Хизматчи қилмишларимиз учун найзаланган
У бизнинг қилмишларимизни деб найзаланган ва гуноҳларимиз учун яксон қилинган. Унинг чеккан жафоси... туфайли биз шифо топдик. ИШАЁ 53:5, ЯДТ
1. Қутлуғ Кечлик маросимини нишонлаётиб, нимани эслаймиз ва бунда бизга қайси башорат кўмаклашади?
ҲАР ЙИЛИ Қутлуғ Кечлик маросимини нишонлаётиб, Масиҳ биз учун ҳаётини фидо қилганини эслаймиз. Шунингдек, Яҳованинг ҳукмронлиги оқланишини, Унинг исми улуғланишини ва берган барча ваъдаларини хотирлаймиз. Шуни айтиш жоизки, Исонинг тўлови инсоният учун муҳим аҳамиятга эга экани Ишаё 53:3–12 даги башоратларда яққол тасвирланган. Яъни, Хизматчининг чеккан азобларию ўлими туфайли, мойланганлар ва «бошқа қўйлар» кўрадиган баракалари тўғрисида пайғамбар айтиб ўтган (Юҳан. 10:16).
2. Ишаёнинг башорати нимани тасдиқлайди ва бу бизга қандай таъсир қилиши лозим?
2 Хизматчи ҳатто машаққатли синовларда ҳам садоқатли қолиши, унинг туғилишидан етти аср аввал Ишаё томонидан каромат қилинган. Бинобарин, Яҳова Таоло Исонинг содиқ қолишига ишонган. Ушбу башоратни муҳокама қилсак, қалбларимиз миннатдорчиликка тўлиб, имонимиз янада мустаҳкамланади.
Ундан нафратланиб, уни одам ўрнида кўришмаган
3. Нега яҳудийлар Исони яхши қабул қилишлари керак эди, бироқ амалда қандай бўлди?
3 Ишаё 53:3 ўқиб берингa. Бир тасаввур қилинг, самода Худо билан бирга бўлган Унинг ягона ўғли инсонларни гуноҳ ва ўлимдан халос этиш ниятида ер юзига келган! (Филип. 2:5–8). Тавротга кўра, келтирилган қурбонликлар Худо берадиган бўлажак қурбонликнинг рамзи эди холос (Иброн. 10:1–4). Наҳотки ваъда қилинган Масиҳ келишини билган яҳудийлар ҳам ундан юз ўгиришган бўлса? (Юҳан. 6:14). Ҳа, башоратда айтилганидек, улар Масиҳдан нафратланиб, уни одам ўрнида кўришмади. Ҳаворий Юҳанно қуйидагича ёзган: «Ўзиникиларнинг ёнига келди У, лекин Ўзиникилар Уни қабул қилмади» (Юҳан. 1:11). Қолаверса, Бутрус ҳам яҳудийларга қарата шундай деган: «Мана, ота-боболаримизнинг Худоси... Исони юксалтириб, шон-шарафга сазовор қилган. Сизлар эса Унинг хоинлари бўлдингизлар. Пилат Уни қўйиб юборишга қарор қилганда, Пилатнинг олдида Уни рад қилдингизлар» (Ҳавор. 3:13, 14).
4. Хасталик нима эканини Исо қайси маънода билиб олган?
4 Исо, хасталик нима эканини билиб олиши ҳам каромат қилинган. Тўғри, у хизмат қилиб юрганда чарчар эди, лекин ҳеч қаерда унинг касал бўлгани ҳақида айтилмаган (Юҳан. 4:6). Аммо Исо, азоб чекаётган кишиларни кўриб, уларнинг аҳволини тушунарди. Шунинг учун у доим одамларга ачиниб, уларга шифо берарди (Марк 1:32–34). Шу тариқа, Масиҳ рамзий маънода касалликларни кўтариб, азобларни ўзига олди (Ишаё 53:4а; Мат. 8:16, 17).
Гўё Худо уни жазолагандек
5. Яҳудийлар Исонинг ўлимига қандай муносабатда эди ва нима учун бу унга айниқса оғир ботган?
5 Ишаё 53:4б ўқиб берингb. Исо нега азоб чекиб ўлганини унинг аксарият замондошлари тушунмай, Аллоҳ уни жазолаган, деб ўйлашарди (Мат. 27:38–44). Боз устига яҳудийлар уни, Худони куфр қилишда айблашган (Марк 14:61–64; Юҳан. 10:33). Ахир, Исо шунақа қабиҳликка борармиди? Асло! Зеро Яҳовага бўлган чексиз муҳаббати туфайли, бундай айб учун қатл этилиш унга айниқса оғир ботган! Шуларни олдиндан билса-да, ўз ихтиёри билан ерга келган (Мат. 26:39).
