Худонинг иродаси пайидан бўлинглар
Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси [адолати, изоҳ] пайидан бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси сизга қўшимча қилиб берилади. МАТ. 6:33
1, 2. Худонинг адолати нима ва у нимага асосланган?
«АВВАЛО Худонинг Шоҳлиги... пайидан бўлинглар» (Мат. 6:33). Ушбу сўзларни, Исо Масиҳ таниқли Тоғдаги ваъзида айтган эди. Бу Шоҳликни яхши кўришимизни ва унга садоқатли бўлиш истагимизни ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида кўрсатишимиз керак. Аммо-лекин, ушбу оятнинг иккинчи қисмига, яъни «Унинг адолати» деган сўзларга ҳам диққатли бўлиш керак. Хўш, Аллоҳнинг адолати нима ва унинг пайидан бўлиш нимани англатади?
2 Муқаддас Китобнинг асл нусхасидаги «адолат» сўзи «одиллик», «тўғрилик» ёки «солиҳлик» деб таржима қилинади. Аллоҳнинг адолати Унинг меъёрлари ва қадриятлари билан уйғундир. Фақатгина Парвардигоримиз Яҳова, нима яхши ва нима ёмон ҳамда тўғри ёки нотўғри эканини белгилашга ҳақли (Ваҳ. 4:11). Унинг адолати беғараз ва холисона бўлиб, мураккаб қоидаю қонунларга асосланмаган. Аксинча, ушбу адолат Эгамизнинг меҳрибонлигига асосланиб, севгиси, донолиги ва кучи билан чамбарчас боғлиқ. Яҳованинг одиллиги, Унинг иродаси ва мақсади билан алоқадордир. Шунингдек Худо, хизматчиларидан чин дилдан хизмат қилишини кутади.
3. а) Худонинг адолати пайидан бўлиш нимани англатади? б) Нега Яҳованинг одил меъёрлари бўйича йўл тутамиз?
3 Худонинг адолати пайидан бўлиш нимани англатади? Содда қилиб айтсак, бу Аллоҳни мамнун қилиш учун Унинг иродасини бажариш демакдир. Эгамизнинг одиллиги ҳаётимизда биринчи ўринда бўлса, ўзимизнинг эмас, илоҳий меъёрлар бўйича яшашга ҳаракат қиламиз (Римликларга 12:2 ўқинг). Шунингдек, Яҳова билан бўлган дўстона муносабатларни ривожлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Албатта, қўрқув туфайли Унинг қонунларига бўйсунмаймиз. Аксинча, Эгамизга бўлган севги бизни ўз нуқтаи назаримиз асосида эмас, балки Унинг илоҳий меъёрлари бўйича йўл тутишга ундайди. Ва шундай қилиш тўғри эканини биламиз, чунки биз айнан шунақа қилиб яратилгандик. Самовий Шоҳликнинг Подшоҳи Исо Масиҳга ўхшаб, адолатни севишимиз муҳим (Иброн. 1:8, 9).
4. Нимага Яҳованинг одиллиги пайидан бўлиш муҳим?
4 Яҳованинг одиллиги пайидан бўлиш қанчалик муҳим? Эсингизда бўлса, Адан боғидаги синовнинг мақсади, илк жуфтлик фақат Яҳова меъёрларни ўрнатишга ҳақли эканини тан олишдан иборат эди (Ибт. 2:17; 3:5). Улар ушбу синовдан ўта олишмагани боис, бутун инсоният азоб-уқубат ва ўлимга мубтало бўлди (Рим. 5:12). Бошқа томондан, Ҳикматлар 21:21 да қуйидагиларни ўқиймиз: «Тўғрилик ва иноят пайида бўлганлар узоқ умр, солиҳлик ва шон-шуҳратга эришади». Дарҳақиқат, аввало Худонинг адолати пайидан бўлиш, У билан дўстликка ва ўз навбатида нажотга етаклайди (Рим. 3:23, 24).
Ўз солиҳлигини ўрнатиш хавфи
5. Қандай хавф-хатардан йироқлашишимиз керак?
5 Ҳаворий Павлус Римдаги имондошларини огоҳлантириб, Худонинг одиллиги пайидан бўлиш учун бир хавф-хатардан қочишимиз керак деган. Яҳудий имондошлари ҳақида Павлус шундай айтган: «Уларнинг Худо йўлида ғайратлари борлигига гувоҳдирман. Бироқ бу ғайрат ҳақиқий тушунчага асосланган эмас. Худонинг Ўзи одамларни оқлаб солиҳ дейишини улар англамасдан, ўз солиҳликларини ўрнатишга интилдилар, якка Ўзи одамларни оқлаб солиҳ деган Худога илтижо қилмадилар» (Рим. 10:2, 3). Павлуснинг сўзларига биноан улар Худонинг адолатини охиригача тушунишмагани учун, ўз солиҳлигини ўрнатиш билан овора эдиларa.
6. Қандай муносабатдан қочишимиз керак ва нега?
6 Агар, хизматимизни бошқаларники билан солиштираверсак, биз ҳам бундай хатога йўл қўйишимиз ҳеч гап эмас. Бундай муносабат дастидан, биз ўзимизни бошқалардан донороқ ва тўғрироқ деб билишимиз мумкин. Борди-ю, биз шундай йўл тутсак, Яҳованинг адолатини эсдан чиқариб қўямиз (Галат. 6:3, 4). Ниятларимизни доимо текшириш орқали, Яҳовага севгимизни эзгу ишларимиз билан кўрсата оламиз. Одам солиҳлигини ўрнатиш билан Яҳовага бўлган севгисини барбод қилади (Луқо 16:15 ўқинг).
7. Ўз солиҳлигини ўрнатувчилар ҳақида Исо қандай масал келтирган?
7 Исо ҳам, «ўзининг тақводорлигини пеш қилиб, бошқаларни эса камситиб юрган баъзи одамлар» ҳақида гапирган эди. Бу борада Устозимиз шунақа масал келтирган: «Бири фарзий, бошқаси солиқчи бўлган икки киши ибодат қилиш учун маъбадга кирдилар. Фарзий алоҳида туриб ўзича шундай ибодат қилибди: “Ё Худо! Мен бошқа одамлардай талончи, жиноятчи, зиногар ва ҳатто шу солиқчи сингари бўлмаганим учун Сенга шукр айтаман. Ҳафтада икки марта рўза тутаман. Топганимнинг ўндан бирини ушр учун ажратаман”. Солиқчи бўлса узоқда туриб, ҳатто кўзларини осмонга қаратишга ҳам ботина олмай, кўкрагига урганича: “Ё Худо, мен гуноҳкорга раҳм қил!” — дебди». Исо сўзида давом этиб: «Сизга айтаманки, бу одам боягидан кўра оқланиб уйига қайтибди. Чунки ўзини юқори олган ҳар бир киши пасайтирилади, ўзини паст олган эса юксалтирилади»,— деди (Луқо 18:9–14).
Жуда ҳам солиҳ бўлишнинг хавфи
8, 9. «Жуда ҳам солиҳ бўлиш» нимани билдиради ва биз бундан қандай қочишимиз мумкин?
8 Шунингдек, Тавротда мана шундай огоҳлантириш ёзилган: «Қонунпараст [жуда ҳам солиҳ] бўлма, донолигингга жуда ҳам ишонаверма, нима учун ўзингни ўзинг ҳалок қилишинг керак?!» (Воиз 7:16, изоҳ). Бундан нима учун йироқлашиш кераклиги ҳақида Воиз 7:20 да: «Бу дунёда ҳар доим солиҳлик қилиб, умуман гуноҳ қилмайдиган инсон йўқдир»,— деб айтилган. «Жуда ҳам солиҳ бўлган» одам ўз меъёрларини ўрнатиб, улар асосида бошқаларни ҳукм қилади. Лекин, бундай қилиши билан у шахсий меъёрларини Худоникидан ҳам юқорироқ қўйган бўлади. Охир-оқибат, у Эгамизнинг назарида солиҳлигини йўқотади.
9 «Қонунпараст» ёки «жуда ҳам солиҳ бўлган» одам Яҳованинг ишларини шубҳа остига қўяди. Мабодо, бундай шубҳалар туғилаётган бўлса, ўз нуқтаи назаримизни Унинг меъёрларидан устун қўйишимиз мумкин. Ана шунда, биз Яҳовани синаб, ўз меъёрларимиз бўйича Уни ҳукм қилган бўламиз. Аммо эсингиздан чиқмасин, фақатгина Тангри Яҳова адолатли қонунлар ўрнатишга ҳақли! (Рим. 14:10, изоҳ).
10. Биз ҳам Аюб сингари қандай қилиб Худони ҳукм қилишимиз мумкин?
10 Албатта, ҳеч биримиз била туриб Худони ҳукм қилишни истамаймиз. Лекин, афсуски номукаммаллигимиз дастидан бунга йўл қўйиб турамиз. Айниқса, бирон нарса адолатсиз бўлиб туюлса ёки шахсий қийинчиликларга дуч келсак бунақа фикрга боришимиз турган гап. Масалан, Аюб пайғамбар ҳам шу каби хатога йўл қўйган. Бу киши покдомон, адолатли, Худодан қўрқадиган ва ёмонликдан бош тортадиган одам эди (Аюб 1:1). Бироқ, Аюбнинг назарида унинг бошига тушган турли мусибатлар адолатсиз бўлган. Шу боис, у Худони эмас, ўзини одил деб ҳисоблаган (Аюб 32:1, 2). Шубҳасизки, Аюб ўз нуқтаи назарини ўзгартириши зарур эди. Биз ҳам гоҳида шунақа вазиятга тушиб қолсак, ҳечам ҳайрон бўлмайлик. Хўш, ўй-фикрларимизни ўзгартиришга нима кўмаклашади?
Тафсилотларни доим ҳам билмаймиз
11, 12. а) Бирон нарса адолатсиз бўлиб туюлса, нимани унутмаслигимиз лозим? б) Нега айримлар, мардикорларга нисбатан адолатсиз йўл тутилди деб ўйлашлари мумкин?
11 Ёдингизда тутинг, тафсилотларни доим ҳам билмаймиз. Аюб пайғамбарнинг вазиятида ҳам худди шундай эди. У, Худонинг ҳузурида фаришталар йиғилиб, Шайтон уни ҳамманинг олдида айблагани ҳақида хабари йўқ эди (Аюб 1:7–12; 2:1–6). Аюб, муаммоларининг сабабчиси айнан Шайтон эканини билмаганди. Бунинг устига у, эҳтимол Шайтон қандай шахс бўлганини ҳам охиригача тушунмагандир. Шунинг учун, Аюб барча муаммоларининг сабабчиси Худо деб ўйлаган. Ҳа, вазиятнинг икир-чикирларини билмаган ҳолда, нотўғри хулосага келиш осон.
12 Энди келинг, узумзорда ишловчилар ҳақидаги Исонинг масалини кўриб чиқайлик (Матто 20:8–16 ўқинг). Узумзор эгаси ҳамма мардикорларига, улар ҳатто кун бўйи ёки бир соатгина ишлаган бўлишса ҳам бир хил маош тўлаган. Бундай вазиятда, сиз ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз? Бу адолатданми? Балки, кун бўйи қуёш тагида ишлаган мардикорларга раҳмингиз келаётгандир? Шубҳасизки, уларга кўпроқ пул тўланиши керак эди деб ўйларсиз? Бунақа фикрларга асосланиб, узумзор эгаси қаттиққўл ва адолатсиз экан деб хулоса чиқаришингиз мумкин. Узумзор эгасининг ўша ишчиларга берган жавобидан ҳам у ўз мансабидан суиистеъмол қиляпти деб ўйлаётгандирсиз? Бироқ, бу вазиятнинг тафсилотларини эътиборга оляпмизми?
13. Исонинг масалини яна қандай кўриб чиқса бўлади?
13 Мана шу вазиятга бошқа томондан қараб кўрайлик. Шубҳасизки узумзор эгаси, мардикорлар оила аъзоларига ғамхўрлик қилиши кераклигини билган. Исонинг даврида, ишчилар кун бўйи ишлаб, фақат бир кунлик хизмат ҳаққини олишарди. Уларнинг оила аъзолари эса, бу пулни кунлик эҳтиёжлари учун етказишга ҳаракат қилишарди. Энди узумзор эгасини эсланг, у кун бўйи ва бор-йўғи бир соат ишлаган мардикорларга бир хил маош тўлади. Эҳтимол, узумзор эгаси мардикорга бир соатлик иш учун пул тўласа, оиласини боқишга унинг қурби етмаслигини билгандир. Шунинг учун, у ишсиз юрган мардикорларни ҳам ишга олган эди (Мат. 20:1–7). Ахир, узумзор эгаси улар иш топа олишмаганда айбдор эмас-ку! Мардикорларнинг ҳам ишдан қочиш истаги бўлмаган. Тасаввур қилинг, сиз ҳам оила боқаман деб кун бўйи иш қидириб юрибсиз. Агар, кимдир сизга иш бериб, хизмат ҳаққини тўласа, қанчалик хурсанд бўлардингиз-а?!
14. Узумзорда ишловчилар тўғрисидаги масалдан қандай сабоқ олдик?
14 Энди, узумзор эгасининг ҳаракатларини олайлик. У ҳар бир мардикорга бир хил маош тўлади. Шу тариқа, у ишчилар ўзини ва оила аъзоларини боқиши учун керакли пул билан таъминлади. Узумзор эгасининг қўлида кўп мардикорлар ишларди ва у бу вазиятдан фойдаланиб, ишчиларга камроқ маош тўлаши мумкин эди. Лекин, у бундай йўл тутмади. Мардикорларнинг ҳаммаси оила аъзоларига ғамхўрлик қилиш учун етарлича пул билан уйга қайтишди. Қаранг, вазиятнинг икир-чикирларини кўриб чиқиб, узумзор эгасига бўлган муносабатимиз ўзгарди. Демак, у мансабидан суиистеъмол қилмай, меҳр ила йўл тутган. Бундан биз қандай сабоқ оляпмиз? Вазиятнинг бир нечта томонини кўриб, нотўғри хулосага келишимиз мумкин экан. Ушбу масалдан кўриб турганимиздек, Худонинг адолати инсоний нуқтаи назардан анча устундир.
Нуқтаи назаримиз чегараланган
15. Нега нуқтаи назаримиз чегараланган деса бўлади?
15 Вазиятни нотўғри тушунишимизга шунингдек, нуқтаи назаримизнинг чегараланганлиги сабаб бўлиши мумкин. Эҳтимол, бунга номукаммаллик, маданиятимиз ёки ўз дунё қарашимиз таъсир қилар. Бунинг устига, инсон юрагидаги кечинмалар ва ниятларини билмаймиз. Бироқ, Тангри Яҳова билан Исо Масиҳ бундан мустаснодир (Ҳик. 24:12; Мат. 9:4; Луқо 5:22).
16, 17. Нега Яҳова, Ботшева билан зино қилган Довудни Ўз қонуни асосида ҳукм қилмаган?
16 Келинг, Ботшева билан зино қилган Довуднинг мисолини олайлик (2 Шоҳ. 11:2–5). Мусонинг Қонунига биноан, улар қатл қилинишга лойиқ эди (Лев. 20:10; Амр. 22:22). Тўғри, Яҳова уларни жазолаган, лекин У буни Ўз қонуни асосида қилмаган. Сизнингча, Яҳова адолатсиз йўл тутдими? У Довудни кўпроқ ёқтиргани учун Ўзининг одил қонунларидан кечдими? Муқаддас Китобни ўқиган баъзи кишилар балким шунақа фикрга келишар.
17 Аммо-лекин, зино ҳақидаги бу қонунни Яҳова, одамнинг юрагини кўра олмайдиган номукаммал ҳакамларга берганди. Ўй-фикрлари чегараланганлигига қарамай, улар ўша қонун асосида муайян ҳукм чиқаришлари мумкин эди. Тангри Яҳова эса, қалбимиздаги барча кечинмаларни яхши билади (Ибт. 18:25; 1 Сол. 29:17). Шундай экан, Яҳова номукаммал ҳакамларга берган қонунлар бўйича қарор чиқаришга мажбур эмас. Кўзи яхши кўрадиган одам кўзойнак тақишга муҳтож бўладими? Асло. Шу каби Яҳова ҳам бу қонунларга муҳтож эмас! Ҳа, Яҳова Довуд билан Ботшеванинг қалбини ва чин дилдан тавба қилишганини кўрган. Аллоҳимиз буларнинг барини эътиборга олиб, уларни меҳр-муҳаббат ила кечирган.
Яҳованинг адолати пайидан бўлинг
18, 19. Ўз нуқтаи назаримиз билан Яҳовани ҳукм қилмасликка нима ёрдам беради?
18 Муқаддас Китобни ўқиганимизда ёки ҳаётимизда бирон нарса юз бериб, вазиятни тушунмаётган бўлсак, ўз нуқтаи назаримиз билан Яҳовани ҳукм қилишга шошилмайлик. Унутмангки, тафсилотларни доим ҳам билмаймиз ва нуқтаи назаримиз чегараланган. Устига-устак, «инсон ғазаби Худонинг одил ҳукмини амалга ошира олмайди» (Ёқб. 1:19, 20). Шундай экан, Эгамиздан жаҳлимиз чиқишига асло йўл қўймайлик (Ҳик. 19:3).
19 Ҳазрати Исо каби, адолатли меъёрлар ўрнатишга фақатгина Яҳова ҳақли эканини тан олайлик (Марк 10:17, 18). Эгамизнинг қонунлари борасида «ҳақиқий тушунчага» ёки «ҳақиқатга» эга бўлишга ҳаракат қилайлик (Рим. 10:2; 2 Тим. 3:7). Бундан буён ҳам Яҳованинг иродаси бўйича умр кечириб, Унинг адолати пайидан бўлайлик (Мат. 6:33).
[Изоҳ]
a Бир олимнинг айтишича, оятда қўлланилган «ўрнатиш» сўзини шунингдек, «ўзига бино қўйиш» деб таржима қилса бўлади. Шундай экан, яҳудийлар Худони шарафлашнинг ўрнига, ўзларига бино қўйишарди.
Илтимос тушунтиринг
• Нима учун Яҳованинг адолати пайидан бўлиш муҳим?
• Қандай иккита хавфдан йироқлашиш зарур?
• Қай йўсин Аллоҳнинг одиллиги пайидан бўлиш мумкин?
[9- саҳифадаги расм]
Диндор билан гуноҳкорнинг ибодати ҳақидаги Исонинг масалидан нимани ўрганяпмиз?
[10- саҳифадаги расм]
Узумзорда кун бўйи ва атиги бир соат ишлаган мардикорларга бир хил маош тўланиши адолатданмиди?