14- БОБ
«Бу, маъбад билан боғлиқ қонундир»
БУ БОБДА: маъбад ҳақида ваҳий. Ҳизқиёнинг даври ва бизнинг кунлар учун амалий сабоқлар
1, 2. а) Ўтган бобдан Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийси борасида нимани билиб олдик? б) Ушбу бобда қандай иккита саволни кўриб чиқамиз?
ҲИЗҚИЁ ваҳийда асрлар оша ҳаворий Павлус таърифлаган буюк рамзий маъбадни кўрмаган. Буни ўтган бобдан билиб олган эдик. Шунингдек, ваҳий Худонинг халқига пок топиниш борасида илоҳий меъёрлар муҳимлигини ўргатиш мақсадида берилганини билиб олдик. Фақатгина ўша меъёрларга амал қилиб халқ Яҳова билан қайтадан яхши муносабатларга эга бўлиши мумкин эди. Бундан нега Яҳова шу битта оятда: «Бу, маъбад билан боғлиқ қонундир»,— деган асосий фикрни икки марта такрорлаганини тушунамиз. (Ҳизқиё 43:12 ни ўқинг.)
2 Ҳозир навбатдаги иккита саволни кўриб чиқишимиз керак. Биринчидан: маъбад ҳақидаги ваҳийдан Ҳизқиёнинг давридаги яҳудийлар Яҳованинг пок топиниш борасидаги меъёрлар ҳақида қандай аниқ сабоқлар олган бўлиши мумкин? Бу саволнинг жавоби иккинчи саволнинг жавобини топишга ёрдам беради: нотинч охирги кунларда ушбу ваҳий биз учун қандай маънога эга?
Қадимда ваҳийдан қандай сабоқлар олинган?
3. Ваҳийдаги маъбад баланд тоғ устида жойлашгани қанақасига халқни хатоларидан уялишга ундаган?
3 Биринчи саволга жавоб олиш учун маъбад ҳақидаги ваҳийнинг айрим ҳайратомуз хусусиятларига диққат қаратамиз. Баланд тоғ. Одамлар Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги жойни Ишаёнинг қалбимизга илиқлик бахш этадиган тикланиш ҳақидаги башорати билан боғлаган бўлиши мумкин. (Ишаё 2:2) Яҳованинг уйи бундай баланд тоғда жойлашганидан улар қандай сабоқ олишган? Бу уларга пок топиниш юксалиши, кўтарилиши ва бошқа барча нарсадан устун қўйилиши кераклигини ўргатган. Албатта пок топиниш юксалиши табиий, чунки уни «бошқа барча худолардан ғоят устун» бўлган Шахс ташкиллаштирган. (Заб. 97:9) Бироқ халқ ўз томонидан ҳаракат қилмаган. Асрлар давомида улар пок топиниш қадрини йўқотишига, тарк этилишига ва булғанишига қайта-қайта йўл қўйишган. Худонинг муқаддас уйи юксалганини, ўзининг шарафли ва ҳақли ўрнига кўтарилганини кўриш самимий инсонларни ўз хатоларидан уялишга ундагани аниқ.
4, 5. Ҳизқиёни тинглаганлар маъбаднинг дарвозалари баланд бўлганидан қандай сабоқ олишлари мумкин эди?
4 Баланд дарвозахоналар. Ваҳийнинг бошида Ҳизқиё дарвозахоналарни ўлчаб юрган ва унга йўлбошловчилик қилган фариштани кўрган эди. Ўша иншоотларнинг баландлиги тахминан 30 метр эди! (Ҳиз. 40:14) Маъбадга кириш жойларида соқчилар хоналари бор эди. Лойиҳани ўрганганлар учун буларнинг барчаси нимани англатган? Яҳова Ҳизқиёга шундай деган: «Маъбадга кириш жойига... диққатли бўл». Нега? Чунки халқ топиниш учун фойдаланилган Худонинг муқаддас уйига «юраги ва танаси суннат қилинмаган» кишиларни олиб кирган. Хўш, натижаси қанақа бўлган? Яҳова: «Улар маъбадимни булғашди»,— деган. (Ҳиз. 44:5, 7)
5 «Танаси суннат қилинмаган» кишилар Иброҳим даврида берилган Худонинг аниқ амрига риоя этишмаган. (Ибт. 17:9, 10; Лев. 12:1–3) «Юраги... суннат қилинмаган» кишилар эса янада баттар аҳволда бўлган. Улар ўжарлик қилиб исён кўтаришган, Яҳованинг кўрсатмаси ва йўл-йўриғига бепарво бўлишган. Бундай кишиларга топиниш учун мўлжалланган Яҳованинг муқаддас уйига киришга рухсат этилмаслиги керак эди. Яҳова иккиюзламачиликдан нафратланади, халқи эса Унинг уйида иккиюзламачилик урчиб кетишига йўл қўйган эди. Маъбад ҳақидаги ваҳийдаги дарвозахоналар ва соқчилар хоналаридан аниқ сабоқ оляпмиз: бундай таҳқирланишга энди йўл қўйилмайди! Худонинг уйига кириш учун ўрнатилган юқори меъёрларга риоя қилиниши шарт. Шундагина Яҳова халқининг топинишини қабул қилади.
