Бутун ғам-ташвишларингизни Яҳовага ташланглар
Бутун ғам-ташвишларингизни Унга [Яҳовага] ташланглар, чунки У сизларга ғамхўрлик қилади. 1 БУТР. 5:7
1, 2. а) Ташвишларга дуч келганимизда, нега ажабланмаслигимиз керак? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Ушбу мақолада нима ҳақда сўз боради?
БИЗ ниҳоятда оғир вақтларда яшаяпмиз. Устига-устак, Шайтон Иблис қаттиқ ғазабга минган ва «бирор кимни ютиб юборай деб, шердай бўкириб юрибди». (1 Бутр. 5:8; Ваҳ. 12:17) Шу сабабли, гоҳида ҳатто бизни — Худонинг хизматчиларини — ташвиш ҳисси чулғаб олаётганининг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Ахир баъзан Худонинг ўтмишдаги хизматчиларининг ҳам, хусусан, ҳазрати Довуднинг жони «азобда қолган». (Заб. 12:3) Боз устига, ҳаворий Павлус ҳам «барча жамоатларнинг ташвиши»да юрган. (2 Кор. 11:28) Бироқ ташвишлар гирдобида қолганимизда, қандай йўл тута оламиз?
2 Бизни севувчи самовий Отамиз ўтмишда яшаган хизматчиларига ташвишлардан халос бўлишга ёрдам берган ва ҳозирги кунда У бизга ҳам шундай ёрдамни кўрсатишга тайёрдир. Муқаддас Китобда: «Бутун ғам-ташвишларингизни Унга ташланглар, чунки У сизларга ғамхўрлик қилади»,— деган маслаҳат ёзилган. (1 Бутр. 5:7) Аммо буни қандай қилса бўлади? Келинг, ташвишларни енгишнинг қуйидаги тўртта йўлини кўриб чиқамиз: самимий ибодат, Аллоҳнинг Каломини ўқиш ва унинг устида мулоҳаза юритиш, Яҳовадан муқаддас руҳ сўраш ва ҳис-туйғуларни ишончли сирдош билан бўлишиш. Мазкур тўртта йўлни муҳокама қилиш чоғида қайси соҳаларда яхшиланишингиз мумкинлигини аниқлаб олинг.
ТАШВИШЛАРИНГИЗНИ ЯҲОВАГА ЮКЛАНГ
3. Қай йўсин ибодат ёрдамида ташвишларингизни Яҳовага юклай оласиз?
3 Яҳовага ташвишларимизни ташлашнинг дастлабки йўли — Унга астойдил ибодат қилишдир. Хавотир, ҳадик ёки ташвиш уйғотадиган вазиятлар билан тўқнашганингизда, қалбингиздагини самовий Отангизга тўкиб солинг. Сано бастакори Довуд Яҳовадан шундай деб ёлворганди: «Ибодатимга қулоқ сол, эй Худо». Кейин ўша санонинг ўзидаёқ у: «Ташвишларингни Эгамизга юклагин, У сенга таянч бўлади»,— деб айтганди. (Заб. 54:2, 23) Муаммони ҳал этиш учун қўлингиздан келганини қилиб кўрдингиз, аммо ҳеч қандай ечим қолмаганида, ташвишланишдан кўра, Яҳовага сидқидилдан ибодат қилиш кўпроқ ёрдам беради. Хўш, ичингиз хавотирга тўлиб азобланганида, ибодат қай йўсин сизга кўмаклашиши мумкин? (Заб. 93:18, 19)
4. Нега ибодат ташвишлар пайтида шунчалик муҳим?
