9-БОБ
Худо юзхотирчилик қилмайди
Масиҳийлар барча халқ вакилларига ваъз қилишни бошлайди
Ҳаворийлар 10:1–11:30 га асосланган
1–3. Бутрус қандай ваҳий кўрган ва нега унинг маъносини тушуниш зарур?
МИЛОДИЙ 36 йили куз фасли. Қуёш ярқираб турибди, Бутрус Яффа шаҳридаги денгиз ёнида жойлашган уйнинг томида ибодат қиляпти. Бутрус бу уйда бир неча кундан бери меҳмон. Унинг бу ерда яшаши юзхотирчилик қилмаслигидан далолат беряпти. Хонадон эгаси Симун чарм тайёрловчи эди ва ҳамма яҳудийлар ҳам бундай иш билан шуғулланувчининг уйида қолишни хоҳламайдиa. Шундай бўлса-да, Бутрус Яҳованинг юзхотирчилик қилмаслиги тўғрисида муҳим бир сабоқ олади.
2 Бутрус ибодат қилаётганида, бир ваҳий кўради. Ваҳийдаги нарсалар ҳар қандай яҳудийни эсанкиратиб қўйиши ҳеч гап эмас. Осмондан дастурхонга ўхшаш бир нарса тушаётганди. Унинг ичида Таврот бўйича нопок ҳисобланган ҳайвонлар бор эди. Бутрусга уларни сўйиб ейиш буюрилганда, у: «Мен нопок ва ҳаром нарсани умуман оғзимга олмаганман»,— дея жавоб беради. Унга бир эмас, уч марта: «Бас энди! Худо ҳалол қилган нарсани ҳаром дема»,— дейилади. (Ҳавор. 10:14–16) Бу ваҳийдан Бутрус эсанкираб қолади, аммо бу кўп вақт давом этмайди.
3 Бу ваҳийнинг маъноси қандай эди? Буни англаб етишимиз зарур, чунки бундан Яҳова инсонларга қандай қарашини билиб олишимиз мумкин. Самовий Шоҳлик ҳақида ваъз қила олиш учун одамларга Яҳова каби нуқтаи назарда бўлишни ўрганишимиз лозим. Ваҳийнинг маъносини тушуниш учун, келинг, бу баёнотдаги воқеадан олдин ва кейин нима бўлганини кўриб чиқайлик.
Худога тинмай илтижо қилган киши (Ҳаворийлар 10:1–8)
4, 5. Корнилий ким бўлган ва у ибодат қилаётганида нима юз берган?
4 Бутрус бундан бир кун олдин Яффадан тахминан 50 километр узоқликда, Кесарияда нима юз берганини хаёлига ҳам келтирмаган. У ерда Корнилий исмли киши ҳам Худодан ваҳий олган. Корнилий Рим қўшинининг юзбошиси бўлиб, худотарс эдиb. Шунингдек, у яхши оила боши бўлган ва «оиласи билан бирга Аллоҳга топинар»ди. Корнилий яҳудий бўлмаган ва суннат қилинмаган ўзга халқ вакили эди. Аммо у муҳтож бўлган яҳудийларга меҳр-шафқат кўрсатиб, тез-тез моддий ёрдам берарди. Бу самимий киши «тинмай Худога илтижо қиларди». (Ҳавор. 10:2)
5 Корнилий кундузи соат учларда ибодат қилаётганида, фаришта унга айтган қуйидаги сўзларни эшитади: «Қилган ибодату хайр-садақаларинг Аллоҳ ҳузурида ижобат бўлди». (Ҳавор. 10:4) Фаришта Корнилийга ҳаворий Бутрусни чақириб келиш учун одам юборишини айтади. Суннат қилинмаган ўзга халқ вакили бўлмиш Корнилийга илгари у учун ёпиқ бўлган эшикдан кириш имкони очилгандай эди. У нажот хабарини эшитиши керак эди.