6, 7. а) Халқига Ўз хабарини етказиш учун Яҳова маъбад бинолари мажмуаси атрофидаги девордан қандай фойдаланган? б) Яҳованинг халқи ўтмишда Унинг уйига қандай муносабатда бўлган? (Изоҳга қаранг.)
6 Девор. Маъбад ҳақидаги ваҳийнинг яна бир ҳайратомуз хусусияти унинг бутун ҳудуди девор билан ўралгани эди. Ҳизқиёнинг айтишича, ҳар бир томонга девор 500 таёқни ёки қарийб 1,6 километрни ташкил этарди! (Ҳиз. 42:15–20) Маъбад бинолари ва ҳовлилар тўртбурчакни ташкил этарди. Унинг бир томони 500 тирсакка ёки 259 метрга тенг бўлган. (Ҳиз. 45:2) Демак, маъбад атрофида кенг ҳудуд бор бўлиб, у ташқи девор билан ўралган эдиa. У нима учун керак эди?
7 Яҳова шундай деган: «Энди улар қилган хиёнатини ва ўлик шоҳларининг жасадларини Мендан узоқлаштиришсин. Шунда Мен уларнинг орасида абадий яшайман». (Ҳиз. 43:9) «Ўлик шоҳларининг жасадлари» деганда бутлар назарда тутилган бўлиши мумкин. (Ҳиз. 43:7, изоҳ) Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийсида девор билан ўралган ҳудудни кўрсатиб, У шундай демоқчи эди: «Бу жирканч нарсаларни кўзимдан йўқотинг. Уларни ҳатто яқинлаштирманг». Агар улар топинишларини пок сақлашса, Яҳова уларнинг орасида бўларди. Бу эса улар учун барака эди.
8, 9. Яҳова масъул кишиларга берган жиддий маслаҳатдан халқ нимани ўрганиши мумкин эди?
8 Масъул кишиларга берилган жиддий маслаҳат. Яҳова халқи орасида катта масъулиятга эга бўлган кишиларга жиддий, бироқ севги ила маслаҳат берган эди. Халқ бутпарастликка берилганида Яҳова Ундан узоқлашиб кетган левиларга қаттиқ танбеҳ берган, шу билан бирга «муқаддас масканимдаги ишларга ғамхўрлик қилишган», дея Зодўх ўғилларини мақтаган. У қилган ишларига мувофиқ ҳар бир гуруҳга адолат ва раҳм-шафқат ила муомала қилган. (Ҳиз. 44:10, 12–16) Худди шундай У Исроилнинг йўлбошчиларига ҳам жиддий маслаҳат берган. (Ҳиз. 45:9)
9 Шу тариқа Яҳова ҳокимиятга эга бўлганлар ва нозирлик қилганлар ўз вазифаларини қандай бажараётгани учун Унинг олдида жавоб беришларини очиқ айтган. Улар ҳам маслаҳат, тузатилиш ва таълим-тарбияга муҳтож эди. Яҳованинг меъёрларига амал қилишда улар етакчилик қилиши керак эди.
10, 11. Сургундан қайтганларнинг баъзилари Ҳизқиёнинг ваҳийсидан олинган сабоқларга риоя қилишганининг қандай тасдиғи бор?
