11- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Сиз сувга чўмишга тайёрмисиз?
Сувга чўмиш... сизларни... қутқаради. 1 БУТР. 3:21
28- ҚЎШИҚ «Яҳова, ким дўстинг эрур?»
БУ МАҚОЛАДАa
1. Уй қуришдан олдин одам нима қилиши керак?
УЙ ҚУРИШГА қарор қилган одамни кўз олдингизга келтиринг. У қандай уй қурмоқчи эканини билади. Дарҳол дўконга бориб қурилиш молларини сотиб олиб қуришни бошлайдими? Йўқ. Ишни бошлашдан олдин у битта муҳим нарса қилиши — уй қуриш қанчага тушишини ҳисоблаб чиқиши лозим. Нега? Чунки уйни қуриб битказиш учун пули етиш-етмаслигини билиши даркор. Агар бу унга қанчага тушишини яхшилаб ҳисоблаб чиқса, янги уйни қуриб битказиш эҳтимоли шунча юқори бўлади.
2. Луқо 14:27–30 га кўра, сувга чўмишдан аввал нималар ҳақида обдан ўйлаб кўришингиз керак?
2 Яҳовага нисбатан севгингиз ва миннатдорчилигингиз сизни сувга чўмишга ундаяптими? Унда сиз уй қурмоқчи бўлган киши каби қарор олдида турибсиз. Бу нима дегани? Келинг, Исонинг Луқо 14:27–30 да (ўқинг) ёзилган сўзларини кўриб чиқайлик. Исо унинг шогирди бўлиш нимани англатиши ҳақида гапирган эди. Унинг издоши бўлиш учун биз «харажат»ни — қийинчиликлар ва қилинадиган қурбонликларни кўтара билишимиз лозим. (Луқо 9:23–26; 12:51–53) Бу дегани, сувга чўмишдан аввал нималарга дуч келишингиз ҳақида обдан ўйлаб кўришингиз керак. Шунда сувга чўмган масиҳий сифатида Яҳовага садоқат билан хизмат қилишга яхшироқ тайёр бўласиз.
3. Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?
3 Масиҳнинг сувга чўмган шогирди бўлиш бошдан кечирадиган қийинчиликларга ва қилинадиган қурбонликларга арзийдими? Албатта арзийди! Сувга чўмиш ҳозир ва келажакда кўпдан-кўп баракаларга йўл очади. Келинг, сувга чўмишга тегишли баъзи муҳим саволларни муҳокама қиламиз. Бундай қилиш «Сувга чўмишга тайёрманми?» деган саволга жавоб топишингизга кўмаклашади.
БАҒИШЛАНИШ ВА СУВГА ЧЎМИШ ҲАҚИДА НИМАНИ БИЛИШИНГИЗ КЕРАК?
4. а) Бағишланиш ўзи нима? б) Матто 16:24 да айтилган ўзидан кечиш қандай маънога эга?
4 Бағишланиш ўзи нима? Сувга чўмишдан олдин бағишланишингиз керак. Бағишланганда сиз Яҳовага чин дилдан ибодат қилиб, Унга абадий хизмат қилмоқчи эканингизни айтасиз. Худога бағишланганингизда ўзингиздан кечасиз. (Матто 16:24 ни ўқинг.) Бундан кейин Яҳовага тегишли бўласиз. Бу эса катта шараф! (Рим. 14:8) Сиз Унга: «Энди ўзимни мамнун қилмай, диққатимни Сенга хизмат қилишга қаратаман»,— деган бўласиз. Бағишланиш қасам бўлиб, Худога берилган расмий ваъда ҳисобланади. Яҳова бундай қасамни ичишга бизни мажбур қилмайди. Бироқ бу қасамни ичсак, биздан уни бажаришни кутади. (Заб. 116:12, 14)
5. Бағишланиш сувга чўмиш билан қандай боғлиқ?