6, 7. а) Аллоҳ У ҳақда ҳақиқатни билмоқчи бўлган самимий инсонларнинг ибодатларига жавоб бергани тўғрисида мисол келтиринг. б) Бундай мисоллардан қандай хулосага келяпмиз?
6 Аллоҳ У ҳақда ҳақиқатни билмоқчи бўлган самимий инсонларнинг ибодатларига жавоб берадими? Бир мисолни кўриб чиқайлик. Албанияда бир аёлга фарзанд тарбияси тўғрисида ёзилган «Қўриқчи минораси»ни беришганc. Эшигини тақиллатиб келган опамизга у шундай деган: «Айтсам ишонмайсиз, аммо эндигина ибодат қилиб, қизларимни тарбиялашда Худодан ёрдам сўраган эдим! Сизларни У юборди! Айнан менга керак бўлган маълумотни бериб, қалбимни забт этдингиз!» Бу аёл ва қизлари Муқаддас Китобни ўргана бошлашди, эри эса кейинроқ қўшилди.
7 Бу биргина мисолми? Асло! Бундай воқеалар дунё бўйлаб тез-тез юз бериб туради. Демак, бу тасодиф бўлиши мумкин эмас. Бундан қандай хулосага келяпмиз? Биринчидан, Яҳова Уни излаган ҳар бир самимий инсоннинг ибодатига жавоб беради. (3 Шоҳ. 8:41–43; Заб. 65:2) Иккинчидан, ваъзгўйлик ишида бизни фаришталар қўллаб-қувватлайди. (Ваҳ. 14:6, 7)
«Бутрус... ҳайрон бўлиб ўтирган» (Ҳаворийлар 10:9–23а)
8, 9. Худо Бутрусга нима қилишни айтди ва у бунга қандай муносабат билдирди?
8 Ҳали-ҳануз томда экан, «Бутрус кўрган нарсаларининг маъносини тушунмай ҳайрон бўлиб» ўтирганди. Бундан сал олдин у Таврот бўйича нопок ҳисобланган нарсани ейишни уч марта рад этганди. Сўнг Корнилий юборган одамлар унинг олдига келади. (Ҳавор. 10:17) Хўш, Бутрус яҳудий бўлмаган кишининг уйига боришга рози бўладими? Худо Бутрусга муқаддас руҳ орқали ундан нима хоҳлаётганини кўрсатган. Бутрусга шундай дейилган: «Қара, уч киши сени излаб келди. Энди ўрнингдан туриб пастга туш-да, улар билан бирга бор. Ҳечам иккиланма, чунки уларни мен юбордим». (Ҳавор. 10:19, 20) Осмондан тушган дастурхон ҳақидаги ваҳий Бутрусни муқаддас руҳнинг бошқарувига итоат қилишга тайёрлагани шубҳасиз.
9 Бутрус Корнилий фариштанинг кўрсатмасига кўра бу кишиларни юборганини билгач, яҳудий бўлишмаса-да уларни ичкарига таклиф этиб «меҳмон қилди». (Ҳавор. 10:23а) Худонинг иродаси нимадан иборатлигини англаган ҳаворий нуқтаи назарини итоаткорлик ила ўзгартира бошлади.
10. Яҳова Ўз халқини қандай йўналтиряпти ва ўзимизга қайси саволларни берсак яхши бўларди?
10 Бугун ҳам Яҳова халқига Ўз иродасини аста-секин очиб беряпти. (Ҳик. 4:18) У муқаддас руҳи орқали «ишончли ва ақлли хизматкор»ни йўналтиряпти. (Мат. 24:45) Баъзан Худонинг Каломидаги айрим тушунчалар янада ойдинлашиши ёки ташкилий масалаларда муайян ўзгаришлар юз бериши мумкин. Шундай экан, ўзимизга қуйидаги саволларни берсак яхши бўларди: «Бундай ўзгаришларга қандай муносабат билдиряпман? Бу масалаларда муқаддас руҳнинг бошқарувига итоат қиляпманми?»
