37- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
«Ҳамма халқларни ларзага соламан»
Ҳамма халқларни ларзага соламан, барча миллатлардан хазиналар шу уйга келади. ХАГ. 2:7
24- ҚЎШИҚ Яҳованинг тоғига келинг
БУ МАҚОЛАДАa
1, 2. Хаггей пайғамбар бизнинг кунимизга оид қандай башорат айтган?
«БИР НЕЧА дақиқа ичида дўконлару эски бинолар картадан ясалган уй сингари қулай бошлади». «Ҳар ерда ваҳима кўтарилганди... Кўплар бу тахминан икки дақиқа давом этганини айтди. Мен учун эса бу узоқ вақт давом этгандай туюлганди». Бу фикрларни 2015 йил Непалдаги зилзиладан омон қолган баъзи инсонлар билдирган эди. Сиз ҳам шунга ўхшаш даҳшатли воқеани бошдан кечирганингизда, уни ҳеч қачон эсингиздан чиқармаган бўлардингиз.
2 Лекин ҳозирнинг ўзида ларзага солаётган ўзгача воқеани бошдан кечиряпмиз. У фақат битта шаҳар ёки мамлакатда юз бермаяпти. Аксинча, Яҳова бутун дунёдаги ҳамма халқларни ларзага соляпти ва У буни кўп йиллардан бери қилиб келяпти. Бу ларзага солиниш ҳақида Хаггей пайғамбар башорат қилганди. У: «Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Оз қолди, яна бир бор осмону ерни, денгизу қуруқликни ларзага соламан”»,— деб айтган. (Хаг. 2:6)
3. Рамзий ларзага солиниш том маънодаги зилзилалардан нимаси билан фарқ қилади?
3 Хаггей тасвирлаган бу жараён фақат вайронагарчилик олиб келадиган том маънодаги зилзила эмас. Аксинча, у яхши натижалар келтиряпти. Яҳованинг Ўзи шундай демоқда: «Ҳамма халқларни ларзага соламан, барча миллатлардан хазиналар шу уйга келади ва Мен уни улуғворликка тўлдираман». (Хаг. 2:7) Бу башорат Хаггейнинг даврида яшаганлар учун нимани англатган? Бизнинг давримизда-чи, нимани билдиради? Жавобни ушбу мақоладан билиб оламиз. Қолаверса, халқларнинг ларзага солинишида биз қандай қатнашишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.
ХАГГЕЙ ДАВРИДАГИ ДАЛДАЛИ ХАБАР
4. Нима учун Яҳова Хаггей пайғамбарни халқига юборди?
4 Яҳова Хаггей пайғамбарга муҳим вазифа топширган эди. Келинг, бундан олдин нима юз берганини кўриб чиқайлик. Эҳтимол, Хаггей мил. авв. 537 йили Бобил сургунлигидан Қуддусга қайтганлар орасида бўлган. Яҳованинг ўша садоқатли хизматчилари Қуддусга етиб келганидан кўп ўтмай Унинг уйи ёки маъбадининг пойдеворини сола бошлади. (Эзра 3:8, 10) Лекин тез орада вазият аянчли тус олди. Қаршиликлар туфайли улар тушкунликка тушиб, қурилишни тўхтатиб қўйди. (Эзра 4:4; Хаг. 1:1, 2) Мил. авв. 520 йили Яҳова Хаггейга яҳудийлар яна жасоратли бўла олиши учун уларга ёрдам беришни ва руҳини кўтаришни айтганb. (Эзра 6:14, 15)
5. Нега Хаггейнинг хабари Худонинг халқига ишонч бахш этган бўлиши мумкин?
5 Хаггей айтган хабарнинг мақсади яҳудийларда Яҳовага нисбатан ишончни мустаҳкамлашдан иборат эди. У руҳи тушган яҳудийларга қуйидаги сўзларни жасорат ила айтган: «“Дадил бўлинг, эй, юрт аҳли. Ишга киришинг”,— демоқда Яҳова. Қўшинлар Сарвари Яҳова айтмоқда: “Мен сизлар биланман”». (Хаг. 2:4) «Қўшинлар Сарвари Яҳова» ибораси уларга ишонч бахш этган бўлса керак. Ахир Яҳованинг ҳокимияти остида фаришталардан иборат улкан қўшин бор. Шу боис, яҳудийлар муваффақият қозониши учун Унга ишонишлари керак эди.