5 Бағишланиш сувга чўмиш билан қандай боғлиқ? Бағишланишни шахсан ва ёлғиз ўзингиз қиласиз; бу сиз билан Яҳова ўртасида бўлади. Сувга чўмиш эса омма олдида қилинади; бу одатда туман ёки ҳудудий анжуманларда бошқалар олдида амалга оширилади. Сувга чўмганингизда бошқаларга ўзингизни Яҳовага бағишлаганингизни кўрсатган бўласизb. Сувга чўмиш билан сиз бошқаларга Худойингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз, бутун онгингиз ва бутун қувватингиз билан севишингизни ҳамда Унга абадий хизмат қилишга қарор қилганингизни билдирасиз. (Марк 12:30)
6–7. Бутруснинг биринчи мактуби 3:18–22 га кўра, сувга чўмиш муҳимлигининг қандай иккита сабаби бор?
6 Сувга чўмиш шунчалик муҳимми? 1 Бутрус 3:18–22 даги (ўқинг) сўзларни кўриб чиқамиз. Нуҳ қурган кема у Худога ишонганини кўрсатганидек, сувга чўмиб сиз ҳам ўзингизни Худога бағишлаганингизни одамларга намоён этган бўласиз. Лекин сувга чўмиш шунчалик муҳимми? Албатта. Бутрус бунинг сабабини тушунтирган. Биринчидан, бу сизни «қутқаради». Агар Исога ва у биз учун ўлганига, тирилиб осмонга кетганига, ҳозир эса «Тангрининг ўнг томонига ўтирган»ига ишонаётганимизни кўрсатувчи зарурий қадамлар қўйсак, сувга чўмиш бизни қутқара олади.
7 Иккинчидан, сувга чўмиш туфайли «пок виждон»га эга бўламиз. Ўзимизни Худога бағишлаб сувга чўмганимизда биз У билан ўзгача муносабатга киришамиз. Самимий тавба қилганимиз ва тўловга ишонганимиз учун Тангри гуноҳларимизни кечиради. Натижада пок виждонга эга бўламиз.
8. Сувга чўмиш қарорини чиқаришингизга нима асос бўлиб хизмат қилиши керак?
8 Сувга чўмиш қарорини чиқаришингизга нима асос бўлиб хизмат қилиши керак? Муқаддас Китобни пухта тадқиқ қилиш натижасида сиз Яҳова ҳақида — Унинг шахсияти ва йўллари тўғрисида кўп нарсани билиб олдингиз. У ҳақда билиб олганларингиз қалбингизга илиқлик бахш этиб, Унга бўлган севгингизни оширди. Яҳовага бўлган севгингиз сувга чўмиш қарорини чиқаришингиз учун асос бўлиб хизмат қилиши керак.
9. Матто 28:19, 20 даги Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан сувга чўмиш нима дегани?
9 Сувга чўмиш қарорини чиқаришга Муқаддас Китобдан билиб олган таълимотлар ҳам асос бўлиб хизмат қилади. Келинг, Исо шогирд тайёрлаш вазифасини берганда нима деганини кўриб чиқайлик. (Матто 28:19, 20 ни ўқинг.) Унинг сўзларига кўра, сувга чўмадиганлар буни «Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан» қилишлари керак. Бу нима дегани? Сиз Яҳова, Унинг Ўғли Исо ва муқаддас руҳ тўғрисидаги Муқаддас Китоб ҳақиқатларига чин дилдан ишонишингиз керак. Бу жуда кучли ва қалбингизга қаттиқ таъсир қиладиган ҳақиқатлар. (Иброн. 4:12) Келинг, уларни кўриб чиқайлик.
10–11. Ота тўғрисидаги қандай ҳақиқатларни ўргандингиз ва қабул қилдингиз?