Бутрус уларга «сувга чўмишни буюрди» (Ҳаворийлар 10:23б–48)
11, 12. Бутрус Кесарияга келиши билан нима қилди ва у нимани англаб етди?
11 Бутрус ваҳий кўрганининг эртасига тўққизта киши — Корнилий юборган уч киши ва Яффадан келган «олтита [яҳудий] биродар» билан Кесарияга жўнаб кетди. (Ҳавор. 11:12) Корнилий Бутрусни кутиб, эҳтимол, яҳудий бўлмаган «қариндошу яқин дўстларини» уйига чақирди. (Ҳавор. 10:24) Бутрус илгари хаёлига келмаган ишни қилди: суннат қилинмаган ўзга халқ вакили хонадонига қадам босди! У шундай тушунтирди: «Ўзларингиз яхши биласизларки, яҳудий кишининг бошқа халқ вакили билан мулоқот қилиши қонунга зиддир. Лекин Тангри ҳеч кимни нопок ва ҳаром деб ҳисобламаслик кераклигини менга кўрсатди». (Ҳавор. 10:28) Бу вақтга келиб Бутрус у кўрган ваҳий фақатгина қандай егуликни ейиш билан боғлиқ эмаслигини тушунди. У «ҳеч кимни [ҳатто ўзга халқ вакилини]» ҳаром деб ҳисобламаслиги керак эди.
12 Мезбонлар Бутрусни интизор бўлиб кутишарди. Корнилий: «Ҳаммамиз Тангри олдида туриб Яҳова сизга буюрган барча гапларни тинглашга тайёрмиз»,— деб тушунтирди. (Ҳавор. 10:33) Сиз ҳам қизиқувчидан бундай сўзларни эшитганингизда, ҳойнаҳой, хурсанд бўлардингиз! Бутрус гапини шундай таъсирли сўзлардан бошлади: «Энди тушундим, Худо юзхотирчилик қилмас экан. Аммо Ундан қўрқиб, тўғри йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан». (Ҳавор. 10:34, 35) Аллоҳ инсонларнинг ирқи, миллати ёки ташқи кўринишига қараб муомала қилмаслигини Бутрус англаб етди. У уларга Исонинг хизмати, ўлими ва тирилгани ҳақида шоҳидлик бера бошлади.
13, 14. а) Мил. 36 йили Корнилий ва яҳудий бўлмаган бошқа одамлар масиҳий бўлиши нимаси билан аҳамиятли эди? б) Нега инсонларни ташқи кўринишига қараб ҳукм қилмаслигимиз лозим?
13 Кейин олдин юз бермаган нарса бўлди: «Бутрус гапираётган пайтда» у ердаги «ўзга халқ вакилларига» муқаддас руҳ тушди. (Ҳавор. 10:44, 45) Бу муқаддас руҳ одамларнинг устига сувга чўмишидан олдин тушгани ҳақида Каломда ёзилган ягона баёнот. Бутрус бу Худо уларни маъқуллаганининг белгиси эканини тушунгач, яҳудий бўлмаган ўша одамларга «сувга чўмишни буюрди». (Ҳавор. 10:48) Мил. 36 йили ўзга халқ вакиллари масиҳий бўлиши Аллоҳнинг яҳудийлар билан ўзгача муносабатлари якунига етганини кўрсатарди. (Дон. 9:24–27) Ўшанда Бутрус уларга шоҳидлик бериб, «Осмон Шоҳлигининг» учинчи ва сўнгги калитини қўллади. (Мат. 16:19) Ушбу калит туфайли суннат қилинмаган ўзга халқ вакилларида мойланган масиҳий бўлиш имкони пайдо бўлди.
14 Шоҳлик хабарчилари сифатида «Тангри юзхотирчиликдан холи» эканини тушунамиз. (Рим. 2:11) Дарҳақиқат, «У ҳар турли одамлар... нажот топишларини истайди». (1 Тим. 2:4) Шунинг учун одамларни ташқи кўринишига қараб ҳукм қилмаслигимиз лозим. Бизнинг вазифамиз — Худонинг Шоҳлиги ҳақида кенг шоҳидлик беришдан ва ирқи, миллати, ташқи кўриниши ёки дини қандай бўлишидан қатъи назар, ҳаммага ваъз қилишдан иборат.