4 Филиппиликларга 4:6, 7 ни ўқинг. Тангри Яҳова чин дилдан ва сабот ила қилган дуоларимизни ижобат қилади. Қизиқ, қанақасига? У онгимизу қалбимизни хавотирли ҳис-туйғулардан халос қилишга ёрдам берадиган ички хотиржамликни ато этиш орқали буни амалга оширади. Кўплар бунга шахсан ўзлари гувоҳ бўлишди. Олдиндан ҳадиксираб, ташвишга тушган кезлари Аллоҳ уларга ўй-фикрларидан устун бўлган теран хотиржамлик ва ҳаловатга эга бўлишларига кўмаклашди. Ўзингиз ҳам бунга амин бўлгандирсиз. Шундай экан, «Худонинг тинчлиги» сиз дуч келишингиз мумкин бўлган ҳар қандай қийинчилик устидан ғалаба қозона олади. Сиз Яҳованинг ҳамдардликка тўла қуйидаги ваъдасига бемалол ишонсангиз бўлади: «Ваҳимага тушма, Мен сенинг Худойингман. Сенга куч бераман, Ўзим ёрдамга келаман». (Ишаё 41:10)
АЛЛОҲ КАЛОМИДАН ИЧКИ ХОТИРЖАМЛИК ТОПИШ
5. Қай тариқа Аллоҳнинг Каломи бизга ички хотиржамлик бахш этиши мумкин?
5 Ички хотиржамликка эришишнинг иккинчи йўли — Муқаддас Китобдаги оятларни ўқиб, улар устида мулоҳаза юритишдир. Нега бу муҳим? Аллоҳнинг Каломида сизга ташвишлардан ҳоли бўлишга, уларни камайтиришга ёки енгишга кўмаклашадиган амалий ва илоҳий йўл-йўриқлар жамланган. Муқаддас Китобда Яратувчимизнинг доно сўзлари ёзилгани боис, у фойдали ва ҳаётбахш эканини унутманг. Худонинг фикрларини эрталаблари ё кечқурунлари мушоҳада қилиб, Унинг Каломидаги маслаҳатларни қўллашнинг самарали йўлларини кўриб чиққанингиз сайин, анчагина мустаҳкамланасиз. Ахир Яҳова Муқаддас Китобни ўқишни «дадил ва ботир бўлиш» ҳамда «ваҳимага тушмаслик» ва «қўрқмаслик» билан бежизга боғламаган. (Ёшуа 1:7–9)
6. Исонинг сўзлари сизга қандай таъсир қилиши мумкин?
6 Аллоҳнинг Каломида Исонинг таскин бахш этувчи сўзларини топсак бўлади. Исонинг сўзларию таълимотлари уни тинглаган кишилар учун тетиклик манбаи эди. У эзилган қалбларни тинчлантириб, заифларга куч бахш этиб, руҳи тушганларни юпатгани учун тумонат одамлар унинг олдига келарди. (Матто 11:28–30 ни ўқинг.) У ўзгаларнинг маънавий, ҳиссий ва жисмоний эҳтиёжларини инобатга олиб, уларга меҳр ила ғамхўрлик қиларди. (Марк 6:30–32) Исонинг қўллаб-қувватлаш борасидаги ваъдаси ҳалиям ўз кучини йўқотмади. Исо у билан саёҳат қилган ҳаворийларига қандай ёрдам берган бўлса, бугунги кунда бизга ҳам шундай ёрдамни тақдим этади. Бу учун Исонинг олдида бўлишимиз шарт эмас. Исо Самовий шоҳ сифатида ҳали-ҳануз ҳамдардликни намоён этиб келяпти. Шунинг учун, ташвиш остида қолганингизда, у сизга ҳамдардлик ила «ёрдам беришга қодир» ва «муҳтож бўлганингизда» сизга албатта кўмаклашади. Ҳа, Исонинг сўзлари ташвишларингиздан озод бўлишга ёрдам бериши ва қалбингизни умид ҳамда жасорат билан тўлдириши тайин. (Иброн. 2:17, 18; 4:16)
МУҚАДДАС РУҲНИНГ САМАРАСИ БЎЛГАН ИЛОҲИЙ ФАЗИЛАТЛАР
7. Худога муқаддас руҳ сўраб қилган ибодатингиз сизга қандай фойда келтиради?
7 Исонинг ваъдасига биноан, Самовий Отамиз Ундан сўраганларга муқаддас руҳни бериши муқаррар. (Луқо 11:10–13) Бу бизни ташвишларни енгиллаштирувчи учинчи восита — муқаддас руҳнинг самараси билан таништиряпти. Муқаддас руҳ ёхуд Худонинг фаол кучи бизга қодир Тангримиз эга бўлган илоҳий фазилатларни ривожлантиришга ёрдам беради. (Галатияликларга 5:22, 23 ни ўқинг; Колос. 3:10) Муқаддас руҳнинг самарасини ривожлантирганингиз сари, бошқалар билан муносабатингиз яхшиланади. Шу йўсин, қандайдир ташвиш келтириши мумкин бўлган кўплаб вазиятларнинг олдини олган бўласиз. Келинг, муқаддас руҳнинг самараси сизга қандай ёрдам бериши ҳақида қисқача фикр юритиб кўрайлик.
