Яҳованинг Каломи жонли
Матто китобининг диққатга сазовор оятлари
ИНЖИЛНИ очиб берадиган илк китоб Матто баён этган хушхабардир. Аввалига солиқчи, кейинчалик эса Ҳазрати Исонинг яқин ҳамроҳи бўлган Матто, ўз устози ҳақда қизиқарли баёнотини иброний тилида тахминан милодий 41- йилда ёзиб қолдирганди. Кўп ўтмай эса бу китоб юнон тилига ҳам ўгирилди.
Кўриниб турганидай, биринчи навбатда Матто хушхабари яҳудийлар учун ёзилган бўлиб, Худонинг Ўғли бўлмиш Исо ваъда қилинган Масиҳ эканлигини тасдиқлайдиган маълумотдан иборат. Бу китобни диққат билан ўқиш Ҳақ Худога, Унинг ваъдаларига ва юборган Ўғлига бўлган имонимизни мустаҳкамлайди (Иброн. 4:12).
«ОСМОН ШОҲЛИГИ ЯҚИНЛАБ ҚОЛДИ»
Матто ўзининг хушхабарида Худонинг Шоҳлигига ва Исонинг таълимотларига кўп эътибор қаратган, аммо ҳодисаларни юз берган тартибида ёзмаган. Мисол учун, Исо тоғдаги ваъзини хизматининг ўрталарида айтган бўлса-да, Матто эса буни китобининг бошида қаламга олган.
Жалилада хизмат қилиб юрганида, Исо мўъжизалар яратган, 12та ҳаворийсига ваъзгўйликка тегишли кўрсатмалар берган, фарзийларнинг айбини фош этган ҳамда Шоҳлик билан боғлиқ масаллар келтирган. Кейин эса Исо «Жалилани тарк этиб, Яҳудия ҳудудига, Ўрдун дарёсининг нариги томонига» ўтади (Мат. 19:1). Йўл-йўлакай Исо шогирдларига бундай деган: «Ҳозир Қуддусга боряпмиз ва... Уни [Инсон Ўғлини] ўлимга маҳкум этадилар. [...] Учинчи куни эса У қайтадан тирилажак» (Мат. 20:18, 19).
Саволларга жавоблар:
3:16 — Исо сувга чўмганида қайси маънода «осмон очилиб кетди»? Эҳтимол бу, Исо Масиҳ ер юзига келишидан аввалги осмондаги ҳаётини эслаганига ишора қилади.
5:21, 22 — Жаҳлни сочиш, кек сақлашдан жиддийроқ гуноҳ, деб айтса бўладими? Исо, ўз биродарига кек сақлаган киши жиддий гуноҳ қилади, деб огоҳлантирган. Бироқ жаҳл устида ҳақорат сўзларни айтиш янада оғир гуноҳ бўлиб, бу учун киши инсоний ҳукмдан юқорироқ бўлган ҳукмга учрайди.
5:48 — Чиндан ҳам ‘Осмондаги Отамиз баркамол бўлгани каби, баркамол бўла оламизми’? Ҳа, муайян маънода бўла оламиз. Исо севги ҳақида гапирган ва ўз тингловчиларини Худога тақлид қилиб, комил бўлишга, яъни бу фазилатни тўлиқ равишда ривожлантиришга ундаган (Мат. 5:43–47). Қандай қилиб? Севгини ҳатто душманларга намоён этиш билан.
7:16 — Ҳақ динни қайси «меваларидан» билиб олиш мумкин? Бундай меваларга нафақат хулқимиз киради. Бу шунингдек, эътиқодларимиз, яъни қандай таълимотларга амал қилишимиздан иборатдир.
10:34–38 — Муқаддас Китобдаги хабар оилаларни бузади деса бўладими? Асло. Кўпинча низолар, имондошимиз бўлмаган оила аъзоларнинг нуқтаи назарлари юзасидан пайдо бўлади. Улар Муқаддас Китоб таълимотларини рад этишлари ёки қаршилик кўрсатишлари натижасида муаммолар келиб чиқади (Луқо 12:51–53).