«Улар тинчланиб... Аллоҳни улуғлашди» (Ҳаворийлар 11:1–18)
15, 16. Нега баъзи яҳудий масиҳийлар Бутрусдан норози эди ва у қилган ишини қандай тушунтирди?
15 Шубҳасизки, Бутрус бўлиб ўтганларни айтиб беришни жуда хоҳлагани учун Қуддусга йўл олган. Ҳойнаҳой, суннат қилинмаган ўзга халқ вакиллари «Худонинг каломини қабул қилиш»гани ҳақидаги хабар у ерга ундан олдин етиб борди. «Бутрус Қуддусга келганида, суннат қилиш тарафдорлари» уни танқид қилишди. У «суннатсизлар билан бир уйда» еб-ичиб ўтиргани уларга ёқмади. (Ҳавор. 11:1–3) Гап, ўзга халқ вакиллари Масиҳнинг издоши бўлишганида эмасди. Аслида, улар ўзга халқ вакиллари Яҳовага маъқул тарзда топиниши учун Тавротга амал қилиши, жумладан, суннат қилиниши керак, деб ҳисоблашганди. Бундан кўриниб турибдики, баъзи яҳудий масиҳийлар учун Мусонинг Қонунидан воз кечиш осон бўлмаган.
16 Бутрус қилган ишини қандай тушунтирди? Ҳаворийлар 11:4–16 га биноан, у йўл-йўриқни юқоридан олганига тўртта далил келтирди: 1) у Худодан ваҳий олган (4–10-оятлар); 2) муқаддас руҳ уни йўналтирган (11-, 12-оятлар); 3) Корнилийга фаришта кўринган (13-, 14-оятлар) ва 4) яҳудий бўлмаган одамларга муқаддас руҳ тушган (15-, 16-оятлар). Охирида Бутрус шундай таъсирли сўзларни айтди: «Агар Аллоҳ Ҳазратимиз Исо Масиҳга ишонган бизлар [яҳудийлар] қатори уларга [Худога ишонган ўзга халқ вакилларига] ҳам бу инъомни [муқаддас руҳни] ато этган бўлса, унда мен ким бўлибманки, Худога тўсқинлик қилсам». (Ҳавор. 11:17)
17, 18. а) Яҳудий масиҳийлар қандай қарор чиқариши керак эди? б) Нега жамоатда бирликни сақлаш осон бўлмаслиги мумкин ва ўзимизга қандай саволлар берсак яхши бўларди?
17 Яҳудий масиҳийлар Бутруснинг сўзларини эшитгач, қарор чиқариши керак эди. Улар ўзга халқ вакилларини ҳукм қилмай, уларни имондошлари сифатида қабул қиладими? Баёнотда қуйидагича ёзилган: «Бутруснинг сўзларини эшитгач, улар [ҳаворийлар ҳамда яҳудий халқидан бўлган масиҳийлар] тинчланиб: “Демак, ўзга миллат вакиллари ҳам ҳаётга эга бўлсин, деб Тангри уларнинг тавба қилишига имкон берибди-да”,— деб Аллоҳни улуғлашди». (Ҳавор. 11:18) Уларнинг ижобий муносабати жамоат якдил бўлишига ҳисса қўшди.