6. Хаггей айтган башоратнинг натижаси қандай бўлиши керак эди?
6 Яҳова Хаггейга яҳудийларнинг олдига бориб, У барча халқларни ларзага солишини айтишни буюрган. Ушбу хабар руҳи тушиб, қурилишни тўхтатган яҳудийларга далда берган. Чунки мазкур хабар орқали Яҳова ўша пайтда кўп халқларнинг назарида қудратли ҳисобланган жаҳон империяси Форсни ларзага солишини кўрсатган. Хўш, бунинг натижаси қандай бўлиши кутилган? Аввало, Худонинг халқи маъбаднинг қурилишини тугатиши керак эди. Сўнг ҳатто яҳудий бўлмаганлар ўша тикланган маъбадда Яҳовага топинишда уларга қўшилиши керак эди. Бу хабар Худонинг халқи учун жуда далдали бўлганди. (Закр. 8:9)
ЕРНИ ЛАРЗАГА СОЛАЁТГАН ИШ
7. Ларзага солаётган қандай фаолиятда қатнашяпмиз? Тушунтиринг.
7 Хаггейнинг башорати биз учун қандай маънога эга? Бугун ҳам Яҳова барча халқларни яна бир бор ларзага солмоқда. Аммо бу сафар биз ҳам бу фаолиятда қатнашяпмиз. Қуйидаги фикр ҳақида бир ўйлаб кўринг: 1914 йили Тангри Яҳова Исо Масиҳни Самовий Шоҳликда Шоҳ этиб тайинлади. (Заб. 2:6) Бу Шоҳликнинг ўрнатилиши дунё раҳбарлари учун нохуш хабар эди. Сабаби, бу «ўзга халқлар даври» ўз ниҳоясига етганини англатарди. Бошқача қилиб айтганда, у даврда Яҳованинг вакиллари бошқармаган. (Луқо 21:24) Шу боис, айниқса, 1919 йилдан бери Яҳованинг халқи Унинг Шоҳлиги инсонлар учун ягона умид эканини бошқаларга айтиб келмоқда. «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар» ваъз қилиниши бутун дунёни ларзага соляпти. (Мат. 24:14)
8. Забур 2:1–3 га кўра, халқларнинг аксарияти бу хабарга қандай муносабат кўрсатяпти?
8 Хўш, одамлар бу хабарга қандай муносабат кўрсатяпти? Аксарияти уни рад этяпти. (Забур 2:1–3 ни ўқинг.) Миллатлар ёки халқлар ғалаён кўтаряпти, улар Яҳова тайинлаган Шоҳни қабул қилишдан бош тортяпти. Улар биз ваъз қилаётган Шоҳлик хабарини «хушхабар» деб қабул қилмаяпти. Дарҳақиқат, баъзи ҳукуматлар ваъзгўйлик фаолиятимизни тақиқлаган. Ушбу халқларнинг кўпгина бошқарувчилари Худога хизмат қилишини таъкидласа-да, аслида ўз кучию ҳокимиятига таяняпти. Исонинг давридагидай, бугунги бошқарувчилар ҳам Яҳованинг садоқатли хизматчиларига ҳужум қилиб, У тайинлаган Шоҳга қарши чиқяпти. (Ҳавор. 4:25–28)
9. Халқларнинг салбий муносабатига Яҳова қандай қарайди?
9 Халқларнинг салбий муносабатига Яҳова қандай қарайди? Жавобини Забур 2:10–12 дан топсак бўлади: «Шундай экан, эй шоҳлар, ақл билан иш тутинг. Эй, ер юзи ҳукмдорлари, сабоқ олинг. Яҳовадан қўрқиб, Унга хизмат қилинг, Унга иззат-икром кўрсатиб, хурсанд бўлинг. Ўғилни эъзозланг, акс ҳолда, Аллоҳнинг ғазаби келади, шунда йўлингизда ҳалок бўласиз. Ахир Худонинг қаҳри тез аланга олади. Унда паноҳ топганларнинг бари бахтлидир!» Яҳова меҳрибон бўлиб, қаршилик кўрсатаётганларга тўғри қарор чиқариши учун вақт беряпти. Уларда фикрини ўзгартиришга ва Худонинг Шоҳлигини қабул қилишга ҳали вақт бор. Бироқ вақт чекланган, сабаби «охирзамонда» яшаяпмиз. (2 Тим. 3:1; Ишаё 61:2) Одамлар ҳақиқатни қабул қилиши ва Яҳовага хизмат қилиши ҳар қачонгидан ҳам шошилинчдир.