10 Сургундан қайтганлар Ҳизқиёнинг ваҳийсидан олинган сабоқларга риоя қилишдими? Ўша садоқатли эркагу аёллар бу ажойиб ваҳий ҳақида қандай фикрда бўлишганини аниқ билмаймиз. Бироқ сургундан қайтганлар нима қилгани ва Яҳовага пок тарзда топиниш борасида қандай хулосага келгани ҳақида Худонинг Каломида кўп тафсилотлар бор. Улар Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги принципларга амал қилишганми? Қайсидир жиҳатдан риоя қилишган, айниқса, Бобилга сургун қилинишдан олдин яшаган исёнкор ота-боболари билан солиштирганда.
11 Хаггей билан Закариё пайғамбар, руҳоний ҳамда котиб бўлган Эзра ва ҳоким Нахимиё каби садоқатли кишилар Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийсида мавжуд бўлган принципларга ўхшаш принципларни халққа ўргатиш учун астойдил меҳнат қилишган. (Эзра 5:1, 2) Улар халқни пок топиниш юксалиши ва моддий нарсалар ҳақида ҳаддан ортиқ ташвишланишдан ҳамда шахсий мақсадлар пайида бўлишдан устун туриши кераклигига ўргатишган. (Хаг. 1:3, 4) Улар пок топинишда иштирок этиш учун ўрнатилган меъёрлар ҳурмат қилиниши кераклигига урғу беришган. Мисол учун, Эзра ва Нахимиё халққа ўзга халқлардан бўлган хотинларини қўйиб юборишни буюриб, жиддий маслаҳат берган. Чунки улар халқнинг маънавийлигини сусайтирган. (Эзра 10:10, 11 ни ўқинг; Нахим. 13:23–27, 30) Бутпарастлик ҳақида нима деса бўлади? Ҳойнаҳой, сургундан кейин халқ охири ушбу гуноҳга, яъни ўз тарихи давомида тез-тез тушиб турган тузоққа нисбатан нафрат туйғусини ривожлантира олган. Руҳонийлар ҳамда йўлбошчилар, яъни беклар ҳақида нима деса бўлади? Ҳизқиёнинг ваҳийсидан кўриниб турганидек, Яҳова маслаҳат берган ва тузатган кишилар қаторида улар ҳам бўлган. (Нахим. 13:22, 28) Кўплар камтарлик ила бу маслаҳатга амал қилган. (Эзра 10:7–9, 12–14; Нахим. 9:1–3, 38)
12. Сургунда бўлганлар юртига қайтгач, Яҳова уларга қандай баракалар берган?
12 Бунга жавобан Яҳова халқига барака берган. Халқ Яҳова билан яқин муносабатлардан, яхши соғлиқдан ва кўп йиллар давомида етишолмаган тартибдан баҳраманд бўлган. (Эзра 6:19–22; Нахим. 8:9–12; 12:27–30, 43) Нега? Чунки халқ ниҳоят Яҳованинг пок топиниш учун ўрнатган адолатли меъёрларига риоя қила бошлаган эди. Маъбад ҳақидаги ваҳийдан олинган сабоқлар кўплаб самимий кишиларнинг қалбидан жой олган. Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийси сургунда бўлганларга икки жиҳатдан фойда келтирган: 1) улар ваҳийдан пок топиниш учун ўрнатилган меъёрларга қандай амал қилиш борасида амалий сабоқлар олишган; 2) бу ваҳий уларга келажакка ишонч бахш этган. Башорат қилинганидай, пок топиниш тикланади ва кейинчалик каромат қилинганидай, улар пок тарзда топинишса, Яҳова Ўз халқига барака беради. Бироқ ҳозир бизни қуйидаги савол қизиқтиради: бугунги кунда ушбу башорат амалга ошяптими?
Ҳизқиёнинг ваҳийсидан нимани ўрганяпмиз?
13, 14. а) Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийси бизнинг пайтда ҳам амалга ошаётганини қаердан биламиз? б) Қайси иккита жиҳатдан ваҳий бизга фойда келтирмоқда? («Турли маъбадлар, турли сабоқлар» номли 13А рамкасига ҳам қаранг.)
13 Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийси бугунги кунда бизга ҳам тааллуқлими? Ҳа. «Баланд тоғ» устида жойлашган Худонинг муқаддас уйи ҳақидаги Ҳизқиёнинг ваҳийси билан Ишаёнинг «Яҳованинг уйи турган тоғ, тоғ чўққиларидан ҳам баландроқ ўрнатилади», деган башорати ўртасида ўхшашликлар борлигини эсланг. Ишаё аниқ қилиб унинг башорати «охирги кунларда» амалга ошишини айтган. (Ҳиз. 40:2; Ишаё 2:2–4; Михо 4:1–4 га ҳам қаранг.) Ушбу башоратлар охирги кунларга — 1919 йилдан эътиборан, яъни пок топиниш гўёки баланд тоғ устида ўрнатилгандай кўтарилган, тикланган пайтга тааллуқлиb.
