Аллоҳга маъқул келиш абадий ҳаётга элтади
Эй Худованд, солиҳга Ўзинг барака берурсан, лутфу карамингни қалқондай қилиб, Унинг ила солиҳни ўраб олурсан. ЗАБ. 5:13
1, 2. Илёс пайғамбар Зорафатлик бева аёлдан нима сўради ва уни нимага ишонтирди?
БИР аёл билан боласи очликдан қийналишаётганда, Худонинг пайғамбари келиб қолибди. Зорафатлик бу бева аёл бирор егулик тайёрлаш учун олов ёқмоқчи бўлиб турганида, Илёс пайғамбар ундан сув билан нон келтиришини сўрабди. Бева аёл сувни олиб келишга тайёр экан. Лекин нон тайёрлаш учун «хумда бир ҳовуч ун ва хурмачада озгина ёғ бор» экан, холос. Шунда аёл пайғамбар билан бўлишиш учун егуликлари етмаслигини айтибди (3 Шоҳ. 17:8–12).
2 Аммо Илёс пайғамбар мана шундай дебди: «Олдин ўша ун ва ёғдан кулча қилиб, менга олиб келиб беринг. Ўзингизга ва ўғлингизга эса кейин қиларсиз. Бинобарин, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “...хумдаги ун тамом бўлмас, хурмачадаги ёғ ҳам тугамас”» (3 Шоҳ. 17:13, 14).
3. Биз қандай саволга дуч келяпмиз?
3 Бева аёл қабул қилиши керак бўлган қарор, қолган озгина егуликни қандай бўлишишдан кўра мушкулроқ эди. У ўзи билан ўғлининг ҳаётини сақлаб қолиш учун Яҳовага таянармикан? Ёки Яҳованинг лутфу карами, яъни розилиги ва дўстлигидан кўра, моддий эҳтиёжларини афзалроқ кўрармикан? Биз ҳам худди шундай саволга дуч келяпмиз. Моддий фаровонликка эришишдан кўра, Яҳованинг розилигига сазовор бўлишга кўпроқ эътибор қаратяпмизми? Худога таяниш ва Унга хизмат қилиш учун барча асосларимиз бор. Ушбу мақоладан қандай қадамлар қўйиб, Тангрига маъқул кела олишимизни билиб оламиз.
Худо топинишимизга сазовор
4. Нега Яҳова топинишимизга сазовор?
4 Яҳова, инсонлар Унга ёқадиган тарзда хизмат қилишларини кутишга ҳақли. Унинг самодаги хизматчилари буни тасдиқлаб, бир овоздан шундай дейишган: «Ё Аллоҳимиз Яҳова, Сен шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга лойиқсан, чунки Сен бутун борлиқни яратдинг ва ҳамма нарса Сенинг ироданг ила яратилган ва мавжуддир» (Ваҳ. 4:11). Яҳова бутун борлиқнинг Яратувчиси экан, топинишимизга сазовордир.
5. Нима учун Худонинг севгиси Унга хизмат қилишимизга ундаши керак?
5 Яҳовага хизмат қилишимизнинг яна бир сабаби, Унинг бизга бўлган мислсиз севгисидир. Муқаддас Китобда: «Худо Ўз суратидай қилиб яратди инсон зотини. Эркагу аёл қилиб яратди уларни»,— деб ёзилган (Ибт. 1:27). Аллоҳ инсонга фикр юритиш ва қарор чиқариш эркинлигини берган. Бизларга ҳаёт ато этиб, Яҳова одамзоднинг Отасига айланган (Луқо 3:38). Меҳрибон ота сингари, ўғилу қизлари ҳаётдан баҳра олиб яшашлари учун У барча нарсани муҳайё қилган. Ер сайёраси гўзал бўлиши ва бизларни мўл-кўл емиш билан сийлаши учун, Худо қуёшини ҳам балқитмоқда, ёмғирини ҳам ёғдирмоқда (Мат. 5:45).
6, 7. а) Одамато авлодларига қандай зарар келтирди? б) Аллоҳга маъқул келиш пайидан бўлганларга Масиҳнинг қурбонлиги қандай фойда келтиради?
