Эртаги кун ҳақида ўйлаш арзийди
ИНЖИЛДА қуйидаги гаплар ёзилган: «Эртаги кун ҳақида ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир» (Матто 6:34).
«Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир», деган сўзлар нимани англатар экан? Бу, эртанги кунни ўйламасдан фақат бугунги кун билан яшашни билдирадими? Ушбу сўзларни айтган Исо алайҳиссалом нимани назарда тутган экан?
«Ташвишланиб юрманглар»
Келинг, юқорида айтиб ўтилган фикрларни Исо пайғамбар қандай тушунтирганини кўриб чиқамиз. У бундай деди: «Нима еб, нима ичамиз, деб жонингиз учун, нима киямиз, деб танингиз учун ташвишланиб юрманглар. [...] Кўкда учувчи қушларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборга дон йиғади. Шунга қарамай, самовий Отангиз уларнинг ризқини беради. [...] Сизлардан ким ташвишланиб, ўз умрини бир лаҳза бўлсин узайтира олар экан? Нега кийим учун ташвишланасизлар? Даштдаги пиёзгулларнинг қандай ўсишига қараб, ибрат олинглар: улар на меҳнат қилар, на чарх йигирар. [...] Шундай экан, нима еймиз, нима ичамиз, нима киямиз, деб ташвишланиб юрманглар. Мажусийлар [яъни бошқа халқлар] ҳадеб буларнинг ғамида юришади. Лекин самовий Отангиз сиз буларнинг барига муҳтож эканингизни билади-ку!» (Матто 6:25–32).
Шундай қилиб, Исо Масиҳ гапларига якун ясаб, иккита маслаҳат берди. Биринчидан у: «Сиз аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси сизга қўшимча қилиб берилади»,— деб айтди. Иккинчидан эса: «Бинобарин, эртаги кун ҳақида ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир. Ҳар бир куннинг дарди ўзига етар» (Матто 6:33, 34).
Самовий Отангиз муҳтож эканингизни билади
Нима деб ўйлайсиз издошларига шу сўзларни айтиб, Исо пайғамбар умуман уруғ экмаслик, ҳосил ўриб, омборларга йиғмаслик кераклигини айтганмиди? Ёки кийим-кечак учун меҳнат қилиб, чарх йигирмасликни назарда тутганмиди? (Ҳикматлар 21:5; 24:30–34; Воиз 11:4). Асло! Зеро агар улар меҳнат қилишмаганида, «ўрим пайти»да тиланчилик қилишга тўғри келарди. Ахир на ейишга, на кийим кийишга ҳеч нарсаси йўқ эди-ку (Ҳикматлар 20:4).
Бироқ Исо алайҳиссалом: «Ташвишланиб юрманглар», деган сўзлар билан нимани айтмоқчи эди? Уни тинглаган кишилар умуман ташвиш тортмаслигини ўз ичига олармиди? Йўқ албатта! Масалан Исони ҳибсга олишган кечада, у ўзи қаттиқ ташвиш тортиб, руҳан изтироб чеккан эди (Луқо 22:44).
Бу сўзлар билан Исо Масиҳ фақат битта ҳақиқатни айтмоқчи эди холос. Яъни ҳаддан ортиқ ташвишланиб юриш билан ҳеч қачон муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди. Мисол учун, Ҳазрати Исо айтганидай, ҳеч биримиз «ташвишланиб, ўз умримизни бир лаҳзага ҳам узайтира» олмаймиз (Матто 6:27). Аксинча, ҳаддан ортиқ безовталаниб юриш, умримизни қисқартириб қўйиши мумкин.
Дарҳақиқат, Исо Масиҳ доно маслаҳат берган. Кўпинча биз ғам чекиб юрган нарсаларимиз ҳечам амалга ошмайди. Масалан Буюк Британия давлат арбоби Уинстон Черчилл Иккинчи жаҳон уруши тўғрисида мулоҳаза юритиб, худди шундай хулосага келган. Хавотирга соладиган нарсалар ҳақида у қуйидагича ёзганди: «Ўша изтироблар ҳақида ўйлаб, мен битта чол тўғрисидаги воқеани эслайман. Ўлим тўшагида ётиб, унинг ҳаёти қайғулару бахтсизликка тўла эканини айтган. У хавфсираган нарсаларнинг аксарияти содир бўлмади». Шунинг учун ҳар бир кунни қандай бўлса шундайлигича қабул қилиш лозим. Ҳа, агар қийинчиликларга дучор бўлганимизда, роса ғам чекишга мойил бўлсак, бундай йўл тутиш оқилона бўларди.
