Ўнинчи боб
«Битмас-туганмас бир Шоҳлик»
1. Инсоният тарихидаги дунёвий воқеалар қандай таъкидни исботламоқда?
ДУНЁ воқеалари шундан далолат бермоқдаки, инсоният Яҳованинг ҳукмдорлигини рад этиб, ўзи бошқаришга уриниш билан бахтга эриша олмаяпти. Одамзоднинг ҳеч бир бошқарув тузуми инсоният манфаати учун хизмат қилмаган. Гарчи инсонлар илм-фанда юқори чўққиларга эришган бўлса-да, касалликка чек қўйиш ёки ўлимни тўхтатишни уддалай олишмади. Инсонлар бошқаруви уруш, зўравонлик, жиноятчилик ва қашшоқликни бартараф эта олмади. Ҳалигача кўп мамлакатларда зулмкор ҳокимлар халқни эзиб келмоқда (Воиз 8:9). Илғор технологиялар очкўзлик ва жоҳиллик билан қўлланилаётгани сабабли, ер, сув ва ҳаво ифлосланмоқда. Иқтисодиёт мансабдор шахслар томонидан суиистеъмол қилинаётгани сабаб, кўплар тирикчилик учун энг зарурий нарсаларни олишга ҳам қурби етмаяпти. Минг йиллар давомидаги инсоний бошқарув қуйидаги сўзларни аниқ исботлади: «Инсоннинг ихтиёрида эмас унинг йўли. Йўловчи ўз қадамларини йўналтиришга қодир эмас» (Еремиё 10:23, ЯДТ).
2. Инсоният муаммоларининг ягона ечими нимада?
2 Бироқ бу муаммоларни нима ҳал қила олади? Фақат Худонинг Шоҳлиги. Унинг келиши ҳақида, Исо шогирдларини бундай деб ибодат қилишга ўргатган эди: «Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, Ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин» (Матто 6:9, 10). Худонинг самовий Шоҳлиги 2-Бутрус 3:13-оятида «янги осмон» каби тасвирланиб, у«янги ер», яъни адолатли инсоният жамияти устидан бошқаради. Худонинг Шоҳлиги шу қадар муҳимки, Исо ҳам аввало шу ҳақда воизлик қилган (Матто 4:17). Исо: «Сиз аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар»,— дея рағбатлантириб, Шоҳлик ҳаётимизда қандай ўринни эгаллаши кераклигини кўрсатди (Матто 6:33).
3. Нима сабабдан Худо Шоҳлиги ҳақида билиш ҳозир айниқса муҳим?
3 Худо Шоҳлиги ҳақида билиш ҳозир айниқса муҳим, чунки у яқинда вазифасини бажаришга киришиб, ердаги бошқарув тузумига ўзгартириш киритади. Дониёр 2:44-оятида: «Ўша шоҳларнинг [ҳозирги ҳукуматлар] даврида Самовий Худо битмас-туганмас бир шоҳлик [осмонда] ўрнатади. Ҳеч ким уни енга олмайди [инсонлар ер юзи устидан бошқа ҳеч қачон бошқармайди]. Бу шоҳлик бошқа барча [ҳозирги] шоҳликларни ер билан яксон қилиб, ўзи абадий туради»,— деб башорат қилинган (Дониёр 2:44). Бу Шоҳлик ҳозирги ёвуз дунёни бутунлай йўқ қилиши билан, охирзамон ҳам ўз ниҳоясига етади. Самовий Шоҳликнинг ер юзи устидан бошқаришига ҳеч қандай шубҳа қолмайди. Бундай озодлик яқинлашиб қолганидан нақадар хурсандмиз!
4. Шоҳликка нисбатан 1914 йилда нима юз берди, ва нима сабабдан бу биз учун жуда муҳим?
