Ҳақиқий бахтнинг сири
Исо... тоққа чиқиб ўтирди. Шогирдлари Унинг олдига келишди. Исо уларга таълим берди. МАТ. 5:1, 2
1, 2. а) Исо Тоғдаги ваъзини қандай шароитларда айтган? б) Нутқини Исо нимадан бошлаган?
МИЛОДИЙ 31- йили Исо Жалилада бошлаган ваъзгўйлик фаолиятини оз вақтга тўхтатиб, Фисиҳ байрамини нишонлаш учун Қуддусга йўл олади (Юҳан. 5:1). Жалилага қайтиб келгач, 12 ҳаворийни танлаш ниятида туни билан Аллоҳга ибодат қилиб раҳбарлик сўрайди. Кейинги куни эса унинг олдига катта оломон тўпланади ва у беморларни даволайди. Сўнг у, тоғнинг ён бағрида ўтириб, шогирдлари ва атрофдагиларга таълим бера бошлайди (Мат. 4:23–5:2; Луқо 6:12–19).
2 Шу тариқа, Исо нутқининг бошидаёқ ҳақиқий бахтнинг сири Худо билан яқин муносабатларга боғлиқлигини кўрсатади (Матто 5:1–12 ўқиб беринг). Ўзи бахт дегани нима? Бу, «ҳаётдан мамнунлик, чуқур қониқиш ва қувонч» демакдир. Аллоҳнинг хизматчиларини чиндан ҳам бахтли деса бўлади. Бунинг тўққизта сирини Исо тахминан 2 000 йил муқаддам айтган бўлса-да, улар ҳанузгача ўз қадрини йўқотмаган. Энди келинг, уларни бирма-бир кўриб чиқайлик.
Маънавий эҳтиёжини ҳис қилганлар
3. Маънавий эҳтиёжини ҳис қилганлар нимани тушунишади?
3 «Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир» (Мат. 5:3). Маънавий эҳтиёжини ҳис қилганлар Тангри Таолонинг марҳаматига муҳтожлигини тушунишади.
4, 5. а) Нима учун маънавий эҳтиёжини ҳис қилганлар бахтли? б) Бу эҳтиёжни қондиришга нима қилиш муҳим?
4 Бундай кишилар бахтли, «чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир». Исони, Масиҳ деб тан олган унинг илк шогирдлари Худонинг Шоҳлигида ҳукм суриш ҳуқуқига эга бўлишди (Луқо 22:28–30). Келажакдаги умидимиз қандай бўлмасин, биз ҳам ҳақиқий бахтга эриша оламиз. Бунинг учун маънавий эҳтиёжу Аллоҳнинг мурувватига муҳтож эканимизни тан олишимиз зарур.
5 Тўғри, ҳамма ҳам маънавий эҳтиёжини ҳис қилавермайди, сабаби кўпларнинг имони суст бўлиб, муқаддас нарсаларнинг қадрига етишмайди (2 Салон. 3:1, 2; Иброн. 12:16). Бу эҳтиёжни қондириш учун Муқаддас Китобни қунт билан ўрганиш, шогирд орттириш фаолиятида ғайратли бўлиш ва жамоат учрашувларига мунтазам қатнашиш муҳим (Мат. 28:19, 20; Иброн. 10:23–25).
«Йиғлаётганлар бахтлидир»
6. «Йиғлаётганлар» ким ва нега улар бахтли?
6 «Йиғлаётганлар бахтлидир, чунки улар тасалли топур» (Мат. 5:4). Бу ерда, маънавий эҳтиёжини ҳис қилган ўша-ўша одамлар ҳақида гап кетяпти. Қизиғи шундаки, бу «йиғлаётганлар» ҳаётидан нолиб эмас, балки ўзларининг номукаммаллигию инсон бошқаруви олиб келган шароитлар туфайли қайғуришяпти. Нега унда улар бахтли? Чунки улар Исога имон келтириб, Яҳова билан дўст бўлишганидан тасалли топишяпти (Юҳан. 3:36).
7. Шайтон дунёсига муносабатимиз қандай бўлиши керак?