ИЖОБИЙ МУНОСАБАТ
10. Хаггей 2:7–9 да ижобий муносабат ҳақида нима дейилган?
10 Рамзий маънодаги ларзага солиш ҳақидаги Хаггей пайғамбарнинг башорати баъзи инсонларга ижобий таъсир қиляпти. Хаггей бу ларзага солишнинг оқибати ҳақида «барча миллатлардан хазиналар», яъни самимий инсонлар Яҳовага топиниш учун келади, деб айтмоқдаc. (Хаггей 2:7–9 ни ўқинг.) Ишаё ва Михо пайғамбар ҳам «охирги кунларда» бу юз беришини башорат қилган. (Ишаё 2:2–4; Михо 4:1, 2)
11. Бир биродар Шоҳлик тўғрисидаги хабарни илк бор эшитганида қандай йўл тутди?
11 Келинг, халқаро бош идорада хизмат қилаётган Кен биродаримизга ушбу ажойиб хабар қандай таъсир қилганини кўриб чиқайлик. Бундан тахминан 40 йил олдин у Шоҳлик ҳақидаги хабарни илк бор эшитгани ҳалигача эсида. У қуйидагича бўлишди: «Худонинг Каломидан ҳақиқатни энди эшитганимда, бу дунёнинг охирги кунларида яшаётганимни билишдан хурсанд эдим. Худони мамнун қилиш ва абадий ҳаётга эришиш учун бу беқарор дунёга уйғунлашмаслигим ва Яҳованинг тарафида маҳкам туришим кераклигини тушундим. Ибодат қилиб дарров шундай йўл тутдим. Бу дунёни қўллаб-қувватлашни тўхтатдим ва йўқ бўлиб кетмайдиган Худонинг Шоҳлиги таклиф қилаётган ҳимояни дарров қабул қилдим».
12. Қандай қилиб Яҳованинг рамзий маъбади охирги кунлар давомида Унинг улуғворлигига тўляпти?
12 Яҳова халқига барака бериб келаётгани яққол кўриниб турибди. Ушбу охирги кунлар давомида Унга топинаётган инсонларнинг сони тобора ўсиб бормоқда. 1914 йили бу сон тахминан беш мингдан иборат эди. Ҳозир эса саккиз миллиондан зиёд фаол ваъзгўйлар бор ва ҳар йили Қутлуғ Кечлик маросимида миллионлаб инсонлар бизга қўшилади. Шундай қилиб, Яҳованинг рамзий маъбадининг ҳовлилари, яъни пок топиниш учун мўлжалланган жой «барча миллатлардан хазиналарга» тўляпти. Шунингдек, инсонлар янги ўзликни кийиб, ҳаётига ўзгаришлар киритгани туфайли Худонинг исмига шарафлар ёғиляпти. (Эфес. 4:22–24)
13. Ушбу ажойиб ўзгаришлар туфайли қандай бошқа башоратлар амалга ошмоқда? (Муқовадаги расмга қаранг.)
13 Ушбу ажойиб ўзгаришлар бошқа башоратларни ҳам амалга оширмоқда. Масалан, Ишаё 60:22 да шундай дейилган: «Озгина одамдан мингта одам, кичик халқдан қудратли халқ пайдо бўлади. Мен, Яҳова, буни ўз вақтида тезлаштираман». Кўплар Яҳовага топинишни бошлагани учун ажойиб бир нарса содир бўляпти. Ушбу «хазиналар» турли хил маҳорату қобилиятларга ва Шоҳлик тўғрисида ваъз қилиш истагига эга. Натижада, Ишаё айтганидек, «халқлар сути» Худонинг халқига фойда келтирмоқда. (Ишаё 60:5, 16) Ушбу хазинадай бўлган эркагу аёллар ёрдамида 240 та мамлакат ва ҳудудларда ваъзгўйлик фаолияти олиб борилмоқда ҳамда адабиётлар 1 000 дан зиёд тилда чоп этилмоқда.