4 Исо Масиҳ 1914 йилда Шоҳлик тахтига ўтириб, «душманлари ўртасида ҳукмрон» бўлиш ҳуқуқига эга бўлди (Забур 109:1, 2). Шунингдек ўша йили бу ёвуз дунёнинг «охирги кунлари» бошланди (2-Тимўтийга 3:1-5, 13). Дониёр пайғамбар башоратли ваҳийда кўрган воқеалар ҳам, айнан ўша вақтда осмонда содир бўлди. Азалий Нуроний Яҳова Худо томонидан инсон қиёфасидаги Исо Масиҳга «ҳукмронлик, улуғворлик ва шоҳлик берилди. Барча халқлар, элатлар ва уруғлар унга бўйсунишди». Бу фикрни давом эттириб, Дониёр қуйидагини ёзди: «Унинг ҳукмронлиги битмас-туганмас, абадий ҳукмронликдир. Унинг шоҳлиги ҳеч қачон бузилмасдир» (Дониёр 7:13, 14). Айнан Исо Масиҳ бошчилигидаги самовий Шоҳлик орқали, Худо адолатпарварлар учун, илк ота-онамизни Жаннатга жойлаштирганда ният қилган барча қут-баракалардан роҳатланиш имкониятини беради.
5. Шоҳлик ҳақида нималарни батафсил билишни истардингиз ва нима учун?
5 Шоҳликнинг содиқ фуқароси бўлишни истармидингиз? Ундай бўлса, бу самовий ҳукуматнинг тузулиши ва фаолияти сизда чуқур қизиқиш уйғотаётган бўлса керак. Унинг ҳозир нима қилаётгани, келажакда нима қилмоқчи экани ва биздан нима талаб қилаётгани ҳақида билишни хоҳлаётгандирсиз. Шоҳлик ҳақида кўпроқ билганингиз сайин, уни янада қадрлай бошлайсиз. Агар сиз Худо Шоҳлигининг бошқарувига бўйсунаётган бўлсангиз, унинг итоаткор инсонларга келтирадиган барча яхшиликлари тўғрисида бошқаларга ҳам айтишга тайёр бўласиз (Забур 47:13, 14).
Худо Шоҳлигидаги бошқарувчилар
6. а) Муқаддас Китоб кўрсатишича, Масиҳий Шоҳлик кимнинг ҳукмдорлигини ифодаламоқда? б) Шоҳлик ҳақида олаётган билимларимиз бизга қандай таъсир кўрсатиши керак?
6 Биринчи навбатда, Масиҳий Шоҳлик — бу Яҳова ҳукмдорлигининг ифодаланиши эканлигини яққол кўряпмиз. Айнан Яҳованинг Ўзи Исога «ҳукмронлик, улуғворлик ва шоҳликни» берган. Худо Ўз ўғлига Шоҳлик қилиш ваколатини бергандан сўнг, самодан буни тасдиқловчи овоз келди: «Бу дунёнинг ҳукмронлиги Худовандимизга ва Унинг Масиҳига ўтди энди. У абадулабад ҳукмронлик қилади» (Ваҳий 11:15). Бу Шоҳлик ҳақида ва унинг нима қилиши тўғрисида билим ола туриб, Яҳовага янада яқинлашамиз. Бу билимлар ўз навбатида Унинг ҳукмдорлигига абадий итоат қилиш истагини бизга пайванд этади.
7. Исо Масиҳ Яҳованинг Бош Вакили эканлигини нима учун бизда айниқса қизиқиш уйғотади?
7 Шунингдек, Яҳова Исо Масиҳни Ўзининг Бош Вакили сифатида тахтга ўтирғизганини кўриб чиқайлик. Худо ерни ва инсонларни яратишда Исони Мусаввир сифатида қўллагани сабабли, у бизнинг эҳтиёжларимизни ҳаммадан кўра яхшироқ билади. Боз устига инсонлар яратилгандан буён, у «одамзод билан хурсанд» эканлигини кўрсатиб келмоқда (Ҳикматлар 8:30, 31; Колосаликларга 1:15-17). Унинг инсонларга нисбатан энг буюк севгиси эса, ер юзига келиб, биз учун ўз ҳаётини тўлов сифатида фидо қилганидан кўринмоқда (Юҳанно 3:16). Шундай қилиб Исо, гуноҳ ва ўлимдан бизни озод этиб, абадий ҳаётга эга бўлишимизга йўл очди (Матто 20:28).
8. а) Инсоний шоҳлардан фарқли равишда, нима сабабдан Худонинг ҳукумати доимийдир? б) «Ишончли ва ақлли хизматкорнинг» самовий ҳукуматга қандай алоқаси бор?
8 Худонинг Шоҳлиги — доимий ва абадий ҳукуматдир. Абадийлигининг кафолати — Яҳованинг ўлимга дучор эмаслигидир (1-Тимўтийга 1:17). Инсоний шоҳлардан фарқли равишда, Худо шоҳлик қилишга тайинлаган Исо Масиҳ ҳам ўлимга дучор эмас (Римликларга 6:9; Ваҳий 1:18). Шунингдек, «ҳар бир қабила, тил, халқ ва миллатдан» келиб чиққан 144 000 дан иборат Худонинг содиқ хизматчилари ҳам, Исо билан бирга самовий шоҳликда бошқаради. Уларга ҳам ўлмаслик ато этилади (Ваҳий 5:9, 10; 14:1-4; 1-Коринфликларга 15:42-44, 53). Улардан кўпчилик қисми аллақачон осмонда, қолган қисми эса ҳозирча ерда бўлиб, «ишончли ва ақлли хизматкор» сифатида Шоҳлик манфаати учун тинмай ғамхўрлик қилиб келмоқда (Матто 24:45-47).
9, 10. а) Қандай ажратувчи ва бузувчи таъсирларни Худонинг Шоҳлиги бартараф этади? б) Худо Шоҳлигининг душманлари бўлишни истамасак, нимадан четланишимиз керак?
9 Бундан сўнг, белгиланган вақтда, ер юзини тозалашга доир ҳукмини амалга ошириш учун Яҳова Ўз самовий қўшинини юборади. Улар, Худонинг ҳукмдорлигини атайин тан олмаётган ҳамда Унинг Исо Масиҳ орқали меҳр ила тортиқ этаётган барча нарсаларини рад этаётган инсонларни йўқ қилади (2-Салоникаликларга 1:6-9). Буларнинг бари Яҳованинг кунида содир бўлиб, охир-оқибат Унинг Сарвари Коинот эканлиги исботланади. «Мана,... ундаги [ердаги] гуноҳкорларни йўқ қилмоқ учун, шафқатсиз, қизишган қаҳр-ғазаб ила Яҳованинг куни яқинлашиб келмоқда» (Ишаё 13:9, ЯДТ). «У кун қаҳр-ғазаб кунидир, ҳалокат ва қийноқ куни, довул ҳамда вайроналик куни, қоронғулик ва зулмат куни, булутли ва зим-зиё кундир» (Зафаниё 1:15, ЯДТ).
10 Бу дунёнинг кўзга кўринмас ёвуз ҳокими бошқаруви остида бўлган барча ёлғон дин ва бутун инсоний ҳукуматлар абадий йўқ қилинади. Бу дунёга эргашиб, худбин, қонунсиз ва ахлоқсиз ҳаёт кечираётганларни ҳам шундай қисмат кутмоқда. Ўшанда Шайтон ва унинг жинлари ерда яшовчиларга таъсир кўрсата олмайди, чунки улар минг йилга тубсизлик қаърига ташланади. Ердаги барча ишлар устидан Худонинг Шоҳлиги бошқаради. Адолатпарвар инсонлар учун бу нақадар енгиллик! (Ваҳий 18:21, 24; 19:11-16, 19-21; 20:1, 2).
Шоҳликнинг мақсадлари қандай амалга ошади
11. а) Масиҳий Шоҳлик Худонинг ерга нисбатан ниятини қандай қилиб амалга оширади? б) Шоҳлик бошқаруви ер аҳолиси учун нима келтиради?
11 Масиҳий Шоҳлик Худонинг ерга нисбатан илк ниятини амалга оширади (Ибтидо 1:28; 2:8, 9, 15). Шу вақтгача инсонлар бу ниятнинг ривожига ҳисса қўшишмади. Аммо келажакда ер юзи Исо Масиҳга тобе қилинади. Яҳова бу эскирган дунёнинг устидан чиқарган ҳукмини амалга оширган кунида омон қоладиганлар, Шоҳимиз Масиҳ бошқаруви остида биргаликда қувонч билан меҳнат қилиб, бутун ер юзи жаннатга айланишида ҳисса қўшишади (Ибронийларга 2:5-9). Инсонлар меҳнатларининг роҳатини кўрадилар ва ернинг мўл-кўл неъматларидан баҳраманд бўладилар (Забур 71:1, 7, 8, 16-19; Ишаё 65:21, 22).
12. Қандай қилиб Шоҳлик фуқаролари жисмонан ва ақлан мукаммалликка эришишади?
12 Одам Ато билан Момо Ҳаво мукаммал қилиб яратилган бўлиб, Худонинг нияти, ер юзи уларнинг жисмонан ва ақлан мукаммал бўлиб туғилажак фарзандлари билан тўлишидан иборат эди. Ушбу ният Шоҳлик бошқаруви остида мислсиз равишда бажо бўлади. Бу, гуноҳнинг оқибатлари йўқ қилинишини талаб этади, шу сабабли Масиҳ нафақат Шоҳ, балки Олий руҳоний бўлиб хизмат қилади. У гуноҳни ювиш учун ўз инсоний ҳаётини фидо қилиб келтирган қурбонлигидан, итоаткор фуқаролари фойдаланишларига сабр билан ёрдам беради.
13. Шоҳликнинг бошқаруви остида инсонларнинг жисмоний ҳолати қандай ўзгаради?
13 Шоҳлик бошқаруви остида ер аҳолисининг жисмоний ҳолати ажойиб тарзда ўзгара бошлайди. «У вақтда кўрларнинг кўзлари очилади, ва карларнинг қулоқлари эшитади. У вақтда чўлоқ одам кийик каби сакрайди ва соқовнинг тили тараннум этади» (Ишаё 35:5, 6, ЯДТ). Қарилик ва касалликдан хунуклашиб кетган инсон танаси ёш боланикидан ҳам соғломроқ бўлади, сурункали касалликлар эса ортда қолиб кетади. «Унинг танаси ёшлик чоғидагидан кўра янгироқ бўлсин; у ўспиринлик даврига қайтсин» (Аюб 33:25, ЯДТ). Шундай кун келадики, ҳеч бир инсон «мен касалман» деб айтишига сабаб бўлмайди. Боиси нимада? Чунки Худодан қўрқувчи инсонлар гуноҳнинг юкидан ҳамда унинг таъсиридан озод қилинадилар (Ишаё 33:24; Луқо 13:11-13). Ҳа, «Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир ёшни артиб олур. Энди ўлим сира бўлмас. Ҳузун ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бўлмас. Зеро аввалгилар ўтиб кетди» (Ваҳий 21:4).
14. Мукаммал инсон бўлиш нимани англатади?
14 Мукаммалликка эришиш, жисмонан ва ақлан мукаммал бўлишдан кўра кўпроқ маънога эга. Мукаммаллик — бу Яҳованинг хислатларини акс эттириш демак, чунки биз ‘Худонинг суратига кўра, Унга ўхшаш’ қилиб яратилганмиз (Ибтидо 1:26). Мукаммалликка эришиш, кўп ўрганишни талаб этади. «Адолат ҳукм сурадиган» янги дунёда, Ишаё пайғамбар башорат қилганидек, ер юзида яшаётганлар адолатни ўрганадилар (2-Бутрус 3:13; Ишаё 26:9). Адолатпарварлик, турли ирқлардаги инсонлар орасида, яқин дўстлар ўртасида, оилада ва энг муҳими Худо билан ўзаро тинчликка йўл очади (Забур 84:11-14; Ишаё 32:17). Адолатга ўрганаётганлар, Худонинг уларга нисбатан иродаси нимадан иборатлигини аста-секин чуқурроқ тушуна борадилар. Худога бўлган севгилари уларнинг қалбларига сингганида, ҳаётларининг барча соҳаларида Унинг йўлидан борадилар. Улар ҳам Исо каби: «Унга [Худога] маъқул бўлган ишларни қиламан»,— деб айта оладилар (Юҳанно 8:29). Барча инсонлар шундай йўл тутишса, ҳаёт нақадар гўзал бўлади!
Эришилган ютуқлар
15. Хат бошида келтирилган саволлар ёрдамида Шоҳликнинг ютуқлари ҳамда биз нима қилишимиз кераклиги ҳақида айтиб беринг.
15 Худонинг Шоҳлиги ва фуқароларининг эришган ютуқлари равшандир. Қуйидаги саволлар ва Муқаддас Китоб оятлари, Шоҳлик фуқаролари эришган ютуқларининг айримларини ҳамда улар ҳозир нима қила олиши ва нима қилиши кераклигини эсингизга солади.
Шоҳлик биринчи навбатда кимга қарши курашди ва натижаси қандай бўлди? (Ваҳий 12:7-10, 12).
Исо Масиҳ тахтга ўтиргандан буён, қайси гуруҳнинг қолган қисмини йиғиб олишга асосий эътибор қаратилмоқда? (Ваҳий 14:1-3).
Матто 25:31-33 оятларида ёзилган Исонинг башоратига биноан, буюк мусибат бошланганидан сўнг у нима қилишга киришади?
Ҳозир қандай иш олиб борилмоқда? Унда кимлар қатнашмоқда? (Забур 109:3; Матто 24:14; Ваҳий 14:6, 7).
Нима сабабдан сиёсий ҳамда диний душманлар ваъзгўйлик ишини тўхтатишга қодир эмас? (Закариё 4:6; Ҳаворийлар 5:38, 39).
Шоҳликнинг бошқарувига итоат қилувчилар, ҳаётларида қандай ўзгартиришлар киритмоқдалар? (Ишаё 2:4; 1-Коринфликларга 6:9-11).
Минг йиллик Шоҳлик
16. а) Масиҳнинг бошқаруви қанча давом этади? б) Бу муддат давомида ва ундан сўнг қандай ажойиб ишлар содир бўлади?
16 Шайтон ўз жинлари билан тубсизлик қаърига ташлангандан сўнг, Исо Масиҳ ва 144 000 ворислари минг йил давомида шоҳлар ва руҳонийлар бўлишади (Ваҳий 20:6). Бу вақт мобайнида инсонлар мукаммалликка келтирилиб, Одам Атодан қолган гуноҳ ва ўлим абадий йўқ қилинади. Исо Минг йиллик Шоҳлиги ниҳоясида, Масиҳий Шоҳ ва Руҳоний вазифасини тўлиқ бажариб, «Худо ҳамманинг ҳаммаси бўлсин» деб салтанатни Отасига топширади (1-Коринфликларга 15:24-28). Бундан сўнг, Сарвари Олам Яҳовага нисбатан инсонларнинг садоқатини синаш учун, Шайтон оз муддатга озод этилади. Охирги синов тугагач, Яҳова Шайтонни ва унга қўшилган исёнчиларни йўқ қилади (Ваҳий 20:7-10). Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаганлар, ўзларининг содиқлигини то абад исботлашади. Улар Яҳова билан яхши муносабатни ўрнатишади: Худо уларни Ўз ўғиллар ва қизлари сифатида қабул қилиб, абадий ҳаётга лойиқ деб ҳисоблайди (Римликларга 8:21).
17 Бунга кўра, Исо ва 144 000 кишининг ерга нисбатан вазифаси ўзгаради. Уларнинг келгуси фаолияти нимадан иборат бўлади? Муқаддас Китобда бу ҳақда айтилмаган. Аммо агар биз Яҳованинг ҳукмдорлигини садоқат ила қўллаб-қувватласак, Минг йилликнинг охирида тирик қолиб, Яҳованинг нияти уларга ҳамда бутун Коинотга нисбатан нимадан иборатлигини билиб оламиз. Шунга қарамай Масиҳнинг Минг йиллик Шоҳлиги «абадий» ва «битмас-туганмас» (Дониёр 7:14). Бу нимани англатади? Биринчидан, бу ҳокимиятнинг Ҳукмдори Яҳованинг Ўзи бўлгани сабабли, ҳокимият бошқа мақсадни кўзлаганларга берилмайди. Шунингдек, бу Шоҳлик «битмас-туганмас», чунки унинг ютуқлари абадий фойда келтиради (Дониёр 2:44). Масиҳий Шоҳ-Руҳоний ҳамда унинг ҳамкорлари Яҳовага садоқат ила хизмат қилаётганлари сабабли, абадий шарафга муяссар бўлишади.
Такрорлаш учун саволлар
• Нима сабабдан фақат Худонинг Шоҳлиги инсонларнинг муаммоларини ҳал эта олади? Худо Шоҳлигининг Шоҳи бошқаришни қачон бошлади?
• Худонинг Шоҳлиги ҳамда унинг қиладиган ишларига нисбатан нималар сизга айниқса ёқади?
• Шоҳликнинг эришган ютуқлари нимадан иборат ва бизнинг бунга қандай алоқамиз бор?
17. а) Минг йиллик тугагач Шоҳликка нима бўлади? б) Нима учун Шоҳлик «битмас-туганмас» деб айтиш мумкин?
[92- ва 93- саҳифадаги расм]
Худонинг Шоҳлиги бошқаруви остида барча инсонлар адолатни ўрганадилар.