6, 7. Қайси маънода Яҳова Исонинг ўлимини маъқуллаган ва нима учун?
6 Ишаёнинг яна бошқа бир кароматида, Яҳова Исонинг ўлимини маъқуллагандек кўриняпти (Ишаё 53:10). Лекин Ишаё 42:1 да, Аллоҳ танланган Хизматчиси Исодан мамнун бўлганини ўқиймиз. Хўш, унда қайси маънода Яҳова унинг ўлимини маъқуллаган?
7 Буни тушуниш учун Яҳованинг ҳукмронлигига қарши ташлаган Шайтоннинг даъволарини ёдга олайлик (Аюб 1:9–11; 2:3–5). Исо ўлимигача содиқ қолиб, уларга муносиб жавоб берди. Гарчи Яҳова Масиҳнинг ўлишига йўл қўйган бўлса-да, буни кўриб У ниҳоятда заҳмат чеккан. Лекин Хизматчи охиригача содиқ қолиб, Отасининг қалбини қувонтирди (Ҳик. 27:11). Биламизки, Исонинг тўлови тавба қилганларни гуноҳ ва ўлимдан халос этади. Бу эса Тангри Яҳованинг қувонишига яна бир сабаб (Луқо 15:7).
«Қилмишларимизни деб найзаланган»
8, 9. а) Исо қилмишларимиз туфайли найзаланганини қандай тушунсак бўлади? б) Бу ҳақда ҳаворий Бутрус нима деган?
8 Ишаё 53:6 ўқиб берингc. Гуноҳкор бандалар Одам Атодан мерос бўлган касаллик ва ўлимнинг олдини олиш пайидалар. Уларни адашган қўйларга ўхшатиш мумкин (1 Бутр. 2:25). Сабаби, ҳеч бир инсон қанча уринмасин, мукаммалликни қайтара олмайди (Заб. 48:8). Бироқ, гуноҳларимиз ювилиши учун Яҳова меҳр ила Хизматчисини қурбонликка берди. Шу йўсин бизнинг ўрнимизга, у қилмишларимиз туфайли найзаланиб, гуноҳларимиз учун жабрланди.
9 Кўриб чиққанимиздек, биз учун Худо суюкли ўғлини аямай, унинг азоб чекишига йўл қўйди. Бу бизни нимага ундаши керак? Бутрус шундай ёзган: «Масиҳ ҳам: “Менинг изимдан юринглар”, деб сизлар учун азоб чекиб намуна бўлди». Ана шу намунага эргашибгина шифо топамиз (1 Бутр. 2:21, 24; Ишаё 53:5). Қолаверса, қуйидагилар ҳақида ўйлаб кўрайлик: «Масиҳ ҳам бизни Худога яқинлаштириш ва гуноҳларимизни ювиш учун бир марта азоб чекиб, ўлди. Ўзи солиҳ киши бўлгани ҳолда, гуноҳкорлар учун қурбон бўлди» (1 Бутр. 3:18).
«Қўзи каби бўғизлашга етакланди»
10. а) Яҳё пайғамбар Исо тўғрисида нима деган? б) Нимага Яҳёнинг сўзлари айни муддао бўлган?
10 Ишаё 53:7, 8 ўқиб берингd. Яҳё пайғамбар Исога ишора қилиб: «Мана, дунёнинг гуноҳини Ўзига олувчи Худонинг қурбонлик Қўзиси!» — деган (Юҳан. 1:29). Эҳтимол бу сўзлар билан у, Ишаёнинг башоратидаги фикрни эслагандир (Ишаё 53:7). Зотан, Масиҳ бизлар учун жонини фидо қилгани ҳам каромат этилган (Ишаё 53:12). Қизиғи шундаки, Қутлуғ Кечлик маросимини уюштириб, Исо 11 шогирдига косани узатиб, қуйидагича айтган: «Бу — кўпларнинг гуноҳлари кечирилиши учун тўкиладиган, Янги Аҳдни тасдиқлайдиган Менинг қонимдир» (Мат. 26:28).
11, 12. а) Исҳоқ ва Масиҳ қандай қурбонликка тайёр эдилар? б) Қутлуғ Кечликни нишонлаётиб, нимани унутмаслигимиз керак?
11 Иброҳимнинг ўғли Исҳоқ сингари, Исо Масиҳ ҳам Яҳованинг иродасига мувофиқ, ўз ҳаётини жон деб фидо қилган (Ибт. 22:1, 2, 9–13; Иброн. 10:5–10). Гарчанд, Исҳоқ қаршилик кўрсатмаган бўлса-да, қурбонликни унинг отаси амалга ошириши керак эди (Иброн. 11:17). Шу каби тўловни Яҳова тақдим этган, аммо Исонинг ўзи ҳам бунга ихтиёрий равишда кўнган.