14 Шуниси аниқки, Ҳизқиёнинг ваҳийси бугунги кунда пок топинишга ҳам тааллуқли. Қадимда сургунда бўлган яҳудийларга у фойда келтирганидек, бугун бизга ҳам бу ваҳий икки жиҳатдан фойда келтирмоқда: 1) ушбу ваҳийдан пок топиниш учун ўрнатилган меъёрларга қандай амал қилиш борасида амалий сабоқлар олишимиз мумкин; 2) бу ваҳий бизни пок топиниш тикланишига ва Яҳова барака беришига ишонтирмоқда.
Бугунги кунда пок топиниш учун ўрнатилган меъёрлар
15. Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийсидан сабоқлар олаётиб нимани унутмаслигимиз керак?
15 Келинг, энди Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги айрим ўзига хос хусусиятларни кўриб чиқайлик. Фараз қилинг, биз маъбад ҳақидаги таъсирчан ваҳийда Ҳизқиёга ҳамроҳ бўляпмиз. Унутманг, биз буюк рамзий маъбадни кўрмаяпмиз, аксинча, бугунги кунда топинишимизга тааллуқли сабоқлар оляпмиз, холос. Хўш, бу қандай сабоқлар экан?
16. Ҳизқиёнинг ваҳийсида ҳамма нарса ўлчанганидан нимани билиб оляпмиз? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.)
16 Нега ҳамма нарса ўлчанган? Ҳизқиё кўриниши мисдай товланадиган фаришта маъбадни, шунингдек, деворларни, дарвозахоналарни, соқчиларнинг хоналарини, ҳовлиларни ва қурбонгоҳни яхшилаб ўлчаб чиққанини кўрган эди. Тафсилотларнинг кўплиги ўқувчини эсанкиратиб қўйиши мумкин. (Ҳиз. 40:1–42:20; 43:13, 14) Бироқ бу тафсилотлардан муҳим фикрларни топишимиз мумкинлиги ҳақида ўйланг. Шу тариқа Яҳова Унинг меъёрлари муҳим эканига катта урғу бермоқчи. Уларни ўрнатадиган одамлар эмас, Унинг Ўзидир. Худога қандай топинишнинг аҳамияти йўқ, дейдиганлар қаттиқ адашади. Бундан ташқари, маъбад батафсил ўлчаб чиқилгани билан Яҳова пок топиниш тикланиши муқаррар эканига ишонтирмоқчи. Ўлчамлар аниқ бўлганидай, Худонинг ваъдаси амалга ошиши ҳам тайиндир. Шу йўсин Яҳова бизни пок топиниш охирги кунларда тикланишига Ҳизқиё орқали ишонтирмоқда.
17. Маъбад атрофидаги ҳудуд девор билан ўралгани бизга нимани эслатмоқда?
17 Девор. Юқорида кўриб чиққанимиздай, Ҳизқиё ваҳийда маъбад атрофидаги ҳудуд девор билан ўралганини кўрган. Бу хусусият Худонинг халқига ҳар қандай диний нопоклик пок топинишдан узоқда бўлиши, Худонинг уйини асло булғамаслиги кераклигини эслатган. (Ҳизқиё 43:7–9 ни ўқинг.) Ушбу маслаҳат бугунги кунда ҳам ўринли. Худонинг халқи юзлаб йиллар давом этган Буюк Бобил асирлигидан озод бўлгач, 1919 йили Масиҳ ишончли ва ақлли хизматкорни тайинлади. Айниқса шу вақтдан бошлаб Худонинг халқи бутпарастлик ва мажусийлик билан боғлиқ сохта таълимотлардан ва урф-одатлардан қутулиш учун астойдил ҳаракат қилган. Биз маънавий нопоклик пок топинишга яқин йўламаслигига жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қиляпмиз. Боз устига, топинишни дунёвий ишлар билан аралаштирмаслик учун Йиғилиш залларимизда тижорат билан шуғулланмаймиз. (Марк 11:15, 16)
18, 19. а) Ваҳийдаги дарвозалар баланд бўлганидан қандай сабоқлар олишимиз мумкин? б) Яҳованинг юқори ахлоқий меъёрларини пасайтирмоқчи бўлганларга қандай жавоб беришимиз керак? Мисол келтиринг.