18 Ҳозир ҳам Яҳованинг хизматчилари «ҳар бир миллатдан, қабиладан, халқдан ва тилдан бўлгани» боис бирликни сақлаш осонмасдир. (Ваҳ. 7:9) Кўп жамоатларда ҳар хил миллат, маданиятга мансуб ва келиб чиқиши турлича бўлган инсонларни учратамиз. Ўзимизга шундай саволлар берсак яхши бўларди: «Мендан фарқ қиладиган инсонларни дарров ҳукм қиламанми? Ўз маданиятимни бошқаларникидан устун деб биламанми? Бошқа ирқ ва миллат вакилларига нисбатан ҳалиям салбий фикрдаманми? Имондошларга бўлган нуқтаи назаримга бу дунёдагиларнинг қарашлари таъсир қилишига йўл қўйяпманми?» Илк ўзга халқ вакиллари масиҳий бўлганидан бир неча йил ўтгач, Бутрус (Кифа) билан нима юз берганини эсланг. У бошқаларнинг таъсирига берилиб, яҳудий бўлмаган масиҳийлардан «ўзини четга олиб алоқани узди». (Галат. 2:11–14) Келинг, юзхотирчилик қилиш тузоғидан ўзимизни эҳтиёт қилайлик.
«Ниҳоятда кўп киши» имонга кирди (Ҳаворийлар 11:19–26а)
19. Яҳудий масиҳийлар Антиохияда кимларга ваъз қилишни бошлашган ва натижаси қандай бўлган?
19 Исонинг издошлари суннат қилинмаган ўзга халқ вакилларига ваъз қила бошлашдими? Кейинчалик Суриядаги Антиохиядаd нима содир бўлганига эътибор беринг. У ерда кўп яҳудийлар яшаган ва улар билан ўзга халқ вакиллари ўртасида деярли келишмовчилик бўлмаган. Шу сабабли Антиохияда ўзга халқ вакилларига ваъз қилиш осон бўлган. Айнан бу шаҳарда яҳудий шогирдлар «юнонзабон кишиларга» хушхабарни ваъз қилишни бошлашган. (Ҳавор. 11:20) Бу ваъзгўйлик фаолияти нафақат юнонзабон яҳудийларга, балки суннат қилинмаган ўзга халқ вакилларига ҳам қаратилган эди. Яҳова бу ишга барака берди ва натижада «ниҳоятда кўп киши» имонга кирди. (Ҳавор. 11:21)
20, 21. Барнабо камтарликни қандай намоён этган ва биз унга қай йўсин тақлид қила оламиз?
20 Ўрим-йиғимга тайёр бўлган бу мажозий далага ғамхўрлик қилиш учун Қуддусдаги жамоат Антиохияга Барнабони жўнатди. Жуда кўп одам қизиқиш кўрсатганидан, ҳойнаҳой, Барнабо якка ўзи бу ишни эплай олмасди. Бошқа халқларга юборилган ҳаворий — Шоулдан бўлак, унга ким ҳам ёрдам бера оларди? (Ҳавор. 9:15; Рим. 1:5) Хўш, Барнабо Шоулни рақиб деб ҳисоблайдими? Йўқ. У камтарин бўлиб, ёрдамга муҳтож эканини тушунади. Барнабо Шоулни топиш учун Тарс шаҳрига боради ва ёрдам берсин деб уни Антиохияга олиб келади. Улар бир йил давомида у ердаги жамоатда шогирдларга далда беришади. (Ҳавор. 11:22–26а)
21 Биз-чи, хизматда камтарликни қандай намоён эта оламиз? Бу фазилат имкониятларимиз чегараланганини тан олиш билан боғлиқ. Ҳар биримизнинг кучли томонларимиз ва турли қобилиятларимиз бор. Масалан, кимдир норасмий тарзда шоҳидлик беришда ёки уйма-уй хизмат қилишда яхши натижага эришар, лекин такрорий ташрифлар қилиш ёки Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашга қийналар. Бу борада яхшиланмоқчи бўлсангиз, бошқалардан ёрдам сўранг. Шунда хизматда муваффақиятли бўлиб, кўп қувонч топасиз. (1 Кор. 9:26)
Шогирдлар «ёрдам жўнатишга қарор қилди» (Ҳаворийлар 11:26б–30)
22, 23. Антиохиядаги биродарлар чин севгини қандай намоён этишди ва Аллоҳнинг ҳозирги хизматчилари уларга қай йўсин тақлид қилишяпти?
