Худо сизга эътибор берадими?
ХУДОНИНГ ИЖОДЛАРИ БИЗГА НИМАНИ ЎРГАТЯПТИ?
Бола дунёга келгач, унинг ҳаётидаги илк 60 дақиқа у учун улкан ўзгаришлар даври ҳисобланади. Нега? Чунки бу вақт давомида она билан чақалоғи ўртасида муайян ришталар боғланади. Бу эса боланинг улғайиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшадиa.
Онани янги туғилган чақалоғига меҳр ила ғамхўрлик қилишга нима ундайди? Профессор Жаннет Креншоу бир журналда тушунтиришича, она организмида окситоцин гормони юқори миқдорда ишлаб чиқарилиши туфайли «у боласига қўл теккизгани, қарагани ва уни эмизгани сари чақалоғига бўлган туйғулари кучайиб боради». («The Journal of Perinatal Education») Шу пайтда онанинг организмида ажраладиган бошқа гормонлар эса «боланинг эҳтиёжларига диққатли бўлишга кўмаклашади» ва чақалоғи билан муносабатларини мустаҳкамлайди. Нега бу диққатимизга сазовор?
Она ва бола ўртасидаги яқин ришталарни севгига тўла Яратувчимиз — Яҳоваb Худо бунёд этган. Шоҳ Довуд Худога ҳақли равишда миннатдорчилик билдириб, уни онасининг «қорнидан олиб чиққани» ва онасининг кўксида уни асраб-авайлаганини тан олган. Довуд шундай деб ибодат қилган: «Туғилганимдан буён Сенинг қарамоғингдаман, онам қорнида бўлганимдан бошлаб, Сен менинг Худойимсан». (Забур 22:9, 10)
ЎЙЛАБ КЎРИНГ: Агар Аллоҳ она ўз боласига меҳр ила ғамхўрлик қилиши ва чақалоғининг эҳтиёжларини қондириши учун организмда шундай мураккаб тизимни яратган экан, демак, У бизга шахсий қизиқиш кўрсатиши мантиқан тўғри эмасми? (Ҳаворийлар 17:29)
МУҚАДДАС КИТОБДА ХУДОНИНГ ЭЪТИБОРИ ВА ҒАМХЎРЛИГИ ҲАҚИДА НИМА ДЕЙИЛГАН?
Яратувчимизни ҳаммадан яхши биладиган Исо пайғамбар шундай деб ўргатган: «Иккита чумчуқ бир тангага сотилмайдими? Бироқ улардан биттаси ерга тушса ҳам, самовий Отангизнинг назаридан четда қолмайди. Сизларга келсак, сочларингизнинг ҳар бир толаси саналган. Шунинг учун қўрқманглар, сизлар кўпгина чумчуқлардан кўра қадрлироқсиз». (Матто 10:29–31)
Озчилик кичкина қушчаларга эътибор беради, улардан биттаси ерга тушганига аҳамият беришни эса айтмаса ҳам бўлади. Бироқ уларнинг биттаси ҳам самовий Отамизнинг назаридан четда қолмайди! Инсонлар эса У учун қушлардан, ҳатто кўплаб қушлардан қадрлироқ. Бундан қуйидагича хулоса чиқариш мумкин: Худо сизга эътибор бермайди деб қўрқмасангиз ҳам бўлади. Чунки У сизга самимий қизиқиш кўрсатади.
Аллоҳ манфаатимизни кўзлаб бизга қизиқиш кўрсатади ва биз учун қайғуриб, кузатиб туради
Оятлар бизни қуйидагича ишонтирмоқда:
«Яҳованинг кўзлари ҳар ерга боқади, У ёмонни ҳам, яхшини ҳам кузатиб туради». (ҲИКМАТЛАР 15:3)
«Яҳованинг кўзлари одил кишиларни кўради, қулоқлари эса ёрдам сўраб илтижо қилганларни эшитади». (ЗАБУР 34:15)
«Сенинг меҳр-садоқатинг ила беҳад қувонаман, чунки Сен азоб-уқубатимни кўрдинг, қаттиқ қайғу чекаётганимдан хабардорсан». (ЗАБУР 31:7)
«ЯҲОВА МЕНИ ЯХШИ КЎРМАЙДИГАНДАЙ... ТУЮЛАРДИ»
Аллоҳ манфаатимизни кўзлаб бизга қизиқиш кўрсатаётганини ҳамда биз учун қайғуриб, кузатиб турганини билиш ҳаётимизни ўзгартириб юбориши мумкинми? Албатта мумкин! Англиялик Ханнаc шундай деб бўлишди:
«Кўпинча худди Яҳова мени яхши кўрмайдигандай ва ибодатларим жавобсиз қолаётгандай туюларди. Имоним сустлиги туфайли шундай бўляпти деган фикрда эдим. Арзимас инсон бўлганим учун жазоланяпман ёки Худо менга аҳамият бермаяпти деб ўйлардим. Ўзимни Худонинг мен билан иши йўқдай ҳис қилардим».
Бироқ энди Яҳова унга эътибор бериши ва уни яхши кўришига Ханна шубҳаланмаяпти. Нега унинг фикри ўзгарди? «Ҳаммаси секин-аста ўзгарди,— дейди у. — Мен кўп йиллар аввал Исонинг тўлов қурбонлиги ҳақида Муқаддас Китобга асосланган нутқ эшитганимни эсладим. Бу нутқ менга кучли таъсир қилди ва Яҳованинг севгисини қайта ҳис қилишимга ёрдам берди. Ибодатларимга жавоб олганимда, Яҳова мени яхши кўришини тушуниб, кўпинча йиғлаб юборардим. Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб ва жамоат учрашувларига бориб Яҳова, Унинг шахсияти ҳамда У биз ҳақимизда қандай фикрда экани тўғрисида кўпроқ билиб олдим. Ҳозир эса Яҳова барчамизни севиши ва бизга мадад беришини ҳамда ҳар биримизга алоҳида ғамхўрлик қилишга тайёр эканини тўлиқ тушуняпман».
Ханнанинг сўзлари далда беради. Аммо Худо сизнинг туйғуларингизни тушуниши ва уларни ёдда тутишига қандай амин бўлишингиз мумкин? Келаси мақолада бу савол муҳокама қилинади.
a Туғруқдан кейинги депрессияга чалинган айрим оналар боласи билан ришта ўрнатишга қийналади. Аммо улар бунда ўзини айбламаслиги керак. Америка миллий руҳий саломатлик институтининг маълумотига кўра, туғруқдан кейинги депрессия, «ҳойнаҳой, муайян жисмоний ва ҳиссий омилларнинг бирикмаси натижасида юзага келади... бунга онанинг ниманидир қилгани ёки қилмагани сабаб бўлмайди». Бу хасталик тўғрисида кўпроқ маълумот олиш учун «Уйғонинг!» журналининг 2003 йил 8 июнь сонидаги «Диагноз: послеродовая депрессия» номли мақолага қаранг.
b Муқаддас Китобга биноан, Худонинг исми Яҳова. (Забур 83:18)
c Ушбу мақолалар туркумида баъзи исмлар ўзгартирилган.