11:2–6 — Исонинг Масиҳ бўлганини билиб, Худо ундан мамнун эканини эшитган Яҳё пайғамбар нега Исога бундай савол берди: «Келадиган Қутқарувчи Сенмисан?» Эҳтимол, Яҳё бунинг тасдиғини Исонинг ўзидан эшитмоқчи бўлган. Бундан ташқари Яҳё яҳудийларнинг умидини амалга ошириш учун бошқа бир шоҳни кутиш лозиммикан, деб қизиққан. Исонинг жавобидан, ундан кейин ҳеч ким келмаслиги аён бўлди.
19:28 — «Исроилнинг ўн икки қабиласини» ҳукм қиладиганлар кимни тасвирлайди? Бу рамзий Исроилнинг 12та қабиласини англатмайди (Галат. 6:16; Ваҳ. 7:4–8). Исонинг ҳаворийлари келажакда рамзий Исроилнинг аъзоси бўлишлари керак бўлган ва улар бу халқнинг бошқа аъзоларини ҳукм қилишлари керак эмасди. Исо уларга «Шоҳликни васият қилган». Ҳамда улар «Худойимизга шоҳлар ва руҳонийлар» сифатида тайинланишлари керак эди (Луқо 22:28–30; Ваҳ. 5:10). Рамзий Исроилнинг аъзолари «дунёни ҳукм» қилишади (1 Кор. 6:2). Хуллас, осмондаги тахтларга ўтирганлар «Исроилнинг ўн икки қабиласини», яъни одамзодни ҳукм қилишади. Бу худди қадимда Покланиш кунида руҳонийлар том маънодаги 12 та қабиладан холи тургани каби тасвирланган (Лев. 16- боб).
Хулосалар:
4:1–10. Бу оятлардан кўриниб турганидай, Шайтон бу шунчаки ёвузлик эмас, балки мавжуд шахсдир. У«тана нафси, ҳирсли кўзлар, маишатга оид кибр-ҳаво» орқали бизни васвасага солади. Бироқ Муқаддас Китоб меъёрларини бажариб, Худога содиқ қолишимиз мумкин (1 Юҳан. 2:16).
5:1–7:29. Ўз маънавий эҳтиёжларингизни қондиринг. Тинчликсевар бўлинг. Нопок фикрларни рад этинг. Гапингизда туринг. Ибодатларингизда моддий нарсаларга эмас, балки маънавий нарсаларга эътибор қаратинг. Худонинг назарида бой бўлинг. Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинг. Бошқаларни ҳукм қилманг. Дарҳақиқат, Исонинг тоғдаги ваъзида нақадар фойдали сабоқлар мавжуд!
9:37, 38. Биз «ҳосил Эгасидан» «ҳосилни йиғиб-терадиган юмушчилар юборишини» сўраймиз. Илтимосимизга мувофиқ шогирд орттириш фаолиятида ғайратли бўлишимиз керак (Мат. 28:19, 20).
10:32, 33. Эътиқодларимиз ҳақида гапиришдан ҳеч қачон қўрқмаслигимиз лозим.
13:51, 52. Шоҳлик ҳақидаги ҳақиқатни тушуниш, бошқаларни бу ҳақиқатга ўргатиб, маънавий хазиналар билан бўлишиш масъулиятини юклайди.
14:12, 13, 23. Ёлғиз қолиш, чуқур мулоҳаза юритиш учун қулай фурсатдир (Марк 6:46; Луқо 6:12).
17:20. Маънан ўсишимизга халал бераётган тоғлар каби тўсиқларни ва муаммоларни енгиш учун имон керак. Шунинг учун, Яҳовага ва Унинг ваъдаларига бўлган имонимизни мустаҳкамлашга лоқайд бўлмаслигимиз лозим (Марк 11:23; Луқо 17:6).
18:1–4; 20:20–28. Номукаммаллик ва жамиятда обрўга эга бўлишга урғу берилган диний тарбия туфайли, Исонинг шогирдлари буюк бўлишга ҳаддан ортиқ эътибор қаратишган. Биз камтаринликни ривожлантиришимиз, гуноҳли истакларимизга қарши курашишимиз ва жамоатдаги масъулиятга тўғри муносабатда бўлишимиз лозим.