18 Баланд дарвозахоналар. Ҳизқиё кўрган ўша баланд дарвозахоналарни кўз олдимизга келтирсак, қандай сабоқлар олишимиз мумкин? Маъбад ҳақидаги ваҳийнинг ушбу хусусияти сургунда бўлган яҳудийларга Яҳованинг юқори ахлоқий меъёрлари борлигини ўргатгани шубҳасиз. Қадимда шундай бўлган бўлса, у бугунги кунга ҳам тааллуқлими? Биз Яҳованинг буюк рамзий маъбадида топиняпмиз. Иккиюзламачиликдан холи хулқ-атворга эга бўлиш бугун янада муҳим эмасми?! (Рим. 12:9; 1 Бутр. 1:14, 15) Охирги кунларда Яҳова Ўз халқини Унинг ахлоққа оид меъёрларига қатъий амал қилишга босқичма-босқич етаклаб бормоқдаc. Масалан, қилмишида тавба қилмаган кишилар жамоатдан четлатилади. (1 Кор. 5:11–13) Бундан ташқари, ўша дарвозахоналарнинг кираверишидаги соқчиларнинг хоналари бизга шуни эслатадики, Худонинг розилигини олмаган ҳеч ким Унга топиниш учун рамзий маъбадга киритилмайди. Мисол учун, икки хил ҳаёт тарзини олиб бораётган киши Йиғилиш залига кириши мумкин, бироқ Худонинг назарида тўғри бўлган ишларни қилмаётган экан, у Яҳованинг розилигини ололмайди ва рамзий маъбадда топинишга рухсат берилмайди. (Ёқб. 4:8) Чиндан ҳам, ушбу бузилган, ахлоқсиз дунёда Яҳова пок топинишни нопокликдан ҳимоя қилмоқда!
19 Муқаддас Китобда ушбу дунё охират келишидан олдин бузилиб кетиши башорат қилинган. У ерда шундай дейилганини ўқиймиз: «Ёмон инсонлар ва ёлғончилар ўзлари янглишибгина қолмай, бошқаларни ҳам йўлдан оздириб, тобора разиллашиб борадилар». (2 Тим. 3:13) Бугунги кунда кўпдан-кўп инсонлар Яҳованинг меъёрлари инсонни чегаралаб қўядиган, эскирган ёки нотўғри деган фикрларга алданиб келмоқда. Сизни ҳам алдашларига йўл қўясизми? Масалан, агар кимдир Худонинг гомосексуал хулқ борасидаги меъёрлари нотўғри, деб сизни ишонтирмоқчи бўлса, унинг фикрига қўшиласизми? Ёки бундай ишларни қилувчилар «ифлос ишлар»га қўл уряпти, деган Муқаддас Китобда аниқ қилиб ёзилган Яҳованинг сўзларига қўшиласизми? Худо бизни ахлоқсиз хулқни маъқуллаш хавфли эканидан огоҳлантирмоқда. (Рим. 1:24–27, 32) Бундай масалаларга дуч келганда Ҳизқиё ваҳийда кўрган маъбадни, унинг баланд дарвозахоналарини кўз олдимизга келтириб, қуйидагини эсда сақлайлик: нима яхши ва нима ёмон экани борасидаги дунёнинг нуқтаи назари ўзгаришига қарамай, Яҳова Ўзининг адолатли меъёрларини пасайтирмайди. Самовий Отамизнинг фикрига қўшилиб, тўғри нарсалар тарафини эгаллаймизми?
Пок тарзда топиниб «ҳамду сано қурбонлигини» келтирамиз
20. «Улкан оломон» Ҳизқиёнинг ваҳийсидан далда берадиган қандай эслатмалар олмоқда?
20 Ҳовлилар. Ҳизқиё маъбаднинг кенг ташқи ҳовлисини кўрганида, у ерга Яҳовага топинувчи жуда кўп бахтиёр кишилар йиғилиши ҳақида ўйлаб таъсирланиб кетган бўлса керак. Бугун масиҳийлар янада муқаддас жойда топинишмоқда. Яҳованинг рамзий маъбадининг ташқи ҳовлисида топинаётган «улкан оломон» Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги эслатмалардан далда олмоқда. (Ваҳ. 7:9, 10, 14, 15) Ҳизқиё ташқи ҳовли бўйлаб ошхоналар борлигини кўради. Топинувчилар ўша ошхоналарда ўзлари олиб келган тинчлик қурбонликларини тановул қилишлари мумкин эди. (Ҳиз. 40:17) Қайсидир маънода, улар тинч ва дўстона муносабатлар белгиси сифатида Тангри Яҳова билан бирга таом тановул қилишган! Бугун биз Тавротга риоя қилган яҳудийларга ўхшаб қурбонликлар келтирмаймиз. Бунинг ўрнига, имонимизни намоён этиб йиғилишларда шарҳлар бериш ёки ваъзгўйлик хизматида иштирок этиш орқали пок тарзда топиниб «ҳамду сано қурбонлигини» келтирамиз. (Иброн. 13:15) Шунингдек, Яҳова тақдим этаётган маънавий озуқани тановул қиламиз. Биз ҳам Яҳовага қуйидагича куйлаган Кўрахнинг ўғиллари каби ҳиссиётларни туйсак ажаб эмас: «Ҳовлиларингда ўтган бир кун, бошқа ерда ўтган минг кундан яхшироқдир!» (Заб. 84:10)
21. Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги руҳонийлик хизматидан мойланган масиҳийлар нимани ўрганиши мумкин?
21 Руҳонийлик хизмати. Ҳизқиё ички ҳовлига руҳонийлар ва левилар дарвозахоналар орқали кирганини кўради. Бу дарвозахоналар руҳонийлар қабиласидан бўлмаган кишилар кирган ташқи ҳовлининг дарвозахоналари билан ўлчами ва шакли жиҳатдан бир хил эди. Бу руҳонийлар синфидан бўлганларга улар ҳам пок топинишга оид Яҳованинг меъёрларига мос келиши кераклиги ҳақида яхши эслатма эди. Бугунги кунда бу айниқса ким учун фойдали? Ҳозир Худонинг хизматчилари руҳонийлик хизматини мерос қилиб олишмайди, бироқ мойланган масиҳийлар ҳақида: «Танланган насл, руҳонийлар шоҳлиги»,— деб айтилган. (1 Бутр. 2:9) Қадимги Исроилда руҳонийлар алоҳида ҳовлида топинишарди. Бугун мойланган масиҳийлар том маънода имондошларидан алоҳида бўлиб топинишмайди, лекин улар фaрзандликка қабул қилинишгани боис, Яҳова билан ўзгача муносабатларга эга. (Галат. 4:4–6) Ҳизқиёнинг ваҳийсидан улар ҳам ўзи учун фойдали эслатмаларни топиши мумкин. Масалан, ўтмишда яшаган руҳонийларга ўхшаб улар ҳам маслаҳат ва таълим-тарбияга муҳтож эканини тан олишади. Барча масиҳийлар «бир чўпон» бошчилиги остида хизмат қилаётган «бир сурув»нинг қисми эканини ёдда тутишса яхши бўлади. (Юҳанно 10:16 ни ўқинг.)
22, 23. а) Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги йўлбошчидан оқсоқоллар нимани ўрганиши мумкин? б) Келажакда нима юз бериши мумкин?
22 Йўлбошчи. Ҳизқиёнинг ваҳийсида йўлбошчи юқори мавқега эга одам бўлган. У руҳонийлар қабиласидан эмас эди ва маъбадда бўлганда руҳонийларнинг бошчилигига бўйсунган. Бироқ халқ орасида у нозир сифатида фаолият юритган ва айрим қурбонликларни тақди этишда уларга кўмаклашган. (Ҳиз. 44:2, 3; 45:16, 17; 46:2) Демак, у бугун жамоатда муайян масъулиятга эга бўлган масиҳийларга ўрнакдир. Ахир оқсоқоллар, шу қаторда кўчма нозирлар мойланган ишончли хизматкорга итоатли бўлишлари керак. (Иброн. 13:17) Оқсоқоллар йиғилишларда ва хизматда ҳамду сано қурбонликларини келтиришда Худонинг халқига ёрдам бериш учун астойдил меҳнат қилишади. (Эфес. 4:11, 12) Шунингдек, оқсоқоллар Яҳова ҳокимиятини суиистеъмол қилган Исроилнинг йўлбошчиларига танбеҳ берганини ҳам инобатга олишлари мумкин. (Ҳиз. 45:9) Шунга ўхшаб оқсоқоллар маслаҳат ва тузатилишга муҳтож эмасмиз, деб ўйлашмайди. Аксинча, янада самарали чўпонлар ва нозирлар бўлиш учун Яҳова сайқал берадиган ҳар қандай имкониятни улар қадрлашади. (1 Бутрус 5:1–3 ни ўқинг.)
23 Яҳова яқинда ер юзида бўладиган жаннатда қобилиятли ва севувчи нозирларни тақдим этишда давом этади. Жаннатда ёрдами тегадиган ва қобилиятли чўпонлар бўлиш учун бугунги кунда кўплаб оқсоқоллар таълим олмоқда. (Заб. 45:16) Янги дунёда бундай кишилар нақадар ажойиб барака бўлиши ҳақида бир ўйлаб кўринг! Тикланиш ҳақидаги бошқа башоратлар қатори, Ҳизқиёнинг ваҳийси борасидаги тушунчамиз Яҳова белгилаган вақтда янада ойдинлашиши мумкин. Айни пайтда ваҳийнинг айрим хусусиятлари қандай амалга ошишини тўлиқ тушунмаётган бўлсак-да, келажакда улар ҳайратомуз тарзда амалга ошса ажаб эмас. Буёғини вақт кўрсатади.
Яҳованинг пок топинишга берган баракалари
24, 25. Халқи Унга пок тарзда топинса, Яҳова унга баракалар бериши Ҳизқиёнинг ваҳийсида қандай тасвирланган?
24 Якунида келинг Ҳизқиёнинг ваҳийсидан ўрин олган буюк бир воқеани ёдга олайлик. Ваҳийдаги бу маъбадга Яҳова кириб келади ва халқ пок топиниш учун ўрнатилган меъёрларга садоқат ила қанча амал қилса, шунча У ўша ерда қолишини ваъда беради. (Ҳиз. 43:4–9) Яҳова маъбадга киргани Унинг халқига ва уларнинг юртига қандай таъсир қилади?
25 Ваҳийда илоҳий баракалар башоратли мазмунга эга иккита нарса кўринишида тасвирланган: 1) муқаддас маскандан, яъни маъбаддан дарё оқиб чиқади ва унинг сувлари оқиб борган жойларда ҳамма нарса жонланади ҳамда юрт ҳосилдор бўлади; 2) юрт тартиб билан, аниқ бўлиниб, маъбад ва унга тегишли ерлар эса унинг марказида жойлашади. Бугунги кунда ушбу иккита нарсани қандай тушунишимиз керак? Ахир биз Яҳова янада муқаддас топиниш тузуми бўлмиш буюк рамзий маъбадга кирган, уни тозалаган ва маъқуллаган бир пайтда яшаяпмиз. (Мал. 3:1–4) Башоратли мазмунга эга ушбу иккита нарсани 19–21- бобларда муҳокама қиламиз.
a Яҳова ваҳийда кўрсатгани ўтмишда халқи Унинг муқаддас уйига қандай муносабатда бўлганидан бутунлай фарқ қилган. Яҳова бундай деган: «Улар Менинг остонам олдига ўзларининг остонасини, Менинг кесаким ёнига ўзларининг кесакисини ўрнатиб (бизни фақатгина девор ажратиб турар эди), жирканч ишлари билан Менинг муқаддас исмимни булғашди». (Ҳиз. 43:8) Қадимги Қуддусда Яҳованинг маъбадини нопок бинолардан фақатгина девор ажратиб турган. Халқ Яҳованинг адолатли меъёрларидан узоқлашгач, нопок нарсаларини ва бутларини нақ Яҳованинг уйи ёнига олиб келиб қўйган. Бунга ортиқ чидаб бўлмасди!
b Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги ваҳийси охирги кунларда амалга ошаётган тикланиш ҳақидаги бошқа башоратлар билан боғлиқ. Масалан, Ҳизқиё 43:1–9 ва Малаки 3:1–5; Ҳизқиё 47:1–12 ҳамда Йўэл 3:18 ўртасидаги ўхшашликларга эътибор беринг.
c Исо мил. 29 йили сувга чўмиб Олий руҳоний сифатида фаолият юрита бошлаганида рамзий маъбад вужудга келган. Бироқ Исонинг ҳаворийлари ўлганидан кейин пок топиниш ер юзида асрлар давомида эътибордан четда қолган. 1919 йилдан буён ҳақ топиниш юксалди.