8–12. Қай тарзда муқаддас руҳнинг самараси сизга ташвишли вазиятлар билан курашишга ёки улардан қочишга кўмаклашади?
8 «Севги, севинч, тинчлик». Одамлар билан ҳурмат ила муносабатда бўлишга ҳаракат қилсангиз, сиз учун салбий ҳис-туйғуларни енгиш осонроқ кечишини пайқарсиз. Хўш, қанақасига? Имондошларингизга меҳр-муҳаббат ва ҳурматни намоён этсангиз, ташвиш келтириши мумкин бўлган вазиятлардан қочган бўласиз. (Рим. 12:10)
9 «Узоқ сабрлилик, меҳрибонлик, ҳиммат». Муқаддас Китобдаги: «Бир-бирингизга меҳрибон, раҳм-шафқатли бўлинглар,.. бир-бирингизни чин дилдан кечиринглар»,— деган маслаҳатга риоя этсангиз, бошқалар билан тинч-тотувликда яшайсиз. (Эфес. 4:32) Бундай йўл тутиб, сиз ташвиш туғдириши мумкин бўлган вазиятларнинг олдини олган бўласиз. Қолаверса, номукаммаллик дастидан юзага келадиган вазиятларни ҳам яхшироқ ҳал қила оласиз.
10 «Имон». Бугунги кунда ташвишларимиз, асосан, пул ва моддий нарсалар билан боғлиқдир. (Ҳик. 18:11) Яҳованинг ғамхўрлигига бўлган кучли ишонч эса, ўз навбатида, сизга бундай ташвишлар билан курашишга ёки улардан холи бўлишга кўмаклашади. Қандай қилиб дейсизми? Агар ҳаворий Павлуснинг «борига шукур қилиш» ҳақидаги илоҳий маслаҳатига амал қилсангиз, ўзингизни анча-мунча ташвишлардан халос этган бўласиз. Боз устига, Павлус қуйидагича қўшиб қўйди: «Чунки Худонинг Ўзи: “Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман”,— деган». Шунинг учун ҳам биз жасоратга тўлиб: «Яҳова менинг ёрдамчим; мен қўрқмайман. Инсон менга нима ҳам қила оларди?» — деб айта оламиз. (Иброн. 13:5, 6)
11 «Мулойимлик ва ўзини тута билиш». Мазкур фазилатларни намоён этиш сиз учун қанчалик амалий ва фойдали экани ҳақида ўйлаб кўринг. Бу орқали сиз ташвиш келтириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан қочасиз ҳамда «адоват, қаҳру ғазаб, бақириқ ва ҳақоратли сўзларни» ўзингиздан соқит қилиб, фойда оласиз. (Эфес. 4:31)
12 Шуни тан олиш керакки, ўзингизни «Худонинг қудратли қўли»га топшириш ва «бутун ғам-ташвишларингизни Унга ташлаш» учун камтарлик талаб этилади. (1 Бутр. 5:6, 7) Камтарликни ривожлантирганингиз натижасида эса, Худонинг марҳаматию кўмагига эришасиз. (Михо 6:8) Ўзингизнинг жисмоний, ақлий ва ҳиссий қобилиятларингизга тўғри баҳо берсангиз, Худога таянаётганингизни кўрсатиб, камроқ ташвишланадиган бўласиз.
«ЗИНҲОР... ТАШВИШЛАНМАНГЛАР»
13. Исо: «Зинҳор... ташвишланманглар»,— деб айтганида, нимани назарда тутган?
13 Матто 6:34 да (ўқинг) Исонинг «зинҳор... ташвишланманглар» деган доно маслаҳати қаламга олинган. Лекин бу маслаҳатга амал қилиш қийиндек туюлиши мумкин. Исо: «Зинҳор... ташвишланманглар»,— деганида, нимани назарда тутган? Шуниси аниқки, бу сўзлари билан Исо, Худонинг хизматчиси умуман ташвишланмаслиги керак, деб айтмоқчи эмасди. Бундан ташқари, юқорида Довуд ва Павлуснинг бу масалага доир сўзларини ҳам кўриб чиқдик. Исо шогирдларига ўринсиз ё ортиқча ташвиш ўз-ўзидан муаммоларни ҳал этмаслигини тушунишларига ёрдам бермоқчи эди. Ҳар бир куннинг ўзига яраша муаммолари бўлгани боис, масиҳийлар бугунги ташвишларни ўтмиш ёинки келажак борасидаги хавотирли ўй-фикрлар билан кўпайтирмасликлари лозим. Қай йўсинда сиз Исонинг маслаҳатига риоя этишингиз ва ҳолдан тойдирадиган ташвишлардан озод бўлишингиз мумкин?
14. Қай йўсин ўтмишингиз хусусидаги ташвишлар билан кураша оласиз?
14 Баъзи ташвишлар инсоннинг ўтмишдаги хатти-ҳаракатлари ёки муваффақиятсизликлари сабабли пайдо бўлиши мумкин. Эҳтимол, киши ҳатто кўп йиллар олдин қилган хатоси туфайли ўзини айбдор ҳис қилар. Мисол учун, Довуд: «Айбларим мени жуда ҳам эзади»,— деб айтганди. Шунингдек у: «Юракдаги аламдан нола қиламан»,— дея эътироф этганди. (Заб. 37:4, 5, 9, 19) Ўша вазиятда Довуд қандай йўл тутиши керак эди ва у нима қилди? Довуд Яҳованинг раҳм-шафқатию кечиримига таянди. У аминлик ила: «Итоатсизлиги кечирилганлар бахтлидир!» — деб айтганди. (Забур 31:1–3, 5 ни ўқинг.)
15. а) Бугунги кун учун ташвишланмаслик борасида Довуддан нимани ўргансак бўлади? б) Ташвишларингизни камайтириш учун қандай амалий қадамлар қўйсангиз бўлади? («Ташвишларни камайтиришнинг баъзи амалий йўллари» номли рамкага қаранг.)
15 Баъзан сиз бугунги кун учун ташвишланарсиз. Масалан, Довуд 54- санони ёзганида, уни ўлдиришларидан қўрққанди. (Заб. 54:3–6) Аммо шунга қарамай, ташвишлар унинг Яҳовага нисбатан ишончини барбод қилишига йўл қўймаган. Довуд ўз муаммолари ҳақида илтижо қилган, лекин шу билан бирга, ташвишлар билан курашиш учун амалий қадамлар қўйиш муҳимлигини ҳам тушунган. (2 Шоҳ. 15:30–34) Биз Довуддан сабоқ олсак бўлади. Ташвишлар сизни кўмиб ташлашига йўл қўймай, уларни ечиш учун қўлингиздан келганини қилинг. Бундан ташқари, ғам-ташвишларингизни ҳеч иккиланмай Тангри Яҳовага топширинг.
16. Қай тариқа Худонинг исмининг маъноси имонингизни мустаҳкамлайди?
16 Ўринсиз хавотирлар одатда масиҳий пайдо бўлмаган муаммолар борасида ҳаддан ташқари ташвишланганида юзага келади. Лекин ҳали бўлмаган нарсаларни хаёл қилиб, бу ҳақда ташвишланиб ёки хавотирланиб юришга ҳожат йўқдир. Нима учун? Чунки одатда вазият биз ўйлаганчалик ёмон бўлмаслиги ҳам мумкин. Бунинг устига, Худо назорат қила олмайдиган вазиятнинг ўзи йўқ. Шунинг учун ҳам, сиз Унга барча ғам-андуҳларингизни ташлай оласиз. Ахир Унинг исми Муқаддас Ёзувларнинг асл нусхасида «У бўлдиради» деган маънога эга. (Чиқ. 3:14) Ушбу илоҳий исмнинг чуқур маъноси бизни Тангри Таоло Ўз хизматчиларига нисбатан нимани ният қилган бўлса, ўшани албатта амалга оширишига ишонтиряпти. Аллоҳ Ўзининг садоқатли хизматчиларини мукофотлаб, ўтмиш, ҳозирги замон ва келажак хусусидаги ташвишлар билан курашишда кўмаклашишига амин бўлишингиз мумкин.
