39- БОБ
Бепарво авлоднинг ҳолига вой
ИСО МУАЙЯН ШАҲАРЛАРГА ТАЪНА ҚИЛАДИ
У БОШҚАЛАРГА РОҲАТ ТОПИШНИ ТАКЛИФ ҚИЛАДИ
Исо Масиҳ Яҳёни ўта қадрлайди, аммо аксарият одамлар Яҳёга нисбатан қандай муносабатда? Исо шундай дейди: «Бу авлод, бозор майдонида ўтириб олиб, ўртоқларига шундай деб бақираётган ёш болаларга ўхшайди: “Биз сизларга най чалдик, сизлар бўлса ўйнамадингизлар. Биз дод-фарёд қилдик, сизлар эса кўксингизга уриб қайғурмадингизлар”». (Матто 11:16, 17)
Бу билан Исо нима демоқчи экан? Унинг ўзи шундай тушунтиради: «Яҳё келганида на еди, на ичди. Бироқ одамлар: “Уни жин урибди”,— дейишди. Инсон Ўғли келганида еди ҳам, ичди ҳам, аммо одамлар: “Ана, очофат, майхўр, солиқчилару гуноҳкорларнинг дўсти”,— деб айтишяпти». (Матто 11:18, 19) Яҳё Худога назр қилинган шахс сифатида оддий ҳаёт кечириб, ҳеч қандай шароб ва ўткир ичимликлар ичмайди. Лекин одамлар уни жин урган, деб айтишади. (Саҳрода 6:2, 3; Луқо 1:15) Бошқа томондан эса Исо ҳамма қатори умр кечириб, ейишда ҳам ичишда ҳам мувозанатли бўлади, лекин уни исрофгарчиликда айблашади. Бундан хулоса, инсонларнинг кўнглини топиб бўлмайди.
Исо уларни бозор майдонидаги ёш болаларга ўхшатади. Бошқа болалар най чалишади-ю, уларнинг ўйнагиси келмайди, дод-фарёд қилишади-ю, улар қайғуришмайди. Аммо Исо шундай дейди: «Нима дейишса дейишсин, одамнинг донолиги адолатли ишларидан кўринади». (Матто 11:16, 19) Дарҳақиқат, Яҳё ва Исонинг «ишлари» уларга қарши айтилган айбловлар ёлғон эканини исботлайди.
Исо бу авлодни бепарво деб таърифлагач, учта шаҳарга — Байтсайда, Ҳоразин ва Кафарнаҳумга таъна қилади. Бу шаҳарларда у қудратли ишлар қилган эди. Исонинг айтишича, бу барча мўъжизалар Финикиядаги Тир билан Сидон шаҳарларида қилинганида эди, улар аллақачон тавба қилган бўлишарди. Исо ўзи тез-тез тўхтаган Кафарнаҳумни ҳам тилга олади. Бу ерда кўпчилик у айтган хабарга бепарво бўлган. Шунинг учун Исо бу шаҳарга қарата: «Ҳукм кунида сизлардан кўра Садўмнинг аҳволи енгилроқ бўлади»,— дейди. (Матто 11:24)
Сўнгра Исо самовий Отасини олқишлайди. Сабаби У қимматбаҳо маънавий ҳақиқатларни «доною зукколардан» яшириб, «болалар», яъни камтарин кишиларга очиб беради. (Матто 11:25) Исо уларга шундай таклиф билан мурожаат қилади: «Эй, заҳмат чекаётганлар ва оғир юк остида юрганлар, барчангиз олдимга келинглар. Мен сизларга роҳат бахш этаман. Менинг бўйинтуруғимни олиб, мендан ўрганинглар, чунки мен мулойим ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз роҳат топади. Зеро менинг бўйинтуруғим қулай ва юким енгилдир». (Матто 11:28–30)
Лекин қандай қилиб Исо одамларга роҳат бахш этиши мумкин? Дин раҳбарлари халқни ҳар хил урф-одатлар билан кўмиб ташлашган. Масалан, уларнинг орасида Шаббат кунига тааллуқли оғир юкдек бўлган қаттиқ қоидалар бўлган. Аммо Исо бундай одамларга мазкур урф-одатлардан холи бўлган, Аллоҳ тўғрисидаги ҳақиқатни айтиб, роҳат бахш этади. Шунингдек, у ҳукмдорларнинг зулми остида азоб тортганларга ҳамда гуноҳлари дастидан виждони қийналганларга енгиллик топишга кўмаклашади. Ҳа, Исо одамларга гуноҳлари кечирилиши ва Худо билан яқин муносабатларни ривожлантириш учун нима қилиш кераклигини тушунтиради.
Исонинг қулай бўйинтуруғини оладиганларнинг ҳаммаси ҳаётини Тангрига бутунлай бағишлаб, раҳмону раҳим Парвардигорга хизмат қилишади. Бундай йўл тутиш эса қўлимиздан келади, чунки Аллоҳнинг амрлари оғир эмас. (1 Юҳанно 5:3)