6 Яҳова шунингдек бизни гуноҳнинг оқибатларидан қутқарди. Чунки Одамато гуноҳ қилиб, оиласини қиморга бой берган қиморбозга ўхшаб қолганди. Яҳовага қарши исён кўтариб, Одамато болаларини абадий бахт истиқболидан маҳрум этди. Унинг худбинлиги инсониятни номукаммаллик деган золим ҳукмдорга қул бўлишга мубтало қилди. Натижада барча одамлар касаллик, қайғу-алам ва охир-оқибат ўлимга дучор бўлди. Қулликдан қутилиш учун тўлов керак эди. Гуноҳнинг даҳшатли оқибатларидан халос этиш учун, Яҳова ўз навбатида шундай тўловни ҳавола этди (Римликларга 5:21 ўқинг). Исо Масиҳ Тангрининг иродасига мувофиқ йўл тутиб, «кўплар учун жонини тўлов сифатида берган» (Мат. 20:28). Тез орада, Аллоҳнинг розилигига эга бўлган инсонлар берилган тўловдан фойда олишади.
7 Парвардигоримиз Яҳова бизга бахтли, мазмунли ҳаётни ато этиб, ҳаммадан кўпроқ яхшилик қилган. Худога маъқул келсак, У инсониятнинг бошига тушган азоб-уқубатларни қандай қилиб бартараф этишини ҳам кўра оламиз. Яҳова ҳар биримизга «Уни астойдил излаётганларни мукофотлашини» кўрсатади (Иброн. 11:6).
Ихтиёрий хизмат
8. Ишаёнинг мисоли Аллоҳга хизмат қилишга нисбатан бизга нимани ўргатмоқда?
8 Аллоҳнинг розилигига эга бўлиш, ирода эркинлигимиздан тўғри фойдаланишни ҳам ўз ичига олади. Боиси, Яҳова ҳеч кимни Унга хизмат қилишга мажбурламайди. Ишаё пайғамбарнинг даврида, Тангри бир вазифани бажариш учун: «Кимни юбораман? Биз учун ким боради?» — деб сўраган эди. Пайғамбарининг қарор чиқаришга ҳаққи борлигини эътиборга олиб, Яҳова унга ҳурмат кўрсатди. Шунда Ишаё мамнуният билан: «Мен шу ердаман, мана, юборгин мени»,— деб жавоб берди (Ишаё 6:8).
9, 10. а) Худога қандай ният билан хизмат қилишимиз даркор? б) Нега Яҳовага бутун жонимиз билан хизмат қилиш ўринли?
9 Инсонлар Худога хизмат қилиш ёки қилмасликни ўзлари ҳал қилишади. Яҳова биз Унга ихтиёрий равишда хизмат қилишимизни истайди (Ёшуа 24:15 ўқинг). Тангрига истар-истамас топинаётганлар Унга маъқул кела олишмайди. Одамларнинг кўнглини топиш учун Унга хизмат қилаётганларни ҳам У қабул қилмайди (Колос. 3:22). Агар дунёвий қизиқишлар Аллоҳга топинишга халал беришига йўл қўйсак, муқаддас хизматимизни «чин қалбдан» бажара олмай, оқибатда Унинг розилигидан маҳрум бўламиз (Заб. 118:2). Яҳова Унга бутун жонимиз билан хизмат қилиш ўзимизнинг фойдамиз учун эканини билади. Мусо пайғамбар исроилликларни Эгалари Яҳовани севиш, Унинг овозига қулоқ солиш ва Унга суяниш билан ҳаётга эришишлари мумкинлиги ҳақида айтган эди (Амр. 30:19, 20).
10 Қадимги исроил шоҳи Довуд Яҳовага шундай дея қўшиқ куйлаган: «Жанговарлик кунингда Сенинг халқинг муқаддас зийнатда Сенга хоҳиш билдиргай, тонг бағридан тушган шабнам мисоли йигитларинг Сен томон келаверишгай» (Заб. 109:3). Бугунги кунда кўп кишилар моддий фаровонлик ва ўйин-кулгини биринчи ўринга қўйишмоқда. Яҳовани севадиганлар эса, муқаддас хизматни ҳамма нарсадан устун деб билишади. Улар хушхабарни ғайрат ила ваъз қилиб, буни исботламоқдалар. Кундалик эҳтиёжларини Яҳова қондиришга қодир эканига улар тўлиқ ишонишади (Мат. 6:33, 34).
