17. Йиғилишларини қолдирмаган бир синглимизнинг мисолини келтиринг.
17 Бир куни, Шиланинг ўқитувчиси йўқ бўлганда, синфдоши спиритизмга оид нарсаларни кўрсата бошлади. Буни кўрган Шила синфдан дарҳол чиқиб кетади. Кўп ўтмай, жинларнинг таъсирини сезган бир нечта синфдошлари ҳам ваҳимага тушиб у ердан қочиб чиқишди. Сизнингча, Шила нима учун синфдан чиқиб кетган? Унинг ўзи шундай дейди: «Бу воқеа бўлишидан сал олдин, жамоат учрашувида спиритизм Аллоҳга номаъқул эканини муҳокама қилган эдик. Шунинг учун ҳам қандай йўл тутиш кераклигини билардим. Чунки, худди Ҳикматлар 27:11 да ёзилганидек, Яҳовани қувонтиришни хоҳлаганман». Дарҳақиқат, Шила йиғилишга бориб, дастурни диққат ила тинглагани, у учун айни муддао бўлган!
18. Шахсан сиз нимага қарор қилдингиз?
18 Илойим, Яҳованинг ташкилотига ҳар биримиз яқин юрайлик! Бунинг учун мунтазам равишда йиғилишларга қатнаб, Муқаддас Китобни ўқиб ва унга асосланган адабиётларни ўрганишимиз керак. Боз устига, ибодат қилиш ва маънан етук имондошлар билан дўстлашиш орқали керакли ёрдамни оламиз. Яҳова бизнинг ғалаба қозонишимизни ва садоқатли қолишимизни жуда ҳам истайди. Ҳа, Аллоҳнинг исмини улуғлаш ва софдилликни сақлаб Унинг қалбини қувонтириш катта шарафдир!
[Изоҳлар]
a Аюб 10:12; 28:28, ЯДТ: «Ҳаёт ва меҳр-иноятингни ато этгансан, ғамхўрлигинг ила жонимни ҳимоялагансан. Одамга шундай деди: “Яҳовадан қўрқиш — доноликдир, ёвузликдан йироқлашиш эса — фаҳм-идрокдир”».
b Аюб 42:2, 6, ЯДТ: «Қўлингдан ҳамма нарса келишини тушундим, ва ҳеч бир ниятинг рўёбга чиқмай қолмайди. Айтган сўзларимдан пушаймонман. Чанг ва кулга сурканиб тавба-тазарру қиляпман».
Ёдингиздами?
• Шайтон нималар учун жавобгар?
• Эга бўлган нарсаларимиздан энг қимматлиси нима?
• Яҳова билан дўстлашиш нимадан бошланади?
• Аллоҳ бизни қандай қилиб етакламоқда?
[8- саҳифадаги расм]
Қимматбаҳо билимларни ўзгалар билан баҳам кўряпсизми?
[9- саҳифадаги расм]
Имондошларимиз софдил қолишларига ҳисса қўшишимиз мумкин
[10- саҳифадаги расм]
Валентина опамиз покдилликни сақлаш учун барча нарсага тайёр эди