ИНСОН ЎҒЛИ ЎЛДИРИЛИШ УЧУН ТУТИБ БЕРИЛАДИ
Милодий 33- йилнинг 9- нисонида, Исо «хўтикка мингашиб» Қуддусга кириб келган (Мат. 21:5). Кейинги куни эса у маъбадга келиб, уни тозалади. 11- нисонда Исо маъбадда таълим бериб, фарзийларни ва уламоларни қоралаган. Бундан сўнг эса, келиши ва «охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги»ҳақида айтган (Мат. 24:3). Янаги куни у шогирдларига қуйидагини гапирган: «Икки кундан кейин Фисиҳ байрами бўлишини биласизлар. Ана ўшанда Инсон Ўғли хочга [азоб устунига, ЯДТ] михлаш учун тутиб берилади» (Мат. 26:1, 2).
Ўн тўртинчи нисон. Исо Қутлуғ Кечликни жорий этгандан сўнг, унга хиёнат қилиб, ҳибсга олишди ва сўроқ қилиб, азоб устунига михлашди. Учинчи куни эса у тирилди. Осмонга кўтарилишдан олдин у издошларига: «Бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар»,— деб топшириқ берди (Мат. 28:19).
Саволларга жавоблар:
22:3, 4, 9 — Никоҳ тўйига таклиф қачон уч марта айтилди? Биринчи таклиф милодий 29–33- йилларга, Исо ўз шогирдлари билан ваъз қилиб юришган пайтга тегишли бўлиб, рамзий келиннинг аъзоларини йиғиб олишга қаратилган. Иккинчиси милодий 33- йилнинг Ҳосил байрамида муқаддас руҳ ёғдирилгандан то 36- йилгача давом этган. Бу таклифларнинг иккаласи ҳам фақат яҳудийларга, яҳудий динига кирганларга ҳамда самарияликларга тааллуқли бўлган. Учинчи таклиф эса чорраҳалардаги одамларга, яъни яҳудий бўлмаганларга қарата айтилган. Бу таклиф милодий 36- йили римлик юзбоши Корнилий, масиҳчи бўлган пайтдан бошлаб, бугунги кунгача янграмоқда.
23:15 — Нега фарзийларнинг эътиқодларини қабул қилганлар «икки баробар ёмонроқ дўзахи» бўлади, деб айтилган? Бундай кишиларнинг баъзилари эҳтимол аввал нопок ҳаёт кечиришган. Бироқ ўз талабларини ҳаддан ошириб юборишган фарзийларнинг динини қабул қилиб, улар устозларидан ҳам ўтиб кетган одамларга айланишар эди. Шу билан улар ҳукмга лойиқ бўлган фарзийлардан баттарроқ бўлишган. Ва бу сабабли, улар «икки баробар ёмонроқ дўзахи» бўлишади, аниқроғи жаҳаннамга тушишади.
27:3–5 — Яҳудо Ишқариётнинг виждони нима учун қийнаган? Яҳудонинг виждони қийналган бўлса ҳам, у чин дилдан тавба қилган, деб айтиб бўлмайди. У Худодан кечирим сўрашдан кўра, ўз гуноҳи ҳақида оқсоқоллару руҳонийларга айтган. «Абадий ўлимга сабаб бўладиган гуноҳ» қилгани учун, у табиийки пушаймон бўлган (1 Юҳан. 5:16). Унинг виждони қийнагани умидсизлик ҳиссидан келиб чиққан.
Хулосалар:
21:28–31. Яҳованинг иродасини бажариб, биз ҳақиқатан ҳам Худонинг назарида муҳим бўлган ишни қилган бўламиз. Шу тариқа ғайрат ила ваъз қилиб, шогирд орттириш фаолиятида иштирок этишимиз лозим (Мат. 24:14; 28:19, 20).
22:37–39. Ушбу иккита амрда Худо Ўз хизматчиларидан нимани талаб қилаётгани, нақадар оддий ва аниқ қилиб кўрсатилган.
[31- саҳифадаги расм]
Йиғим-терим фаолиятида ғайрат ила қатнашяпсизми?
[Расм манбаи]
© 2003 BiblePlaces.com
[31- саҳифадаги расм]
Матто Худонинг Шоҳлигига кўп эътибор қаратган