Худонинг Шоҳлиги пайидан бўлинглар
Шуни айтиб ўтиш жоизки, Исо пайғамбар уни тинглаган кишиларнинг нафақат жисмоний ва ҳиссий эҳтиёжлари ҳақида ўйлаган. Балки у ҳар кунги ташвишлар, шунингдек бойликка ва ўйин-кулгига берилиб кетиш, ҳаётда муҳим бўлган нарсалардан устун бўлиб қолиши мумкинлигини билган (Филиппиликларга 1:10). «Ҳаётда муҳим нарса ўзи нима?»— дея сўрарсиз. Бу, Аллоҳ билан бўлган ўзаро муносабатимиз, яъни маънавийлигимиз. Муқаддас Ёзувларда таъкидлаганидек, биз «Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлишимиз» даркор. Айнан шу, ҳаётимизда муҳим ўринни эгаллаши керак (Матто 6:33).
Исо пайғамбарнинг замонасида ҳам кўпчилик одамлар мол-мулк орттириш билан банд эдилар. Бойлик орттиришни улар афзал кўришган. Ҳазрати Исо эса, уни тинглаган кишиларни ҳаётга бошқача қарашга ундаган эди. Модомики улар Аллоҳга тегишли халқ бўлишгани учун «Худодан қўрқиб, Унинг амрларини бажаришлари» шарт эди (Воиз 12:13).
«Бу дунёнинг ташвишлари ва бойлик ружуи» кишини маънан яксон қилиши эҳтимолдан йироқ эмас (Матто 13:22). Зотан Аллоҳнинг Каломида шундай сўзларни ўқиймиз: «Бойликка интилганлар васваса тузоғига илинадилар, инсонларни балою ҳалокатга йўлиқтирувчи кўп бемаъни ва зарарли ҳавасларга қурбон бўладилар» (1 Тимўтийга 6:9). Ўз издошларини бундай «тузоқ»дан асраб қолиш ниятда Исо алайҳиссалом, улар нимага муҳтож эканини Парвардигоримиз билади, деб эслатиб қўйди. Тангри Таоло уларга ҳам «кўкда учувчи қушларга» каби ғамхўрлик қилади (Матто 6:26, 32). Ҳа, Исонинг умматлари ташвишларга берилмай, аксинча ҳамма ғамларини Аллоҳ Яҳованинг Ўзига ташлаб қўйиб, бутунлай Унга умид боғлашлари керак эди (Филиппиликларга 4:6, 7).
«Эртаги кун ҳақида ташвиш тортманглар»,— деб Исо Масиҳ биз бугунги муаммоларга яна эртанги куннинг ташвишини қўшиб, ўзимизга ўзимиз ғам орттирмаслик лозимлигини назарда тутган. Ва гапини давом этиб, қўшиб қўйди: «Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир. Ҳар бир куннинг дарди ўзига етар» (Матто 6:34).
«Сенинг Шоҳлигинг келсин»
Тўғри, эртанги кун ҳақида ҳаддан ортиқ ташвишланиб юриш ва келажак тўғрисида ўйлашнинг катта фарқи бор. Исо шогирдларига умуман эртаги кун ҳақида ўйламанглар, деб ўргатмаган. Аксинча, уларни келажакка чуқур қизиқиш билан қарашга ундаган. Ҳа, айтганча улар зарурий эҳтиёжлар ҳақда шу қаторда ризқ-рўзини сўраб, кунда ибодат қилишлари лозим эди. Лекин авваламбор Исонинг издошлари Аллоҳнинг Шоҳлиги келиб, Унинг иродаси ерда ҳам бажо бўлишини сўрашлари керак эди (Матто 6:9–11).
Келинг, Нуҳ пайғамбар давридаги одамларга ўхшаб қолмайлик. Зеро улар «еб-ичдилар, уйландилар, турмушга чиқдилар», аммо Аллоҳ тўғрисида ўйламай яшашган. Оқибатда нима бўлди? «Тўфон келиб, ҳаммасини қириб ташлади» (Матто 24:36–42). Аллоҳнинг хизматчиси бўлмиш Бутрус эртанги кун ҳақида ўйлаш арзийди дея, ўтмишдаги воқеани эслатди. Унинг сўзлари қуйидагичадир: «Ўша кунда ҳамма нарса йўқ бўлиб кетар экан, сизлар қандай кишилар бўлмоғингиз керак?... Сизлар ўша кунни муқаддас юриш-туриш, диёнат билан кутишингиз ва шу йўсинда унинг келишини тезлаштиришингиз керак» (2 Бутрус 3:5–7, 11, 12).