ТАНЛАШ ВАҚТИ КЕЛДИ
14. Ҳозир инсонлар қандай қарор чиқариши лозим?
14 Ушбу охирзамонда халқлар ларзага солинаётгани, яъни хабар ваъз қилинаётгани туфайли одамлар қарор чиқаришга мажбур бўляпти. Улар Худонинг Шоҳлигини қўллаб-қувватлайдими ёки бу дунёдаги ҳукмронларга умид боғлайдими? Ҳар бир инсон бу танлов олдида туради. Яҳованинг хизматчилари давлат қонунларига итоатли бўлса-да, бу дунёдаги сиёсий ишлар борасида бутунлай бетарафликни сақлайди. (Рим. 13:1–7) Улар барча инсонларнинг муаммоларини фақат Самовий Шоҳлик ҳал қила олишини билади. Ушбу Шоҳлик бу дунёдан эмас. (Юҳан. 18:36, 37)
15. Ваҳий китобида Худо халқининг садоқати синалиши қандай тасвирланган?
15 Ваҳий китобида Худо хизматчиларининг садоқати охирги кунларда синалиши тасвирланган. Бу синов давом этади ва биз шиддатли қаршиликлару таъқибларга дуч келамиз. Ҳозирги ҳукуматлар уларга сажда қилишимизни талаб қилади ва уларни қўллаб-қувватлашни рад этганларни таъқиб қилади. (Ваҳ. 13:12, 15) Улар ҳаммани «кичигу улуғларни, бою камбағалларни, эркину қулларни ўнг қўлига ёки пешонасига тамға босишга мажбурлайди». (Ваҳ. 13:16) Ўтмишда қуллар кимга тегишли эканини кўрсатиш учун уларга тамға босилган. Шу каби, бугун ҳар бир кишидан рамзий тамғани босиш, яъни кимни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатиш кутилади. Уларнинг барча ўй-фикрию хатти-ҳаракатлари бу дунёдаги ҳукуматларга тегишли эканини ва уларни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатади.
16. Нега ҳозир Яҳовага бўлган садоқатимизни кучайтиришнинг айни пайти?
16 Хўш, бу рамзий тамғани қабул қилиб, бу дунёдаги ҳукуматларни қўллаб-қувватлаймизми? Уни қабул қилишни рад этганлар хавф остида қолади ва қийинчиликларга дуч келади. Ваҳий китобида тушунтирилганидай, бу тамғага «эга бўлмаган ҳеч ким на харид қила олади, на сота олади». (Ваҳ. 13:17) Лекин Ваҳий 14:9, 10 да тилга олинган тамғани қабул қилганларга нисбатан Худо қандай йўл тутишини Унинг халқи яхши билади. Улар бу тамғани қабул қилмайди, аксинча, рамзий маънода қўлига «мен Яҳовага тегишлиман», деб ёзиб қўяди. (Ишаё 44:5) Ҳозир Яҳовага қанчалар садоқатли эканимиз ҳақида ўйлаб кўришнинг айни пайтидир. Яҳовага садоқатли бўлсак, биз Унга тегишли эканимизни тан олишдан У хурсанд бўлади.
СЎНГГИ ЛАРЗА
17. Яҳованинг сабр-тоқати борасида нимани ёдда тутишимиз лозим?
17 Яҳова охирзамонда жуда сабрли эканини кўрсатмоқда. (2 Бутр. 3:9) У барчага тавба қилиш ва тўғри қарор чиқариш имкониятини беряпти. Аммо У тоабад сабр-тоқат қилмайди. Бу имкониятдан фойдаланишни истамаганлар Мусонинг давридаги фиръавннинг бошига тушган кўргиликка дуч келади. Яҳова фиръавнга шундай деган: «Мен аллақачон қўлимни узатиб, сени ҳам, халқингни ҳам, даҳшатли офатларга дучор қилардим ва сени ер юзидан йўқ қилиб юборардим. Бироқ сенга Ўз қудратимни кўрсатиб, исмим бутун дунёда эълон этилиши учун сени тирик қолдирдим». (Чиқ. 9:15, 16) Охир-оқибат, барча халқлар Яҳова танҳо ҳақ Худо эканини билишига тўғри келади. (Ҳиз. 38:23) Бу қандай рўй беради?