7 Ҳар биримиз ўзимиздан шундай сўрайлик: Шайтон дунёсидаги адолатсизлик дастидан сиқиляпманми? Бу дунё тақдим этаётган нарсаларга аслида муносабатим қандай? Инжилда қуйидагича ёзилган: «Дунёга хос ҳар бир нарса — тана нафси, ҳирсли кўзлар, маишатга оид кибр-ҳаво Отадан эмас» (1 Юҳан. 2:16). Бизни «дунёнинг руҳи» бошқараётган бўлса-чи? У ҳолда, Эгамизга сидқидилдан ибодат қилишни, Унинг Каломини ўрганишни ва оқсоқоллардан ёрдам сўрашни канда қилмайлик. Шу йўсин Яҳова Таолога яқинлашиб, қийин пайтларда «тасалли топамиз» (1 Кор. 2:12; Заб. 118:52; Ёқб. 5:14, 15).
Беозорлар бахтлидир!
8, 9. «Беозор» дегани нима ва нега бу фазилатга эга бўлганлар бахтли?
8 «Беозор бўлганлар бахтлидир, чунки улар ер юзига эга бўлур» (Мат. 5:5). «Беозор» ёки мулойим бўлиш, заифликни ва юзаки юмшоқликни англатмайди (1 Тим. 6:11). Аксинча беозор киши, доимо Яҳованинг иродасини бажариб, Унинг раҳбарлигига бўйсунади. Қолаверса, мулойимлик ҳамма билан бўлган муносабатларда акс этади. Ушбу фазилат борасида Худонинг Каломида яхши маслаҳатлар бор (Римликларга 12:17–19 ўқиб беринг).
9 Нима учун беозорлар бахтли? Сабаби, бутун ернинг асосий Вориси бўлган Исо Масиҳ: «Улар ер юзига эга бўлур»,— дея таъкидлаган (Заб. 2:8; Мат. 11:29; Иброн. 2:8, 9). Шунингдек, мойланган масиҳчилар ҳам унинг «ворисдошлари» бўлади (Рим. 8:16, 17). Бошқа кўп соддадил кишилар эса айнан уларнинг бошқаруви остидаги ер юзида абадий яшайдилар (Заб. 36:10, 11).
10. Биродар қўпол ва жаҳлдор бўлса, натижаси қандай?
10 Биз бу борада Исодан ҳали кўп ўрганишимиз зарур. Масалан, одам урушқоқ сифатида танилган бўлса-чи? Қўполлик ва жаҳлдорлик уни инсонлардан узоқлаштиради. Айтайлик, биродар шунақа ҳислатларни намоён этяпти, албатта у масъулиятли вазифаларга номуносиб ҳисобланади (1 Тим. 3:1, 3). Ҳаворий Павлус Титусга маслаҳат бериб, Критдаги масиҳчиларга қуйидагиларни эслатиб туришни айтган: «Урушқоқ бўлмай, барча инсонларга ювошлик ва мулойимлик билан муомала қилсинлар» (Титус. 3:1, 2). Бундай мулойим кишилар атрофдагилар учун ҳақиқий қут-баракадир!
Адолат тарафдорлари
11–13. а) Адолат тарафдори бўлиш нимани билдиради? б) Улар қай маънода «тўқ бўлишади»?
11 «Адолатга очу чанқоқлар бахтлидир, чунки улар тўқ бўлур» (Мат. 5:6). Исо «адолат» деганда, Худонинг амрларига бўйсуниб, Унинг иродасига мувофиқ яшашни назарда тутган. Сано бастакори ҳам Аллоҳнинг ҳукмларини доимо орзу қилиб, қанчалар қийналганини айтган (Заб. 118:20). Биз ҳам адолат ўрнатилишини шунчалар кутяпмизми?
12 Ҳазрати Исонинг айтишича, адолат тарафдорлари бахтга эришадилар, зеро улар «тўқ бўлур». Милодий 33- йили Ҳосил байрамидан сўнг, Яҳова муқаддас руҳи орқали «адолат хусусида дунёнинг хато қилганини фош қила бошлади» (Юҳан. 16:8). Боз устига, «солиҳлик йўлида тарбия бериш учун» Муқаддас Китоб ёзилишига Аллоҳнинг Ўзи ғамхўрлик қилган (2 Тим. 3:16). Бундан ташқари, «ҳақиқий солиҳлик ва муқаддаслик билан яратилган янги табиатни» ҳам ўзлаштиришимизга Эгамиз ёрдам бермоқда (Эфес. 4:24). Исонинг тўлов қурбонлиги асосида тавба қилиб имон келтирганлар, Худонинг назарида солиҳ ҳисобланишини билиш қандай ажойиб! (Римликларга 3:23, 24 ўқиб беринг).
13 Қувончлиси шуки, ер юзида Худонинг ҳукумати ўрнатилиб, мангу ҳаётга эришганимизда, адолатга бўлган чанқоғимиз буткул қондирилади. Ҳозирча эса Яҳованинг меъёрлари асосида яшашга ҳаракат қилайлик. Зеро Ҳазратимиз шундай деган: «Аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси [адолати, изоҳ] пайидан бўлинглар» (Мат. 6:33). Хуллас, доимо Яҳованинг хизматида банд бўлиб, ҳақиқий бахтга эришамиз (1 Кор. 15:58).
Нимага раҳмдил бўлганлар бахтли
14, 15. Қандай қилиб раҳмдил бўлиш мумкин ва нима учун улар бахтли?
14 Матто 5:7 да қуйидагича дейилган: «Раҳмдил бўлганлар бахтлидир, чунки улар раҳм-шафқат топур». Раҳмдил инсон ўзгаларга нисбатан ҳамдард ва шафқатли бўлади. Исо одамларга ачингани боис, кўпларнинг азобини енгиллаштирган (Мат. 14:14). Тавба қилганларни Тангри Яҳова шафқат ила кечирганидек, бизни ҳам ранжитган кишиларни раҳмдиллик билан кечиришимиз керак (Чиқ. 34:6, 7; Заб. 102:10). Заҳмат чекаётганларга сўз ва ишларимиз билан далда бериш ҳам раҳмдилликнинг бир усули. Бироқ, раҳм-шафқат намоён этишнинг энг яхши усули, Муқаддас Китоб ҳақиқатини бошқаларга етказишдир. Бинобарин, Исонинг ўзи ҳам раҳмдиллик ила халойиққа «кўп нарсаларни ўргатарди» (Марк 6:34).
15 Биз ҳам Масиҳнинг мана шу сўзларига қўшиламиз: «Раҳмдил бўлганлар бахтлидир, чунки улар раҳм-шафқат топур». Кимки шафқатли бўлса, унга ҳам ҳойнаҳой шундай меҳр кўрсатилади. Бундан ташқари, Аллоҳ бизни ҳукм қилаётганида, қанчалик раҳмли бўлганимизга қараб шафқат кўрсатади (Ёқб. 2:13). Дарҳақиқат, фақат раҳмдилларнинг гуноҳлари кечирилиб, келажакда мангу ҳаётга эришадилар (Мат. 6:15).
Покдил кишилар бахтлидир
16. Покдил бўлиш нимани англатади ва улар Худони қай маънода кўришади?
16 «Покдил бўлганлар бахтлидир, чунки улар Худони кўрур» (Мат. 5:8). Қандай кишини покдил деса бўлади? Бу унинг нияту истакларидан билинади. Ҳа, севгимиз самимий бўлиб, «соф юракдан» чиқиши керак (1 Тим. 1:5). Агар виждонимиз пок бўлса, «Худони кўрамиз». Тўғри том маънода Уни кўра олмаймиз, зеро Аллоҳни «кўрган одам тирик қолмайди» (Чиқ. 33:20). Шуни айтиш жоизки, Худога мукаммал тарзда тақлид қилган Исо: «Мени кўрган Отамни кўрган бўлади»,— деб айтган (Юҳан. 14:7–9). Мана нима учун масиҳчилар Яҳованинг ғамхўрлигини ҳис этиб, Уни кўргандай бўлишади (Аюб 42:5). Мойланган масиҳчилар эса самодаги ҳаёт учун тирилишганида, Худони том маънода кўра олишади (1 Юҳан. 3:2).
17. Покдиллик нимада акс этади?
17 Ахлоқий ва маънавий жиҳатдан бенуқсон ҳисобланган қалб, Аллоҳнинг назаридаги нопок ишлардан йироқ бўлади (1 Сол. 28:9; Ишаё 52:11). Шунингдек, кишининг поклиги унинг қилган ишларию нутқидан кўринади. Шу йўсин, хизматимизда зинҳор мунофиқликка ўрин бўлмайди.
Тинчлик ўрнатувчилар бахтли
18, 19. «Тинчлик ўрнатувчилар» ўзларини қандай тутади?