10 Ота тўғрисидаги ҳақиқатларни: исми «Яҳова», замин узра ёлғиз У «Аллоҳ Таоло» ва «ҳақ Худо» эканини билиб олган пайтингиз ҳақида ўйлаб кўринг. (Заб. 83:18; Ишаё 37:16) Яҳова бизнинг Яратувчимиз ва «нажоткор»имиздир. (Заб. 3:8; 36:9) Бизни гуноҳ ва ўлимдан қутқариш учун чора кўрди ҳамда абадий яшаш истиқболини берди. (Юҳан. 17:3) Бағишланиб ва сувга чўмиб, Яҳованинг Шоҳиди эканингизни кўрсатган бўласиз. (Ишаё 43:10–12) Сиз Худонинг исми билан аталишдан фахрланадиган ва бошқаларга бу исмни танитадиган топинувчилардан иборат умумжаҳон оиланинг бир қисми бўласиз. (Заб. 86:12)
11 Ота ҳақидаги Муқаддас Китоб ҳақиқатларини тушуниш катта шараф! Ушбу қимматбаҳо ҳақиқатларни қабул қилгач, қалбингиз сизни ўзингизни Яҳовага бағишлашга ва сувга чўмишга ундайди.
12–13. Ўғил ҳақидаги қандай ҳақиқатларни ўргандингиз ва қабул қилдингиз?
12 Ўғил тўғрисида қуйидаги ҳақиқатларни ўргангач, уларга қандай муносабат билдиргансиз? Исо оламдаги иккинчи муҳим шахс. У бажонидил ўз ҳаётини биз учун тўлов сифатида берди. Ишларимиз билан тўловга ишонаётганимизни кўрсатсак, гуноҳларимиз кечирилади, Худо билан дўстлигимиз ривожланади ва абадий ҳаётга эга бўламиз. (Юҳан. 3:16) Исо Олий руҳонийимиздир. У бизга тўловдан фойда олишимизга ва Тангри билан яқин муносабатга эга бўлишимизга ёрдам беришни истайди. (Иброн. 4:15; 7:24, 25) У Худо Шоҳлигининг Шоҳи экан, Яҳова Ўз исмини муқаддас қилиш, ёвузликка чек қўйиш ва яқинлашиб келаётган жаннатда абадий баракалар беришда ундан фойдаланади. (Мат. 6:9, 10; Ваҳ. 11:15) Исо биз учун ўрнакдир. (1 Бутр. 2:21) У ҳаётини Худонинг иродасини бажаришга бағишлаган эди ва шу тариқа бизга ўрнак кўрсатди. (Юҳан. 4:34)
13 Исо ҳақидаги Муқаддас Китобда ёзилган таълимотларни қабул қилганингизда, сизда Худонинг азиз Ўғлига нисбатан севги пайдо бўлади. Бундай севги сизни Исо каби ҳаётингизни Худонинг иродасини бажаришга ундайди. Натижада бу Яҳовага бағишланиб сувга чўмишга туртки бўлади.
14–15. Муқаддас руҳ тўғрисида қандай ҳақиқатларни ўргандингиз ва қабул қилдингиз?
14 Худонинг Каломидан муқаддас руҳ тўғрисида қуйидаги ҳақиқатларни ўрганганингизда қандай фикрда эдингиз? Бу шахс эмас, балки Худонинг фаол қудратидир. Яҳова Муқаддас Китоб ёзилишида муқаддас руҳдан фойдаланган. Шунингдек, бу руҳ Каломда ёзилганларни тушунишимизга ва уларни ҳаётга татбиқ этишимизга кўмаклашади. (Юҳан. 14:26; 2 Бутр. 1:21) Ўз руҳи орқали Яҳова бизга «инсонларникидан устун турган куч»ни беради. (2 Кор. 4:7) Руҳ хушхабарни ваъз қилиш, васвасага қарши туриш, тушкунлик билан курашиш ва синовларни енгиш учун бизга куч ато этади. «Муқаддас руҳ самараси» бўлмиш гўзал фазилатларни намоён этишда ҳам руҳ бизга ёрдам беради. (Галат. 5:22) Худо Унга таянадиган ва чин дилдан бу руҳни сўраган кишиларга уни сахийлик билан беради. (Луқо 11:13)
15 Яҳовага топинадиган кишилар Унга хизмат қилишда муқаддас руҳга таяна олишларини билиш нақадар далдали! Муқаддас руҳ тўғрисида ўрганган ҳақиқатларни қабул қилганингизда, улар Яҳовага бағишланиб сувга чўмишингизга туртки бўлади.
