«Ўзаро тинч-тотув яшашга» интилинг
ЯҚИНДА солинган йўл мустаҳкамдек туюлиши мумкин. Назаримизда у, доимо теп-текис ва силлиқ қолади. Аммо вақт ўтгач, ёриқлару ўнқир-чўнқирлар пайдо бўлади. Бу йўл яхши ҳолатда бўлиб, ундан бехатар юриш учун уни тузатиб туриш муҳим.
Шу каби, бошқалар билан бўлган муносабатларимиз орасига совуқлик тушиш эҳтимоли бор. Ҳаворий Павлус Римдаги масиҳчилар ўртасида ҳам келишмовчиликлар борлигини айтиб, уларни: «Ўзаро тинч-тотув яшайлик, бир-биримизни руҳан ривожлантириш учун жон куйдирайлик»,— дея рағбатлантирган (Рим. 14:13, 19). Нима учун «ўзаро тинч-тотув яшашга» интилишимиз керак? Жасоратни намоён этиб, тинч-тотувликка қандай эришишимиз мумкин?
Нега тинч-тотувликка интилиш керак?
Агар йўлдаги кичкина ёриқлар ўз вақтида тузатилмаса, унда хавфли ўнқир-чўнқирлар пайдо бўлади. Худди шундай келишмовчиликлар ҳам ҳал қилинмаса, оқибатлари аянчли бўлиши мумкин. Ҳаворий Юҳанно қуйидагича ёзган: «Агар бирор киши “Худони севаман” деса-ю, биродаридан нафратланса, у ёлғончидир. Кўриб турган биродарини севмаса, кўрмаган Худони қандай сева олар экан?!» (1 Юҳан. 4:20). Келишмовчиликни деб, масиҳчи имондошини умуман севмай қолиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
Исо Масиҳ кўрсатганидай, имондошимиз билан ярашмасак, топинишимизни Яҳова қабул қилмайди. Шу йўсин Исо шогирдларига бундай маслаҳат берган: «Сен хайр-эҳсонингни қурбонгоҳга олиб келганингда, агар у ерда биродаринг сендан хафа экани ёдингга тушса, хайр-эҳсонингни у ерда, қурбонгоҳ олдида қолдир ва бориб, аввал биродаринг билан ярашгил. Шундан кейин келиб, хайр-эҳсонингни бажо келтир» (Мат. 5:23, 24). Демак, тинч-тотувлик пайидан бўлишнинг бирдан-бир сабаби, Тангри Яҳовага маъқул келишдирa.
Тинч-тотувликка интилишнинг яна бир боиси Филиппидаги жамоатда юз берган воқеадан кўриняпти. Эводия ва Синтихия исмли иккита художўй аёл орасида бутун жамоатга зиён етказадиган муаммо келиб чиқибди (Филип. 4:2, 3). Ҳал қилинмаган келишмовчилик тез орада ҳаммага маълум бўлади. Бироқ жамоатдаги севги ва якдилликни сақлаб қолиш нияти, имонлиларни тинчликка интилишга чорлайди.
Ҳазрати Исо: «Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир»,— деб айтган (Мат. 5:9). Тинч-тотув яшашга интилиш, қувонч ва мамнуният ато этади. Бундан ташқари тинчлик соғликка яхши таъсир қилади, зеро «хотиржам юрак танага ҳаёт бахш этади» (Ҳик. 14:30). Гина сақлаган киши эса касалликка дуч келиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Гарчи масиҳчилар тинч-тотув яшашга интилиш кераклигини билишса-да, келишмовчиликларни қандай ечиш мумкин, деган савол юзага келади. Келинг, бу масалада Муқаддас Китобнинг қандай меъёрларини қўллаш лозимлигини кўриб чиқайлик.
Мулойим суҳбат тинчлик ўрнатади
Кўпинча, махсус қопламалар ёрдамида йўлдаги кичкина ёриқларни текислаб қўйиш мумкин. Биз ҳам биродару опа-сингилларимизнинг арзимас хатоларини кечира оламизми? Муаммолар пайдо бўлганда ҳаворий Бутруснинг: «Севги кўп гуноҳларни ювади»,— деган маслаҳатини қўллаш арзийди (1 Бутр. 4:8).
Аммо-лекин гоҳо муаммо шунчалик жиддий туюладики, ҳатто уни кечириб бўлмайди, деб ўйлаш мумкин. Қадимда ваъда қилинган ер забт этилишидан сўнг, Исроил халқи билан мана нима содир бўлганди. «Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярми» Иордан дарёсидан ўтишдан олдин, жуда катта қурбонгоҳ қуришди. Бошқа исроилликлар эса бу қурбонгоҳ бутпарастлик учун қурилган, деб ўйлашган. Шу сабабли улар жанг қилишга йиғилишди (Ёшуа 22:9–12).
Халқдаги кишилардан бирига, гуноҳ яққол кўринганди ва агар муртадларга ҳужум қилинса, самаралар яхшидек туюлиши мумкин эди. Аммо Иорданнинг ғарбидаги қабилалар шошилмай, биродарлари билан муаммони ҳал қилиш учун одамлар юборишди. Улар қуйидагича сўрашди: «Қандай қилиб Эгамиздан юз ўгириб, Унга қарши бош кўтариб, ўзингизга қурбонгоҳ қурдингиз?» Аслида эса қурбонгоҳни қурганлар, Аллоҳдан юз ўгиришмаган эди. Бироқ улар бунга қандай муносабатда бўлишади? Жавобан айбловчиларни таъна қилишадими ёки улар билан гаплашмай қўйишадими? Ўша қабилалар мулойим жавоб қайтариб, Яҳовага хизмат қилиш истаги сабаб бўлганини айтишди. Бундай йўл тутиб, улар Аллоҳ билан яхши муносабатларни сақлашди ва қон тўкилишига йўл қўйишмади. Мулойим суҳбат вазиятни юмшатиб, тинчлик ўрнатилишига олиб келди (Ёшуа 22:13–34).