Аллоҳга маъқул келадиган қурбонликлар
11. Яҳовага қурбонликлар келтирган исроилликлар қандай фойда олишга умид боғлашган?
11 Таврот қонунига биноан, Тангрининг халқи Унга маъқул келиш учун бенуқсон қурбонликлар келтириши керак эди. Қонунга кўра, Худога атаб тинчлик қурбонлиги келтиришганда, буни Унга манзур бўладиган тарзда қилишлари лозим бўлган (Лев. 19:5). Шунингдек, Аллоҳга шукрона қурбонлиги қилмоқчи бўлишса, уни Тангри олдида қабул бўладиган йўсинда келтиришлари даркор эди (Лев. 22:29). Исроилликлар Яҳованинг қурбонгоҳига бенуқсон ҳайвонни тақдим этишганда, қурбонликнинг хушбўй ҳиди ҳақ Таолони мамнун этарди (Лев. 1:9, 13). Халқининг бундай севгиси, Аллоҳга мамнуният ва ором бахш этарди (Ибт. 8:21). Таврот қонунидаги бу каби тафсилотлардан, бугунги кунда қўллашимиз мумкин бўлган қонун-қоидаларни топсак бўлади. Яҳовага ўринли тарзда келтирилган ўша қурбонликлар Унга манзур бўлган. Демак, У қандай қурбонликларни қабул қилар экан? Келинг, ҳаётнинг мана шу иккита соҳасини кўриб чиқайлик: хулқимиз ва нутқимиз.
12. Қандай хулқ-атвор қурбонлик сифатида келтирган танамизни Худога жирканч қилади?
12 Ҳаворий Павлус римликларга ёзган мактубида: «Таналарингизни тирик, муқаддас, Худога маъқул келадиган қурбонлик сифатида бағишланглар. Шу йўсин, ақлингизни ишга солиб, муқаддас хизматни адо эта оласизлар»,— деб айтган эди (Рим. 12:1). Аллоҳнинг розилигига эришиш учун инсон ўз танасини пок сақлаши лозим. Агар у ўзини тамаки ва нос чекиш, гиёҳванд моддалар ёки спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш билан булғаса, унинг қурбонлиги ҳеч қандай қадр-қимматга эга бўлмайди (2 Кор. 7:1). «Зино қилувчи, ўз баданига қарши гуноҳ қилишидан» ташқари, ҳар қандай ахлоқсиз хулқ-атвор унинг қурбонлигини Яҳова учун жирканч қилади (1 Кор. 6:18). Тангрига маъқул келиш учун, киши «бутун юриш-туришида муқаддас бўлиши» зарур (1 Бутр. 1:14–16).
13. Нима учун Яҳовага ҳамду сано айтиш бизга ярашади?
13 Яҳовага манзур келадиган яна бир қурбонлик — бизнинг нутқимиздир. Яҳовани севувчилар, одамлар олдида ҳам, уйда ёлғиз қолганда ҳам доим У ҳақда яхши гапиришади (Забур 33:2–4 ўқинг). Забур 148–150- саноларини ўқиб, улар бизни Яҳовани мадҳ этишга неча марта рағбатлантираётганига эътибор қаратинг. Чиндан ҳам, «дили тўғриларга ҳамду сано ярашар» (Заб. 32:1). Бизларга ўрнак кўрсатган Исо Масиҳ ҳам хушхабарни ваъз қилиб, Аллоҳни шарафлаш муҳимлигини таъкидлаган (Луқо 4:18, 43, 44).
14, 15. Ҳўшея исроилликларни қандай қурбонликлар келтиришга ундаган ва Яҳова уларга қандай жавоб қайтарган?