12 Исонинг ўзи шундай деб таъкидлаган: «Зеро Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин» (Юҳан. 3:16). Павлус ҳам бу борада айтиб ўтган: «Биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Бу Худонинг бизга бўлган муҳаббатидан далолатдир» (Рим. 5:8). Исо Масиҳнинг ўлимини ёдга олиш орқали унга эҳтиром кўрсатар эканмиз, тўлов қурбонлигини бизга Яҳованинг Ўзи тақдим этганини унутмайлик. Қутлуғ Кечликни нишонлаш билан Унга шон-шарафлар келтирамиз.
Хизматчи кўп инсонларни оқлайди
13, 14. Хизматчи кўп инсонларни қандай оқлади?
13 Ишаё 53:11, 12 ўқиб берингe. Хизматчи кўпларни оқлашини Яҳованинг Ўзи айтган. Буни қандай тушуниш мумкин? «[Хизматчи] жиноятчилар тарафини олади» деган сўзлар бунга ойдинлик киритмоқда. Дарҳақиқат, Одам Атонинг барча авлоди «жиноятчи», яъни гуноҳкордир. Шунинг учун ҳам гуноҳдан ўлим пайдо бўлиши ажабланарли эмас (Рим. 5:12; 6:23). Номукаммал инсонларнинг бари Яҳова билан ярашишга муҳтож. Ишаё башоратининг 53- бобидан маълум бўлишича, Масиҳ жиноятчилар тарафини олади, шу йўсин чеккан жафоси гуноҳкорларга тинчлик ва шифо келтиради.
14 Ўзига гуноҳларимизни олиб, биз учун ўлган Исо кўп инсонларни оқлади. Павлус қуйидагиларни ёзган: «Худо бутун камолотни Унда [Масиҳда] жо қилишни хуш кўрди. Унинг воситаси билан Худо еру кўкдаги борлиқ мавжудотни Ўзи билан яраштиришга қарор қилди. Хочда [азоб устунида, ЯДТ] тўкилган қонни инобатга олиб, Худо Ўзи яратганлар билан сулҳ тузди» (Колос. 1:19, 20).
15. а) «Кўкдаги», деганда Павлус кимларни назарда тутган? б) Рамзлардан истеъмол қилишга кимлар ҳақли ва нима учун?
15 «Кўкдаги» дейилганлар, Ҳазратимиз Масиҳ билан осмонда ҳукм сурадиган мойланганларни назарда тутади. Зеро улар Исо тўккан қони туфайли «самовий даъватдан баҳраманд» бўлишади (Иброн. 3:1; Рим. 5:1, 18). Хўш, уларнинг қаторига кимлар кириши қандай билинади? «Масиҳнинг ворисдошлари», яъни самода шоҳ ва руҳонийлар сифатида хизмат қилишларини Аллоҳ уларга муқаддас руҳи орқали аён этади (Рим. 8:15–17; Ваҳ. 5:9, 10). Шу тариқа, мойланганлар «Худонинг Исроили» ҳисобланиб, улар билан янги аҳд тузилган (Ерм. 31:31–34; Галат. 6:16). Хуллас, янги аҳднинг аъзолари сифатида улар Қутлуғ Кечликда рамзлардан истеъмол қилишга ҳақлидирлар. Исо шароб ҳақида шундай деган: «Бу коса Худо одамзод ила тузган Янги Аҳдни билдиради. Бу аҳд Менинг сизлар учун тўкаётган қоним эвазига кучга киради» (Луқо 22:20).
16. «Ердаги» сўзи остида кимлар назарда тутилган ва улар қайси маънода оқланишади?
16 «Ердаги» сўзи остида Масиҳнинг бошқа қўйлари, яъни ер юзида мангу яшашга умиди борлар назарда тутилган. Танланган Хизматчи орқали улар Яҳованинг қалбини мамнун эта олишади. Чунки улар «либосларини ювиб, Қўзининг қони билан оқартирганлар», бу дегани улар Масиҳнинг қурбонлигига ишонишди. Устига-устак, Яҳова уларни дўст сифатида солиҳ деб, «буюк қайғудан» омон ўтишларига умид ато этмоқда (Ваҳ. 7:9, 10, 14; Ёқб. 2:23). Улар билан аҳд тузилмаганлиги туфайли, Қутлуғ Кечликда рамзлардан тановул қилишмайди. Лекин маросимни чуқур миннатдорлик ила кузатишади.
Яҳовага ва Унинг Хизматчисига шукроналар!
17. Муҳокама қилинган башоратларнинг Қутлуғ Кечлик маросимига қандай алоқаси бор?