ОЧИҚ ВА САМИМИЙ МУЛОҚОТ
17, 18. Қай йўсин яхши мулоқот сизга ташвишлар билан курашишда ёрдам бера олади?
17 Ташвишлар билан курашишнинг тўртинчи йўли — яхши мулоқот, яъни ишончли сирдош билан ҳис-туйғуларни бўлишишдир. Турмуш ўртоғингиз, яқин дўстингиз ёки жамоат оқсоқоли вазиятингизни яхшироқ тушунишингизга ёрдам бера олишади. «Юракдаги қайғу-алам одамни эзади, ширин сўз эса юракни шод этади». (Ҳик. 12:25) Ташвишларингизни енгишда очиқ ва самимий мулоқот сизга анча асқатиши мумкин. Ахир Муқаддас Китобда: «Маслаҳат бўлмаган жойда иш юришмайди, маслаҳатчи кўп бўлса, муваффақиятли бўлади»,— деб бежизга айтилмаган. (Ҳик. 15:22)
18 Яҳова, шунингдек, масиҳийларга ҳар ҳафта ўтадиган жамоат йиғилишлари орқали ҳам ташвишлар билан курашишда ёрдам беряпти. Йиғилишларда сиз бир-бирига далда беришни истайдиган ва сиз ҳақингизда ўйлайдиган имондошлар билан мулоқот қилишингиз мумкин. (Иброн. 10:24, 25) Шундай ўзаро «далда олиш» маънавий захираларингизни тўлдириб, ташвишлар билан курашингизни енгиллаштиради. (Рим. 1:12)
АЛЛОҲ БИЛАН МУНОСАБАТИНГИЗ — КУЧ МАНБАИДИР
19. Нега Аллоҳ билан муносабатингиз сизни мустаҳкамлашига амин бўлишингиз мумкин?
19 Келинг, қандай қилиб канадалик оқсоқол Яҳовага ғам-ташвишларни ташлаш муҳим эканини англаганини кўриб чиқайлик. У ўқитувчи бўлиб ишларди ва унинг иши ўта асабий эди. Устига-устак, у ташвишланиш аломатлари билан кечадиган бир касалликка чалинганди. Қай тарзда бу биродар ташвишларини енгди? У шундай деб бўлишди: «Яҳова билан муносабатларимни мустаҳкамлаш учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қилиш, ҳиссий муаммоларга қарши курашда менга улкан куч бахш этишини англаб етдим. Чин дўстларнинг ва имондошларнинг кўмаги қайғули дамларда жуда муҳимдир. Мен бор ҳис-туйғуларимни хотинимга айтаман. Оқсоқоллар ҳамда туман нозиримиз менга вазиятимни яхшироқ тушунишда кўп ва хўб ёрдам беришди. Қолаверса, мен дўхтирга учрадим, вақтимни тўғри сарфлаш учун кун тартибимга ўзгаришлар киритдим ҳамда дам олиш ва машқ қилишга алоҳида вақт ажратадиган бўлдим. Аста-секин вазиятни ва ҳис-туйғуларимни назорат қилишни ўргандим. Ўзим бошқара олмаган вазиятларни эса Яҳованинг қўлига топшираман».
20. а) Қай тариқа ғам-ташвишларимизни Худога ташлай оламиз? б) Келгуси мақолада нима ҳақда гап юритилади?
20 Хуллас калом, биз самимий ибодат, Муқаддас Китобни ўқиш ва унинг устида мулоҳаза юритиш орқали Худога ғам-ташвишларимизни ташлашимиз қанчалик муҳим эканини билиб олдик. Боз устига, муқаддас руҳнинг самарасини ривожлантириш, ишончли сирдош билан ҳис-туйғуларимизни бўлишиш ва масиҳийлар билан далдали суҳбатлар қуришдан тетикланиш аҳамиятли эканини кўриб чиқдик. Келаси мақолада қай равишда Яҳова бизни кейинчалик ҳам қўллаб-қувватлаб, мукофотлашга ваъда бераётгани ҳақида сўз боради. (Иброн. 11:6)