43- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Яҳовага мутлақ садоқатли бўлинг
Яҳова мутлақ садоқатни талаб қиладиган... Худодир. НОХ. 1:2
51- ҚЎШИҚ Ўзимизни Яҳовага бахш этдик!
БУ МАҚОЛАДАa
1. Нима учун Яҳова мутлақ садоқатли бўлишимизга лойиқ?
ТАНГРИ ЯҲОВА мутлақ садоқатли бўлишимизга лойиқ. Зеро, У бизнинг Яратувчимиз бўлиб, ҳаёт Манбаидир. (Ваҳ. 4:11) Аммо бир хавф бор. Ҳатто Яҳовани яхши кўриб, Уни ҳурмат қилсак ҳам, бошқа қандайдир нарсалар муҳим ўринга кўчиб, Унга мутлақ садоқатли бўлишимизга тўсқинлик қилиши ҳеч гап эмас. Бу жараён қандай бўлишини билишимиз ўта муҳим. Аввало, келинг, мутлақ садоқат нимани англатишини тушуниш учун баъзи фикрларга диққат қаратайлик.
2. Чиқиш 34:14 га биноан, Яҳовага мутлақ садоқатли қолиш учун нима қиламиз?
2 Муқаддас Китобга кўра, Аллоҳга садоқатли бўлиш Уни қаттиқ яхши кўриш дегани. Яҳовага мутлақ садоқатли бўлсак, фақат Унга топинамиз. Қалбимизда бирон ким ва бирон нарса Яҳованинг ўрнини эгаллашига йўл қўймаймиз. (Чиқиш 34:14 ни ўқинг.)
3. Нега Яҳовага бўлган садоқатимиз кўр-кўрона эмас деб айта оламиз?
3 Яҳовага бўлган садоқатимиз кўр-кўрона эмас. Нега дейсизми? Чунки садоқатимиз Худо ҳақида олаётган билимларга асосланади. Қолаверса, Унинг ажойиб фазилатларидан завқ оляпмиз. Унга нима ёқиш-ёқмаслигини биламиз ва У каби нуқтаи назарга эга бўлишга интиламиз. Биз У инсонлар учун кўзлаган ниятларини тушуниб, уларни амалга оширишига ҳисса қўшамиз. У бизга дўстлашиш имконини бераётганини шараф деб биламиз. (Заб. 25:14) Яратган Эгамиз ҳақида билиб олаётган ҳар бир тафсилот бизни Унга янада кўпроқ яқинлаштиради. (Ёқб. 4:8)
4. а) Яҳовага мутлақ садоқатли бўлмаслигимиз учун Иблис нимадан фойдаланяпти? б) Бу мақолада нима ҳақида гап боради?
4 Иблис бу дунёни бошқариб, одамларнинг табиий истакларию заифликларига таъсир қилишга интилади. (Эфес. 2:1–3; 1 Юҳан. 5:19) Унинг мақсади биз Яҳовага мутлақ садоқатли бўлмай, бошқа нарсаларга берилишимизга қаратилган. Келинг, Иблис буни қандай амалга оширмоқчи эканининг иккита йўлини кўриб чиқайлик. Биринчиси, бойлик орттириш васвасаси, иккинчиси эса зарарли ўйин-кулгиларни танлаш.
ПУЛПАРАСТЛИКДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
5. Нима сабабли пулни яхши кўриб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз лозим?
5 Табиийки, барчамиз етарлича овқатланишни, чиройли кийинишни ва қулай шароитларда яшашни истаймиз. Лекин пулни яхши кўриб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз лозим. Бу дунёдаги кўплар «пулпараст» бўлиб, пулга сотиб олиш мумкин бўлган нарсаларни яхши кўради. (2 Тим. 3:2) Исо Масиҳ унинг издошлари бундай хавфга дуч келиши мумкинлигини билган. У шундай деган: «Ҳеч ким икки хўжайинга қуллик қилолмайди. У ё биридан нафратланиб, иккинчисини севади ёки бирига содиқ қолиб, иккинчисини менсимайди. Сизлар ҳам Худонинг, ҳам бойликнинг қули бўла олмайсизлар». (Мат. 6:24) Яҳовага топинаётган киши ҳаддан ташқари кўп вақтинию кучини бу дунёда бойлик орттиришга сарфласа, аслида, иккита хўжайинга хизмат қилаётган бўлади. У Яҳовага мутлақ садоқатли эмаслигини кўрсатади.