18. а) Хаггей 2:6, 20–22 да қайси ларзага солиш ҳақида гап кетяпти? б) Хаггейнинг сўзлари келажакда ҳам амалга ошишини қаердан биламиз?
18 Хаггей пайғамбарнинг ўлимидан кўп йиллар ўтгач, ҳаворий Павлус иброний масиҳийларга Хаггей 2:6, 20–22 даги сўзларни ёзган эди. (Ўқинг.) Улар келажакда амалга ошиши кутиларди. Павлус шундай деб ёзган: «Энди У [Худо] яна шундай деб ваъда беряпти: “Мен яна бир бор нафақат ерни, балки осмонни ҳам ларзага соламан”. “Яна бир бор” деган сўзлар эса титрайдиган, яъни яратилган нарсаларнинг йўқ бўлиб кетишига ишора қилади, токи титрамайдигани қолсин». (Иброн. 12:26, 27) Бу ердаги «ларзага солиш» ибораси Хаггей 2:7 да айтилганидан фарқ қилади. У фиръавн каби Яҳова ҳукмдорлик қилиш ҳуқуқига эга эканини рад этаётган инсонларни бутунлай йўқ қилиб юборишини англатади.
19. Нима титрамайди ва буни қаердан биламиз?
19 Хўш, нима титрамайди ёки йўқ бўлмайди? Павлус сўзида давом этиб шундай деган: «Биз тебранмас Шоҳликка эришар эканмиз, бундан буён ҳам иноятга эга бўлиб бораверайлик. У орқали биз муқаддас хизматимизни Тангрига маъқул тарзда, худотарслик ва титроқ билан адо этамиз». (Иброн. 12:28) Сўнгги ларзадан кейин фақат Худонинг Шоҳлиги тебранмайди. У абадий туради! (Заб. 110:5; Дон. 2:44)
20. Одамлар қандай қарор чиқариши керак ва уларга қандай ёрдам беришимиз мумкин?
20 Ҳозир қўл қовуштириб ўтиришнинг вақти эмас! Одамлар қарор чиқариши зарур. Улар бу дунё олға сураётган — ҳалокатга етаклаётган — ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлашда давом этадими ёки Худонинг иродасига мувофиқ абадий ҳаётга етакловчи йўлдан юришни танлайдими? (Иброн. 12:25) Ваъзгўйлик фаолиятимиз орқали бу борада муҳим қарорни чиқариш учун инсонларга ёрдам беришимиз мумкин. Келинг, кўпгина самимий инсонларга Худонинг Шоҳлиги томонини эгаллашга кўмаклашайлик. Шунингдек, Ҳазратимиз Исонинг қуйидаги сўзларини ёдда тутайлик: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади». (Мат. 24:14)
40- ҚЎШИҚ Кимга тобе бўлдинг?
a Ушбу мақолада Хаггей 2:7 борасидаги тушунчамиз ойдинлашганини кўриб чиқамиз. Шунингдек, халқларни ларзага солаётган ажойиб фаолиятимизга қай йўсин ҳисса қўшиш мумкинлигини билиб оламиз. Қолаверса, ушбу фаолият туфайли ҳам ижобий, ҳам салбий муносабат пайдо бўлаётганини кўриб чиқамиз.
b Яҳова топширган вазифани Хаггей тўлиқ бажарганини биламиз. Сабаби маъбад мил. авв. 515 йилга келиб битказилди.
c Бу ўзгарган тушунча. Олдин самимий инсонлар Яҳовага яқинлашаётганининг сабаби халқлар ларзага солинаётганида эмас, деб ҳисоблардик. «Қўриқчи минораси»нинг 2006 йил 15 май (рус) сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.
d РАСМГА ШАРҲ. Хаггей Худонинг халқини маъбадни қайта қуриш учун ғайратли бўлишга ундаяпти. Бизнинг кунимизда Худонинг халқи ғайрат ила хушхабарни эълон қиляпти. Бир жуфтлик охирги ларза тўғрисидаги хабарни ваъз қиляпти.