Бирон бир жиддий ҳаракат қилишдан аввал бошқа исроилликлар мулоҳазакорликни намоён этиб, Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярми билан муаммони муҳокама қилишди. Аллоҳ Каломида шундай дейилган: «Жаҳлдор бўлмагин, чунки жаҳл нодонларнинг юрагида уй қуради» (Воиз 7:9). Кўриниб турганидек, жиддий келишмовчиликларни тинч ва очиқ суҳбат орқали ҳал қилиш мумкин. Агар бизнинг жаҳлимиз чиқиб, хафа қилган кишига кек сақласак, Яҳованинг баракаларига эга бўла олмаймиз.
Бордию имондошимиз туҳмат қилиб бизни бирон нарсада айбласа-чи? Тавротда: «Юмшоқ жавоб ғазабни қайтаради»,— дея ёзилган (Ҳик. 15:1). Айбланган исроилликлар тинч-тотув ва аниқ тарзда ўз нуқтаи назарини тушунтиришиб, биродарлар орасида низо кўтарилишига йўл қўйишмади. Муаммони ҳал қилиш учун имондошимизнинг олдига биз борамизми ёки у ёнимизга келадими, ўзимиздан шундай сўрасак бўлади: «Қандай оҳанг, сўзлар ва ҳаракатлар тинчликни сақлашга кўмаклашади?»
Тилингиздан оқилона фойдаланинг
Одамлар дилидаги бор нарсани гапиришга муҳтож эканлигини Яҳова тушунади. Ва агар биз келишмовчиликларни вақтида ҳал қилмасак, бошқаларга айтиб қўйишимиз эҳтимолдан йироқ эмас. Гина эса кейинчалик танқидий нутққа айланиши мумкин. Тилимиздан нотўғри фойдаланиш тўғрисида Ҳикматлар 11:11 да: «Фосиқнинг тилидан эса эл-юрт вайрон бўлади»,— деб айтилган. Мабодо имондошимиз ҳақида ўйламай гапирсак, эл-юрт билан солиштирилган жамоатдаги тинчлик вайрон бўлади.
Тинч-тотувликка интилиш, биродару опа-сингилларимиз ҳақида умуман гапирмасликни англатмайди. Ҳаворий Павлус имондошларини мана нимага ундаган: «Ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин эҳтиёжга кўра, тингловчиларнинг жонига оро кирадиган яхши сўзлар гапиринглар. [...] Бир-бирингизга кўнгилчан ва меҳр-шафқатли бўлинглар» (Эфес. 4:29–32). Айтайлик, сўзларингиз ёки ҳаракатларингиз билан ранжитган имондошингиз олдингизга келди. Агар илгари у сиз ҳақингизда доим яхши гапирган бўлса, кечирим сўраш ва тушунмовчиликларни ҳал қилиш осон кечади. Шунинг учун, имондошларимиз тўғрисидаги фикримиз яхши бўлса, унда келишмовчиликлар юз берганда тинчликни ўрнатиш қийин бўлмайди (Луқо 6:31).
Елкама-елка Худога хизмат қилинг
Гуноҳкор бандалар эканмиз, бизни ранжитган инсонлардан узоқлашиш одатимиз бор. Бироқ бундай йўл тутиш оқилона эмас (Ҳик. 18:1). Аксинча, Яҳованинг исмини чақирадиган бирлашган халқ каби, Унга елкама-елка хизмат қилишда қароримиз қатъий (Заф. 3:9).
Ножўя нутқ ва хулқ-атвор, ҳақ топинишга бўлган ғайратли муносабатимизни сусайтирмаслиги лозим. Исо ўз жонини фидо қилишидан бир неча кун олдин ва у фарзийларни очиқдан-очиқ ҳукм этганидан сўнг, маъбаддаги эҳсон қутичасига «бор-йўғини ташлаган» камбағал бева аёлга диққат қаратди. Исо уни тўхтатмади, аксинча ўша замондаги Яҳованинг жамоатини қўллаб-қувватлагани учун уни мақтаб ўтди (Луқо 21:1–4). Зеро бу аёл учун ўзга инсонларнинг ёмон ишлари, Яҳовага бўлган топинишни қўллаб-қувватлашга тўсқинлик қилмаган.
Биродару опа-сингилларимиз адолатсизларча йўл тутишаётгандек туюлса, бунга қандай муносабатда бўламиз? Яҳовага чин дилдан хизмат қилишни тўхтатармидик? Ёхуд Худонинг жамоатидаги қимматбаҳо тинчликни сақлаб қолиш ниятида турли келишмовчиликларни жасорат ила енгишга уринамизми?
Инжилда: «Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар»,— деган маслаҳат мавжуд (Рим. 12:18). Шул боис келинг, бу насиҳатга амал қилишга жон куйдирайлик. Шунда, ҳаёт сари элтувчи йўлда қолишимиз аниқ.
[Изоҳ]
a Матто 18:15–17 даги Исонинг маслаҳати тўғрисида «Қўриқчи минораси» журналининг 1999- йил 15- октябрь сонидаги 17–22- саҳ. ёзилган (рус.).
[17- саҳифадаги расм]
Эводия ва Синтихия тинчликка интилишлари керак эди
[18- саҳифадаги расм]
Қандай оҳанг, сўзлар ва ҳаракатлар тинчликни сақлашга кўмаклашади?