16. Муҳокамамиздан нималарни билиб олдингиз?
16 Ўзингизни Худога бағишлаб сувга чўмганингизда ҳаётингизда муҳим қадам қўясиз. Билиб олганимиздай, сиз «харажат»ни — қийинчиликлар ва қилинадиган қурбонликларни кўтара билишингиз керак. Аммо баракалар харажатлардан ортиқроқ бўлади. Сувга чўмиш сизни қутқаради ва Худо олдида пок виждонга эга бўлишингизга олиб келади. Сувга чўмиш қарорингиз аввало Тангри Яҳовага бўлган севгига асосланган бўлиши керак. Шунингдек, Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ тўғрисида билиб олган ҳақиқатларга чин дилдан ишонишингиз даркор. Шунча нарсани муҳокама қилгач, «Сувга чўмишга тайёрманми?» деган саволга қандай жавоб берасиз?
СУВГА ЧЎМИШДАН ОЛДИН НИМА ҚИЛИШИНГИЗ КЕРАК?
17. Қандай қадамлар сувга чўмишга етаклайди?
17 Сувга чўмишга тайёр эканингизни ҳис қилаётган бўлсангиз, демак, Яҳова билан яхши муносабатларни қуриш учун бир нечта қадам қўйиб бўлгансизc. Муқаддас Китобни мунтазам тадқиқ қилиш натижасида Яҳова ҳамда Исо тўғрисида кўп нарсани билиб олдингиз. Имонингиз ривожланди. (Иброн. 11:6) Яҳованинг Муқаддас Китобдаги ваъдаларига тўлиқ ишонадиган бўлдингиз ва Исонинг қурбонлигига ишончингиз сизни гуноҳ ва ўлимдан қутқаришига аминсиз. Гуноҳларингиздан тавба қилдингиз; қилган ёмон ишларингиздан пушаймонсиз ва Яҳовадан сизни кечиришини сўрадингиз. Ҳаётингизни ўзгартирдингиз; илгариги ёмон ҳаёт тарзидан воз кечдингиз ва Худони мамнун қилиб яшай бошладингиз. (Ҳавор. 3:19) Эътиқодингиз тўғрисида бошқаларга айтиб беришга интиляпсиз. Сувга чўммаган ваъзгўй бўлиш талабларига мос келдингиз ва жамоат билан ваъз қила бошладингиз. (Мат. 24:14) Бундай зарурий қадамлар қўйганингиздан Яҳова фахрланмоқда. Сиз Унинг қалбини қувонтиряпсиз. (Ҳик. 27:11)
18. Сувга чўмишдан олдин яна нималар қилишингиз керак?
18 Сувга чўмишингиздан олдин яна айрим нарсаларни қилиш керак. Айтиб ўтганимиздек ўзингизни Худога бағишлашингиз лозим. Холи қолиб унга мурожаат қилинг, самимий ибодат қилинг ва Унинг иродасини бажаришга ваъда беринг. (1 Бутр. 4:2) Кейин оқсоқоллар кенгашининг раисига сувга чўммоқчи эканингизни айтинг. У айрим оқсоқоллардан сиз билан учрашишни сўрайди. Улар билан учрашишдан қўрқманг. Эсда тутинг, бу азиз биродарлар сизни билишади ва севишади. Улар сиз билан Муқаддас Китобдаги асосий таълимотларни кўриб чиқишади. Улар сиз бу таълимотларни ва бағишланиш ҳамда сувга чўмиш муҳим эканини тушунаётганингизга ишонч ҳосил қилишни исташади. Тайёр эканингизни кўришса, кейинги туман ёки ҳудудий анжуманда сувга чўмишингиз мумкинлигини сизга айтишади.