17 Хизматчи тўғрисидаги башоратларни кўриб чиқиш юрагимизни Қутлуғ Кечлик маросимига тайёрлаб, «имонимизнинг Илғори ҳамда уни камолга Етказувчи Исога» кўз тикишимизга кўмаклашди (Иброн. 12:2). Ҳақиқат шуки, исёнчилик руҳи Исога умуман ёт эди. Шайтондан фарқли равишда, у Яҳовадан таълим олишдан қувониб, Уни Сарвари Олам деб тан олган. Маълумки, Исо одамларни ҳам жисмонан, ҳам маънан даволаганда, уларнинг аҳволини кўриб ачинарди. Бу билан у, Шоҳ сифатида ер юзида адолат ўрнатганида қандай баракалар олиб келишини кўрсатган (Ишаё 42:4). Бундан ташқари, Исонинг ваъзгўйликдаги ғайратига ҳам ҳавас қилса арзийди. Бошлаган иши ҳалигача давом этаётган экан, келинг, доимо Исонинг ўрнагига эргашайлик! (Ишаё 42:6).
18. Қалбимиз нима сабабдан шукроналарга тўлади?
18 Ушбу башоратлар шунингдек, нега Яҳова суюкли ўғлининг азобли ўлимига йўл қўйганини чуқурроқ тушунишимизга ёрдам беради. Тангри Яҳова Исонинг заҳмат чекканидан эмас, охиригача садоқатли қолганидан қувонгани шубҳасиз. Илоё биз ҳам Ҳазратимиз Исонинг бундай фидойилигини хотирамизда сақлаб, Яҳованинг хурсандчилигига шерик бўлайлик! Қолаверса Масиҳ, Шайтон ёлғончилигини исботлаб, Аллоҳнинг исмини оқлади ва Унинг ҳокими мутлақ эканини тасдиқлади. Бундан ташқари, Исо гуноҳларимизни ўзига олиб, биз учун ўлди. Натижада, мойланган масиҳчилар ва бошқа қўйлар Худонинг назарида қимматли ҳисобланади. Қутлуғ Кечлик маросимига йиғилганимизда, Тангри Яҳова ҳамда содиқ Хизматчига бўлган шукроналар қалбимизни тўлдирса не ажаб.
[Изоҳлар]
a Ишаё 53:3, ЯДТ: «Оғриғу хасталик нима эканини билиб олган бу кишидан, одамлар жирканишган ва ўзларини четга тортишган. Унинг юзини кўрмаслик учун, ундан нигоҳимизни олиб қочардик. Ундан нафратланишган, ва биз уни одам ўрнида кўрмас эдик».
b Ишаё 53:4б, ЯДТ: «Биз эса, Худо уни жазолаб, озор берган ва уқубатларга йўлиқтирган, деб ўйлабмиз».
c Ишаё 53:6, ЯДТ: «Барчамиз адашиб юрган қўйлар сингари, ҳар биримиз ўз йўлимизга бурилиб кетган эдик. Яҳова эса ҳаммамизнинг гуноҳларимизни унга топширган».
d Ишаё 53:7, 8, ЯДТ: «У жабр-қийноқ тортиб, ўзини азоб-уқубатларга берган бўлса-да, аммо оғзини ҳам очмади. Қўзи каби бўғизлашга етакланди. Жун қирқувчилари олдида жим турган қўйдай бўлиб, оғзини ҳам очмади. Чунки у хўрланиб, ҳаққониятдан маҳрум этилди. Унинг насл-насабини ким зикр этади? Ахир у ер юзидаги ҳаётдан жудо бўлиб, халқимнинг қилмишлари учун ўлдирилди».
e Ишаё 53:11, 12, ЯДТ: «Чеккан ғам-қайғулари эвазига кўрганидан мамнун бўлади. Бу солиҳ хизматчим, ўз билими туфайли кўп инсонларни оқлайди, ва уларнинг қилмишларини кўтаради. Шунинг учун кўплар аро унга қисм бераман, ва у ўз улушини қудратлилар билан бўлишади, ахир у ўз жонини фидо қилган-ку. Уни жиноятчилар қаторида ҳисоблашган, у эса кўпларнинг гуноҳини кўтариб, жиноятчилар тарафини олган».
Такрорлаш учун саволлар
• Яҳова Исонинг ўлимини қайси маънода маъқуллаган?
• Исо қилмишларимизни деб найзаланганини қандай тушунсак бўлади?
• Хизматчи қай маънода кўп инсонларни оқлади?
• Ишаё башоратларининг Қутлуғ Кечлик маросимига қандай алоқаси бор?
[26- саҳифадаги расм]
Ундан нафратланиб, уни одам ўрнида кўришмасди
[28- саҳифадаги расм]
Ўз жонини фидо қилган
[29- саҳифадаги расм]
«Бошқа қўйлар» ҳам маросимда миннатдорлик ила қатнашадилар