14 Иштиёқ билан ваъз қилиш, Яҳовани севишимизни ва Унинг розилигини топмоқчи эканимизни кўрсатиб туради. Мисол учун, Ҳўшея пайғамбар сохта динни қабул қилиб, Тангрининг розилигидан маҳрум бўлган исроилликларга қандай ундов билан мурожаат қилганини кўриб чиқайлик (Ҳўш. 13:1–3). Ҳўшея уларни: «Айбларимизни кечириб, яхшиликни қабул айлагин, ва биз Сенга ҳамду сано қурбонларини келтирамиз»,— деб Яҳовага ёлворишга рағбатлантирган (Ҳўш. 14:1, 2, ЯДТ).
15 «Ҳамду сано қурбонлари», ҳақ Таолони самимий, пухта ўйланган сўзлар билан шарафлашга оиддир. Хўш, Яҳова бундай қурбонликларга қандай жавоб қайтарган? У: «Ўз хоҳишим билан уларни севаман»,— деб айтган (Ҳўш. 14:4, ЯДТ). Яҳова Унга ҳамду сано қурбонликларини келтирганларнинг гуноҳидан ўтиб, розилигини изҳор этган ва улар билан дўстлашган.
16, 17. Худога бўлган ишонч одамни хушхабарни ваъз қилишга ундаса, Яҳова бундай кишининг ҳамду саносини қандай қабул қилади?
16 Яҳовани очиқчасига улуғлаш, доим ҳақ топинишнинг муҳим қисми бўлиб келган. Ҳақ Тангрини шарафлаш сано бастакори учун ўта муҳим бўлиб, у: «Эй Худованд, тилимдаги ҳамду санони кўнгил қурбонлиги каби қабул этгин»,— дея ўтиниб сўраган (Заб. 118:108). Ҳозирги кун тўғрисида нима деса бўлади? Бизнинг замондошларимиз ҳақида Ишаё пайғамбар қуйидагиларни башорат қилган эди: «Улар Эгамизга мадҳлар айтади... Эгамизнинг қурбонгоҳида улар қурбонлик, деб қабул қилинади» (Ишаё 60:6, 7). Бу сўзлар амалга ошиб, миллионлаб кишилар «Аллоҳга ҳамду сано қурбонлигини, яъни Унинг исмини ҳаммага эълон қилиш учун оғизларидан чиққан сўзларни бахшида этишмоқда» (Иброн. 13:15).
17 Сиз-чи, Аллоҳга маъқул келадиган қурбонликлар келтиряпсизми? Борди-ю йўқ бўлса, керакли ўзгаришлар киритиб, Яҳовани очиқчасига мадҳ этишни бошлашингиз мумкин. Агар имонингиз хушхабарни ваъз қилишга ундаса, қурбонлигингиз «ҳўкиздан кўра Худовандга мақбул келади» (Забур 68:31, 32 ўқинг). Ҳамду сано қурбонингизнинг хушбўй ҳиди Яҳовага етиб бориб, У сизни Ўз розилиги билан мукофотлашига амин бўлинг (Ҳиз. 20:41). Шунда сиз тенги йўқ қувончни ҳис этасиз.
«Худованд, солиҳга Ўзи барака берур»
18, 19. а) Бугун кўп инсонлар Аллоҳга хизмат қилишга қандай муносабатда? б) Худонинг розилигини йўқотиш қандай оқибатларга олиб келади?
18 Бугун кўп инсонлар Малахи пайғамбар давридаги айрим кишилар каби, Аллоҳга хизмат қилиш беҳуда, дея хулоса чиқаришмоқда (Мал. 3:14). Моддий нарсалар пайидан бўлиб, бундайлар Тангрининг ниятини эришиб бўлмайдигандек, қонунларини эса бугунги кунга мос келмайдигандек қабул қилишмоқда. Улар учун хушхабарни ваъз этиш бекорга вақт сарфлаш ва одамларнинг ғазабини қўзғатиш демакдир.
