Қадимги миххат ёзуви ва Муқаддас Китоб
БОБИЛДА битта тил хилма-хил тилларга бўлингандан сўнг, секин-аста турлича ёзувлар ҳам келиб чиққан. Масалан, Месопотамияда яшовчи шумерлару бобилликлар миххат ёзувини қўллашарди. Ушбу ёзув поначаларга ўхшаш чизиқчаларни лойга ўйиб туширишдан пайдо бўлган.
Қадимшунослар шундай миххат ёзувларини топишдики, уларда Муқаддас Китобда эслатиб ўтилган исм ва воқеалар учрайди. Хўш, бу қадимги миххат ёзуви ҳақида бизга нима маълум? Бундай матнлар, Аллоҳ Каломи ишончга сазовор эканини қандай исботлаяпти?
Қадимий ёзув ёдгорликлари
Олимларнинг фикрича, аввал Месопотамияда пиктографик ёзуви, яъни иш-ҳаракатларни ифодалаб бериш учун шартли белги ва расмлар қўлланилган. Мана бир мисол, буқани тасвирлаш учун унинг калласи чизиларди. Маълумотни қайд қилишда эҳтиёж ўсгани сайин, миххат ёзуви ҳам ривожланиб борган. Ва бу борада, бир китобда қуйидагиларни ўқиймиз: «Энди белгилар нафақат сўзларни, бир-бирига қўшганда сўзлар келиб чиқадиган бўғинларни ҳам англатадиган бўлди» (NIV Archaeological Study Bible). Вақт ўтгач, тахминан 200 та ҳар хил белгилар ёрдамида миххат ёзуви «нутқнинг лексик ва грамматик жиҳатидан хилма-хилликни намоён қила бошлади».
Иброҳим Халилуллоҳнинг даврида (мил. авв. 2 000- йилга яқин) миххат ёзуви жуда кенг тарқалган эди. Кейинги 20 аср давомида бу ёзувнинг тури, қарийб 15 тилда ишлатиладиган бўлди. Топилган миххат ёзувларининг 99 фоизидан ортиғи лой тахтачаларга ўйиб туширилган. Охирги 150 йил мобайнида бундай тахтачалар Ур, Урук, Бобил, Нимруд, Ниппур, Ашшур, Найнаво, Мари, Эбла, Угарит ва Амарна шаҳарларида топилган. Яна битта журналда шундай ёзилган: «Мутахассисларнинг аниқлашича, бир-икки миллион миххат ёзувидаги тахтачалар топилган ва ҳар йили 25 000 га яқин матнлар топиляпти» (Archaeology Odyssey).
Миххат ёзувини ўрганиб чиқаётган бутун дунёдаги олимлар олдида, таржима билан боғлиқ катта иш турибди. Ҳисобот бўйича, «ҳозирги кунда мавжуд бўлган миххат ёзувидаги матнларнинг бор-йўғи ўндан бир қисми камида бир марта ўқиб чиқилган».
Бир қанча тилда топилган миххат матнларни солиштириш ёрдамида бундай ёзувни тушуниш осонроқ бўлди. Олимларнинг айтишича, ушбу ҳужжатлардаги турли тилларда қўлланилган миххат ёзуви бир хил экан. У ерда келтирилган унвонлар, подшоҳларнинг шажараси ва ҳатто ўзини ўзи мақташ иборалари тез-тез учратилгани уларга кўмаклашган.
Масалан тадқиқотчилар 1850- йилларга бориб, Яқин Шарқ, Аккада ва Бобил-Оссурияда кенг тарқалган тилидаги қадимий миххат ёзувини ўқий олишарди. Британия энциклопедиясида қуйидагича баён этилган: «Аккад матнларини ўқиш ёрдамида, гапларнинг тузилиши аниқланди. Натижада эса бошқа тилдаги миххат ёзувларини тушунишга имкон очилди» (Encyclopædia Britannica). Бундай ёзув ёдгорликларнинг Аллоҳ Каломи билан қандай боғлиқлиги бор?
Муқаддас Китобга тааллуқли далиллар
Муқаддас Китобда ёзилишича, ҳазрати Довуд мил. авв. 1070- йилда Қуддусни босиб олишидан аввал, бу шаҳарни канъонликлар бошқаришган (Ёшуа 10:1; 2 Шоҳ. 5:4–9). Бунда айрим олимлар шубҳаланишган, бироқ 1887- йили бир деҳқон аёл Амарнада (Миср) лой тахтачани топгани, гумонларга чек қўйди. Вақт ўтиб, Миср ва Канъон подшоҳлари (Аменхотеп III ва Ахенатон) орасидаги иш юзасида ёзилган ўзаро хатлари топилган. Уларнинг сони 380 та бўлиб, олтитасини Қуддус шоҳи Абди-Хеба ёзган.