Осмон хазиналарини жамланглар
Дарҳақиқат, Худованд Яҳованинг маҳшар кунини ёдда тутишимиз лозим. Агар биз Худованд Яҳованинг куни келишини эсимизда сақласак, вақтимиз, кучларимиз, маблағларимиз ва қобилиятларимиз билан тўғри фойдаланган бўламиз. Бордию, мол-мулк орттириш учун ёки керакли нарсаларга эга бўлиш ёхуд ўйин-кулгиларга жуда кўп вақтимизни ажратсак, Аллоҳга бўлган садоқатимизни исботлай олмаймиз. Эҳтимол бугунги кун билан яшасак, олдимизга қўйган мақсадларга эришамиз деб туюлаётгандир, ҳатто бундай бўлган тақдирда ҳам бу ҳаммаси ўткинчидир. Шу йўсин ердаги эмас, балки «куя ва занг еб кетмайдиган, ўғри тешиб таламайдиган» осмон хазиналарини тўплаш қанчалик оқилона бўларди-я?! (Матто 6:19, 20).
Юқоридаги айтиб ўтилган фикрни таъкидлаш учун Ҳазрати Исо, бир киши тўғрисида мисол келтирган эди. Бу одам умуман Аллоҳ билан бўлган муносабатларини ўйламай, келажакка режалар тузганди. Унинг даласи мўл ҳосил бериб турган экан. Шу сабабли у роҳат қилиш, еб ичиш ва кайф-сафо суриш ниятида ўз омборларини бузиб, каттароғини қурмоқчи бўлган. Нима учун у нодонларча йўл тутди? Чунки у ўз меҳнатининг самарасини кўрмай оламдан ўтди. Энг қайғулиси эса у Аллоҳ билан бўлган муносабатларини ривожлантирмади. Хуллас, «ўзи учун бойлик тўплаб, Худо назарида бойимаган кишининг қисмати ана шундай бўлади» (Луқо 12:15–21; Ҳикматлар 19:21).
Сиз қандай йўл тутасиз?
Исо Масиҳ айтиб берган мисолидаги одам каби илойим хатога йўл қўйманг. Аллоҳнинг келажакка қандай ниятлари борлигини билиб олиб, шунга қараб мақсадлар қўйинг. Парвардигоримиз Ўз ниятларини аён қилган. Зотан Забурда: «Худованд Ўз сирини худотарсларга очар»,— деб ёзилган (Забур 24:14). Ўз сирини пайғамбарларига аён қилганини сиз Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобдан ўқиб олишингиз мумкин (2 Тимўтийга 3:16, 17).
Мисол учун Аллоҳнинг Каломида ер юзини бутунлайин ўзгартирадиган ҳайратомуз ҳодиса юз бериши тўғрисида ёзилган. Инжилда қуйидагини ўқиймиз: «Ўшанда дунё бошланишидан то ҳозиргача содир бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайдиган буюк мусибат бўлади» (Матто 24:21). Ҳеч бир инсон бу воқеанинг олдини ола олмайди. Аллоҳнинг ҳақ топинувчилари бу кунни интизорлик билан кутишмоқда. Нега? Сабаби ўша пайтда Тангри Таоло ер юзидан ёвузликни олиб ташлайди ва «янги еру осмон»ни, яъни самовий ҳукуматни ва ер юзидаги янги жамиятни ўрнатади. Ўша янги дунёда Аллоҳ «[одамларнинг] кўзидаги ҳар бир ёшни артиб олур, ўлим, ҳузун ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бўлмас» (Ваҳий 21:1–4).
Келажак тўғрисида Муқаддас Китобда нима ёзилганини кўпроқ билишни хоҳламасмидингиз? Агар Яҳованинг Шоҳидларига ёки бу журналнинг нашриётчиларига хат ёзиб мурожаат қилсангиз улар, сизга ёрдам беришади. Фақат бугунги кун билан яшамай, балки ажойиб замон келишини ёдда тутинг.
[3- саҳифадаги расмлар]
«Ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир»