Ариматеялик Юсуф ҳақиқат томонини эгаллаган
АРИМАТЕЯЛИК ЮСУФ римлик ҳокимга мурожаат қилиш учун жасорат топа олмайман, деб ўйлаган эди. Чунки Понтий Пилат жуда ўжар инсон сифатида танилган эди. Гап шундаки, Исони муносиб тарзда дафн этиш учун, кимдир Пилатдан унинг жасадини сўраши керак эди. Кейинчалик кўринганидек, Пилат билан юзма-юз учрашиш Юсуф ўйлаганидай қийин бўлмади. Юзбошидан Исо ўлганини аниқлагач, Пилат жасадни беришга рози бўлди. Юсуф қайғуга ботган бўлса-да, Исо қатл этилган жойга қайтди. (Марк 15:42–45)
Ариматеялик Юсуф ким эди?
Унинг Исо билан қандай боғлиқлиги бор?
У ҳақидаги ҳикоя сиз учун нимаси билан қизиқ?
ОЛИЙ КЕНГАШ АЪЗОСИ
Марк баён этган хушхабарда Юсуф «обрўли Кенгаш аъзоси» деб айтилган. Бу Олий Кенгаш (Синедрион) яҳудийларнинг олий маҳкамаси ва юқори маъмурий органи эди. (Марк 15:1, 43) Юсуф халқ бошлиқларидан бири бўлгани учун римлик ҳокимнинг қабулига кира оларди. У бой киши бўлгани ҳам ажабланарли эмас. (Мат. 27:57)
Исони Шоҳингиз сифатида тан олиш учун етарлича жасоратга эгамисиз?
Гуруҳ сифатида Олий Кенгаш Исога қаршилик кўрсатарди. Унинг аъзолари Исонинг ўлимини уюштиришган. Бироқ Юсуф «яхши ва одил киши» сифатида таниқли эди. (Луқо 23:50) Кенгашдаги аксарият шерикларидан фарқли равишда у ҳалол ва ахлоқан пок ҳаёт кечириб, Худонинг амрларига бўйсунишга ҳаракат қиларди. Шунингдек, Юсуф «Худонинг Шоҳлиги келишини кутиб юрган». Айнан шу сабабли у Исонинг шогирди бўлгандир. (Марк 15:43; Мат. 27:57) Юсуф ҳақиқат ва адолатни муҳим деб билгани учун, Исонинг хабарига қизиқиш кўрсатган бўлиши мумкин.
ЯШИРИН ШОГИРД
Юҳанно 19:38 да Юсуф «яҳудийлардан қўрққани учун Исонинг яширин шогирди бўлгани» ҳақида айтилган. Хўш, у нима учун қўрққан? У яҳудийлар Исодан нафратланишини ва унга ишонган ҳар кимни ибодатхонадан ҳайдашга келишиб олишганини биларди. (Юҳан. 7:45–49; 9:22) Ибодатхонадан ҳайдалган инсон нафратга йўлиқиб, ундан ҳазар қилишарди ва яҳудийлар уни жамиятдан ажратиб қўйишарди. Шу боис Юсуф Исога ишонаётганини очиқчасига тан олишдан ҳайиққан эди. Буни тан олса у мавқеи ва обрўйидан маҳрум бўларди.
Бундай аҳволга тушган фақат Юсуф эмас эди. Юҳанно 12:42 га биноан, «ҳатто бошлиқларнинг кўплари унга [Исога] ишонадиган бўлишди. Аммо ибодатхонадан ҳайдалишдан қўрқиб, фарзийлар олдида буни очиқ тан олмас эдилар». Олий Кенгаш аъзоси Никодим ҳам шундай аҳволга тушган эди. (Юҳан. 3:1–10; 7:50–52)
Юсуф эса шогирд бўлган, аммо буни очиқчасига тан олишга журъат қила олмасди. Буни жиддий муаммо деса бўлади, чунки Исо шундай деб таъкидлаган: «Кимки бошқалар олдида мени тан олса, мен ҳам уни самовий Отам олдида тан оламан. Кимки бошқалар олдида мени инкор этса, мен ҳам уни самовий Отам олдида инкор этаман». (Мат. 10:32, 33) Тўғри, Юсуф Исони очиқчасига инкор этмас эди, лекин уни тан олишга жасорати ҳам етмасди. Сиз ҳақингизда нима деса бўлади?
Муқаддас Китобдан Юсуф яхши бир иш қилгани, яъни Олий Кенгашнинг Исога қарши уюштирган фитнасига қўшилмагани аён бўляпти. (Луқо 23:51) Баъзилар Исо ҳукм этилаётганда Юсуф у ерда бўлмаган, деб тахмин қилишади. Нима бўлганда ҳам, Юсуф бундай ўтакетган адолатсизликдан ўзини жуда ёмон ҳис қилган бўлса керак. Бироқ у буни тўхтатиш учун ҳеч нима қила олмас эди.
ҚЎРҚУВНИ ЕНГДИ
Исо ўлдирилган пайтда Юсуф қўрқувни енгиб, унинг издошларини қўллаб-қувватлаш қарорига келганга ўхшайди. Марк 15:43 да: «Бу киши жасоратга тўлиб, Пилатнинг олдига борди-да, Исони дафн этиш учун рухсат сўради»,— деган сўзлар асосида шундай хулоса қилиш мумкин.
Ҳойнаҳой, Исо ўлганда Юсуф у ерда эди. Унинг ўлгани ҳақида Юсуф Пилатдан олдин билгани аниқ. Чунки у жасадни сўраганида Пилат «Исонинг дарров ўлганидан ҳайрон қолди». (Марк 15:44) Юсуф Исонинг азоб устунида қанчалик қийналганини кўргани виждонига таъсир қилиб, охири уни ҳақиқат томонини эгаллашга унадаганмикан? Бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда Юсуф қўл қовуштириб ўтирмади. Энди у яширин шогирд эмас.
ЮСУФ ИСОНИ ҚАБРГА ҚЎЙДИ
Яҳудийларнинг қонунига кўра, ўлим жазосига лойиқ деб топилган кишиларнинг мурдасини қуёш ботишидан олдин кўмиш керак эди. (Қонун. 21:22, 23) Римликлар эса жазоланган жиноятчиларнинг жасадини чириши учун устунда қолдиришарди ёки умумий қабрга ташлаб юборишарди. Аммо Исо билан бундай қилишларини Юсуф хоҳламаган. Исо қатл қилинган жойга яқин ерда Юсуфнинг қояда ўйилган янги қабри бор эди. Бу қабрга ҳали ҳеч ким қўйилмаганидан шуни кўриш мумкинки, Юсуф Ариматеяданa Қуддусга яқинда кўчиб келган ва ундан оилавий қабр сифатида фойдаланмоқчи бўлган. (Луқо 23:53; Юҳан. 19:41) Юсуф Исони ўз қабрига қўйиб сахийликни намоён этган ва шу йўсин Масиҳ «бойлар ёнига» қўйилиши ҳақидаги башорат амалга ошган. (Ишаё 53:5, 8, 9)
Ўзингизда бор бирор нарсани Яҳова билан бўлган муносабатингиздан устун қўймаяпсизми?
Инжилнинг тўртала ёзувчиси ҳам Юсуф Исонинг жасадини устундан олиб, аъло сифатли зиғир кафанга ўраганини ва уни ўз қабрига қўйганини қайд этишган. (Мат. 27:59–61; Марк 15:46, 47; Луқо 23:53, 55; Юҳан. 19:38–40) Юсуфга фақат бир киши, яъни Никодим ёрдам бергани ҳақида айтилган. Исони дафн қилиш учун у хушбўй ўтлар олиб келган эди. Бу иккита кишининг мавқеини инобатга олсак, жасадни ёлғиз ўзлари тушириб олишгани амримаҳол. Улар жасадни олиб келиш ва уни дафн қилиш учун хизматкорлардан фойдаланган бўлиши мумкин. Шундай бўлса ҳам, бу икки киши қилган ишни арзимас деб бўлмайди. Одатга кўра мурдага теккан ҳар ким етти кун нопок ҳисобланарди ва у қўл теккизган ҳамма нарса нопок саналарди. (Саҳ. 19:11; Хаг. 2:13) Бундай кишилар Фисиҳ байрами ўтадиган ҳафта мобайнида ҳаммадан йироқда бўлиб, байрамни нишонлаш билан боғлиқ барча тадбирларда қатнаша олишмас эди. (Саҳ. 9:6) Қолаверса, Юсуф Исони дафн қилгани учун шериклари томонидан кулгига қолиш хавфи бор эди. Ҳа, Исони дафн қилгани ва ўзини унинг шогирди деб очиқчасига тан олганининг оқибатларини қабул қилишга Юсуф тайёр эди.
ЮСУФ ҲАҚИДАГИ ҲИКОЯНИНГ ЯКУНИ
Исони дафн қилгандан кейин ариматеялик Юсуф тўғрисида Муқаддас Китобда бошқа ҳеч нима айтилмаган. Қизиқ, у билан нима юз берди? Буни билмаймиз. Юқорида айтилганларга биноан, у масиҳий эканини очиқчасига тан олгани ҳақиқатга яқин. Демак, синов ва қийин пайтда унинг имонию жасорати сўнмади, аксинча, янада кучайди. Бу яхши белги.
Ушбу ҳикоядан барчамиз мулоҳаза қилишимиз учун бир савол туғиляпти: ўзимизда бор бирор нарсани, масалан, обрў-эътибор, иш, мол-мулк, қариндошлик ришталари ёки озодликни Яҳова билан бўлган муносабатимиздан устун қўймаяпмизми?
a Ариматея шунингдек Рама деб аталган бўлиши мумкин. Унинг замонавий номи Рентис (Рантис). У Шомуил пайғамбарнинг она шаҳри бўлган ва Қуддусдан тахминан 35 км шимоли-ғарбда жойлашган эди. (1 Шоҳ. 1:19, 20)