СУВГА ЧЎМГАНДАН КЕЙИН НИМА ҚИЛИШИНГИЗ КЕРАК?
19–20. Сувга чўмгандан кейин нима қилишингиз керак ва бунга қандай эришса бўлади?
19 Сувга чўмгандан кейин нима қилишингиз керак?d Бағишланиш қасам эканини ва Яҳова сиздан уни бажаришни кутишини эсда тутинг. Сувга чўмгандан кейин бағишловингизга мувофиқ яшашингиз керак. Буни қандай қилса бўлади?
20 Жамоатингиз билан яқин бўлинг. Сувга чўмган масиҳий сифатида энди сиз «имондошлар» сафига қўшиласиз. (1 Бутр. 2:17) Жамоатдаги биродару опа-сингиллар маънавий оилангиздир. Йиғилишларга мунтазам қатнаб улар билан ришталарингизни мустаҳкамлайсиз. Ҳар куни Худонинг Каломини ўқиб, мулоҳаза юритинг. (Заб. 1:1, 2) Муқаддас Китобдан бир парча ўқигач, улар устида чуқур мулоҳаза юритишга вақт ажратинг. Шунда улар қалбингизга таъсир қилади. «Доим ибодат қилинг». (Мат. 26:41) Самимий ибодатлар қилиб Яҳовага янада яқин бўласиз. «Худонинг Шоҳлиги... ҳамиша биринчи ўринда бўлсин». (Мат. 6:33) Ваъзгўйлик иши ҳаётингизда устувор бўлса бунга риоя қилган бўласиз. Хизматда мунтазам иштирок этиб имонингизни мустаҳкам сақлайсиз ва бошқаларга абадий ҳаётга элтувчи йўлдан юришга кўмаклашасиз. (1 Тим. 4:16)
21. Сувга чўмишингиз нимага йўл очади?
21 Ўзингизни Яҳовага бағишлаш ва сувга чўмиш ҳаётингиздаги энг муҳим қарордир. Тўғри, ўзига яраша «харажатлари» ҳам бор. Харажатлар қилиш арзийдими? Албатта! Бу эски дунёда дуч келишингиз мумкин бўлган ҳар қандай қийинчилик «енгил ва қисқа муддатлидир». (2 Кор. 4:17) Ва аксинча, сувга чўмиш ҳозирнинг ўзида кўп мамнуният келтириб, келажакда «ҳақиқий ҳаёт»га йўл очади. (1 Тим. 6:19) Шу учун, илтимос, «Сувга чўмишга тайёрманми?» деган саволнинг жавоби устида яхшилаб ўйлаб кўриб, ибодат қилинг.
50- ҚЎШИҚ Бағишланиш ибодати
a Сувга чўмиш ҳақида ўйлаяпсизми? У ҳолда бу мақола айнан сиз учун. Бу мақолада мазкур муҳим мавзуга тегишли айрим жиддий саволлар муҳокама қилинади. Жавобларингиз сувга чўмишга тайёр ёки тайёр эмаслигингизни аниқлашга кўмаклашади.
b «Сувга чўмиш куни бериладиган иккита савол» номли рамкага қаранг.
d Агар «Муқаддас Китоб ҳақиқатлари» ва «Келинг, Худонинг меҳр-муҳаббатида қолайлик» китобларини тадқиқ қилишни тугатмаган бўлсангиз, иккаласини ҳам тадқиқ ўтказувчи билан ўрганиб, охирига етказинг.