22 Айнан Антиохияда «шогирдлар биринчи марта... “масиҳий” деган ном олишди. Бу Худонинг бошқаруви билан бўлди». (Ҳавор. 11:26б) Аллоҳ маъқул кўрган бу ном Масиҳнинг изидан юришни хоҳлаган кишиларга муносиб. Ўзга халқ вакиллари масиҳий бўлгач, яҳудий масиҳийлар ва улар ўртасида дўстона муносабатлар пайдо бўлдими? Тахминан мил. 46 йили кучли очарчилик юз берганда нима бўлганини кўриб чиқайликe. Қадимда очарчилик қўшимча пули ёки озиқ-овқати бўлмаган камбағалларга ниҳоятда кўп зарар етказарди. Ўша очарчилик пайтида Яҳудияда яшаган яҳудий масиҳийларнинг аксарияти, ҳойнаҳой, камбағал бўлиб, озиқ-овқат ва бошқа зарурий нарсаларга муҳтож эди. Антиохиядаги биродарлар, жумладан, ўзга халқ вакиллари бўлган масиҳийлар бу ҳақда хабар топиб, «Яҳудияда яшовчиларга ёрдам жўнатиш»ди. (Ҳавор. 11:29) Улар биродару опа-сингилларга ҳақиқий севги намоён этишди.
23 Бугун ҳам Аллоҳнинг халқи орасида худди шундай бўляпти. Бирон мамлакатдаги ёки ўз ҳудудимиздаги имондошлар қийинчиликка дуч келганини билсак, ёрдам қўлини чўзишга тайёр бўламиз. Филиал қўмиталари табиий офатлар, масалан, бўрон, зилзила ва цунамидан жабр кўрган имондошларга ғамхўрлик қилиш учун дарров Табиий офатларда ёрдам бериш қўмиталарини ташкил этади. Бундай чораларнинг бари орамизда ҳақиқий биродарлик севгиси борлигини кўрсатади. (Юҳан. 13:34, 35; 1 Юҳан. 3:17)
24. Бутрус олган ваҳийнинг маъносини тушуниш биз учун муҳим эканини қандай кўрсата оламиз?
24 Масиҳнинг ҳақиқий издошлари сифатида биринчи асрда Яффадаги уйнинг томида Бутрус олган ваҳийнинг маъносини тушуниш жуда муҳим эканини биламиз. Биз юзхотирчилик қилмайдиган Худога топиняпмиз. У Шоҳлиги ҳақида кенг шоҳидлик беришимизни ва ирқи, миллати ёки келиб чиқиши қандай бўлишидан қатъи назар, ҳамма инсонларга ваъз қилишимизни хоҳлайди. Шундай экан, келинг, бизни тинглайдиган ҳар бир кишига ваъз қилайлик. Шунда улар Яҳованинг хизматчиси бўлиш имконига эга бўлади. (Рим. 10:11–13)
a Айрим яҳудийлар чарм тайёрловчиларни менсимас эди, чунки улар ҳайвонларнинг териси ва жасади, жумладан, терига ишлов бериш учун мўлжалланган жирканч нарсалар билан ишлашига тўғри келарди. Яҳудийлар бундай одамларни нопок ҳисоблаб, маъбадга киришига қарши эди. Уларнинг иш жойи шаҳардан камида 20 метр нарида бўлиши керак эди. Бу Симуннинг уйи «денгиз бўйида» бўлганининг сабабларидан бири бўлиши мумкин. (Ҳавор. 10:6)
b «Корнилий ва Рим қўшини» номли рамкага қаранг.
c «Фарзандларни тарбиялашда ишончли маслаҳатлар» номли мақола 2006 йил 1 ноябрь сонидаги 4–7-саҳифаларида жойлашган.
d «Суриядаги Антиохия» номли 73-саҳифадаги рамкага қаранг.
e Яҳудий тарихчи Иосиф Флавий император Клавдий ҳукмронлиги пайтида (мил. 41–54) бу кучли очарчилик юз бергани ҳақида ёзган.