6. Исо Лаодикиядаги жамоат аъзоларига айтган сўзларидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
6 Тахминан милодий биринчи асрнинг охирида Лаодикия шаҳридаги жамоат аъзолари шундай деб мақтанган: «Мен бойман, бойиб кетдим, ортиқ менга ҳеч нарса керак эмас». Лекин Яҳованинг ҳамда Исонинг назарида улар «бахтсиз, ачинарли аҳволда, камбағал, кўр ва яланғоч» эди. Исо улар бой бўлгани учун эмас, балки улар пулга ўч бўлиб, Яҳова билан бўлган муносабатларига зиён етказаётгани учун маслаҳат берган. (Ваҳ. 3:14–17) Агар пулга ўч бўлаётганимизни пайқаб қолсак, нуқтаи назаримизни шу заҳотиёқ ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз зарур. (1 Тим. 6:7, 8) Борди-ю, бундай қилмасак, қалбимизда бошқа нарсаларга бўлган меҳр уйғонади ва топинишимиз Яҳовага маъқул келмайди. Зеро, У «мутлақ садоқатни талаб этади». (Қонун. 4:24) Қизиқ, қандай қилиб пул ҳаётимизда биринчи ўринда бўлиб қолиши мумкин?
7–9. Дэвид исмли оқсоқолнинг мисолидан нимани ўргандингиз?
7 Келинг, Қўшма Штатларда яшовчи меҳнатсевар Дэвид исмли оқсоқолнинг мисолига диққат қаратайлик. У ўзини ишга берилиб кетган киши деб тасвирлади. Дэвид бир компанияда ишлаб, мартабаси ошган ва ҳатто ўз соҳаси бўйича мамлакатидаги энг зўр ишчи сифатида тан олинди. У: «Вақт ўтгани сайин, мукофотларимни Яҳованинг баракасидай қабул қилардим»,— деди. Хўш, бу чиндан ҳам баракамиди?
8 Дэвид иши унинг Яҳова билан бўлган дўстона муносабатларига ёмон таъсир қилаётганини сеза бошлади. «Йиғилишда ва ҳатто хизматда бўлганимда, ишхонамдаги муаммоларни ўйлаб юрганимни пайқаб қолдим. Тўғри, кўп пул топардим, аммо шу билан бирга ташвишларим ҳам ортиб, оиламда муаммолар юзага келди»,— деди у.
9 Дэвид ҳаётида нима муҳим аҳамиятга эга эканини ҳал қилиши керак эди. У қуйидагича бўлишди: «Вазиятимни ўзгартиришга қатъий қарор қилдим». Дэвид иш жадвалини ўзгартирмоқчи бўлиб бошлиғига бу ҳақда айтди. Натижаси қандай бўлди? У ишсиз қолди. Кейин у қандай йўл тутди? У: «Эртаси куниёқ доимий равишда кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қилишга ариза топширдим»,— деди. Шунингдек, у ва хотини тозалик хизмати билан боғлиқ ишга киришди. Вақт ўтгач, у доимий кашшоф бўлди ва хотини ҳам кейинчалик доимий кашшофликни бошлади. Бу жуфтлик аксарият одамлар паст назар билан қарайдиган ишни танлади, бироқ ўша иш улар учун анча муҳимроқ бўлган фаолият билан шуғулланиш имконини берди. Ҳатто олдингига қараганда, ҳозир ўн баравар кам ойлик олишса-да, ҳар ой сарф-харажатларини қоплай олишмоқда. Улар Яҳовани ҳаётида биринчи ўринга қўйишмоқда ва Шоҳлик манфаатлари пайида бўлиб, Яҳова уларга ғамхўрлик қилаётганини ҳис этишмоқда. (Мат. 6:31–33)
10. Қандай қилиб қалбимизни асрай оламиз?
10 Боймизми ёки йўқми, барчамиз қалбимизни асрашимиз керак. Қандай қилиб? Бойликка ружу қўйишдан эҳтиёт бўлишимиз даркор. Қолаверса, ишимиз Яҳовага хизмат қилишдан устун бўлиб қолмаслиги муҳим. Бу сиз билан юз бермаётганини қаердан билса бўлади? Масалан, қуйидаги саволларни ўзингизга бериб кўришингиз мумкин: «Йиғилишда ёки хизматда кўпинча ишим ҳақида ўйлайманми? Келажакда етарлича пулим бўладими деб доим ташвишланаманми? Пул ва моддий нарсалар дастидан оиламда муаммолар пайдо бўляптими? Яҳовага кўпроқ хизмат қилиш ниятида бошқалар паст назар билан қарайдиган ишни танлашга тайёрманми?» (1 Тим. 6:9–12) Булар борасида фикр юритаётганда, шуни ёдда тутингки, Яҳова бизни яхши кўради ва Унга садоқатли кишиларга: «Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман»,— деб ваъда бермоқда. Шу боис ҳам, ҳаворий Павлус қуйидагича ёзган: «Пулпарастликдан холи кун кечиринглар». (Иброн. 13:5, 6)
ЎЙИН-КУЛГИ ТУРЛАРИНИ ЎЙЛАБ ТАНЛАНГ
11. Танлаган ўйин-кулги турлари одамга қандай таъсир қилиши мумкин?
11 Яҳова ҳаётдан завқ олиб яшашимизни хоҳлайди ва ўйин-кулги бунга ҳисса қўшиши мумкин. Худонинг Каломида ёзилишича, инсон учун «еб-ичиб, қилган меҳнатининг роҳатини кўришдан яхшироқ нарса йўқ». (Воиз 2:24) Бироқ бу дунёдаги ўйин-кулги турларининг аксарияти бизга ёмон таъсир қилиши мумкин. Улар дастидан одамларнинг ахлоқ борасидаги тушунчалари пасайиб, бунга кўз юмишга ёки ҳатто Худонинг Каломида қораланган нарсаларга меҳр боғлашга етаклайди.
12. Коринфликларга биринчи мактуб 10:21, 22 га кўра, нега ўйин-кулги турларини ўйлаб танлашимиз керак?
12 Яҳовага мутлақ садоқатли бўлишни истаганимиз учун, ҳам Унинг «дастурхонидан», ҳам «жинлар дастурхонидан таом ея олмаймиз». (1 Коринфликларга 10:21, 22 ни ўқинг.) Масалан, кимдир билан бирга овқатлансак, кўпинча бу дўст эканимизни кўрсатади. Агар зўравонлик, сеҳр-жоду, ахлоқсизлик ёки тана хоҳишларинию нотўғри фикрлаш тарзини ривожлантирадиган бошқа нарсаларни олға сурадиган ўйин-кулги турларини танласак, Аллоҳнинг душманлари томонидан тайёрланган овқатни улар билан бирга истеъмол қилган бўламиз. Натижада, нафақат ўзимизга зарар келтирамиз, балки Яҳова билан бўлган муносабатларимизга ҳам путур етказамиз.
13–14. Ёқуб 1:14, 15 га биноан, танлаётган ўйин-кулгимиз борасида нега диққатли бўлишимиз керак? Мисол келтиринг.
13 Ўйин-кулгини том маънодаги овқат билан солиштириш мумкинлигининг бир нечта мисолига диққат қаратайлик. Нима ейишни танлашимиз мумкин. Егуликни ютганимиздан кейин эса, у танамизга қандай таъсир қилишини танлай олмаймиз. Фойдали овқат есак, соғлом бўламиз; зарарли овқат еганда эса, бунинг акси бўлади. Натижаси бир кечанинг ўзида аён бўлмайди, аксинча, бунга вақт керак.
14 Шу сингари, ўйин-кулги турини танлаганда, онгимизга қандай фикрлар киришини назорат қила оламиз. Аммо ундан кейин танлаган ўйин-кулгимиз қалбимизга таъсир қилади. Яхши ўйин-кулги кучимизни янгилайди, ёмони эса, зарар келтиради. (Ёқуб 1:14, 15 ни ўқинг.) Ёмон ўйин-кулгиларнинг таъсири шу заҳоти сезилмас, аммо вақт ўтиб, барчаси яққол кўринади. Шу боис, Муқаддас Китобда қуйидаги огоҳлантирув келтирилган: «Адашманглар, Худони лақиллатиб бўлмайди. Инсон нима экса, шуни ўради. Ким ўз танасига уруғ экса, танасидан чирийдиган нарса ўриб олади. Кимки муқаддас руҳга экса, муқаддас руҳдан мангу ҳаёт ўриб олади». (Галат. 6:7, 8) Яҳова нафратланадиган нарсаларни олға сурадиган ўйин-кулгиларни рад этиш жуда муҳим! (Заб. 97:10)
15. Қувонишимиз учун Яҳова қандай ҳадя берди?
15 Яҳованинг кўп хизматчилари JW Интернет-телевидениесини, яъни Интернет каналимизни томоша қилишдан завқ олади. Марилин исмли имондошимиз шундай деди: «JW Интернет-телевидениеси туфайли кўпроқ қувонч ҳис этяпман ва ундаги барча нарсани томоша қилишим мумкин. Чунки ҳаммаси фойдали. Ўзимни ёлғиз ва тушкун ҳис этганимда, далдали нутқ ёки эрталабки топинишни томоша қиламан. Шунда ўзимни Яҳовага ҳамда Унинг ташкилотига яқинроқ ҳис этаман. JW Интернет-телевидениеси ҳаётимни бутунлайин ўзгартириб юборди». Сиз ҳам Яҳованинг бу ҳадясидан фойда оляпсизми? Ҳар ойнинг кўрсатувларига қўшимча равишда JW Интернет-телевидениесида бир қанча аудио ва видео дастурларини, жумладан, далдали қўшиқларни истаган пайтингизда томоша қилишингиз ёки тинглашингиз мумкин.
16–17. Ўйин-кулгига қанча вақт сарфлаётганимизни назорат қилиш нега муҳим ва буни қай йўсин амалга оширса бўлади?
16 Нафақат ўйин-кулги турини танлаганимизда, балки унга қанча вақт сарфлашга келганда ҳам, диққатли бўлишимиз керак. Акс ҳолда, Яҳовага хизмат қилиш кейинга қолиб, ўйин-кулгига кўпроқ вақт сарфлашимиз ҳеч гап эмас. Ўйин-кулгига қанча вақт сарфлашни назорат қилиш кўпчиликка қийинчилик туғдиради. 18 ёшли имондошимиз Абигайл шундай деди: «Телевизор томоша қилиш куннинг охирида бир оз дам олишимга ёрдам беради. Лекин эҳтиёт бўлмасам, бунга соатлаб вақтим кетиб қолиши мумкин». Ёш биродаримиз Сэмюэл эса: «Интернетда кўп видеороликлар томоша қилишим мумкин. Бошида битта кўраман ва ана-мана дегунча уч ё тўрт соатдан бери кўриб ўтирган бўламан»,— деб айтди.
17 Хўш, ўйин-кулгига қанча вақт сарфлашни қандай назорат қила оласиз? Биринчи қадам: одатда бунга қанча вақт кетказишингизни ҳисобланг. Масалан, бир ҳафталик кузатувларингизни ёзишингиз мумкин. Телевизор томоша қилишга, Интернетда ўтиришга ва электрон қурилмангизда ўйин ўйнашга қанча вақт сарфлаганингизни календарга ёзиб қўйинг. Ҳаддан ортиқ кўп вақт сарфлаётганингизни пайқасангиз, жадвал тузинг. Биринчи навбатда муҳимроқ нарсалар, кейин ўйин-кулгилар учун вақт ажратинг. Сўнг Яҳовага ибодат қилиб, жадвалингизга амал қилишга ёрдам беришини сўранг. Шунда шахсий тадқиқ, оилавий топиниш, жамоат учрашувлари ҳамда ваъзгўйлик ва таълим бериш ишида қатнашиб, Яҳовага хизмат қилиш учун вақтингиз бўлади. Қолаверса, Яҳовани биринчи ўринга қўйганингиз учун, ўйин-кулгидан кўпроқ қувонч топасиз.
ЯҲОВАГА МУТЛАҚ САДОҚАТЛИ ҚОЛИНГ
18–19. Яҳовага мутлақ садоқатли эканимизни қай йўсин исботлай оламиз?
18 Ҳаворий Бутрус бу дунёнинг охири ва янги дунё келиши тўғрисида ёзгач, қуйидагича таъкидлаган: «Азизларим, буларни кутаётиб, оқибатда У сизларни беғубор, бенуқсон ва тинч яшайдиган одамлар деб топиши учун жон куйдиринглар». (2 Бутр. 3:14) Мазкур маслаҳатга амал қилиб, ахлоқан ва маънан пок қолиш учун қўлимиздан келганини қилсак, Яҳовага мутлақ садоқатли эканимизни исботлаймиз.
19 Шайтон ва унинг дунёси муҳим бўлган нарсаларни четга суришимиз учун бизни васваса қилишдан тўхтамайди. (Луқо 4:13) Бироқ қандай қийинчиликка дуч келмайлик, бирон нарса ёки бирон ким қалбимизда Яҳованинг ўрнини эгаллашига йўл қўймаймиз. Яҳовага мутлақ садоқатли бўлишни истаймиз, зеро фақат У бунга лойиқ!
30- ҚЎШИҚ Дўстим, Отам ва Раббим
a Тангри Яҳовага хизмат қилишни яхши кўрамиз. Лекин Унга мутлақ садоқатлимизми? Бу саволнинг жавоби чиқараётган қарорларимизда ошкор бўлади. Келинг, ҳаётимизнинг ўзгача иккита соҳасига диққат қаратайлик. Бу Яҳовага қанчалар садоқатли эканимизни аниқлашга кўмаклашади.
b РАСМГА ШАРҲ. Ифлос ошхонада тайёрланган овқатни ейишни истамаймиз. Шунга ўхшаб, зўравонлик, сеҳр-жоду ёки ахлоқсизлик билан заҳарланган ўйин-кулгини томоша қилмаган бўлардик.