19 Бундай фикрларнинг томири Адан боғига бориб тақалади. Айнан Шайтон Момоҳавони, Яҳова ато этган ажойиб ҳаётнинг қадр-қимматини оёғости қилиб, Унинг розилигидан воз кечишга ундаган эди. Шайтон бугунги кунда ҳам одамларни Аллоҳнинг иродасини бажариш беҳудалигига ишонтиришга жон-жаҳди билан ҳаракат қиляпти. Бироқ, Одамато билан Момоҳаво Аллоҳнинг розилигини йўқотиш, ҳаётдан маҳрум бўлишни англатишини билиб олишди. Уларнинг ёмон ўрнагига эргашаётганларни ҳам худди шундай қисмат кутмоқда (Ибт. 3:1–7, 17–19).
20, 21. а) Зорафатлик аёл нима қилди ва бу қанақа натижа келтирди? б) Зорафатлик бева аёлга қандай қилиб ва нега тақлид қилишимиз керак?
20 Юқорида келтирилган Илёс пайғамбар ва зорафатлик бева аёл билан бўлиб ўтган воқеанинг хотимаси, Одамато билан Момоҳавонинг аянчли якунига тамомила қарама-қаршидир. Илёс пайғамбарнинг далдали сўзларини эшитиб, ўша аёл унга хизмат қилишга киришди-да, нон пишириб берди. Сўнг, Яҳова Илёс пайғамбар орқали айтган ваъдасини бажарди. Ҳикояда шундай дейилган: «Шундан кейин Илёс билан бирга, аёлнинг оиласи учун кўп кунларга етадиган егулик бўлди. Эгамизнинг Илёс орқали айтганларига биноан, хумдаги ун ҳам тамом бўлмади, хурмачадаги ёғ ҳам тугамади» (3 Шоҳ. 17:15, 16).
21 Ҳозирги вақтда миллиардлаб инсонлардан баъзиларигина зорафатлик бева аёл каби йўл тутишяпти. Аёл қутқарувчи Худовандга тўлиқ таянган эди ва У ўз навбатида уни ёрдамсиз қолдирмади. Муқаддас Китобдаги бу ва бошқа маълумотлар, Яҳова ишончимизга лойиқ эканини исботламоқда (Ёшуа 21:43–45; 23:14 ўқинг). Яҳова Шоҳидларининг замонавий мисоллари, Аллоҳ Унга маъқул келганларни ҳеч қачон ташлаб қўймаслигини исботлаяпти (Заб. 33:7, 8, 18–20)a.
22. Нега фурсатни бой бермай Аллоҳнинг розилигини излашимиз лозим?
22 Худонинг ҳукм куни «ер юзида яшовчи барчанинг бошига тушади» (Луқо 21:34, 35). Ундан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Ҳеч қандай бойлик ёки моддий фаровонлик, Аллоҳ тайинлаган Ҳакамнинг қуйидаги сўзларини эшитишга тенг кела олмайди: «Эй, Отамдан барака топганлар, келинглар... сизларга тайёрлаб қўйилган Шоҳликка эга бўлинглар» (Мат. 25:34). Дарҳақиқат, «Худованд солиҳга Ўзи барака берур, лутфу карамини қалқондай қилиб, Унинг ила солиҳни ўраб олур» (Заб. 5:13). Шундай экан, Тангрининг розилигини излашимиз керак эмасми?
[Изоҳ]
a «Қўриқчи минораси»нинг 2005- йил 15- март сонидаги 13- саҳ., 15- х.б.; 1997- йил 1- август сонидаги 20–25- саҳ. (рус) қ.
Илтимос, жавоб беринг
• Нега Яҳова бизнинг чин дилдан топинишимизга лойиқ?
• Яҳова қандай қурбонликларни қабул қилмоқда?
• «Ҳамду сано қурбонлари» ибораси нима дегани ва нега Яҳовага уларни келтиришимиз керак?
• Нега Аллоҳнинг розилигини излашимиз лозим?
[13- саҳифадаги расм]
Худонинг пайғамбари камбағал бир онадан нима сўради?
[15- саҳифадаги расм]
Яҳовага «ҳамду сано қурбонлигини» келтиришдан қандай фойда топамиз?
[17- саҳифадаги расм]
Чин дилдан Яҳовага таяниш, ҳеч қачон умидсизлик келтирмайди