18 «Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир, чунки улар Худо ўғиллари дейилур» (Мат. 5:9). Агар инсон «тинчлик ўрнатувчи» бўлса, бу унинг хатти-ҳаракатидан сезилади. Бошқача қилиб айтганда, бунақа одам «ёмонлик эвазига ёмонлик» эмас, «ҳамма учун ҳам яхшиликни излайди» (1 Салон. 5:15).
19 Тинчлик пайидан бўлиш — аразлашиб қолган кишиларни яраштириш демакдир. Бунга эса жон куйдирмай эришиб бўлмайди. Шунингдек, тинчликпарвар одам яқин дўстлар орасига низо солмайди (Ҳик. 16:28). Боз устига «ҳамма билан тинч-тотув яшашга... ғайрат қилади» (Иброн. 12:14).
20. Ҳозир «Худо ўғиллари» ким ва кейинчалик яна кимлар бу номга эга бўлади?
20 Тинчлик ўрнатувчилар бахтли, чунки улар «Худо ўғиллари дейилур». Содиқ мойланганлар Яҳова билан яқин муносабатда бўлганлари учун Унинг фарзандлари деб эълон қилинишган. Негаки, улар Исога имон келтириб, «севги ва тинчлик берган Худога» чин дилдан топинишмоқда (2 Кор. 13:11; Юҳан. 1:12). Тинч-тотувлиги билан ажралиб турувчи «бошқа қўйлар» тўғрисида нима дейиш мумкин? Минг йиллик бошқарув пайтида Масиҳ уларнинг Абадият Отаси бўлади. Бу даврнинг сўнгида у ҳокимиятни Яҳовага топширади. Ва ниҳоят «бошқа қўйлар» ҳам Аллоҳнинг фарзандига айланади (Юҳан. 10:16; Ишаё 9:6; Рим. 8:21; 1 Кор. 15:27, 28).
21. Руҳ амри билан яшаш қандай самаралар келтиради?
21 «Руҳ амри билан умр кечирсак», тинчлик ўрнатувчи бўла оламиз. Шунингдек, рақобат руҳидан қочамиз ҳамда «бахиллик қилиб», ҳеч кимнинг ғашига тегмаймиз (Галат. 5:22–26). Бунинг ўрнига, «барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиришга» интиламиз (Рим. 12:18).
Қувғинларга қарамай саодатлидир!
22–24. а) «Адолат йўлида» жабр кўрганларни нега бахтли деса бўлади? б) Кейинги мақолаларда нимани кўриб чиқамиз?
22 «Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир» (Мат. 5:10). Исо бунга изоҳ бериб, шундай деди: «Мен туфайли одамлар сизни ҳақоратлаб қувғин этса, сиз ҳақда ёлғон гапириб фисқу ғийбат қилса, бахтлисиз! Севининглар ва хурсанд бўлинглар, чунки сизга осмон мукофоти буюк. Сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғин бўлган» (Мат. 5:11, 12).
23 Қадимги пайғамбарлар сингари, бугун ҳам «адолат йўлида» юрган масиҳчилар ёлғон, ҳақорат ва таъқибларга дуч келишяпти. Аммо ушбу синовларга бардош берсак, Тангри Яҳовага маъқул келиб, бундан қониқиш ҳосил қиламиз (1 Бутр. 2:19–21). Бу машаққатлар, хизматдаги қувончимизни на ҳозир, на келажакда камайтиради. Яъни, мойланганлардан ҳам, ер юзида яшайдиганлардан ҳам бахт-саодатини ҳеч ким ва ҳеч қачон тортиб ололмайди. Бундай баракалар Худонинг хайрихоҳлиги, муруввати ва илтифотининг исботидир.
24 Исонинг Тоғдаги ваъзидан яна кўп нарсаларни билиб олишимиз мумкин. Кейинги икки мақолада бунга тегишли турли сабоқларга диққат қаратиб, уларни қандай қилиб амалда қўллай олишимизни кўриб чиқамиз.
Қандай жавоб берардингиз?
• Маънавий эҳтиёжини ҳис қилган киши нима учун бахтли?
• Беозорларнинг бахти нимада?
• Нега масиҳчилар қувғинларга қарамай саодатлидир?
• Бахт сирларидан қайси бири сизга айниқса ёқди?
[7- саҳифадаги расм]
Ҳазрати Исо бахтнинг тўққизта сирини айтган. Бу ҳақиқат ҳалигача қадрини йўқотмаган
[8- саҳифадаги расм]
Хушхабарни баҳам кўриш, раҳмдилликнинг энг яхши усули