Қолаверса, журналда шундай таъкидланган: «Амарнада топилган тахтачаларда, Қуддус чиндан ҳам шаҳар экани, Абди-Хеба эса унинг шоҳи бўлиб, ўзининг саройи ва қўшинида 50 та аскари бўлгани айтилган. Шунинг учун, Қуддус тепаликда жойлашган кичкинагина давлат эди, деб айтиш жоиз». Кейинчалик, бу журналда: «Амарна ёзувларига биноан ҳақиқатдан ҳам ўша даврда катта аҳамиятли шаҳар бўлган»,— дея ёзилган (Biblical Archaeology Review).
Оссурия ва Бобилнинг тарихий ҳужжатларидаги исмлар
Оссурияликлар ва сўнг бобилликлар тарихини лой тахтачалару ёдгорликларга ёзишган. Тадқиқотчилар аккад ёзувини ўрганиб чиқишгани туфайли, Муқаддас Китобдаги шахсларнинг исмларини бу матнларда ҳам учратишди.
Британия музейининг битта китобида шундай айтилган: «Сэмуил Бёрч исмли мисршунос 1870- йилда Муқаддас Китоб археология жамиятидагиларга қадимги иброний шоҳларнинг исмларини [миххат матнларида] топганини айтди: Омри, Ахаб, Ёҳу, Озариё... Манахим, Пеках, Хўшея, Ҳизқиё ва Манаше; оссуриялик ҳукмдорлар: Тиглатпаласар III, Саргон, Санхарив, Асардан ва Ашшурбанипал... шунингдек суриялик подшоҳлар: Банҳадад, Хазайил ва Разин» (The Bible in the British Museum).
Яна битта китобда Исроил ва Яҳудо халқларининг тарихи қадимги миххат матнлари билан солиштирилгани қаламга олинган. Қизиқ, бундан қанақа хулоса келиб чиқяпти? «Бошқа давлатлардаги ҳужжатларнинг ҳаммасида Яҳудо ва Исроил шоҳларининг 15 ёки 16 таси ҳақида қайд қилинган. Ва ҳаттоки уларнинг исмлари ва яшаган даври Тавротдаги Шоҳлар китобига мувофиқ. Китобда санаб ўтилган ҳамма шоҳларнинг исмлари эслатиб ўтилган» (The Bible and Radiocarbon Dating).
1879- йилда топилган миххат матнларида, шоҳ Кир Бобилни мил. авв. 539- йилда забт этганида, асир қилинганларни ўз юртига қўйиб юборгани тўғрисида ёзилган. Асирга тушганлар орасида яҳудийлар ҳам бор эди (Эзра 1:1–4). XIX асрда аксарият олимлар, Муқаддас Китобда келтирилган Кирнинг фармонини шубҳа остига қўйишган. Аммо-лекин, боя айтилган миххат матнлари Муқаддас Ёзувларнинг аниқлигини тасдиқлаяпти.
Бобилдан узоқ бўлмаган Ниппур шаҳрида 1883- йили 700 дан ортиқ миххат ёзувлари топилган. Уларда эслатиб ўтилган 2 500 та исмлардан тахминан 70 таси ибронийчадир. Тарихчи Эдвин Ямаучининг гаплари бўйича, бу исм эгалари «шартнома тузувчи, вакил, гувоҳ, солиқ йиғувчи ва амалдорлар» эди. Бобилнинг яқин атрофларидаги яҳудийлар шу каби иш юритишгани жуда катта аҳамиятга эга бўлган. Негаки бу билан, Ишаё пайғамбарнинг башорати амалга ошгани исботланди. Яъни, Оссурия ва Бобил асирлигидан омон қолган исроилликлар она юртига қайтиши, бироқ улардан кўплари ўша ёқларда қолиб кетишган (Ишаё 10:21, 22).
Милодан аввалги І асрда миххат ёзуви алифбо ёзуви билан бир қаторда қўлланилган. Аммо охири, оссурияликлару бобилликлар миххат ёзувини рад этишди.
Музейда сақланаётган юз мингдан ортиқ тахтачалар ҳали ҳам тадқиқ қилинмаган. Мутахассислар томонидан ўқиб чиққанлари эса Худонинг Каломи ишончга сазовор эканини яна бир бор аниқ тасдиқлади. Ким билади дейсиз, ҳали ўрганиб чиқилмаган тахтачаларда яна қанча қўшимча далиллар бор?
[21- саҳифадаги расм манбаи]
Photograph taken by courtesy of the British Museum